ART-DURBIN
4 сентябр 2019

Соф санъат ҳақида бир оғиз сўз

Менинг узоқ йиллар аввал ёзган бир шеърим бор эди. Унда Шарқнинг шоири гул бутоғига боғлаб қўйилган девга қиёсланарди. Бу Шарқ классик шеъриятининг аксилижтимоий табиатига ишора қилувчи мусбат (позитив) киноя эди.

Бугун ҳам камина бу фикрда собитман. Шарқ шеърияти ўзининг энг юксак чўққиларида асоциалдир, ғайриижтимоийдир.

Балки бу хусусият шеъриятнинг санъат ўлароқ ўз софлигини муҳофаза қилиш (инстинкти) рефлексидир. (Албатта, бу xусусият долзарб масалаларни тасвирлашга мойил, социал йўналишдаги шеъриятнинг аҳамиятини камситадиган бир фактор сифатида кўрилмаслиги керак).

Бизнинг замонимизда “соф санъат” ва бу тушунча тарафдорлари социалистик реализм адабиётшунослигининг танқид объекти эди.

Гарчанд 20-аср совет адабиётининг илғор ёш наслининг ботиний доҳийлари айнан “соф санъат” тушунчаси вакиллари эдилар. Улар совет мафкураси тарафидан тарғиб қилинган совет ёзувчи-шоирлари эмас, балки кўпинча тақиқланган Ғарб ёзувчи-шоирлари эдилар.

Ёш совет шоирларига “Ғарб шеъри тақлидчиси” тамғаси урилиб, улар миллий илдизларини инкор этган осийлар, дея эълон қилинарди.

Аммо бир оз вақт ўтгандан кейин айнан бу “осийлар” яратган адабиёт “энг миллий” адабиёт эканлиги ўртага чиқарди.

Ҳақиқатан ҳам, асл миллий бўлган санъат – миллийликусти санъатдир.

Чунки ҳақиқий санъат соф ақл билан эмас, руҳ тарафидан яратилади. Шу боис ҳам ҳақиқий санъат асари асрорлидир, сирлидир.

Инсон руҳи нақадар сирли борлиқ бўлса, соф саньат ҳам шу қадар сирлидир.

Шунинг учун ҳам соф санъатни жиддий таҳлилга тобе тутиш имконсиздир. Ва бу соҳадаги энг теран тадқиқотлар ҳам ҳамиша юзакидир.

Ҳар қандай “шеърият мактаби” – уйдирмадир.

Шеъриятда мактаб йўқдир. Буюк сўз усталари бор, аммо муаллимлар йўқ. Тақлидчилар бор, аммо талабалар йўқ.

Адабиёт ва санъат тарихида устоз ва талаба (мурид) ролини ўйнаган инсонлар кўп. Аммо бу ўйиннинг қоидасидир, санъатники эмас.

Инсонни шеър ёзишга ва ёки расм чизишга ўргатиш мумкин эмас, худди овози бўлмаган кишини қўшиқ айтишга ўргатиб бўлмаганидай.

Овози бўлган киши эса асло муаллимга муҳтож бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳақиқий шоирлар (санъаткорлар) ҳамиша ёлғиздирлар.

Бу ёлғизларни бирлаштирадиган ягона омил – ёлғизликдир.

Бу санъатнинг бутун долларига махсусдир, тегишлидир. Чунки санъатнинг бутун турлари – бир бутундир, якпорадир.

Шеърият, расм, мусиқа – бир бутундир.

Биз уларни фақат кўринишда ҳар хил кўрамиз.

Расм – бўёқларда ифодаланган шеърдир ёки бўёқларда тасвирланган мусиқадир.

Мусиқа – куйда ифодаланган расм ва ёки шеърдир.

Шеърият ҳам сўзда ифодаланган расм ёки сўзнинг мусиқадаги ифодасидир.

Фақат шеъриятнинг бир хусусияти бор, бу унинг тил орқали, сўз орқали ифодаланганидир. Шу боис, шеърият, расм ва мусиқадан фарқли ўлароқ, инсонларни бир-биридан айирадигандай кўринади. Аммо илк қарашда шундай кўринади. Аслида у ҳам, расм ва мусиқа каби, инсонларни бирлаштиришга хизмат қилади. Чунки шеър ҳам, юқорида таъкидлаганимиздек, инсон руҳининг маҳсулидир. Тил эса бу маҳсулни бизнинг дунёмизга етказишга мукаллафдир, холос.

Бирлаштирувчи жараён бадиий таржималар асосида юз беради. Яъни турли халқлар шеъриятларининг ўзаро таъсири жараён этади.

70-йилларда мен француз тилини билмаган ҳолда (рус тилидан) француз шоирларининг асарларини ўзбекчага таржима этдим. Бугун бу таржималарнинг замонавий ўзбек адабиётига таъсир қилганига шубҳам йўқ. Айнан шу нуқтада шеъриятнинг, ҳар қандай санъат асарининг миллатусти xусусияти зоҳир бўлади.

Мен Жак Превернинг “Кузги япроқлар” шеърига ёзилган қўшиқни хоҳ Ив Монтан ижросида французча, хоҳ Мэт Монро ижросида инглизча тинглайин, айни гўзаллик нафасини ҳис этаман. Руҳ маҳсули бўлмиш санъатнинг миллийликусти моҳияти тил тўсиқларини ошиб ўтади.

Аммо баъзи мутафаккирлар, масалан, Эдгар По санъатнинг руҳий тарафига унча ҳам аҳамият бермайдилар. У, масалан, “Қарға” поэмасининг аллитерацион тизими математик бир аниқлик билан ҳисобланган, дейди. Бошқа тарафдан, у айнан шу аллитерация, шу рационал ҳисобланган сас тизими поэмадаги сирлиликни, иррационал руҳни кучайтирганини тан олади.

Албатта, усталик билан қўлланилган аллитерацион силсила ўқувчига руҳий таъсир қилишнинг кучли воситасига айланиши мумкин.

“Қарға” поэмасини шоир ҳар сатр охирида “ҳеч қачон” сўзини такрорлашдан бошлайди. Бу такрор сасда ифодаланган мудҳиш бир кучга айланади. Ички қофиялар, аллитерация – “Қарға” поэмасидаги асосий жодудир. Бу жоду ипак матоҳга қўрқув ва зулматни кашталайди.

Қарғанинг “Quoth the Raven “Nevermore” қичқириғи даҳшатли бир ассонансдир.

Ҳатто буюк циник Пол Гоген ҳам бир пайтлар бу жодуга асир тушганди. Гоген одамларни кузатиб ўтирган қуш расми ифодаланган бир расмининг сўл, уст бурчагида “NEVERMORE”(“ҲЕЧ ҚАЧОН”) ёзиб қўйган.

Менинг қадрдон дўстим, Латвия халқ шоири Улдис Берзинш Қуръони Каримни арабчадан латиш тилига таржима қилди. У таржима жараёнида Китобдаги оятларнинг ички қофияланиш тизимини бузмасдан латиш тилига ўтказишга ҳаракат қилганини севинарак эътироф этганди.

Ҳақиқатан ҳам, қофия шеърий санъатнинг муҳим атрибутларидан биридир. Гарчанд биз қофияга у лойиқ бўлган диққатни кўрсатмасликка одатланганмиз.

Бутун оламларни Яратган Зот тарафидан индирилган Қуръони Карим – шу илоҳий жозиба билан йўғрилган тенгсиз Китобдир.

Қофия, аллитерация нақадар рационал ҳисобланса ҳисоблансин, ижодкор Шахс Руҳининг ифодачисидир.

Бошқача айтсак, қофия устанинг қалбидан юксалган бир жазбадир. Унинг дафъатанлиги, онийлиги ҳар қандай ҳисобни остин-устун қилади.

Айтмоқчиманки, соф санъат ҳали ҳам мавжуддир. Биз уни яратмасак ҳам ёки ҳеч қачон яратмаган бўлсак ҳам.

Муҳаммад СОЛИҲ
Истанбул, 2019 йил август

Тағин ўқинг
3 сентябр 2019
Андижонда биткоин яратиш билан шуғулланадиган янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ишнинг бошида “Кубикоин” корхонаси тургани, лойиҳанинг қиймати эса 1,2 ...
15 январ 2018
Президент Мирзиёев 10 январь куни ўзбек элчилари билан ўтказган йиғилишида элчихона ходимлари ортидан пойлаб юрадиган «мурда»ларни қайтариб олишини айтди. ...
22 октябр 2018
Яқин кунларда Ўзбекистонда қимматчилик бошланиши ҳақида аҳоли ўртасида шу кунларда анча кенг тарқалган хавотирнинг асоссиз эмаслигини ҳукуматнинг ўзи тасдиқлади. ...
22 ноябр 2018
Шу йилнинг 23 ноябрида Урганч тумани маъмурий ишлар суди журналистлар уйи мусодара қилингани юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқади. Маҳкама ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...