Кўзқараш
2 июн 2022

Императив-53. Мусиқа ҳаромми?

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 53-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган)

МУСИҚА ҲАРОММИ?
 
Буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзнинг «Сегоҳ»ию «Суворо»ларини тинглаб, шуурим доим бошқа тарафларга йўналади…
Аллоҳ руҳига раҳмат айласин, буюк Ҳофиз диндор инсон эди. Қий-чув ҳукмрон бўлган тўйларда ҳам икки ракат намоз қилиш учун фурсат топабилажак қадар диндор. Бунга ўзим шоҳид бўлганим учун бу ҳусусда иккиланмай ёзаяпман.
Коммунизм мафкурaси авж олган бир даврда ўз динига содиқ қолиш учун буюк иймон соҳиби бўлиш керак эди. Ҳофиз шундай иймон соҳиби эди.
Энди мушоҳада қилаяпман: ҳофиз бу қадар ноёб истеъдод билан бу қадар мустаҳкам иймон ўртасидаги мувозанатни қандай идора этди?
Бизга «мусиқани таъқиқлаган» дин сифатида тақдим этилган ақидалар муҳитида мусиқа ва динни ўз қалбида қай йўсинда бирлаштирди бу буюк зот?
Бирлаштирди деяпман, чунки бу қадар кучли иймон мусиқани рад этсайди, у билан бирлашмасайди, ҳофиз қалбидан чиққан оҳанг бу қадар дардли ва самимий янграмасди. Агар иймон ва истеъдод ўртасида ҳар қандай бир руҳий зиддият бўлса, мусиқадаги гўзаллик ўртага чиқмасди.
Гўзалликни яратган Аллохдир. Аллоҳ ҳеч қачон ўзи берган иймонни ўзи ато этган гўзалликка қарши қўймайди. Чунки, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади.
Ҳақиқий мусиқа доим илоҳийдир, шунинг учун ҳам гўзалдир. Гўзалдир, чунки, манбаи илоҳийдир. Фақат 18 минг оламни Яратган Аллоҳ эканини билган бир ақл, бу яратилиш намуналарини ўзидан бошлаб бутун борлиқлар мисолида кўриб турган бир кўз бутун товушларни яратган ҳам Аллоҳ эканини билади ва кўриб туради.
Бастачи, зотан, коинотда мавжуд бўлган саслар ва оҳангларнигина нотага тушираолади.
Унга илҳом этилган инсон қалбини ларзага соладиган дардли оҳанглар хомашёси яна уники эмас, яна ўша Яратувчиникидир.
Баъзи «дин номидан» чиқарилган санъатга қарши ҳукмлар ичида нафақат Қуръонга, балки Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг доим насиҳат этгани мантиққа таянгани ҳам йўқ.
Масалан, ҳайкалларни «ҳайкалга топинмасинлар» дея ҳаром қилиш мантиқлими?
Жоҳил ҳайкалга топинса, ҳайкални парчалаш билан у жоҳилга иймон бериш мумкинми?
Оташпараст оловга топинса, оловдан воз кечиб, ундан фойдаланмаслигимиз керакми?
Ёки қуёшга топинса, қуёшни «парчалаш» керакми?
Шу бизга ҳадис ўлароқ тақдим этилган сатрни ўқинг: «Сиздан бирининг ичи қусмуқ ва қон билан тўлгани шеър билан тўлганидан хайрлироқдир»
(Mishkat al-Masabih 4/4809).

Кечирасиз, шу сўзлар Аллоҳнинг Пайғамбари оғзидан чиқиши мумкинми?
Қуръони Карим «Луқмон» сурасидан 5-6 оятларда Аллаҳу Тало шундай буюрмоқда: Бисмиллоҳ:

أُوْلَئِكَ عَلَى هُدًى مِّن رَّبِّهِمْ وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
وَمِنَ النَّاسِ مَن يَشْتَرِي لَهْوَ الْحَدِيثِ لِيُضِلَّ عَن سَبِيلِ اللَّهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَيَتَّخِذَهَا هُزُوًا أُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُّهِينٌ

 
Сўзма-сўз таржимаси: «Ва инсонлардан баъзилари, билгисизча Аллоҳ йўлидан қайтармоқ, масxара қилмоқ учун ҳадис-сўзнинг бўшини сотиб оладилар. Разил этувчи бир азоб ана шулар учундир»
(Луқмон сураси, 56)
Яна «Зумар» сурасида шу оятлар мавжуд: Бисмиллоҳ:

 وَالَّذِينَ اجْتَنَبُوا الطَّاغُوتَ أَن يَعْبُدُوهَا وَأَنَابُوا إِلَى اللَّهِ لَهُمُ الْبُشْرَى فَبَشِّرْ عِبَادِ
الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ أُوْلَئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّهُ وَأُوْلَئِكَ هُمْ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ

Таржимаси: «Тинглаб бўлгандан сўнг, сўзнинг энг гўзалига бўйсунган қулларимга мужда бер: ана улар Аллоҳ тўғри йўлга йўналтирган кишилардир. Ҳақиқий ақл соҳиблари улардир»
(Зумар сураси, 39/17-18)
Саҳобалардан Ҳазрати Вобиса шундай дейди: “(Пайғамбарнинг) ёнига бориб, пойида ўтирдим. Менга «Сен яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрашга келдинг», деди. «Ҳа» дедим. Шунда уч бармоғини менинг кўксимга теккизиб, «Эй Вобиса, қалбингдан сўра, нафсингдан сўра», деди ва буни уч карра такрорлади. Сўнгра давом этди: « Яхшилик нафсингга таскин берган нарсадир. Ёмонлик эса
инсонлар фатво берган бўлсалар ҳам нафсни тирмалаган, сийнангда тараддут уйғотган нарсадир”.
 
(Müsned, 4/228; Mecmâu’z-Zevâid, 1/175,10/297; Darimi, Büyu, 2; Süyûtî, Câmi’u’s-Sağîr, 1/40)
Айни мавзуда ҳадисий шариф: “Сен ҳузурсизлик берган нарсани тарк эт, ҳузур берганга ўт. Чунки тўғрилик ички ҳузур беради, ёлғон шубҳа ва тараддут уйғотади»
(Термизий, Қиёмат 60)
Гапнинг қисқаси: Мусиқа ва бошқа гўзал санъатларни «ҳаром» деган фатволар бизда тараддут ва шубҳа уйғотади. Бу фатволар ичимизда асло ҳузур уйғотмайди.
Бир истисно бор: агар мусиқа инсонни нафсга қул этиб, фитна ва фасодга йўналтирса, Аллоҳдан узоқлаштирса, бундай мусиқа, албатта, ҳаромдир. Яқинлаштирса, мубоҳдир.
Бу тезис бутун санъатларга, жумладан, шеъриятга ҳам тегишлидир.

(Давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
16 ноябр 2020
Майли, нонкўрга чиқаринг, майли, душманга ва майли, провокаторга. Лекин мен ҳозир шунчаки фактларни констатация қилмоқчиман. Ушбу расмга қаранг. Кимдадир ...
19 июн 2018
Россия Федерацияси Марказий банки 2018 йил 1 чораги бўйича хусусий шахсларнинг Россиядан бошқа мамлакатларга жўнатмалари статистикасини эълон қилди. МДҲ ...
31 май 2017
Жиззах шаҳрида ўтган “Баркамол авлод” спорт мусобақаси гала концертида қатнаша олмаган хонанда Шаҳноза Отабоева лицензиясидан маҳрум қилинди. Хонанда бу ...
8 январ 2018
7 январ куни президент Мирзиёев Тошкентнинг Зангиота туманидаги чиқишида «Абу Саҳий» МЧЖ «Тошкент Ипак йўли»га ўзгаритирилгач, давлатга 15 кунлик ...
Блоглар
26 ноябр 2022
Нукусдаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, намойишларда қатнашиб ...
3 ноябр 2022
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...
1 ноябр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва ...