Кўзқараш
28 июн 2021

«Бақалар санаторийси» ёки ичбуруғ амалдорлар ҳақида

Асфальти йўқ кўчалар, газлаштирилмаган уйларимиз ҳақида «Дўстлик байроғига» ёзганимда ўн уч ёшда эдим. Қишлоғимизни бадбўй ҳидга тўлдирган, мевали дарахтларни қурита бошлаган ва, энг ёмони, тери ва юқумли касалликлар урчиб кетишига сабаб бўлган «Бақалар санаторийси» ҳақида марказий газетага мақола юбордим-у, балога қолдим.

Тўғри, аввал маҳаллий газетага ёзиб кўрдим, аммо ижобий натижа бўлмади-да. Фақат горкомдан келган вакил обдон уришиб, дадамга тушунтириш хати ёздириб, олтита дарахтимизни пачағлаб, кўлмакни ботқоққа айлантириб, икки машина тупроқ тўктириб кетди, холос…

Ўшанда дарахтларимизга роса ачинсам ҳам энди қишлоқда сассиқ ҳид йўқолади, деб хурсанд бўлибман. Аммо қувончим узоққа чўзилмади. Бир неча кун ўтгач, заҳарли сув энди боғ томон энлаб, баттар сасий бошлади. Айвончада, сўримизда ўтира олмаймиз. Кечки пайт деразаларни очишни иложи йўқ.

Аввал тоза, шифобахш бўлган булогғимизнинг сувини ичсак, икки соат ўтмай ичимизни бураб, холижойга югуртиради. Қанча одамлар касал бўляпти, ўлиб қолаётганлар ҳам бор. Дадамнинг айтишича, горком икки машина тупроқ тўктирмай, ер остидан ўтган, чириган оқова сув қувурини таъмирлаши, алмаштириши керак экан. Захар сув тупроққа сингяпти. У ерда бақалар ва итбалиқларгагина маза.

Бор-эй дедим-у, русчани зўр билмасам ҳам Москвага, «Правда»га ёзвордим. Раиса Ивановна деган ҳақиқатпараст рус тили ўқитувчимиз хатоларимни тўғрилаб бергач жилмайди:

– Ох, как сильно ты написала. Молодец!

Мақтовдан эриб, мақолани хатжилдга жойлар эканман, нимадир ёдимдан кўтарилмадими, деб эслашга уриндим.

Хўш… Сувимиздан ичмасдан «ичишга яроқли» деб исправка берган санэпидстанция ходими ҳақида ёздим. Кўлмакни ботқоққа айлантирган горкомнинг икки машина тупроғини алоҳида «мақтадим». Яна нима қолди?

Ўшанда собиқ иттифоқда аллақачон қайта қуриш бошланган, газеталарда танқидий мақолалар кўпайган, мен эса 14 ёшда эдим.

Ўзи марказга биринчи марта ёзишим эмас. «Бақалар санаторийси»даги аянчли манзарани ва санэпидстанция берган исправкани суратга олган фотоаппаратимни «Веселые картинки» журналидан юборишган. Битта эртагим ва рангли қаламларда чизилган расмларим учун!

Бу мақоламга совға кутмаяпман. Шарт эмас. Фақат ботқоқликни қуритиб беришса бўлди. Ҳидига чидаб бўлмаяпти…

Ўшанда зўр тўполон бўлди. Шаҳар, вилоят эмас, нақд Тошкентда ишловчи қориндор амакилар «Правда»га мақола ёзган одамни қидириб келишган. Мактабдан қайтсам, уйда тумонат одам, мажлис авжида. Аввал нима бўлаётганига ақлим етмади. Папкали, папкасиз, шляпали, шляпасиз, аммо ҳаммаси галстукка нўхталанган мехмонларни кўриб қувониб кетдим, Демак, мақолам иш берган!

Менга ҳаммадан аввал кўзи тушган маҳалла оқсоқолининг ўнг қоши пир-пир учиб, ҳаллослаганча югуриб ёнимда пайдо бўлди ва елкамдан тутди.

– Мана, ўзиям келди. Ёшда…ёш! Бир марта кечиринглар! «Правда» нималигини билмаганда, овсар!

Ким овсар? Оқсоқолнинг панжасидан юлқиниб чиқдим:

– Нега билмас эканман. «Правда»- ҳақиқат!

Оқсоқол бўлса унимни ўчиришга ҳаракат қилиб, пичирлаб ялинишга тушди:

-Биламан. Бироқ… Бир пас ҳаптур болам. Сендан хавотирдамиз-ку…

Сўнг яна амалдорларга эланди:

-Болада ҳали. Шеър-перлар тўқиб, ўзича ўқиб юрарди, газит ўқишига эътибор бермай қолибмиз. Ўзи қишлағимиздан ёмон одам чиқмаган. Ҳамма ҳалол, мўмин, қобил. Бундан ҳам ёзувчи чиқармаймиз. Тўғрими, қизим?

Сўнг қаддини ғоз тутиб, пионерлардай сўз берди:

-Ўртағлар, ман бор эканман, тирик эканман, бу бошқа ёзмайди! Қасам ичамиз.

Энди буниси ошиб тушди. Мен унинг гапларини тасдиқлаганим йўқ-ку.

Тавба, нега унақа дейди? Нимадир ёзиш учун оқсоқолнинг ўлишини кутаманми энди?! Ҳали сочининг ярми қора, соқоли йўқ бўлса. Ажинлари опоқимникидан кам. Ҳасса таянмаса.

Шулар тилимга кўчди:

– Йўқ! Сизнинг ўлишингизни кутмайман. Қасамни ўзингиз ичинг!

Оқсоқолнинг асаби баттар бузилиб, катта кетмоннинг бетидай қўлини бошим узра кўтарди. Уради деб ўйладим. Урмади. Важоҳат билан кўтарган дастини тушириб, бошимни силади ва фақат иккимиз эшитадиган қилиб пичирлади:

– Бизниям ўйласанг-чи, нодон. Батта нима гаплар бўлганини эшитмадинг-да. Гўркўм, облкўм сани ейди. Бизниям қўшиб ейишади. Бошқа ёзмайман, дегин!

Оқсоқолнинг пичирлай бошлашидан шубҳаланган меҳмонлардан новчароғи калхатдек келиб, орамизни айириб, овозини баландлатди:

– Облполкўмдан, политотделдан Алиев бўламан. М.Ибрагимова сизмисиз?

Ҳалиям нимадир пичирлашга уринаётган оқсоқолнинг чангалидан қутулганимга севиниб жавоб бердим:

-Ҳа, мен!

Унинг бит кўзида ғазаб учқунлаганини дарров сездим. Чунки у ўша ҳолатда қопағон Дикс итимизга ўхшаб кетди.

– М.Ибррррррагимова-я? Нега фамилянгнинг тагига журналист деб ёздинг, тирранча?! Бунга Жиноят кодексида статья борлигини биласанми?

Қўрқиб кетдим. Шу туришда тишлаб олиши ҳеч гап эмасди.

Алдамоқчи эмасдим аслида. Аммо онам «Каттаконлар катта журналистларнинг мақоласини ўқишади», дегач ёлғон ишлатгандим.

Алиев деганлари баттар қутуриб, қўлидаги газетага ишора қилди.

– «Пррравда»га статья жўнатганмисиз…сан?

– Ҳа…

Яна озгина қўрқиб, озгина каловландим-у, бир лахзадан сўнг ўзимга келиб, бошимни мағрур кўтариб бақириб юбордим:

  • Ҳа. Мен юбордим.

Ботқоқни қуритасизларми?

Орқамда турган оқсоқол мени хезланиб турган Алиевнинг панжасидан қутқариб, елкамга енгил қоқди ва ботқоқ томон ишора қилди.

-Ана, қара, қизим. Уже қуритишяпти. Энди ҳеч нарса сасимайди… сўнг энгашиб қулоғимга шивирлади: «Санам сасимай тур! Ану меҳмонлардан кечирим сўраб, бир оғиз раҳмат айтвор. Мамадана! Гўркўмга ҳам… Тешилган, чириган қувурлар алмаштириляпти .

Анчадан бери ботқоқ томонда юрмасдим. Чираниб ишлаётган эксковаторга ҳам, овозига ҳам эътибор бермабман. Қорайиб турган каттакон қувурларни ҳам энди кўрдим. Демак иш бошланган.

Шунинг учун ҳар кунги сассиқ ҳид бир оз камайган. Ҳозироқ бориб жараённи ўз кўзим билан кўрмоқчи эдим-у, оқсоқол дадамнинг олдига судради.

– Ўзи шу савилни гўркўм бува қуритишни аллақачон режалаштирганди. Сааал шошибсан-да, болам. Шуни тепага ёзиш шартмиди? Ўзи она сутинг оғзингдан кетмаган бўлса. Дадангни ўйламадингми?

Кўзим ҳам, хаёлим ҳам тариллаб ишлаётган экскаваторда бўлса, дадамга эътибор бераманми? Оқсоқолнинг нуқишидан сўнг ташриф буюрганларга салом бердим. Алик олишмади. Менимча, улар бир мишиқини қандай жазолаш ҳақида ўйлашаётган эди.

Айниқса, ҳар қимирлаганда тахта сўримизни синдириб юбораёзган тепакал амаки роса жазавага тушди:

– Вы что, издеваетесь надомной? Хотите сказать, что статью написала эта девочка? Что за безобразие? Она же малолетка!

Кейин қаерга келгани ва, энг муҳими, ўз тили эсига тушиб қолди шекилли, қолганини ҳамма тушунадиган гаплар билан давом этди:

– Ман идиот эмасман! Мана шу чигиртка шунча проблемани ёрита оладими? Яна рус тилида-я?

Кейин менга яқинлашиб вишиллади:

– Пушкина знаеш?

-Да!

– А ну ка, расскажи хотя бы одну строчку!

Кўп шеърини биламан. Аммо ҳозир «Узник»ни айтмасам бўлмайди. Томоғимни қириб, ролга кириб, овозимни баландлаб бошладим:

Сижу за решеткой в темнице сырой.

Вскормленный в неволе орел молодой,

Мой грустный товарищ, махая крылом,

Кровавую пищу клюет под окном…

-Стоп! Хватит! Ишондим. Аммо -кимсан- Горбачёвга мурожаат қилиб, «келиб сассиқ сувимиздан бир ичиб кўринг», деб шу қизча айтмаган. Оқова сувлар тупроқ ва булоқ сувлари таркибини бузаётгани, табиатга зарар келтириб дарахтларни қуритаётгани, яна касаллар кўпайганини зинқарча бола қаттан билсин? Йўўўўқ, статьяни у эмас, точно бошқаси ёзган.

Сўнг аланглаб дадамга юзланди:

– Русским владеете?

У саволни берди-ю, жавобини кутмади. Дадамнинг эски дўпписи, хокисорлиги ёқмади шекилли, ўзи бидирлади:

-Вряд ли…Кошмар.

Ие… Бу одам телбами? Россиянинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиққан. Яқинда Горбачёвнинг қабулигача бориб келган дадам русчани билмайдими? «Арбат»дан энг зўр китобларни битта қўйнинг пулига сотиб олиб келган одамни ҳақорат қиляптими?

– Вы сами кошмар! Дадам «Бородино»ни ёддан билади. Яна-чи…

-Все понятно! Маърип акамиди отиз, мамбитга келинг. Биз билан кетасиз. Тепага ёзиш қанақа бўлишини кўрсатамиз! Черт возьми, какая семья! Все умные, …..!

Шунча ҳақоратни эшитиб мум тишлаб турган дадамни танимадим. Боплаб адабларини берарди-ку. Мешқорин жавраб-жавраб, атрофга аланглаб, кимнидир қидириб бадтар авжига чиқди:

– Бу уйда аёл зоти борми? Бир пиёла чойми, сувми беринглар!

Аям ишда эди.

Менга қовоғи билан бир нарсаларни ишора қилганча ўзи шанғиллаётган амалдорнинг олдига яқинлашган дадамнинг гапларини тушуниб ошхонага югурдим. Қарасам, чойнакда чой йўқ. Челакдаги сувга чўмич, ботириб бир литрли банкага қуйдим, беш-олтита пиёлани кўтариб, ташқарига югурдим.

Жавраганча бир пиёлани сипқорган бояги мешқорин иккинчиси, учинчисини ҳам ичди. Қолганлар ҳам сўрашгани учун яна икки марта сув олиб келдим.

Дадам имо-ишоралар билан оғзими очиришга қўймай, бир нарсаларни ёзар, амалдорларни бири қўйиб бири тарбия дарсини ўтишарди:

– …Хуллас, гап шу! Тўрт болангиз борлиги учун бир сафар кечирамиз. Аммо яна вояга етмаган фарзандингизнинг номи билан мақола юборсангиз ўзингиздан кўринг! «Правда» тугул қоғозга исмингизни ёзолмай қоласиз!

Дадамнинг биқинида туриб, ноҳақ гап эшитаётганига чидамай оқлашга уриндим. Аммо шу заҳоти чап билагимдан «бурама қанд» еволдим.

Дадам фурсатдан фойдаланиб қулоғимга шипшиди:

-Жим бўл! Буларга ўчакишма!

Ўзи «бурама қанд»нинг устаси аям эди-ю, дадамники жон-жонимга таъсир қилиб уним ўчди.

Ўша куни дадамдан роса гап эшитдим. Эртасига уйимизда сув ичган амалдорларнинг барчаси ичбуруғ бўлиб касалхонага тушишгач, мелисага чақиришди. Челак, чўмичимизгача олиб кетиб текширишгани ва «атайин заҳарламадим», деган тушунтириш хати ёздиришгани ёдимда. Яна бир неча кун ўтгач, сувимизни яроқли деб маълумот берган санэпидстанция врачи ишдан бўшаб, ўрнига янгиси келди. Уйимиз ёнида эса ярим кечагача чироғини ёқиб экскаватор тарилларди.

Муаззам Иброҳимова

Муаллифнинг фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
14 сентябр 2016
Ўзбекистонда Конституция топталди – яна бир бор унинг арзимас қоғозлар таҳлами эканига ишора берилди. Айни ҳолатни акс эттирган рассом ...
29 октябр 2024
“Агар бошлиқ бизни ўзи яшаган кўчадан кўчириб юбормаса, шунинг ўзи катта бахт” деган эди француз драматурги Пьер де Бомарше. ...
9 апрел 2019
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт бўйлаб 9 май куни Россиянинг «Ўлмас полки» юриши ўтказилишига 4 апрелда расман рухсат берди. ...
24 июн 2018
Россиялик футбол шарҳловчиси Василий Уткин Аргентина-Хорватия ўйини пайтида халқаро нуфузи баланд бўлган ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовни «эшакнинг ўғли» дея ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...