Кўзқараш
18 ноябр 2020

Опа ўз укасини қулликка сотган ўлка

Эрталаб мош сотдим. Кўп эмас, беш юз кило. Мошимни сотиб олган тадбиркор йигит: «Мошнинг пулини бугун кечга ўзим уйингизга олиб келиб бераман», деди. Мен:

– Менга пул ҳозирга зарур. Бозорда ишим бор. Сиз билан уйингизга бораман, пулни берасиз, ўшанақаси бозорга ўтиб кетавераман,- дедим.

– Бўпти, кетдик,- деди у.

Тадбиркорнинг уйи узоқ эмас, беш-олти қишлоқ нарида: тез етиб бордик. Тадбиркор йигит журналист эканимни билади, унча-мунча ижодкорлигимдан ҳам хабардор. Тадбиркор мошни «Дамас» мошинадан тушираётган ишчисига ишора қилиб: «Шу одам ҳақида китоб ёзинг. Ҳаёти жуда ғаройиб. Бир пайтлар пули кўп эди. Қозоқда икки ярим йил қулликдаям бўлган. Ўзининг туғишган опаси сотворган», деди.

– Ростданми?- деб сўрадим мошинадан қопларни тушираётган ишчига. У ўртабўй, озғинроқ, қаримсиқ, юзи серажин киши эди. Оғзидаям тиши қолмаган ҳисоб. Мендан ёши каттадир, деб ўйлаб:

– Нечанчи йилсиз?- деб сўрадим.

– Етмиш биринчи йил, – деди у.

– Мендан ўн ёш кичик экансиз. Нега туғишган опангиз сизни қулликка сотган? Ишониш қийин иш,- дедим ҳайрон бўлиб.

– Уйимни қўлга киритмоқчи бўлган. Қулликда ўлиб кетади, деб ўйлаган. Ўлмай қайтиб келдим, – деди у тиржайиб.

– Қулликда нима иш қилгансиз? – деб қизиқиб сўрадим.

– Ер ковлаганман. Қазақти қўйини боққанман, – деб жавоб берди у.

– Мана шу ака макаронни ёмон кўради. Ҳеч қачон макарон овқат емайди. Қулликда юрганида у кишини икки ярим йил фақат сувга қайнатилган макарон билан боқишган экан. Ўшанда баъдига урган бўлса керак макарон,- дея гапга қўшилди тадбиркор.

– Ростдан макаронни ёмон кўрасизми? – деб сўрадим ишчидан.
У лабини қаттиқ юмган ҳолда тиржайди ва лаблари букланиб: «Ҳа, шунақа бўлган. Охири икки киши қулликдан қочганмиз. Ўзимизнинг чегарада қўлга тушганмиз. Икки ой қамаб қўйган», деди.

– Яхши, бирор кун ҳаётингизни гапириб берасиз, китоб қиламиз,- дедим.

Ишчи мошни мошинадан тушириб бўлиб, менга бир тиржайиб қаради-да, нари кетди.

– Бу аканинг ҳаёти яхши эди. Уни хотини хор қилди. Ёмон хотин эди. Уйдаги мол-қўйни ва пулга кирадиган нарсаларни сотиб, шаҳарга жўнаворган. Ҳозир ўша хотин «Кобальт» миниб юради. Ўзимизнинг қишлоқдан.

– Нега хотин тўсатдан эрини ташлаб кетган. Яхши яшарди деяпсиз? – деб қизиқдим.

– Одамлар орасида тарқалган гапга кўра, бу одам бир марта хотинига хиёнат қилган ёки хиёнат қилмоқчи бўлганми, ростиниям билмайман, айтишларича, маҳалламиздаги битта тул хотиннинг уйига кириб юраркан, хотини шу нарсани кечирмаган, шартта уйдаги ҳамма нарсани сотиб, шаҳарга жўнаворган, ўғил-қизиям онасининг ортидан кетган. Шундан кейин бу одам ичишга одатланди, ишлари орқага кетди. Охирида эса бу яшайдиган уйни қўлга киритаман деб опаси уни қулликка сотди,- деб тушунтирди тадбиркор.

– Болалари катта бўлиб қолгандир. Ўшалардан меҳр кўрар,- деб сўрадим.

– Қизини қўшни маҳаллага узатган. Ўғли Қозоғистонда иқтисодда ўқийди, – деди тадбиркор.

– Яхши-ку,- дедим. – Ўғли ўқишни битириб ишлари юришса, отасига эътибор берар, бу одам ўшанда роҳат кўрар.

– Ундай бўлмаса керак. Чунки у ҳар хил гапларни гапириб ўғлиниям ўзидан бездирган.

– Қанақа гап?

– Ичиб олса ўғлига: «Сен менинг болам эмассан. Онанг жалаб. Сени бировлардан орттирган», – деб гапиради.

– Тушунарли. Демак, бу инсон дунёдан ёруғлик кун кўрмай ўтиб кетаркан, – дедим.

Тадбиркордан мошнинг пулини олиб, йўналишдаги «Дамас»га ўтириб Янгибозорга жўнадим. Йўлда бетимнинг бир томонини мошина ойнасига босиб, ҳозир эшитганим инсон тақдири ҳақида ўйладим.
Айрим аёллар хиёнатни умуман кечирмайди, эрини қаттиқ жазолайди.

Яхшигина яшаётган инсон озгина хиёнат сабаб хор бўляпти.
Лекин унинг макаронни ёмон кўриб қолиши менга энг қаттиқ таъсир қилгани бўлди. Қурғурни қулликда фақат макарон билан боқишган экан.


Бизда ковид енгиллади. ҚВПлар бўшаб қолди. Дорихонага югуришлар тўхтади. Қурбонлар кам бўлди – Худога шукр.

Бизда деганда ўзим яхши билган 10-15 та қишлоқни назарда тутаман. Қирқлар ҚВП шифокорлари зўр ишлади. Раҳмат шуларга.
Мени Шоира дўхтир даволади. Раҳмат шу аёлга. Ҳамид дўхтиримизнинг ҳам кўп касалларга ёрдами тегди. Баданимга игна санчиб укол қилган ҳамма ҳамшираларга осмонча раҳмат.

Менга яхши қараган дўхтир ва ҳамшираларга бир қопдан олма бердим, қолганларига энди бераман. Фарғона вилояти тиббиёт
бошқармасидагилар, бизнинг Данғара тумани Қирқлар ҚВП шифокор ва ҳамшираларини мукофотланглар, вирус авж олган кунлар улар қанақа зўр ишлаганини ўз кўзим билан кўрдим.

Данғара марказий шифохонаси невропатологи Алишер билан телефонда боғланиб маслаҳат олиб турдим. Алишер – бегона эмас. Хуллас, ҳаммаси яхши. Зўр. Фарғонамда тинчлик.

Иштаҳалар очилиб, яна ош, яна гўшт ейишни бошладик. Эртага бир неча ошинларимни чақириб, уйимда балиқ пишириб бермоқчиман.
Уларгаям ҳосилимдан капсан бераман. Шундай. Қишлоқларимизга ковид келадими, яъжуж-маъжужми, бошқасими, қўрқмаймиз, кетига тепиб ҳайдаймиз.

Ҳеч ким касал бўлмасин. Ҳеч ким ҳеч нарсадан қўрқмасин. Ораларингда бирлик бўлсин. Ўз шаън ва қадр-қимматларингни ҳимоя қилишни ўрганинглар. Эркинликни севинг. Қул бўлманг, елкангиздан мазлумлик тўнини ечинг. Ёлғонга алданиб қолмайдиган даражада билимли бўлинг.

Маддоҳларни мазах қилинг. Ҳақгўйларни эъзозланг. Қўрқоқларни даврага қўшманг. Сотқинларни чўлга бадарға қилинг. Бошлиқлар олдида бозордан сотиб олинган қулдай етти букилманг. Ватанни севинг, ватанпарварни қадрланг. Ниҳоят, уйғонинг. Ғафлат душманингиздир.

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикояси эди

Тағин ўқинг
26 март 2016
Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани муносабати билан Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчиси маслаҳатлашувлар учун Бишкекка ...
29 декабр 2016
Кечаëтган 2016 йил Ўзбекистон тарихига 27 йил умр сурган мустабид Каримовдан қутулиш йили бўлиб кирди. Лекин воқеалар занжирига қарасак, ...
29 октябр 2015
Америка – “Сеҳрли диёр”да яшаш иштиёқида бўлган ўзбекистонликлар бир ой мабайнида ўз омадларини синаб кўришлари мумкин. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ...
5 ноябр 2016
Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов 5 ноябрь куни эрталаб АҚШнинг Хюстон шаҳрида 75 ёшида вафот этди. Eltuz.com ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...