Кўзқараш
8 март 2019

«Жаллод, калласини ол!!!»

​​Жаллод деганда бошига қоп кийдирилиб, кундага қўйилган каллани ойболта билан чопадиган бақувват одамни тушунишади одатда. Лекин аслида вазият бироз бошқача бўлган.

Подшо ва қиролларнинг саройида жаллодлик хизматлари бўлган. Улар анчагина катта тузилма бўлиб, фақатгина калла чопадиганлардан иборат бўлмаган.

Жаллодлик хизмати ҳукмдорларнинг кимнидир ўлдириш, кимнидир қўрқитиб қўйиш сингари вазифаларини бажарган. Улар фақатгина жамоатчилик олдида бош олиш билан эмас, махфий қотилликлар, саботаж билан ҳам шуғулланган. Айтайлик, бирор шаҳар ҳокими подшонинг қаҳрига дучор бўлиб, ўлимга ҳукм этилса, у, табиийки, бош эгиб келмаган, балки қочиб қутулиб қолиш йўлларини кўрган. Шундай вазиятларда фармонни мавҳум сақлаб, қотилларни керакли жойга юборишган. Шундай қилиб, жаллодлик хизмати яхши тайёргарлик кўрган профессионал қотиллардан иборат бўлган.

Шаҳобуддин Насавий “Сират ас-султон Жалолиддин Манкбурни” китобида қизиқ бир воқеани ҳикоя қилади.

Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг (1200–1220) бош жаллоди Жаҳон Паҳлавон исмли шахс эди. Унинг номининг ўзиёқ амалдорлар ва турли-туман ноиблар, бекларнинг кўнглига ғулғула соларди.

Хоразмшоҳнинг қорахитойлар билан жанглари асносида Ўтрор шаҳри ноиби, қорахитойлардан бўлган Тожиддин Билгахон хоразмликлар тарафига ўтади. Хоразмшоҳ урушдан сўнг уни Нисо шаҳрига юборади. Нисога одатда амалдорлар сургунга юбориларди: шаҳар иқлими ва гигиеник вазияти жуда ёмон бўлиб, юқумли касалликлардан ўлиш ҳолатлари жуда кўп кузатиларди. Шаҳар иқлими, айниқса, турклар учун оғир эди. Сургундаги одам ўлиб кетиши ёки қаттиқ қийналиши кутиларди.

Лекин Билгахон шаҳарда яхши ўрнашади ва ҳатто аслзодалар даврасида обрў қозонади. Сургун бир йил давом этади. Натижага эришолмаганини тушунган хоразмшоҳ шаҳарга Жаҳон Паҳлавонни юборади.

Жаҳон Паҳлавоннинг шахсан ўзи бир гуруҳ одамлари билан келганини эшитганида шаҳар вазири (султоннинг вакили, уни шаҳар ноиби ва маҳаллий амалдорлар билан боғлаб турувчи мансабдор) Заҳириддин Масъуд ибн ал-Мунаввар аш-Шоший бир киши билан суҳбат қуриб ўтирган бўлади. Хабарни эшитиши биланоқ даҳшатга тушади.

Жаҳон Паҳлавон шаҳар ноибининг уйида тўхтаган ва вазирни шу ерга чақирган эди. Вазир суҳбатдоши билан бирга ноибнинг уйига отда бораркан, қўрқувдан қўллари қалтираб, отни бошқаришга қийналади. Жаллодбоши вазирни кўриши билан унинг қўлига султон фармонини тутқизади.

Шундан сўнг Тожиддин Билгахоннинг уйига одам қўйиб, султондан келган топшириқ баҳонасида ноибнинг уйига чақиришади. Муҳофизлар гуруҳи билан келган Тожиддиннинг ёлғиз ўзи уй ичига таклиф қилинади, Жаҳон Паҳлавон унга ўзини кўрсатмайди. Заҳириддин Масъуднинг гувоҳлигига кўра, Тожиддин қандайдир баҳона билан ертўлага олиб тушиб кетилади. Бироздан сўнг жаллодлардан бири унинг бошини қўлида кўтариб чиқади. Жаҳон Паҳлавон бошни қопга солиб, дарҳол пойтахт томон йўлга чиқади. Тожиддиннинг ташқарида кутиб турган муҳофизларини тинчлантириш, кўнишмаса, ҳибсга олиш вазифаси вазирга юкланади.

Насавийнинг китоби рус тилида.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
25 сентябр 2015
Бугун 25 cентябр Eltuz таҳририятига мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаевани ушлаб ички ишлар бошқармасига олиб кетишгани ҳақида ...
18 апрел 2019
Шу йилнинг 20 март куни Халқ таълими вазирлиги сайтида “Фарғонанинг Қува туманидаги 50-мактаб ер майдони ва қўшимча бино ўқув ...
30 март 2019
Тошкент аэропорти божхонасида китоблари ва телефони олиб қўйилган ўзбекистонлик шоир, хоразмлик 56 ёшли Маҳмуд Ражаб 30 март куни унга ...
21 сентябр 2021
Ўша машъум 30-йилларда миллатимиз ойдинларининг қатағонлари тепасида турганлар орқасида нафақат миллат хоинлари, балки миллатимизнинг чинакам ташқи душманлари ҳам кўп ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...