Асосий мавзулар
22 феврал 2021

Ўлат пайтидаги базм ёки Ўзбекистон президентининг қароргоҳлари ҳақида

Бош вазирлигида Қорасув-1 мавзеси томондаги камтаргина ҳовлида истиқомат қилган президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда ҳашаматли қароргоҳларда яшашни афзал билмоқда.

Бу ҳақда ёзган asiaterraнинг билдиришича, 2016 йилда вафот этган президент Ислом Каримов ўрнига ҳукмронликка келган Шавкат Мирзиёев негадир ундан қолган Кўксарой қароргоҳида яшашни истамаган. Шундан сўнг унинг учун янги қароргоҳ қурилиши бошланган.

Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев

Мақола муаллифи Алексей Волосевичнинг ёзишича, янги қароргоҳ 2017 йил 24 июлда, Шавкат Мирзиёевнинг туғилган кунида очилган. У Қибрай туманининг Байтқўрғон қишлоғида, пойтахтдан 12 километр узоқликда жойлашган бўлиб, майдони тахминан 8,3 гектар келади.

“Озодлик” радиосига кўра, иншоотнинг ички пардози учун Аргентинанинг ҳар квадрат метри 500 доллар турадиган мовий мармари ва Swarovski кристаллари ишлатилган. Девор ва пол қопламасининг ўзигагина 1,5 миллион долларлик мармар ва гранит ишлатилган.

Шавкат Мирзиёевнинг янги қароргоҳи

Ўша йилнинг август ойида янги қароргоҳ учун йўлни кенгайтириш мақсадида ўнлаб уйлар бузилган, ўрнига арча экилган. Қибрай тумани маъмурияти вакилининг “Озодлик”ка айтишича, қурилиш ишларига президентнинг катта қизи Саиданинг эри Ойбек Турсунов раҳбарлик қилган.

Бир йилдан сўнг, 2018 йил июлда Мирзиёев ва бош вазир Ариповнинг кўрсатмасига кўра, Тошкент-Чорвоқ йўли бўйича жойлашган 28 та шахсий дала ҳовли ва уй расмий огоҳлантиришларсиз бузилган. Бу иншоотлар ҳали Ислом Каримов даврида Сижжак қишлоғида қурилган, президентнинг Қайнарсой дала ҳовлисига олиб борадиган йўл бўйини “тозалаш” мақсадида вайрон қилинган.

Каримовнинг, эндиликда Мирзиёевнинг Сижжакдаги дала ҳовли қароргоҳи

Asiaterraга кўра, Ўзбекистоннинг айни пайтда қамоқда сақланаётган собиқ “маликаси” Гулнора Каримовага тегишли бўлган, Чорвоқ сув омбори бўйида жойлашган вилла ҳам мамлакатнинг янги ҳукмдори тасарруфига ўтган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йилдаги қарорига кўра, бу виллага банд солинган ва тезгина ўзлаштирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида триатлонни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги махсус қарори асосида “Сижжак” дам олиш зонаси номи остида бу вилла атрофидаги иншоотлар билан бирга ими-жимида шу ташкилот ихтиёрига текин ўтказиб берилган.

Сижжакдаги дала ҳовли резиденцияси мажмуасининг бир қисми

Тақдир ўйинини қарангки, бу қимматбаҳо мулкка эгалик қилаётган Триатлон федерацияси раҳбари президентнинг кенжа куёви Отабек Умаровдир. Боз устига, ҳукумат бу ўқув-машғулот базасини молиялаштириш ва сақлаб туриш харажатларини ҳам давлат зиммасига юклаган.

Гулнора Каримова вилласи

Asiaterra нашрида айтилишича, 2020 йил май ойида Гулнора Каримованинг ўғли Ислом амалдаги президентни онасининг бошқа активларини ҳам ўзлаштирганликда айблаб, бу фирма, компания, ресторан, дўкон ва акция пакетларининг рўйхатини келтирган.

Жумладан, булар Perfectum mobile мобил алоқа компанияси, МДС хусусий тиббий клиникаси ва яна бошқа юқори технологияли иккита хусусий клиника, Тошкентнинг энг яхши гўшаларидаги 98 та квартира, Gabus (қурилиш), Usell (мобил алоқа), Paynet (электрон тўлов), Пепси-Кола (яхна ичимлик) компаниялари акциялари, Levi’s, Benetton, Quicksilver, Mango каби брендлар дўконлари тармоғи, 5 та ресторан, замонавий жиҳозланган 4 та кинотеатр, 2 та спорт ва спа клуби, 20 дан ортиқ қурилиш майдони ва ҳоказолардир.

Сижжак яқинидаги Гулнора Каримова вилласи. Алексей Волосевич фотоси

“Биз дала ҳовлимиз ва бошқа активлар худди қонунда кўрсатилгани каби очиқ савдога қўйилганини эшитмадик”, деган кичик Ислом Каримов.

Бундан аввалроқ Гулнора Каримованинг ўзи 1,2 миллиард долларлик мулки давлат (хусусий эмас!) фойдасига мусодара қилинганини эслатганди. У бу мулкнинг қиймати нега ўзининг фаолияти туфайли мамлакатга етказилган зарарни ҳисоблашда қўшилмаганидан таажжуб билдирганди.

Гулнора Каримова вилласи

2019 йил июнда Ўзбекистон Молия вазирлиги Каримованинг сўзларини инкор этишга уриниб, 2018 йил ва 2019 йилнинг биринчи ярмида бу маблағ давлат бюджетига келиб тушмаганини маълум қилганди ва мазкур баёноти билан мавжуд шубҳаларни тасдиқлаганди, холос.

“Бу мулк ҳозир кимга тегишли, нега у савдоларга қўйиб сотилмай, тушган маблағ бюджетга ўтказилмаяпти? Буни тушунтириб беришга ҳеч ким шошилаётгани йўқ.

Агар бу активлар давлат фойдасига ўтказилмаган,  фойдани давлат банклари ҳисобига ўтказиш орқали оммавий савдоларга қўйилмаган бўлса, демак улар иккинчи марта – бу сафар президент ва унинг кўп сонли яқинлари томонидан ўғирланган бўлиб чиқяпти”, деб ёзади аsiaterra.

Оқсарой қароргоҳи

Мақола муаллифига кўра, Ислом Каримовнинг иккита қароргоҳи – асосий иш жойи бўлган Оқсарой ва шаҳар ташқарисидаги Кўксарой унинг вафотидан сўнг белгиланган мақсадларда фойданилмаяпти.

Оқсаройда ишлашни истамаган Шавкат Мирзиёев негадир Сенатнинг Мустақиллик майдонидаги биносини маъқул кўрди. Оқсарой эса Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий хотира мажмуасига айлантирилган.

Кўксаройда эса Шавкат Мирзиёев ҳар замонда хорижий давлатлар раҳбарлари ва меҳмонларни қабул қилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Кўксарой қароргоҳи

Амалдаги президент айни пайтда ўзининг Байтқўрғондаги қароргоҳида, баъзида Қорасув-1 мавзесидаги уйида яшаб келади. Шу боис, яқинда бу ҳовлига туташ тўққиз қаватли уйнинг бешинчи қаватидан юқорида яшовчилар бошқа жойга кўчирилган. Ҳовлига қараган томондаги деразалар эса ёпилиб, суваб ташланган.

Мустақиллик майдонидаги президент саройи, илгариги Сенат биноси (2000-филлар ўрталарида бу ерда Навоий кутубхонаси бўлган)

“Мана, Ўзбекистон президенти ўз ватандошларидан хавфсираб, улардан ана шундай тўсилиб яшамоқда. Унинг бошқа яқинларида ҳам алоҳида ҳашаматли уйлар борлигига шубҳаланмаса ҳам бўлади, лекин бу ҳақда ишончли маълумотлар йўқ”, деб ёзади аsiaterra.

Мирзиёевнинг Қорасув мавзейидаги ҳусусий уйи

Президент ва яқинлари шундай киборларча ҳаёт кечираётган бир пайтда оддий ўзбекистонликларнинг ҳаёти мақтанарли эмас. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатда ўртача маош 2577 минг сўм ёки 250 долларни ташкил этган.

Ҳукумат бу уйда яшовчиларни кўчиришга қарор қилган

2020 йил декабрда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ойлик истеъмол савати тахминан 2157 минг сўм ($204 атрофида) эканини ҳисоблаб чиқди.

Мамлакатда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори эса 747.300 сўм ($70,9), ёшга доир пенсия ва болаликдан ногиронлик нафақаси 513.350 сўм ($48,7), етарли иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга яроқсизлар пенсияси эса 315.030 сўм ($29,9)дир.

Президент қўрқмаслиги учун деразалари суваб ташланган уй

“Нима бўлганда ҳам бу маблағ истеъмол савати миқдоридан анча кам. Бундай ҳолатда президентнинг ҳашаматли ҳаётини таъминлаш учун давлат харажатлари ҳаддан ортиқ кўринади”, дейилади мақолада.

Унинг муаллифи: “Шундай қилиб, агар ҳукмдор шунга ўхшаш қурилишлар қилса ва ҳеч ким унга қаршилик кўрсатмаса, бу жиҳат мамлакатда коррупцион диктатура ёки, оддий қилиб айтганда, ўғрилар ҳукмронлиги ўрнатилганини англатади”, дея хулоса қилади.

Мақола оригинали Азиатерра нашрида босилган

Тағин ўқинг
7 май 2019
Ўзбек тилига кириб келган яна бир дурагай сўз ижтимоий тармоқ юзерлари танқидига нишон бўлди. Фейсбук тармоғига қўйилган оддий чинни ...
24 январ 2019
Немис сиëсатчилари ва матбуоти Германияга келиб кетган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевни “ислоҳотчи” сифатида эътироф қилишди. Германиядаги Süddeutsche Zeitung газетасининг ...
15 июн 2016
15 июндан 25 июнгача, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистондан Ўзбекистонга одамлар, юклар ва транспорт воситаларининг ўтиши тўхтатилади. Ўш вилоятининг ...
16 январ 2018
Чимкентлик тўй эгаси буюртирган қимматбаҳо торт видеоси ижтимоий тармоқни ҳайратга солди. Унинг нархи 179 минг АҚШ долларига баҳоланган. Дастлаб ...
Блоглар
25 май 2021
Ўзбекистонда яқинда ўтказилган сўровнома респондентларнинг 10 фоиздан кўпроғи оиладаги зўравонликка қарши эмаслигини кўрсатди. Бу мамлакатдаги гендер муносабатлардаги ташвишга соладиган ҳолатдир. Бу ҳақда Eurasianet нашри ёзди. 15 май куни БМТнинг ...
19 май 2021
Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар 9 май ...
18 май 2021
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу сурат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда ...