Асосий мавзулар
12 март 2018

Зеҳниятимиздаги тузалмаётган яра

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи аксарият давралардаги гурунгнинг мавзуси бўлди. Зеро, узоқ йиллар бир-биридан узиб қўйилган қардош халқларнинг қайта яқинлашуви фонида бу табиийдир.

Бу гурунгларда кўтаринки руҳдаги гап-сўзлар билан бирга хавотир оҳангидаги мулоҳазаларни ҳам эшитишга тўғри келди.

Мирзиёев Тожикистон билан чегараларни очиб ташлади, энди террорчи ва наркоташмачи гуруҳларнинг Ўзбекистонга кириб келиши осонлашмайдими, деган хавотир эди бу.

Энг эътиборлиси, чегаралар очилиши шундай фикр уйғотганлар қаторида ўзини зиёли деб билганлардан тортиб, оддий аҳоли вакилларигача бор.

Бу хавотир Ислом Каримов режимининг икки халқни ажратиш борасидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари боис зеҳниятимизни қоплаган қўтир яра ҳали
тузалишга юз тутмаётгани аломати ўлароқ таассурот уйғотди.

Аслида чегараларни тамбалаш, миналаштириш халқни террорчию наркотиклардан эмас, режимнинг ўзини ҳимоя қилишга қаратилгани кундек аён эди.

Террорчилар ва наркофурушларнинг энг катталари пана-пастқам йўллардан яшириниб эмас, Тошкентда ўтирган амалдорларнинг ижозати билан Ўзбекистонга бемалол кириб кела олишини биладиганлар ҳам топиларди.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи Ўзбекистон олий раҳбарининг Душанбега илк сафари эмас.

2000 йилда Ислом Каримов Тожикистонга катта дабдабаю асъаса билан борганди. Икки халқнинг биродарлиги ҳақида достонлар битилганди.

Аммо Душанбедан қайтар-қайтмас икки давлат дарвозаларидаги қулфлар каттароқларига алмаштирилди, миналаштирилган майдонлар кенгайтирилди.

Бундан Ўзбекистонга наркотиклар кириши камайиб қолмади. Режим манфаати учун зарур бўлганда террорчилар ҳам бемалол кириб келаверди.
Зеҳниятимизга Тожикистон билан чегараларни очсак, Ўзбекистонга “жиноий элементлар” кириб келади, деган ишонч сингдирилди.

Шавкат Мирзиёев эса Душанбега кучли бир самимият билан борди. Президентнинг “мен сизнинг олдингизга очиқ чегаралар билан, очиқ қалб билан келдим”, деган сўзлари бу самимиятнинг асоси эди.

Шавкат Мирзиёев Душанбега ўзаро яқинлашув учун амалий ишларни бошлаб юборгандан сўнг борди. Унинг бу ташрифи Тожикистонга борганидан сўнг ваъдаларни қалаштириб ташлаган Каримовнинг сафаридан шу жиҳати билан ҳам фарқ қилди.

Икки халқнинг қон-қардошлигини тиклаш йўлидаги амалий қадамлар зеҳниятимиздаги қўтир ярани тузатадиган кучли бир малҳам бўлиши билан бирга Каримов режимининг нақадар қабиҳ эканига ҳалигача ишонгиси келмаётганларга навбатдаги тарсаки ҳам бўлса, не ажаб.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 сентябр 2016
Ўзбекистондаги айрим маҳаллий интернет нашрлари, жумладан, «Кун.ўз» сайти мамлакат Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизматининг хабарини чоп этди. Бу хабарда ...
4 феврал 2021
1 февраль куни Урганч шаҳри фуқаролик суди келинга бокира чиқмаганлик айбини қўйиб, уни видеога олиб, интернетда сазойи қилган бир ...
24 май 2019
Интернетнинг ўзбек сегментини стакан деб қарасак, бу стакан ичида вақти-вақти билан тўфонлар юз бераётганини кузатамиз. Ëки Матбуот агентлиги бу ...
3 ноябр 2017
1 ноябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп грин-карт лотереясини бекор қилишга чақирди. Нью-Йоркда террорчилик ҳужумини амалга оширган Ўзбекистон ватандоши ...
Блоглар
13 сентябр 2023
Ислом Каримов одамлар орасида яшамагани учун ютуқларга эриша олмади. У ўзининг виртуал ёпиқ дунёсини яратди ...
12 сентябр 2023
(Бир тўй ҳақида ўй) Қўшиқчи Муниса Ризаеванинг тўйига бир миллион долларнинг тепасида расход бўлди. Пулни ...
20 август 2023
Файзулла Убайдулло Хўжа ўғли, яъни Файзулла Хўжаев 1896 йил 15 мартда Бухоро амирлигида туғилади. Отаси ...