Асосий мавзулар
6 март 2023

Қизил олтин изидан

Иқтисодни ҳар ким хар хил талқин қилади. Аммо ҳамма гап уни ўзгартиришдадир. Ўзбекистондаги иқтисодий ислохотлар ҳақида гапириш бу ярим тўлдирилган стакан ҳақида гапиришга ўхшайди. Истаган одам стаканни бўш дея  гапира олади. Биз эса  бугун стаканнинг тўла қисми ҳақида гапирамиз. Ўзбекистон президенти Жиззахга сафар қилар экан вилоятни ўзгартирган муҳим омилга эътибор қаратди. Бу  агросекторни пахта монокултурасидан холос қилиб бошқа экинларга бўшатиш омили. Бу ғоя ортидан  лавҳамиз қаҳрамони самарага эришди.  

Италиядаги  ORO ROSSO бренди  Берлусконилар оиласига тегишли Монца футбол клуби. Буларнинг ҳаммаси Жиззахдаги бир тадбиркор тақдирида бирлашди. Тадбиркор тақдирини ўзгартирган нарса мажозий маънода қизил олтин деб аталадиган заъфарон ўсимлигидир.

Қизил олтин изидан..

1985 йили Бухоро музейида амирликнинг сўнгги рассоми 1870 – 1948 йилларда яшаган Мухаммад Садриддин Зиё Поччаев асарларини томоша қилдим. Бу ранг баранг миниатюраларда бошқа ранглар қаторида ўта ажралиб турувчи зарғалдоқ ранг ишлатилган эди. Менга ҳамрох бўлган рассом Баҳодир Саломов (Хозир мархум) «Бу ранг заъфарондан олинган» деди. Баҳодир Саломов менга рассом Поччаев безаган ва Бухоро Амири Музаффархон арабчадан атай таржима қилдирган «Лаззатул Нисо» китобидан парча ўқиб берди. Бу парча заъфарон биткисининг эркаклик кучини ошириши ҳақида эди.

Суратда: рассом Баҳодир Саломов ўғли билан

Саломовга кўра, заъфарон Бухоро амири тарафидан кундалик истеъмол қилинган. Бухоро ватанпарвари бўлган Саломов пахта монокультураси бўлмаган пайтда Бухорода турли гиëхлар қаторида заъфарон ҳам етиштирилган  деб ишонган эди. Аммо шу кунларда Берлинда фаолият олиб борган ва бир  муддат Хиндистонда ишлаган журналист Матлуба Мустаевага кўра, заъфарон Бухоро амири ва бошқа бой зодагонлар учун Эрондан импорт қилинган. Садриддин Поччаев ишлатган бўëқлар ҳам буюк эхтимолда Эрондан келтирилган. Шу тариқа  мен ўткан аср охирида лотинчада Crocus sativus  дея аталадиган ўзбек классик шеъриятида заъфарон дея, баъзи тилларда шафран дейиладиган битки гиëҳ билан қизиқиб қолдим. 

Аснода Алишер Навоий сатрлари миямни ишғол қилган эди. 

Фурқатингдан заъфарон узра тўкамен лолалар

Лолалар эрмаски¸ бағримдан эрур парголалар…

1989 йили Германиядан келган антрополог дўстим профессор Якоб Таубе халқ оғзаки ижодиëтида барча касалларга даво «мехригиëх чўпи» ҳақидаги ривоят ва қўшиқларни Хоразмда ëзиб олди. Бу қўшиқларда ҳам бу сирли гиëҳнинг Қорақум ортидаги афсонавий Феруза тоғи атрофида  битиши айтилади. Бугун «Меҳригиëх чўпи бўлиб қумларда битсам не дейсан» деган сатрлари бўлган лапарни қўшиқчи Сарвиноз Қурëзова ижро қилиб келади. Қўшиқда мадҳ қилинган битки барча мушкулларга даъво дейилади.  Профессор Таубе фикрича, мехригиë чўпи бу заъфарон ўсимлигидир. 

Crocus sativus 

Энди эртакдан илмий фактга қайтсак. Энциклопедиядаги маълумот қисқа ва аниқ:

Заъфарон (Crocus sativus – лотин.) –сапсаргулдошларга мансуб кўп йиллик ўтсимон туганак пиёзли ўсимлик. Ёввойи ҳолда учрамайди. Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Жанубий Европа, Озарбайжонда катта майдонларда экилади. Пиёзининг диаметри 1-2 сантиметр. Барги 5-15 та, оч сариқ рангда; эни 2 мм, туксиз. Гули 1-4 та, гултожи оқиш, пастки қисми (ташқи томондан) бинафша ранг, узунлиги 2-4 см. Чангчилари гулқўрғондан қисқа. Кўсаги чўзиқ, эни 6-7 мм. Августнинг иккинчи ярмида экилади. Октябр ўртаси ва ноябр бошида терилади. Таркибида эфир мойи бўлгани учун ҳиди жуда ўткир ва ёқимли. 90-100 минг дона заъфарон гулидан 1 кг қуриган гул тумшуқчалари олинади. Заъфарон парфюмерия (атир-упа) саноатида ишлатилади. Табобатда дори-дармон сифатида қўлланилади.

Бу маълумотни Навоий номидаги миллий кутибхонага бориб атай ўқиганимдан кейин бу гиëҳ ҳақидаги барча нарсани билдим деб ўйладим ва бир шаклда заъфаронни унутдим.

Ван Гогнинг миллион долларлик заъфарони

1993 йили рассомлик ишлари билан Германиянинг Голландияга яқин Крефельд шаҳрида уч тўрт ой қолиб кетдим. Вақт топиб Голландияни дунëга машхур қилган улуғ рассом Винцент Ван Гог миллий музейини бориб кўрдим. Асарлари юз миллионлаб долларга баҳоланадиган бу рассомнинг музейдаги бир асари диққатимни тортди. Бу асар «Саватчадаги заъфарон пиëзи» деган расм эди. Саватчага озроқ тупроқ солинган ва бу тупроққа ярим кўмилган пиëзлардан ўсган гуллар мовийга мойил бинафша рангида товланиб турарди. Расмлар ҳақида маълумот берган гид ўрта асрлар европасида зиравор ўта қиммат бўлгани ва заъфарон қизил олтин дея қадрланганини айтиб қолди. Суҳбатдошга кўра «Заъфарондай қиммат» ибораси ўша ўрта асрлардан қолган.  Туркманистоннинг Эронга чегарадош қисмида яшайдиган тарихчи олимнинг гапи эсимга тушди. 450 грамм заъфарон қорабайир отларига айирбошланган экан. (Қорабайир отларининг нархи 70 минг доллардан бошланади) 

Голландиядан Германияга қайтиб ишимда давом этдим. Рассомлик билан шуғулланганим Крефельд  шаҳрида газлама музейи бор эди. (Deutsches Textilmuseum Krefeld) 

Бу музейда Bухоро сўзоналари коллекцияси борлигини билганим учун вақт топиб бордим. Сўзоналар ҳақида алоҳида бошқа мақолада тўхталаман.

Газламадаги 600 йиллик бўëқ

 Музейда бундан 600 йил илгари тўқилган ва заъфарон бўëғи билан бўялган газламалар бор эди. Яна заъфарон олдимдан чиқди. Бу зираворнинг номи деярли ҳамма тилларда арабча “сариқ  ëки норинж ” маъносини берадиган زعفران (Заъфарон) сўзидан  олинган бўлиб, қадимда мазкур ноёб ўсимликдан бўёқ моддаси сифатида фойдаланилганидан далолат беради. 

600 йил олдин тўқилиб заъфарон билан бўялган матолар музейдаги кўргазмада ярақлаб турар эди.

Бу матолар Италиянинг Тоскана водийсидаги Сан-Джиминьяно шаҳарчасида тўқилиб бўялганини айтиб беришди. Хозир Сан-Джиминьяно  заъфарон плантациялари билан машхур бўлса ҳам бундан 600 йил олдидан бу шаҳарга заъфарон Генуядан келтирилгани ҳақида маълумотлар бор. Рассом ўлароқ заъфарон ишлатиб расм чизиш орзуси туғилди. Ўша пайт ижодий ишларимга хомий бўлган Крефельддаги реабилитацияон клиника эгаси  доктор Мирча Каранфилдан расм чизиш учун заъфаронли бўëқ топиб беришни сўрадим. Бундай бўëқ ўта ноëб бўлгани боис топиш қийин бўлди. Доктор Каранфил ҳақиқий олтиндан бўлган сусал олтин деб юритиладиган юпқа фолга рулонини олиб келди. Буни дазмол билан расмга ëпиштирса худди заъфарон эффектини берарди. 21 аср рассоми учун заъфарон бўëғи дефицит эди. 

Фрескадаги «Заъфарон терувчи»

Заъфарон мени энди жиддий қизиқтириб қўйган бўлса ҳам атайин шу битки ҳақида маълумот олай деб қадам босмадим. Ҳаммаси қандайдир тасодифлар занжири эди. Ўн йилча олдин Грециянинг Крит оролига йўлим тушди. Ишларимни битиргач Кносс саройини бориб кўрдим. Саройда эрамиздан олдинги 17 асрда яратилган фреска қолдиқлари сақланиб қолганди. Фрескалардан бири «Заъфарон терувчи» деб аталади. Мовий рангли эгилган одам фигураси (Баъзилар буни маймун деб талқин қилишади) заъфароннинг бинафша ранг гулларини термоқда. Бу заъфарон мавзусидаги мен кўрган энг қадимий асар деб ўйладим.

Қояларга зарб қилинган заъфарон

Аммо йўлчи ўз йўлида нима кўришини олдиндан билмайди. 2018 йили АҚШнинг Невада штатидаги қизил водийда укам билан сайр қилдим. Қизил водий АҚШдаги музей қўриқхона бўлиб у ерда қадим  амеерика хиндулари қояларга ўйган петроглифлар бор. 10 минг йил олдин яратилган бу қоя суратларидаги ҳануз ўчмаëтган қизил ранг заъфарондан олинган деган фикр мавжуд. 10 минг йил олдин Невада чўлларида юрган қадимги одам заъфарондан бўëқ ясашни билган.

Жаннат тупроғи заъфарондир

Берлинлик теолог Эккеҳар Мааснинг айтишича¸ заъфарон ҳақида насронийларнинг муқаддас китоби инжилда «тароватли гиëҳ» дея таъриф берилган. Ислом дини билан боғлиқ манбалар, хусусан Хурайрага нисбат берилган хадисларда «жаннатнинг тупроғи заъфарондан иборат» дейилади. Қадим юнонлар учун заъфарон бахт  ва оташин севги тимсоли бўлган. Қадим юнон ривоятларида Крокус ва  Смилас севгиси тараннум қилинади. Бу севгини кўрган тангрилар Крокус исмли ошиқ йигитни заъфарон гулига айлантириб қўяди. Заъфарон ҳақида Иллиада достонида ҳам  эслаб ўтилади. Шумер, Бобил, Оссурия, Крит, Қадимги Миср ва Хитойнинг ёзма манбалари заъфарондан қадимдан фойдаланиб келинганлигидан далолат беради.

Демак заъфарон инсон цивилизацияси каби қадимий. Бундай қарасам 40 йилга яқин вақт ичида заъфарон билан боғлиқ ўнлаб обида ва асотирларга дуч келибман. 2015 йили халақро кўргазмада рассом Мария Михайлова-Гольдманнинг «Заъфарон йўли» деган туркум асарларини кўриб қолдим. Рассом ўз асарларида заъфарон етиштириладиган далалар ва унда меҳнат қилаëтган хотин қизларни тасвирлайди.

Қизил олтин ëки пул дарахти 

 Заъфарон ўта қиммат гиëҳ.  Заъфарон гулининг  1 килоси  учун 8 минг евро таклиф қилинади. Нави ва сифатидан келиб чиқиб нарх 30 минг еврогача чиқиши мумкин. Дунëда йилига 70 тонна  заъфарон етиштирилади

Лекин 150 тонна заьфаронга талаб бор. Дунë бозоридаги заъфароннинг 85-90 фоизи Эронга тўғри келади¸ Италия, франция, португлия ва испанияда  ҳам  заъфарон етиштиради. Афғонистон, Хиндистонни кашмирида сифатли заьфарон борлиги эътироф қилинади. 

Билгичларга кўра¸ плантацияларда заъфарон эмас пул ўсади. 

Ўғлон шошар тут вақтида пишар

Ана энди савол туғилади. Ўзбекистон ҳудудида заъфарон истеъмол қилинган ва буюк эҳтимолда қачонлардир ишлаб чиқарилган бўлса «оққан дарëни ўзанига» қайтарса бўлмайдими?

Бу савол пайдо бўлган  пайт 2017 йил эди. Мамлакатда раҳбар алмашган¸ пахта монокультураси чекланиб агросекторда турлиллик аломатлари пайдо бўлаëтган ўзгаришлар даври. Президент Шавкат Мирзиёев  2017 йил февралида  Қашқадарёга борганида   ўтказилган йиғилишида “ Заъфарон плантацияларини барпо этиш» ташаббусини илгари сурди. Аснода “Заъфарон илмий тадқиқот маркази” МЧЖ ташкил этилиб, шу йилнинг ўзида Голландиянинг “Mts Shipper” компаниясидан 36,4 тонна 9-10 колибрли заъфарон туганак пиёзлари Ўзбекистонга импорт қилинди.  Аммо самара президент кутганидек ўта яхши бўлмади. Пиëзлар тутиб кетмади. Аммо бу ташаббусдан воз кечишга олиб келмади.

Фазога кема учиришни истаган Бош конструктор Королев ўнлаб ракеталар қуласа ҳам мақсад сари интилган эди. Бу интилиш самараси ўлароқ замин инсон ўғлига  сажда қилди. 

Ташаббус ва ислохотнинг қийин тарафи шуки самара бирданига ярқ этиб кўринмайди. Қалампир экиш каби ташаббуслар бозор яхши ўрганилмагани ва оддий коррупция боис боши берк кўчага кириб қолгани ҳақида мамлакат раҳбарининг ўзи бир неча марта танқидий фикр билдирди. Мақолда айтилгани каби «ўғлон шошар тут эса вақтида пишар» 

Ташаббус ва бу ташаббусни амалга оширадиган малакали кадрлар бир бўлганида самарага эришса бўлади. 

Заъфарон Ўзбекистон учун ютуқли лоторея

Прагалик иқтисодчи профессор¸ иқтисод фанлари доктори  Холназар Амонов 2021 йил баҳорида ўзбек иқтисодиëти потенциали  ҳақида гапира туриб «заъфарон ракетасини учира оладиган» тадбиркор чиққанлигини айтиб қолди. 

Ниҳоят заъфарон ҳикоясининг Ўзбекистондаги бош қахрамони бўлиши мумкин бўлган киши горизонтда кўринди. Бу худди кинолардаги бош қахрамон илк кадрларда силует бўлиб кўрингани каби эди.   Холназар Амоновнинг ишонишича  Жиззахлик  оддий мактаб муаллимининг  ўғли Бекзод  Маматқулов  Заъфаронга Ўзбекистонни ватан қила олади:

«Бирор лойиҳани қилишдан олдин  жиддий илмий анализ қилиб таëргарлик кўрган одамнинг лойиҳаси амалга ошади.  Географик жойлашуви ва табиати боис Жиззах айнан Заъфарон учун тўғри келса¸ илми билими ва тиришқоқлиги боис Бакзод Маматқулов заъфарон Ўзбекистон заминига қайтара олади. Бухородан чиққан Ибн Сино шифобаҳш деб атаган ўсимлик бугунги Ўзбекистон ҳудудида етиштирилиб ипак йўли бўйлаб дунëга тарқалган. Аммо кейинчалик унутилган. Тарихда бундай бурилишлар кўп. Рим империясининг қулаши билан унутилган заъфарон араблар туфайли Испанияга қайта кириб келган ва ушбу миллат бугунги кунда ўз ҳаётларини заъфаронсиз тасаввур эта олмайдилар.Ўзбекистондаги раҳбар алмашинуви ортидан бўлаëтган бурилишда заъфарон Ўзбекистонга қайтди. Бу ишни жиззахлик тадбиркор Бекзод Маматқулов амалга ошира олди.»

Рассомликдаги устозим Жиззахнинг  Ўсмат қишлоғидан чиққан Исфандиëр ака Ҳайдаров.  Устоз ҳурмати жиззахликларга ҳурматим катта. Аммо шундай бўлса ҳам  Холназар Амоновнинг заъфарон етиштириш бўйича прогнозига скептик қарадим. Туяқуш боқиш каби популизм бўлса керак деган  фикрда эдим.

Аммо 2023 йил бошида  Ўзбекистон президентининг Жиззахга ташрифи акс этган видеолавҳани кўраëтиб экранда  Бекзод Маматқуловга кўзим тушиб қолди. (Расмий видеолавҳа)

Мамлакат президенти ташрифи ëритилган мақолаларда Бекзод Маматқуловнинг заъфарон етиштиришни саноат миқëсига кўтарган  “BMB Trade Group” компанияси Кузатув Кенгаши раиси экани ва айнан заъфарон экиш ортидан 400 та доимий, 40 мингга яқин мавсумий ишчи ўрни яратилгани айтилди.

Президент ўз нутқида Жиззахдаги экин экилувчи далаларнинг ярми заъфарон учун ажратилишини айтди. Бу ўзига хос ишонч кредити эди. 

Эътиборимни тортган нарса эса Баҳмалда етиштирилаëтган заъфароннинг Италия, Франция илмий тадқиқот марказлари томонидан  1 категорияга лойиқ кўрилгани бўлди.

Шу билан бирга Америка Қўшма Штатлари бозорига кириш ҳуқуқини берадиган ҳужжат ҳам олинган. Бу изн расмийлашиши учун Жиззахда етиштирилган заъфарон махсулоти 9 ойда давомида текширилган. Ижобий натижа ўлариқ  FD  яъни АҚШ бозорига кириш учун яшил чироқ ëқилган ҳужжат берилган. 

Жиззахдаги  305 гектарлик заъфарон даласи   дунëдаги яхлит жойлашган энг йирик плантация ўлароқ эътироф қилинди. 

ORO ROSSO. ФУТБОЛ. БЕРЛУСКОНИ

Шу кунларда Бахмал заминида етиштирилган  заьфарон Европага BMB ZAFARON брендида  етказилади.

Заъфарон Италияда Опера ширкати билан ҳамкорликда ORO ROSSO брендида бутун дуне бўйлаб истеъмолчилар қўлига тегмоқда. 

Мазкур бренд Италия А серияси гранди Милан ҳам Берлусконилар оиласига тегишли Монца футбол клубларининг расмий ҳамкори ҳисобланади.

Бахмал заминиди етиштирилган заьфарон сабаб жиззахлик оддий ўқитувчининг ўғли  дунега машхур италиялик Берлусконилар оиласи билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. 

Пул дарахти

Бу дунëда кимдир олтин қазиб олади, кимдир олтин сотувчини белкурак билан таъминлайди. Аммо янги бизнес тури очиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Дик, Мак Макдоналдлар ва Рэй Крок учун Макдоналдс умр мазмуни бўлган эди. Форд учун автомобил. Илон Маск учун «Тесла» Бу ширкатлар аввалига маслакий орзу, кейин эса узлуксиз даромад манбаига айланди. 

Пахта монокультурасидан масофаланаëтган мамлакатда заъфарон шундай пул дарахтига айланди.

Зар қадрини заргар билар..

Бу гапларни ўқиш ва эшитиш мароқли. «Ана позитив мақола ҳам ëзса бўларканку» «Ўзбекистонда ҳам бировнинг чўнтагини кесмай бойиса бўларканку» деган тасаллилар ëзилади.

Биз эса шошмаймиз. Берлин тарихий марказида заъфарон сотишга ихтисослашган магазин бор. Бу дўконда ҳали ўзбек заъфарони сотилмаяпти. Эрон ва Кашмирдан келган заъфаронларни таклиф қилди дўкон эгаси. Мен унга Ўзбекистонда ҳам заъфарон чиқарилаëтганлигини айтсам ишонқирамади.

«Қурқума (Зарчава)ни норинж ранга бўяб ясалган фейк заъфарон жуда кўпайган хозир.» деди дўкондир. Мен бу дўкон эгаси билан анча гаплашиб қандай қилиб фейкни оригиналдан фарқлаш мумкин деб сўрадим. Дўкон ичкарисида оқ халат кийиб микроскоп олдида ўтирган мутахасис ëнига бошлади мени дўкон соҳиби. Мен унга Ўзбекистонда чиқарилган заъфарон расмини телефонимда кўрсатдим.

«Фейкка ўхшамаяпти, лекин барибир ўзини кўришим керак» деди мутахасис. Мен вақт белгилаб эртасига Ўзбекистонда чиқарилган бир шиша заъфаронни келтирдим. Уч дақиқадан оз вақт ичида ўзбек заъфаронининг оригинал ва юқори сифатли эканини аниқлаб беришди.

«Бир вақтлар Германияда заъфарон сохтакорларини оловда ëқишган, хозир Эронда уларнинг ўнг қўли чопилади. Лекин ўзбек заъфарон етиштирувчиларини бундай истиқбол кутмайди. Бу ҳақиқатда сифатли экан»

Ўзбекистондаги заъфарон бизнесига яқин мутахассис исми айтилишини истамаган холда заъафарон сохтакорлари Ўзбекистонда ҳам борлигига тўхталди.

«Албатта, қиммат турадиган ўсимлик ёки буюм борки уни сохталаштириш ва бунинг ортидан мўмайгина даромад олувчилар сонини кўпайишига сабаб бўлади. Заъфароннинг қимматбаҳолиги ва одамлар томонидан қадрланиши фирибгарлар эътиборини тортмай қўймаган, албатта. Охирги йиллар сохта заъфарон билан савдо қилиш холатлари кўп учрамоқда. Бундай савдоларда усталик билан заъфарон стигмаларига ўхшаш айрим ўсимликлар, барглар, ўсимликлар аралашмаси, қуритилган денгиз ўтлари, маккажўхори толаси ва рангли баргларни (Бўёқдор махсар, Боғ хризантемаси,  Ёнғоқсимон нилуфар, хинд жўхориси (Зарчава)ни лаққа тушиб, катта пулга сотиб олишингиз мумкин. 

Бу каби сохта ёки сифати паст заъфаронларни юртимизнинг бозорларида ҳам учратишингиз мумкин. Нархи хам жуда арзон. Бир стакани 10 минг сўм. Албатта, заъфарон ҳақида тушунчага эга бўлмаганлар уни сотиб олишади. Унутманг, ҳақиқий заъфарон ҳеч қачон арзон нархда сотилмаган ва сотилмайди ҳам. Асл заъфаронни танлашда адашмаган харидор фақат ва фақат ўз соғлигига фойда қилади.

Яна бир муҳим масала – заъфарон таркибидаги фаол моддалар ва сифат кўрсаткичларига қараб 3 та категорияга бўлинади. Айнан аксарият Эрон, Афғонистон ва Хинд заъфарони деб сотилаётган маҳсулотлар 2 ва 3-категорияга эга ёки заъфароннинг пушол ва банч қисмлари (3-категория) бўялиб, асл заъфарон деб сотиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Энг олий нав 1-категория ҳисобланиб, мазкур заъфаронда ўсимликнинг барча доривор хусусиятлари сақланиб қолган бўлади ва айнан ушбу нав фармацевтикада қўлланилади. Шунинг учун ҳам 1-категорияга эга махсулот бошқа категориялардагига қараганда бир неча баробар қимматдир»

Қарийб қирқ йилни ўз ичига олган «қизил олтинни излаш» йўлчилиги шу ерда ниҳоясига етди. Бир вақтлар «оқ олтин» мусибат келтирган мамлакатга қизил олтин саодат келтиради деб одамнинг ишонгиси келади. 

Прагадаги иқтисод профессорининг икки йил олдинги прогнози тўғри чиқди. Ўзбекистон заъфарон ватанига айланди. Одатда дунëда ўзлари етиштирган хосилдан миннатдор одамлар ўзларига рисқ бўлган зироатларга ҳайкал қўйишади. Профессор Холназар Амоновнинг ишонишича Жиззахда заъфаронга ҳайкал қўйилади. 

«Халқаро танлов ўтказилиб таниқли ҳайкалтарошлар иштирокида яратилади….» – дейди проессор Амонов.

Бу ҳайкал Неваданинг қизил водийси чўққиларига заъфарондан зарб қилинган петроглиф шамойиллари  каби бўладими ëки Крит оролидаги қадим фрескада акс этган заъфарон терувчи шаклидами?  Бу келажак рассомларининг ижодига ҳавола. 

Хозирча қўшиқларда «Меҳригиë» чўпи дея улуғланган ўсимлик гулини сотишдан келаëтган миллионлаб евро даромад  Жиззах заъфаронига қўйилган ҳайкал каби кўринади.

Қизил олтин бўлса шунчалик бўлади. 

Шуҳрат Бобожон

Германиядаги Künstlerheim Luise rassomlik маркази аъзоси

@eltuz

Тағин ўқинг
6 сентябр 2016
Синглим кичкина раҳбар. Тўғриси Ўзбекистонда порасиз, илми, маърифати ва одамгарчилиги туфайли тайинланган саноқли боғча мудираларидан. Кечаси иккида ҳокимликдан телефон ...
13 май 2019
Негадир кейинги пайтларда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳақида гап кетганида беихтиёр ёдимга Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчиллнинг мазмунан ...
13 май 2016
Махалланинг сирини юқорига сим қоқиб турадиган кампирларга маҳаллаларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ато қилинди. ...
29 июн 2023
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири – Хивани “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” дея эълон ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...