Аудио-китоб
17 май 2022

Императив-49. Соф санъат ва декаденс

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 49-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

Юқорида тортишганимиз бутун мавзулар Эдгар По ўз ҳаётида уйғулаган, Шарл Бодлер кашф этган, Пол Валери исм берган зеҳниятнинг санъат оламидаги тадбиқотидир.

Бу зеҳният инсон тафаккури инжаликларини математик ҳисоб билан таҳлил қилиб, чиққан хулосани санъатнинг барча турларига феълан тадбиқ этади.

Пол Валери ўз қаҳрамони Эдмонд Тэстнинг ҳаёт тарзини шундай тасвирлайди: «Унда инсонни сархуш қилувчи тажрибаларга бўлган даҳшатли қайсар бир эҳтиросни сезардим. Бу ўзининг кўпқирралигида ғарқ бўлган, ўзининг системасига айланган, озод ақлнинг қўрқинчли интизомига ўзини таслим этган, сурункасига бир қувончини иккинчиси билан ўлдирган, заифини кучлисига алмаштирган, оний ва ўткинчи бўлганини, тамалли қувончга, тамалли қувонч умидига алмаштирган бир мавжудот эди. Мен унинг ўз фикрининг хўжайини эканини ҳис этдим».

Бу характеристика «Соф санъат» доҳийларининг аксариятини у ёки бу даражада таърифлайди.

Гарчанд, бу таърифидан кейин Валери: «Мен бу ерда абсурд ёздим, ҳисларни тасвирлаш доим абсурддир», дея илова қилган бўлса ҳам.

Қизиғи шундаки, Пол Валерининг ижодий келиб чиқиши, унинг илк илҳом қайноғи декаданс (чўкиш) оқимининг ҳомийлари (Бодлер, Малларме, Верлен)нинг асарлари бўлса-да, эссе қаҳрамони мосё Тэст шиддатли тафаккур тарзи билан декадентдан кескин фарк қилади.

Бу қаҳрамонни пессимист дейиш қийин. У меланхолик ҳам, декадентларга иснод этилган «чиркинликдан гўзаллик аҳтарадиган бадбин» ҳам эмас. У ўз фикрининг толмас тафтишчиси, юқорида ёзилганидай, ҳур ақлини темир интизомга бўйсундирган, танаффусиз тафаккур ичида яшаётган бир зотдир.

Аслида, «декаданс» сўзи декадентлар ўйлаб чиқарган ном эмасди. Бу сўз уларнинг адабиётдаги мухолифлари томонидан камситиш учун уларга урилган тамға эди. Бу тамға биринчи марта Виктор Гюго ва умуман романтизмга қарши қўлланилди. Кейинги авлод вакиллари Теофил Готе ва Шарл Бодлер эса, бу уят тамғасини ғурур билан қабул этдилар. Улар бу сўзни «бачкана прогресс» инкорининг рамзи сифатида қўллана бошладилар.

Бодлер: «Декадент адабиёти!.. Бу иборани классик эстетиканинг «муқаддас» дарвозаларини қоровуллаб турган сирсиз сфинксларининг баландпарвоз эснашида эшитамиз. Хар сафар бу тамға жаранглаганида, демак, «Илиада»дан ҳам қизиқроқ бир асар ҳақида гап кетаётганини таxмин қилиш мумкин».

Адабиётдаги ҳар янгиликка «декаданс» дея ҳужум қилган «классика» қоровулларини Совет-рус адабиётида ҳам, бизнинг Совет-ўзбек адабиётида ҳам кўрдик.

Совет-рус шеъриятида Аxматова, Манделштам, Пастернак декадентча пессимизмда айбландилар.

Бизда эса, асосан Абдулҳамид Чўлпоннинг баъзи асарларини, xусусан, унинг символизм оҳорли шеърларини бу категорияга киритиш мумкин эди. Ва киритдилар.

Фақат Чўлпоннинг шеърияти каби, насрида ҳам Оврупа декаданс (символизм) адабиётидан кескин фарқ этган муҳим бир ҳусусияти бор. Бу Туркистон миллиятчилиги.

Чўлпон Оврупа шоир-ёзувчиларидан фарқли ўлароқ, Чор Русиясининг мустамлакаси бўлган бир ўлкада етишган ойдин эди. У символизмни миллий руҳни ўртиш учун бир парда ўлароқ қўлланди.

Яна бир марта урғулайлик: суҳбатимиз мавзуси

«соф санъат» вакилларининг аксарияти Паул Валери қаҳрамони Тэст каби «декаданс» таърифига тўғри келмайди. Бу тамғага соҳиб чиққанларнинг энг буюклари бу тамғага жорий адабиётни инкор қилиш учунгина соҳиб чиқдилар.

«Соф санъат» тарафдорларига эстетик чўкиш(декаданс)куйчилари, дея ҳужум қилган мухолифларга жиддий зарбани Бодлер берди. Унинг фикрича, шеъриятнинг вазифаси виждонни мустаҳкамлаш ёки бошқа бир «фойдали» акцияни амалга ошириш эмас. Шеърият учун асосий ҳадаф унинг ўзидир. Аммо бу Шеърият охир-оқибатда хулқни олийжаноблаштирмайди, дегани ҳам эмас. У охир-оқибатда инсонни тубан манфаатлар узра юксалтириши мумкин. Фақат шеърдаги насиҳатгўйлик шеърнинг поэтик кучини заифлаштиради.

Соф санъатчиларга кўра, санъат соф бўлиш учун бошка қусурлар қаторида дидактикадан ҳам тозаланиши керак.

(давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
22 март 2016
“Ҳуррият” газетаси глобаллашув мавзусига ҳам тўхталиб, бу жараённинг ўзига хос салбий ва ижобий томонлари борлиги ҳақида ёзди. Газета “ҳозирги ...
26 феврал 2019
“Пойтахт: Абдулҳамид” сериалининг намойиши тўхтатилиши кўп эътирозларга сабаб бўляпти. Қизиқ, бир-икки ой олдин бир турк сериалининг тақиқланишини талаб қилганлар ...
7 декабр 2018
Осиё теннис федерациясининг 1 декабрь куни Филиппин пойтахти Манилада ўтган йиллик конгрессида Ўзбекистон махсус хизматининг собиқ раиси Рустам Иноятов ...
2 октябр 2015
Хозарасп туманининг Саноат қишлоғида Саноат хўжалигининг пахта даласида жойлашган шийпонида бўлдик. У ерда қишлоқ хўжалиги коллежи талабалари жойлаштирилган экан, ...
Блоглар
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат ...
17 июн 2022
Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?Бунинг сабабларини билиш ...
7 июн 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 54-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) АМАЛ ...