Кўзқараш
10 июн 2020

Ўш қирғини гувоҳи: Даҳшатли чинқириқ ҳозир ҳам қулоғимда янграйди

Бундан роппа-роса ўн йил аввал Ўш ва Жалолободда ўзбек ва қирғизлар орасида қонли тўқнашувлар бошланган эди.

Мен ўша кунни ҳозир ҳам аниқ-тиниқ эслайман.

Эрталаб соат олтида ўқлар овозидан чўчиб уйғондим. Уйда дадам, акам йўқ эди. Ойим ҳам саросимада, «уруш бошланибди» деди, тинмай дуо қилиб ўтирарди.

Мен кўчага чиқдим, биздан беш километр нарёқда ёнаётган уйларнинг тутунлари кўкни қоплаган эди.

Онам менга «чиқма, болам», деб ёлворди. Мен ўз уйимни, оиламни, районимни қўриқлашим керак, уйингга бостириб келганга қаршилик қилиш ҳақиқий жиҳод, деб кўндириб, дуосини олиб чиқиб кетдим.

Қўлда ҳеч нарса йўқ, кетмон сопи ва рогатка. Оломон ичига бордим, оломон орасида ов милтиғи бор беш-олтита одамни кўрдим, кўнглим жойига тушди.

Одамлар тўпланиб турган ерга маҳалламиз имоми чиқиб, «бизнинг уйимизга бостириб келаётган фашистларга қарши курашиш жиҳод, ким ўлса, шаҳид бўлади», деди. Халқ «Аллоҳу Акбар!» деб уйлар ёнаётган тарафга қараб югура бошлади.

Бизнинг районга бостириб келаётган минглаб кишининг олдида иккита БТР ва юзлаб қуролли кишилар бор эди.

Олдинги сафда такбир айтиб ўзини ўққа урган ўзбек йигитларини отиб, сўйиб, тириклайин ёқиш манзарасига гувоҳ бўлдим.

Мен ҳеч қачон ўлимдан қўрқмаганман, ўз оиламни, номусимни қўриқлаб ўлиш мен учун шараф бўлган.

Қарши томондан «ўзбекларга ўлим», деган овозлар яқин-яқиндан эшитила бошлади, қўлимда кетмон сопини ушлаб, қолган ўзбеклар билан биргаликда такбирни айтиб, ўзимизни ўққа урдик. Бирдан елкамни ари чаққандай бўлди, кўз олдим қоронғулашиб, елкамдан шариллаб қон оқа бошлади, душманнинг «калашников»дан отган ўқи елкамни тешиб ўтибди.

Ҳолим қуриди, калимани айтиб йиқилдим. Ёнимдаги ўзбеклар мени кўтариб, «ярадор бор», дея машинага солиб, шифохонага олиб кетишди.

11 июнь куни ўзимга келдим. Қарасам, палатадаман, атрофдагиларнинг деярли барчаси ўзбек. Рўппарамда оёғига ўқ теккан эса қирғиз киши. Бу қирғизнинг кейинроқ айтишича, у бир дўстининг сўзига кириб, «Ўшдан ўзбекларнинг қўйларини еталаб опкеламиз», деб тоғдан тушган экан…

Менинг ҳикоям шу ерда тугайди. Мен бу урушда айбдорларни изламайман, ким айбдор экани барчага аён.

Ҳозир Швецияга кўчиб ўтганман. Бироқ Ўшда кўрганларим, тириклай ёнган ўзбекларнинг дахшатли чинқириқлари ҳозиргача қулоғимда янграйди. Мен буни унутмайман. Мен кечирмайман!

Аббос Ўший,

Швеция

Тағин ўқинг
24 ноябр 2023
Тошкентда ўтган ҳафта бўлиб ўтган профессионал бокс кечаси тадбиркор-мафиози Ғофир Раҳимовга халқ назаридан четда қолмаганини кўрсатиш учун яхшина бир фурсат ...
14 ноябр 2023
Президент фармони билан Президент администрациясининг собиқ раҳбари Сардор Умурзоқов Стратегик ислоҳотлар кенгашидан чиқарилди. Сардор Умрзоқов президент Шавкат Мирзиёев рахбар ...
18 апрел 2020
Аврангзеб (тож безаги) дея тарихга кирган Абул Музаффар Муҳиддин Муҳаммад Оламгир (1618—1707) Ҳиндистонда Буюк мўғуллар империяси дея аталган давлатнинг ...
5 март 2020
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди 4 март куни «Ватанпарвар» газетаси мухбири 68 яшар подполковник Владимир Колошинни 12 йилга озодликдан маҳрум ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...