Кўзқараш
8 март 2019

«Жаллод, калласини ол!!!»

​​Жаллод деганда бошига қоп кийдирилиб, кундага қўйилган каллани ойболта билан чопадиган бақувват одамни тушунишади одатда. Лекин аслида вазият бироз бошқача бўлган.

Подшо ва қиролларнинг саройида жаллодлик хизматлари бўлган. Улар анчагина катта тузилма бўлиб, фақатгина калла чопадиганлардан иборат бўлмаган.

Жаллодлик хизмати ҳукмдорларнинг кимнидир ўлдириш, кимнидир қўрқитиб қўйиш сингари вазифаларини бажарган. Улар фақатгина жамоатчилик олдида бош олиш билан эмас, махфий қотилликлар, саботаж билан ҳам шуғулланган. Айтайлик, бирор шаҳар ҳокими подшонинг қаҳрига дучор бўлиб, ўлимга ҳукм этилса, у, табиийки, бош эгиб келмаган, балки қочиб қутулиб қолиш йўлларини кўрган. Шундай вазиятларда фармонни мавҳум сақлаб, қотилларни керакли жойга юборишган. Шундай қилиб, жаллодлик хизмати яхши тайёргарлик кўрган профессионал қотиллардан иборат бўлган.

Шаҳобуддин Насавий “Сират ас-султон Жалолиддин Манкбурни” китобида қизиқ бир воқеани ҳикоя қилади.

Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг (1200–1220) бош жаллоди Жаҳон Паҳлавон исмли шахс эди. Унинг номининг ўзиёқ амалдорлар ва турли-туман ноиблар, бекларнинг кўнглига ғулғула соларди.

Хоразмшоҳнинг қорахитойлар билан жанглари асносида Ўтрор шаҳри ноиби, қорахитойлардан бўлган Тожиддин Билгахон хоразмликлар тарафига ўтади. Хоразмшоҳ урушдан сўнг уни Нисо шаҳрига юборади. Нисога одатда амалдорлар сургунга юбориларди: шаҳар иқлими ва гигиеник вазияти жуда ёмон бўлиб, юқумли касалликлардан ўлиш ҳолатлари жуда кўп кузатиларди. Шаҳар иқлими, айниқса, турклар учун оғир эди. Сургундаги одам ўлиб кетиши ёки қаттиқ қийналиши кутиларди.

Лекин Билгахон шаҳарда яхши ўрнашади ва ҳатто аслзодалар даврасида обрў қозонади. Сургун бир йил давом этади. Натижага эришолмаганини тушунган хоразмшоҳ шаҳарга Жаҳон Паҳлавонни юборади.

Жаҳон Паҳлавоннинг шахсан ўзи бир гуруҳ одамлари билан келганини эшитганида шаҳар вазири (султоннинг вакили, уни шаҳар ноиби ва маҳаллий амалдорлар билан боғлаб турувчи мансабдор) Заҳириддин Масъуд ибн ал-Мунаввар аш-Шоший бир киши билан суҳбат қуриб ўтирган бўлади. Хабарни эшитиши биланоқ даҳшатга тушади.

Жаҳон Паҳлавон шаҳар ноибининг уйида тўхтаган ва вазирни шу ерга чақирган эди. Вазир суҳбатдоши билан бирга ноибнинг уйига отда бораркан, қўрқувдан қўллари қалтираб, отни бошқаришга қийналади. Жаллодбоши вазирни кўриши билан унинг қўлига султон фармонини тутқизади.

Шундан сўнг Тожиддин Билгахоннинг уйига одам қўйиб, султондан келган топшириқ баҳонасида ноибнинг уйига чақиришади. Муҳофизлар гуруҳи билан келган Тожиддиннинг ёлғиз ўзи уй ичига таклиф қилинади, Жаҳон Паҳлавон унга ўзини кўрсатмайди. Заҳириддин Масъуднинг гувоҳлигига кўра, Тожиддин қандайдир баҳона билан ертўлага олиб тушиб кетилади. Бироздан сўнг жаллодлардан бири унинг бошини қўлида кўтариб чиқади. Жаҳон Паҳлавон бошни қопга солиб, дарҳол пойтахт томон йўлга чиқади. Тожиддиннинг ташқарида кутиб турган муҳофизларини тинчлантириш, кўнишмаса, ҳибсга олиш вазифаси вазирга юкланади.

Насавийнинг китоби рус тилида.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
13 март 2018
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиëев 2 март куни Навоий вилояти Хатирчи туманида вилоят фаоллари иштирокидаги йиғилишда “вилоятдаги МХХ ходимларининг аксар ...
25 июл 2016
Биринчи видик расмини кўрганимда физика математикага мослашган мактабнинг иккинчи синфида ўқирдим. “Радио” деган журналнинг 1967 йилги иккинчи сонини хозир ...
28 ноябр 2019
Туркияда яшаётган таниқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақидаги ...
30 июн 2016
Бугун АҚШ Давлат департаменти ўзининг одам савдосига қарши курашишга доир йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг рейтингини мавжуд имкониятдан энг паст даражага – ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...