Асосий мавзулар
3 сентябр 2020

Нега ўзбек ëшлари кремлпараст Рамзанга мафтун?

Рамзан Қодировнинг 22 ёшли қизи вазир ўринбосари бўлгани ҳақида деярли барча ўзбек интернет сайтлари ёзди. Лекин бу хабарнинг ўзбек жамияти учун қанчалик ижтимоий-маданий қиммати борлигини унчалик ҳам тушумадим.

Бизга Рамзаннинг ёш қизи мансабга кўтарилганининг иссиғиям, совуғиям сезилмайди.

Хориждаги ҳодисалар орасидан бизларга керакли, ибратли маълумотларни танлаб, саралаб ўзбек ўқувчисига тақдим этиш керак.

Бизларга мияларни феодал жаҳолатдан, қолоқликдан халос этадиган, оддий инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини улуғлайдиган, эркин жамият қуришимизга ёрдам берадиган ростгўй маълумотлар керак.

Додапарастларга насиҳатим.

Бобожонингни мақташдан аввал ўзбек тилида равон ва бехато ёзишни ўрганиб ол, эй нодон.

Асли бобожонингга ўхшаганлар дастидан шунақа саводсиз ва ювош қўйга айлангансан. Тушундингми?

Дўстлик ҳақида

Менда-чи, дўст кам. Агар дўстлар сонини санайдиган бўлсам, битта қўлимнинг бешта бармоғи ё етади, ё ортиб қолади.

Лекин гарчи ҳаваскор қаламкаш бўлсам-да, ижодимни қизиқиб кузатадиганлар топилади, албатта. Расман шоир ёки ёзувчи эмасман.

Ёзувчилар уюшмасига деярли бормаганман ва биноси қаерда жойлашганини ҳам билмайман.

Тошкентга борганимда беш-тўртта дўстим билан кўришаман ва шу дўстларим мен учун ёзувчилар уюшмасидир.

Дарвоқе, дўстлик ҳақида.

Эркаклар орасида фикрдаги ўхшашлик дўстлик пайдо этади ва бу хил дўстлик ўта мустаҳкамдир.

Бизнес дўстлик, фитна дўстликларнинг умри узоқ эмас. Бу каби манфаат юзасидан дўстлашганлар кутилмаганда суяк талашган итлардек уришиб кетади.

Асли дўстларнинг камлиги эркинликнинг бир туридир.

Яна. Кўп яхши инсонларни ижоди, ижтимоий фаолияти орқали танийман, гарчи улар билан юзма-юз кўришиб суҳбатлашмаган бўлсам-да, барчасини ҳурмат қиламан.

Ҳеч қачон миллатим, ватаним деб байрамларда, тантаналарда ўқиладиган, кейинчалик мукофотга тавсия этиладиган шеър ёзмаганман, ёзишгаям уринмаганман.

Ватан, миллат ичимдаги сурункали оғриқ ва изтиробдир, шу аччиқ туйғулар маддоҳлик қилишимга, ёлғон ёзишимга йўл қўймайди.

Ёлғон гапларни асар қилиб ёзишдан, аввало, ўзимдан уяламан.

Ёзувларимда бир жумла ёлғон кетиб қолса, ростини айтсам, танамдан нажас ҳиди келаётгандек ноқулай сезаман ўзимни. Токи ўша ёлғонни топиб йўқ қилмагунимча танамдан нажас ҳиди кетмас.

Ватан, миллат ҳақида ёлғон ёзиш касалванд ва ғариб онангдан воз кечиб, бадавлат ва басавлат бегона аёлни она дейишдек ёмон қилмишдир.

Хуллас, мен бечоранинг дўстлари ҳам кам.

Менинг барча дўстларим касалванд ва ғариб онасини ардоқлайдиган, бегона ва пулдор хотинларни она демайдиган инсонлардир.

Наҳотки онани янги онага алмаштириш мумкин бўлса.

Шу ишни қиляпсизлар-ку!

Ўз онангиз қолиб ялтироқ кўйлак кийган хотинларни она деяпсизлар-ку!

Ватан, миллат ҳақидаги сўзларимни кўзларим тубидаги изтироб бағридан изла.

Уста Гулмат лутф айлаб ëзганидек.

”.. Балки дудуқдирман, лек қалбдаги севгида нуқсон йўқ”.

Озод одамнинг уйи бўлмаслиги мумкин.

Лекин қулнинг ҳар доим бошпанаси бўлади.

Озод одам ишсиз, нонсиз қолади баъзан.

Қулнинг иши ва егани нони тайёр.

Озод одам ёлғиз, ҳимоясиз.

Қулнинг ортида уни ҳимоя қиладиган хўжаси бор.

Озод одам ватанидан айрилиши, бегона юртларда сарсон бўлиши эҳтимоли катта.

Қул эса қафасидан айрилмайди, қафас эгаси ўзгаради.

Озод одам ўйлайди, фикрлайди, ҳақиқат излаб адашади.

Қул ҳеч қачон йўлдан адашмайди.

Чунки у йўл танламайди, уни йўлдан олиб юришади.

Қул – инсонлар томонидан қўлга ўргатилган энг охирги ҳайвондир.

Сериаллар ҳақида

Товба!

Кечадан олдингиси куни катта ҳовлида овқатланаётиб битта турк сериалининг бошроғига кўзим тушди. Овқатланиб бўлгунча экрандаги сериалга қараб-қараб қўйдим. Сочи оқаринқираган персонаж қорни дўмпайган ёшроқ хотинининг ҳадеб қорнини силаб, эркалаб, бўйнидан қучоқлаб, бетига бетини ишқаб: «Хотиним ҳомиладор!» деб қичқиряпти. Сўнг хотинини қўйвориб, дераза томонга бориб, деразанинг бир кўзини очиб: «Хотиним ҳомиладор!» деб ташқарига қараб қичқиряпти. Жинними бу персонаж деб ўйладим.

Кейинги эпизодда хотини билан мошинада кўчада кетяпти. Ўша ердаям хотини ҳомиладорлиги ҳақида қичқиряпти. Мошинани тўхтатиб, гул харид қилмоқчи бўлиб, гулчиларгаям қичқиряпти: «Хотиним ҳомиладор!».

Дадам раҳматли шу эпизодни, анов қаринқираган оқсоч персонажни кўрганда «Бақирмай ўллл», дерди.

Ҳаётимда бирор марта ҳомиладор хотинининг қорнини силаб: «Хотиним ҳомиладор!» деб қичқирган одамни кўрмаганман. Ўзимнинг хотиним ҳам икки марта ҳомиладор бўлган, лекин эркаланиб қорнини силамаганман. Бачканалик. Жиннилик.

Сериаллардаги эркак образларда эркакка хос бўлмаган кечинмалар сезилади. Менингча, сериал сценарийларини трансексуаллар ёки гейликка мойил одамлар ёзса керак! Худди шунақа режиссёр саҳналаштиради.

Диққат қилинглар, сериаллардаги эркак образларининг борлиқ, нарса-ҳодисаларга эмоционал муносабатида аёлмандлик сезилади.

Мен шеър таҳлилчисиман, ҳиссиётлар жинсининг тез фарқига бораман!

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикояларидан

Тағин ўқинг
17 декабр 2019
Сўконғичлиги билан ном чиқарган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 2 декабрь куни ижтимоий тармоқда тарқалган навбатдаги аудиоёзувида газ йўқлиги ...
15 май 2023
Тошкентда олти сотих ер майдони ҳужжатларини расмийлаштиришга 600 млн сўм сўраган шахс ушланди. Олдинам фирибгарлик жинояти учун судланиб ëш ...
6 май 2023
2023 йил 3 май, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Германия пойтахтида Германия канцлери ва президенти билан учрашди. Ҳуқуқ фаоллари  эса ...
21 феврал 2024
Элтузга ушбу мактубни кўп йиллар давомида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Навоий вилояти ҳокимлари ва бошқа мутасаддиларни танқид қилган блогер Дилдора ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...