Асосий мавзулар
23 апрел 2022

Императив 45. Буюк қайнашма

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 45-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

Балки, инглиз тили шеърияти вакили Эдгар По билан француз Пол Валерининг айни руҳий заминда жараён этган интеллектуал фаолиятига керагидан ортиқ урғу бериб юбордим.

Ҳолбуки, Эдгар По Валеридан олдин ўтган француз шоири Шарл Бодлер туфайли Оврупада машҳур бўлганди. У замонларда Эдгар По ўз ватани Америкада бундай шонга эришмаганди.

Ўз навбатида, «Мосё Тест» Пол Валери ҳам Эдгар По зеҳниятига яна ўша Шарл Бодлер ва Стефан Малларме воситасида ошно бўлди.

Паул Валери ёшлигида тафаккур йўлчилигига чиқар экан, уни мутаассир этган икки шахсни эътироф этади: «Идроким уфқида кутилмаганда бу икки ғайриоддий зот пайдо бўлганида мен ғалати бир интеллектуал зилзилани бошдан кечиргандим. Бу икки фавқулодда жангари типга қарши менинг ҳимоя механизмим жиддий таҳлилга лойиқдир». («Ўзим ҳаққимда».1944)

Бу икки зотдан бири Стефан Малларме (иккинчиси Артюр Рембо.М.С.) эди.

Аммо Валерининг Маллармега «талабалиги» узоқ давом этмади. У Малларменинг неоплатонизми ва символизмига бегона эканлигини эрта пайқади. Ва ўзининг интеллектни кучли ирода билан (рационал) йўналтириш позициясига қайтди.

Вафотидан олдин битган бир мактубда Валери шундай деб ёзади.»Менга ўтказилган таъсирларнинг энг терани асло Маллармедан келмади. Фикрим тараққиётида муҳим ролни Эдгар По адабиётидан бир-нечта сатр, Рихард Вагнер мусиқаси, Леонардо (Да Винчи) ҳақида ҳосил бўлган тасаввурим ва (илмий адабиёт қоришиқ) узундан узоқ МУШОҲАДА ўйнади». Маллармега келсак, албатта, у менинг ички дунёмда катта ўрин тутди, аммо у мен учун бир кашфиёт эмас, кўпроқ муаммо бўлди. У ҳеч қачон ўзини англатишни истамаган, хар қандай муаллимликни рад этган, мислсиз бир (туртки) уйғотувчи эди». (Oeuvres, t. I, p. 1755)

Эдгар По, Бодлер, Малларме, Валери…

Турли замонларда яшаб, турли тилларда ёзиб, руҳ оламида ягона ЗАМОН, ягона ТИЛ ва ягона ТАФАККУР меҳвари атрофида дўна бошлаган бу ФИКР девларини кўриб, Аллоҳнинг борлиқни нақадар қусурсиз дизайн этганлигидан ҳайратга тушамиз.

Руҳларнинг қардошлиги Замон (давр), Тил ва Тафаккурларни бирлаштиради.

Руҳларнинг қардошлиги тиллар қардошлигидан, ҳатто миллатлар қардошлигидан ҳам кучлироқдир.

Ва ёки: узоқ масофадан фақат ЧЎҚҚИларгина бир-бирларини кўраоладилар. Уларнинг орасидаги жўғрофияда яшаётган борлиқлар учун бундай перспектив йўқ. Шундай чўққилардан бири америкалик Эдгар По бошқа бир чўққи француз Шарл Бодлер туфайли Оврупада «кашф этилди», машҳур бўлди. У пайтда Эдгар По ўз ватани Америкада бундай шонга эришмаганди.

Улар бир-бирини узоқдан кўрган чўққилар эди.

Бу Буюк Қайнашма(кайнаш) жараёнини кузатар экан, маҳалламиз адабий жамоасидаги «миллий ғурурли арбоблар» кўз олдимга келиб: бундан қирқ йил аввалгидай яна тўхтатишиб, «шеърингизни тушунтириб беринг!», дея ёқамдан олишса, уларга нимани тушунтираман, дея қайғуга чўкаман.

(давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
12 феврал 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 43-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) МОСЁ ТЭСТ БИЛАН ...
29 март 2021
1976 йилнинг 29 мартида АҚШ кинокадемиясининг 48-Оскар тақдимотида бешта асосий мукофот битта фильмга берилди. Бу Милош Форманнинг “Какку уяси ...
17 апрел 2018
Cинов тариқасида тақдим этилаётган, 15 апрелда суратлари пайдо бўлган мактаб формаси ижтимоий тармоқда баҳсларни келтириб чиқармоқда. «Шарқ либослари» дизайнерлик ...
20 ноябр 2020
“Элтуз” га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларининг шу ҳафтада етказган хабарларига кўра, ўтган ҳафтада Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Олий ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...