Асосий мавзулар
30 март 2020

Оммавий дид танқислиги синдроми

(Эпистоляр эссе)

Марҳабога

Кўпинча адабий муҳитдан чарчаганимда сенга сим қоқаман. Балки опамдек яқиним бўлганинг учундир ёки инжиқлигимни кўтарадиган иккита инсондан бири бўлганинг учундир.

– Шоирларинг жонга тегишди, Марҳабо.
Бугун ҳам сенга қўнғироқ қилганимда, шу гапни шартта айтиб, саломлашишни ҳам унутиб бақириб ташладим.

-Менинг шоирларим эмас улар,- дединг сен жиддий.
Шунда мен асабийлашиб телефонни қўйдим. Орадан ҳеч қанча ўтмай сен ўзинг сим қоқдинг.
-Нима бўлди яна?

Доим сенга кўнглимни ёзганман. Буни яна қайтариб айтяпман. Бу сафар ҳам шундай бўлади, деб умид қилгандим. Аммо индамадим. Шунчаки бошқа мавзуга ўтдим, шеъриятнинг ҳозирги аҳволи ҳақида гапиргим келмади. Кўтарилаётган қон босимим бунга тўсқинлиқ қилди, шекилли . Ё ғурурим йўл қўймади. Бироқ сен ички сезгинг орқали буни сездинг. Ўзимни амаллаб назорат қилиб турганимни, аслида ичимда ғалаён кечаётганини, кимларнидир бўралаб сўкаётганимни сездинг. Фақат билинтирмадинг? холос. Сўраб-суриштирмадинг. Эҳтимол, шу фазилатинг учун ҳам сени кўпроқ ҳурмат қиларман, чунки сен доим менга нима кераклигини яхши билгансан.

Марҳабо, бир ҳафтадан бери шоирларга ва ўзбек шеъриятига нима бўляпти? Шу савол билан яшаяпман энди. Ишоняпсанми, шу савол билан. Шеъриятнинг ижтимоий майдалашувини кўриб, хуноб бўлиб, ичим ёниб, асабийлашиб яшаяпман. Шеърият ижтимоий майдалашяпти, дидсизлик авж оляпти, ҳатто ўзини ҳурмат қилган катта шоирларда ҳам дид танқислиги урчиб, авжига оляпти. Бу шеъриятни камситиш ва хўрлаш қачонгача давом этаркин?

Қаерга қарама, юртга келган вирус ҳақидаги шеърлар. Шоирларнинг каттаси ҳам, кичиги ҳам шу ҳақда ёзяпти. Нима бало бўлди ўзи уларга? Эртага юртга қизамиқ ёки гепатит келса, улар энди шулар ҳақида ёзишадими? Шоирнинг миссияси ёки шеъриятнинг рутбаси шуми? Инсон ҳиссиётлари ва кечинмаларини ифодаловчи нозик ҳилқатга менгзалган шеъриятнинг муқаддас йўлини улар қайси ўзанга буриб юборишяпти, бир қарагин-а?

Мен бир ҳафтадан бери ҳар куни учта шеър ўқияпман вирус ҳақида. Бир-икки кун ўтиб энди карантин, дезинфекция, салфетка, ҳожатхона қоғози, анисептик дори ҳақида ҳам шеър ўқисам ажабмас. Бу кетишда шундай бўлади. О, шоирларимиздаги илҳом вирус таъсирида жўшиб кетгандек, улар тинишмаяпти, бу вирус илҳомга қўшиб ўзларидаги дид танқислигини ҳам юракларидан ўпириб чиқаётганини у шўрликлар қаердан ҳам билишсин. Улар ўзларини давр фарзандимиз, шунга ижтимоий ҳаёт ва ундаги ҳодисаларга бефарқ қараб тура олмаймиз, деб бу хатти-ҳаракатларини асослашяпти. Марҳабо, уларнинг шу иддаоларини эшитсам ёки ўқисам, кулгим қистайди. Майли, улар давр фарзандлари экан. У ҳолда нега жамиятдаги кучли табақаланиш ёки шахс ва жамият ўртасидаги зиддият ҳақида ёзишмайди? Бу ижтимоий ҳаётнинг бир бўлак муаммоси эмасми? Ёки нимага улар гендер сиёсати ва феминизм ҳақида достонлар ёзишмайди? Нимага шахсни эзиб, қонини ичаётган, эскилик сарқити бўлган урф-одатлар ҳақида ёзишмайди? Нимага? Менимча, бунга ҳам улардаги дид танқислиги тўсқинлик қилади. Уларнинг диди ва бадиий истеъдоди вирусдан вирусгача давом этади. Атеистнинг художўйлиги у ўтирган самолётнинг ерга қўнгунича холос дегандек, улар ҳам вирус тугагач яна ўзларининг эски ўзанларига тушишади. Пушкиннинг эски тоғора образи киритилган эртаги шулар ҳақида аслида.

Биласанми, шу бир ҳафтадан бери ўзимни чалғитиб яшаяпман. Бировга, айниқса, бизнинг адабий муҳитга бир тийинлик қизиғи бўлмаган, фақат ёшлар қизиқиб ўқиётган эсселарни – рассом ва бастакорлар ҳақидаги эсселарни ёзиб, уларни таҳлил қилиб ўзимни чалғитяпман. Ёза олмай қолган кезларим фейсбукда пост ёзяпман, чунки шундай қилмасам ақлдан озишим ёки вирус ҳақида шеър ёзаётган дидсиз давр фарзандларининг кўнглига қаттиқ гапириб, озор бериб қўйишим мумкин. Шундай қилмасам эртага ўзим азиз, деб билган адабиётдан кўнглим қолиб, уни бутунлай ташлаб чиқиб кетишим мумкин. Шундай қилмасам оёқ ости бўлаётган шеъриятнинг лой ва кўлмак чапланган юзига қараб, ичим зил кетиши мумкин. Шундай қилмасам манави қора кўз ёшларнинг – Навоий, Байрон, Лермонтов, Есенин ва Фуруғни ўқиб, асл шеъриятни ҳис қилишни бошлаган ва ҳар бири ўз йўлида ширали шеърлар ёзаётган ёш ижодкорларнинг эртанги кунига шубҳа билан қарай бошлайман. Шунинг учун ҳам ўзимни мажбурлаб бўлсаям эссе ёзяпман ёки фейсбукда енгилтак инсонлардан фарқ қилмаган тарзда ғалатидан ғалати постлар қолдиряпман.

Энди тушунгандирсан сўнгги кунлардаги ғайриоддий қиёфамнинг туб илдизи қаерга олиб боришини? Энди тушунгандирсан сен билган ва таниган Шерзоднинг нега ўзгариб, ўзини ғалати тута бошлаганини? Энди тушунгандирсан нима учун худди конвейерга ўхшаб ҳар уч кунда эссе ёзиб, уларни Нодиранинг сайтида тинимсиз эълон қилаётганимни? Энди тушунгандирсан нега маддоҳ ва марионетка катта ижодкорларга эмас, фақат ёшларга шахсийда жавоб қайтараётганимни?

Мен жудаям чарчадим, Марҳабо. Жудаям чарчадим. Руҳим чарчади танамдан ҳам кўра. Баъзида шу адабий муҳитдан воз кечиб, олисларга кетгим келади. Туркиягами ё Россиягами, ишқилиб олисларга. Ишон, кетган тақдиримдаям ҳеч нима ўзгармайди. Мен кетсам, адабий муҳитимиз ҳам ҳеч нима йўқотмайди. Унинг менга қараб қолган куни йўқ. Уюшманинг рўйхатида битта исёнкор ёзувчи, улар тили билан айтганда, эссечи камайгани қолади, холос. Балки мен кетсам улар, айниқса, мен танқид қилган ўртамиёна, катта ижодкорлар оғзи қулоғида бўлиб, элга ош беришса керак битта телбадан, бизни танқид қилаверадиган ношуддан, шу кунгача ҳатто китоби нашрдан чиқмаган банкирдан қутулдик, деб.

Шунга қарамай, менинг кетгим келмайди. Чунки бу ерда, бармоқ билан санарли бўлса-да, яқин дўстларим ва ҳамфикрларим бор, мени ҳам насрда, ҳам назмда қойил қолдираётган савияли ёш ижодкорлар бор. Уларни дидсиз ва шеъриятни ижтимоий майдалаштиришдан бошқасига ярамайдиган ўртамиёналарга, ўзининг вазифасини аллақачон унутган маддоҳлар уюшмасига ташлаб кетиш ўзимга беъманилик бўлиб туюлади.

Шерзод Ортиқов
2020 йил март

Тағин ўқинг
2 май 2015
АҚШ Давлат департаменти матбут вакили Жэфф Ратке 1 май куни Вашингтонда ўтган матбуот брифингида Ўзбекистон ҳукуматини узоқ йилдан бери ...
10 сентябр 2019
Шу йилнинг 6 сентябрь куни Асака туманидаги тез ёрдам бўлимига келтирилган беморнинг яқинларидан бири шифокорни калтаклади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ...
22 ноябр 2018
СССРнинг қудратли КГБ идораси жиноятларини фош қилгани учун халқ орасида” Рембо” лақабини олган ва ўн йилга қамалган ўзбек милицияси ...
Блоглар
28 май 2020
Бош прокуратура коронавирус тарқалиши силсиласини аниқлаш осон бўлиши учун фуқаролардан кундалик тутишни сўраганида баъзилар буни ...
25 май 2020
“Би-Би-Си” радиоси ўзбек хизмати журналисти Муҳаммад Солиҳга: “Коронавирус пандемияси пайти шундай чиқиш қилишингиз ўринлими? Бунинг ...
18 май 2020
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу сурат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда ...