Асосий мавзулар
25 апрел 2020

Фуқаролик жамияти ривожланиши жиддий чекланган жойда маҳаллий аҳоли ўз тараққиётини ўзи бошқариши мумкинми?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон матбуотда кенг акс садо бераётган, мамлакатга миллиардлаб доллар хорижий инвестицияни жалб этаётган ислоҳотлар ўтказиш йўлига кирди.

Аммо мамлакат кўплаб жиддий муаммоларга дуч келишда давом этмоқда. Бу муаммолар кенг кўламли коррупция авж олгани, ҳаётий муҳим хизматлар ва инфратузилмаларга инвестиция киритилмаганига уйғун равишда ҳукуматнинг ўнлаб йиллик эътиборсизлиги оқибати ҳисобланади.

Тоза ичимлик сув, электр энергияси ва иситиш тизимига эга бўлиш каби инсоннинг асосий ҳуқуқлари Ўзбекистоннинг кўплаб фуқаролари учун ҳамон сароблигича қолмоқда.

Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар йўли фойдали бизнес имкониятлар, шунингдек, ўта зарур иш ўринлари яратиш учун катта салоҳиятни юзага чиқаради ва ўзбек халқи фаровонлигига хизмат қилиши мумкин.

Аммо ислоҳотларни амалга ошириш жараёни аксар ҳолларда ҳозирча маҳаллий аҳоли ва фуқаролик жамиятининг фаол иштирокини кўзда тутмаяпти.

Умуман, оддий кишилар ҳали ҳам бу жараёндан четда қолдирилган. Яқинда бўлиб сайлов (унда ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар кузатувчи сифатида иштирок этди) Ўзбекистон демократия сари ҳали узоқ йўлни босиб ўтиши кераклигини кўрсатгани ҳам буни тасдиқлайди. 

Бироқ бу ҳолатлар мамлакатга тараққиётга кўмаклашувчи банклар томонидан инвестициялар киритилишига тўсиқ бўла олмаяпти. Эрта огоҳлантириш ҳуқуқ ҳимояси тизими (Early Warning System) маълумотларига кўра, 2019 йил январдан буён олтита банк Ўзбекистонга қўшимча 5,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ниятини билдирган.

Бу сармоялар энергетикадан тортиб транспорт инфратузилмаси, сув таъминоти ва мелиорация каби турли тармоқлар учун мўлжалланган.

Инвестицияларнинг катта қисмидан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиши жараёнида фойда кўриб қолишга қаратилган.

Афтидан, ушбу лойиҳаларнинг камроқ қисми маҳаллий аҳоли ва фуқаролик жамияти вакилларининг тараққиёт жараёнида иштирокини кучайтиришга, уларнинг барқарорлиги ва самарадорлигини яхшилашга кўмаклашишга йўналтирилган.

Маҳаллий аҳоли ва фуқаролик жамиятини тараққиёт лойиҳаларига жалб этиш бўйича жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, лойиҳаларни бу кишилар ишлаб чиқса ва амалга оширса, улар маҳаллий тажриба ва билимларни қўллаши мумкин. Бу эса салбий оқибатлардан қочиш ва маҳаллий аҳоли учун устувор бўлган масалаларни ҳал этадиган лойиҳалардан барқарор фойда олиш имконини беради.

Бошқача айтганда, мақбул муҳитда маҳаллий аҳоли иштироки ва етакчилигида амалга ошириладиган тараққиёт лойиҳалари инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ва одамларнинг ўз истиқболини қандай кўришига мувофиқ келадиган ҳаётий орзу-истакларини амалга оширадиган тараққиёт модели яратилишини таъминлаши мумкин. 

Тараққиётга кўмаклашувчи банкларнинг Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларининг жуда кам қисмида фуқаролик жамияти иштироки мавжуд.

Банкларнинг бу иштирокни кенгайтиришга қизиқиши маҳаллий аҳолининг ўз тараққиёти жараёнларини бошқариш салоҳиятини кучайтириш учун қимматли имкониятларни тақдим этади. 

2019 йил ноябрда Жаҳон банки Ўзбекистоннинг “Обод қишлоқ” дастурига 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ажратди. Мамлакат инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган бу йирик дастурни ҳукумат 2018 йилдан амалга ошира бошлаганди.

Жаҳон банкининг “Обод қишлоқ” номли бу лойиҳаси “маҳаллий аҳоли иштирокидаги ва етакчилигидаги тараққиёт модели” тамойилига асосланган. Лойиҳанинг мақсади маҳаллий аҳоли иштирокидаги тараққиёт жараёнлари учун намуна яратиш ва кейин ундан Ўзбекистон ҳукумати ўзининг янада кенг кўламли дастурларида фойдаланиши учун замин ҳозирлашдир.

Агар кутилганидек амалга оширилса, бундай лойиҳа иссиқлик тизими ва тоза ичимлик сувсиз яшаётган минглаб ўзбекистонликнинг ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириши, айниқса, ёшлар ўртасида ишсизлик кўрсаткичлари ўсиб бораётган мамлакатда жуда кўп иш ўринлари яратишга кўмаклашиши мумкин. 

Хўш, муаммо нимада?

Афсуски, ислоҳотлар ўтказиш узоқ жараён. Чунки эски одатлардан воз кечиш қийин. Бунинг устига, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва маҳаллий аҳоли фаолияти ҳали ҳам йўқ ёки жуда чекланган.

Жаҳон банки каби тараққиётга кўмаклашувчи молия институтлари демократик тамойилларга риоя этилиши устидан етарлича назорат бўлмаган ва ялпи коррупция урчиган мамлакатда бизнес юритиш таваккалчилигидан яхши хабардор.

2017 йилда Ўзбек форуми (ўша пайтдаги Ўзбекистон-Германия форуми/UGF) ва “Human Rights Watch” инсон ҳуқуқлари ташкилоти қўшма ҳисобот эълон қилган эди. Унда Жаҳон банки гуруҳи инвестицияларининг мажбурий меҳнатдан фойдаланиладиган пахта етиштириш билан боғлиқлигини кўрсатувчи далиллар тақдим этилганди.

Натижада мунтазам ахборот-тарғибот фаолияти ва жамоатчилик босими остида Жаҳон банкининг ўша пайтдаги президенти Жим Ён Ким президент Мирзиёевни мажбурий меҳнатдан фойдаланишга чек қўйишга чақирганди.

Тез орада 200 минг талаба ва тиббиёт ходими далада ишлашдан озод этилган. Бу эса йирик молия муассасалари вазиятни яхшилаш учун қандай таъсир кўрсата олишини намоён этди. 

Ўзбекистон ҳукумати “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга киришганидан буён ҳашар баҳонасида қурилиш ва таъмирлаш ишларида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани тўғрисида кўплаб ҳисоботлар эълон қилинди.

Жамоат ишларига “ҳашар” тамғасини туширган маҳаллий амалдорлар янги ва ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш ўрнига давлат ва хусусий корхоналар ходимларини кўпинча оғир ва хавфли шароитларда ҳақ тўланмайдиган ишларга мажбуран жалб қилди. 

Бугунги кунда янги қурилиш лойиҳалари учун жой ажратиш мақсадида аҳолини ўз уйидан мажбуран кўчириш, тегишлича огоҳлантирмаслик ва етарлича товон пули бермаслик ҳолатлари ҳақида кўплаб хабарлар тарқаляпти.

2018 йилда Самарқанд вилоятида ёш ўқитувчи Диана Еникееванинг фожеали ўлими жамоатчилик орасида катта акс-садо берди. Бу фожеа Диана каби бюджет сектори ходимларини ҳақ тўланмайдиган мажбурий меҳнатга жалб этиш кенг тарқалганини ошкор этди.

Мактабда ўз вазифаларини бажариш ўрнига ҳамкасблари билан катта йўл четини тозалашга жалб этилган Дианани юк машинаси уриб кетганди.

2019 йилда Ўзбек форуми ва “Solidarity Centre” Ўзбекистонда, жумладан, “Обод қишлоқ” дастурида бюджет соҳаси ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётганига оид қўшма ҳисоботни эълон қилган эди.

“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш билан боғлиқ хавф аниқ кўриниб турибди, ҳужжатли гувоҳликлар билан тасдиқланган ва кўпчиликка маълум. 

Ўзбекистон ўз тарихининг мазкур саҳифасини ёпишга интилаётганига қарамай, бу амалиёт ҳокимиятнинг вилоят, туман ва маҳаллий даражасида, яъни Жаҳон банки ўзининг “Обод қишлоқ” янги лойиҳасини амалга ошириш жараёнида таянаётган давлат аппаратининг ўзида давом этмоқда.  

Жаҳон банки “маҳалла фуқаролари йиғинлари” яратилиши ушбу лойиҳа таъсирида бўлган маҳаллий аҳолининг эҳтиёжлари ва муаммоларини ҳисобга оладиган умумий сафарбарликни таъминлайди, деб ҳисоблайди.

Аммо маҳалла ўз мазмун-моҳияти билан тарихан давлат ҳокимияти бўғинларига хизмат қилиб келган маҳаллий бошқарув органидир. Гарчи маҳалла қўмиталари аъзолари расман сайланса-да, уларнинг номзодлари ҳокимлар ёки маҳаллий амалдорлар томонидан тасдиқланиши керак.

Улар маҳаллий аҳоли олдида қатор мажбуриятга ҳам эга. Масалан, пенсия ва ижтимоий нафақалар тўлашда маҳалла қўмитаси иштироки борлиги уларнинг маҳаллий аҳоли устидан сезиларли ҳукмронлигига сабаб бўлади. 

2019 йил декабрда бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича ЕХҲТнинг дастлабки ҳисоботида: “…маҳалла қўмиталари аъзоларининг сайловни ва маҳаллий аҳолининг кундалик турмушини бошқаришнинг кўплаб жиҳатларига аралашуви уларнинг мустақил кузатувчи бўла олишини шубҳа остига қўяди”, дейилади. 

Ҳисоботда яна айтилади: “Маҳалладан бўлган кузатувчилар овозларни санаш жараёнларига аралашдилар ва бошқардилар, айрим ҳолатларда эса овозларни санашда бевосита фаол иштирок этдилар”.

Аслида эса, 2020 йил февраль ойидаги маълумотларга кўра, “бу фуқаролар йиғинлари” энди расман Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг таркибий қисми ҳисобланади. 

Ушбу муаммолар илдизи айнан шунда яширинган. Ўзбекистон каби авторитар мамлакатда ҳокимият, назорат ва жавобгарликнинг мустақил институтлари йўқлиги фуқароларни ва маҳаллий аҳолини кўпинча қонун талаблари эмас, пора билан иш кўрадиган маҳаллий амалдорлар чангалида қолдиради.

Айнан шунинг учун Жаҳон банки ва тараққиётга кўмаклашувчи бошқа банклар бу жараёнларга давлат амалдорлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти вакилларининг реал ва самарали иштирокини таъминлаши муҳим ҳисобланади.

Бу эса фуқаролик жамиятининг мустақил ташкилотларига ҳалокатли таъсир кўрсатадиган ва норозиларни овозини ўчиришга мажбурлайдиган мамлакат учун энг қийин масаладир.

Бу фикрлар ва тавсиялар Осиё тараққиёт банкининг ривожланиш жараёнлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш бўйича лойиҳасига ҳам, камроқ кўламда бўлса-да, тааллуқли.

Лойиҳа ОТБ фаолиятида фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш мақсадида техник кўмак кўрсатувчи грант шаклидадир. У ОТБнинг бошқа лойиҳаларида “салоҳиятни кучайтириш” бўйича фаолият юритиш учун фуқаролик жамиятининг рўйхатдан ўтган ташкилотлари воситасида амалга оширилади.

Аммо Ўзбек форуми маълумотларига кўра, фуқаролик жамиятининг муҳим мустақил ташкилотлари ҳали ҳам рўйхатдан ўтишда турли бюрократик тўсиқларда дуч келмоқда, шунингдек, ўз фаолияти учун кўпинча таъқиб ва тазйиқлар қурбонига айланмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳа ҳужжатларида келтирилган чора-тадбирларда лойиҳанинг аҳоли учун оқибатлари ҳақида деярли ҳеч нарса айтилмаган ёки қисман эслатиб ўтилган.

Масалан, Тошкент вилоятида сув таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича иккинчи лойиҳа доирасида 68 та оила ўзларига тегишли ер участкаларидан бутунлай ажралади.

ОТБнинг фуқаролик жамиятини жалб этиш бўйича тадбирлари эса бор-йўғи “маҳаллий аҳолининг сув истеъмоли ва санитар-гигиеник меъёрларга риоя этиш масалалари бўйича хабардорлигини ошириш кампанияси” билан чекланади.

Бу каби ҳолатлар фуқаролик жамияти вакилларининг лойиҳаларда фақат номигагина иштирок этиши ҳамда маҳаллий аҳолининг охир-оқибат ўзларининг ҳаётига таъсир кўрсатадиган ривожланиш жараёнларини ишлаб чиқиш, иштирок этиш ва бошқаришининг реал имкониятлари ўртасидаги тафовутни яққол намоён этади.

Тараққиётга кўмаклашувчи банклар Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг ривожланиш лойиҳаларида иштирокини номига эмас, амалда таъминлаш учун баъзи ишларни бажаришлари керак.

Бунинг учун, аввало, ҳозир Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг таъқиблардан қўрқмасдан бу жараёнлар иштирокчиси бўлиш имконияти чеклангани ва йўқлигини очиқ тан олиш, шунингдек, жавобгарликдан қочиш учун мавжуд туйнукларни бартараф этиш этиш чораларини кўриш керак.

Афсуски, тизимдаги камчиликлар билан бир қаторда тараққиётга кўмаклашувчи банкларнинг ўзидан лойиҳалар ҳақида ахборот олишда муаммолар бор. Бу эса банклар лойиҳаларида фуқаролик жамиятининг самарали иштирокини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.

Бугунги кунда Жаҳон банкининг “маҳаллий аҳолининг иштироки ва етакчилигида” амалга оширилиши айтилган қишлоқларни ободонлаштириш лойиҳаси ўзбек тилида ҳеч қандай лойиҳа ҳужжатларини очиқчасига тақдим этгани йўқ. ОТБда мисолида ҳам худди шундай.

Ўзбек форуми ва IAP нинг бир неча сўровларига қарамай, Жаҳон банки шу пайтгача ўзбек тилидаги лойиҳа ҳужжатларини очиқламади. 

Маҳаллий аҳолига ривожланиш лойиҳалари бўйича ўз қарашлари ва ғояларини айтиш ва амалга ошириш имконияти берилиши, фуқаролик жамиятининг янада кенг иштирокига кўмаклашиш йўли билан тараққиёт жараёнларини бошқаришни маҳаллий аҳолига ўтказишга қаратилган қарорлар тўғри йўналишдаги қадамлардир.

Фуқаролик жамияти ёки маҳаллий аҳоли учун ҳукуматни масъулиятга чақирадиган ҳуқуқий инструментлар деярли йўқ ёки умуман мавжуд бўлмаган, шунингдек, жараёнларнинг самарали иштирокчиси бўлиш учун қулай муҳит, кўникма ва тажриба шаклланмаган мамлакатларда тараққиётга кўмаклашувчи банклар лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамиятига устуворлик бериш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги таваккалчиликларга жиддий эътибор қаратиши зарур.  

БМТнинг тинч йиғилиш ва уюшиш эркинлиги ҳуқуқи масалалари бўйича махсус маърузачиси Маина Киай 2019 йил июль ойида қуйидаги фикрларни айтган эди:

“Қўрқув ва таҳдид муҳити сабаблими ёки мустақил гуруҳларнинг молиялаштирилишини чеклайдиган қонуний меъёрлар туфайлими, кишиларнинг йиғилиш ва уюшиш ҳуқуқларига тўсиқ қўйилса, жамиятнинг қашшоқ қатлами эҳтиёжларини ҳақиқатан ҳам қониқтирувчи тараққиёт дастурларини ишлаб чиқишнинг имконияти йўқ”.

Бу сўзлар айнан бугунги Ўзбекистон учун аввалгидан-да долзарброқдир. 

Ушбу мақола Ўзбек инсон ҳуқуқлари форуми ва Халқаро масъулият лойиҳаси (International Accountability Project (IAP) ҳаммуаллифлигида эрта огоҳлантириш ҳуқуқ ҳимояси тизими бўйича лойиҳа (Early Warning System)нинг бир қисми сифатида тайёрланди. 

Тағин ўқинг
6 декабр 2019
Бугун атрофга қараб ваъз учун белгилаганим барча мавзуларнинг боши с билан келар экан. Совуқ. Сайлов. Сафсата.  Ҳам яна бир ...
10 май 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг 25-қисми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг ...
5 феврал 2016
Рассом Элсевар бугунги ҳажвий расмини, Ўзбекистонда газ, сув, электр ва бошқа коммунал тўловлардан қарзлар муаммосининг қандай ҳал этилаётганига бағишлади. ...
7 март 2017
Ўтган йили ўлган президент Ислом Каримовнинг ҳайкали Тошкент, Самарқанд ва Қаршида ўрнатилади. Бундан ташқари марҳум мустабид қабри устига мақбара ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...