Cатира
2 июн 2016

Обид Асомов: «Ўзим борман, овозим бор – башарам эса йўқ…»

Журналистнинг «Нега йўқ бўлиб кетдингиз? Ўрнингиз жудаям билиняпти» деган саволига жавоб берар экан, Обид Асомов шундай деди:

«Баъзи бир объектив ва субъектив сабабларга кўра ТВда кўринмай қолганим учун мана шундай гап сўзлар чиқяпти….Мана телевизор 5 йилдан буён кўрсатмаётган бўлса, мана шу 5 йилдан бери, ёлғон гапирмайман, мана сиз чиқдингиз. Даракчи ва яна бошқа кўп шоу бизнес нашрлари бор. Лекин улар ёки ўзлари эслашмайди, ёки уларга кимдир Обид Асомовдан интервью олманглар деб буйруқ берган»

Обид Асомов сухбат давомида, ўзига қўйилган тақиқнинг асл сабабларини ўз танқидининг мўлжалга текканида кўради.

«Бу мени қўлимда эмас, мени айбим ҳам эмас. Буни худо турибди, мен хам тагига етмаганман. Демак мен кимгадир ёқмайман. Ўша кимдир анави телевизорни хўжайини. Демак кимдир мени кўрсаткиси келмаяпти. Бор йўқ гап шу! Мен жиноятчи эмасман. Агар менинг жуъзий айбимни қўйиб, сен шунақасан, шунинг учун сени кўрсатмаймиз деса, мен тан олардим. Мен ўзим ҳам ўйлайман, нега мени телевизорда чиқаришмайди деб. Демак мени қайсидир танқидим кимгадир ёқмаган. Демак, танқид мўлжалга теккан» дейди қизиқчи.

Обид Асомов, ўзига қўйилган тақиқнинг ижодига таъсир қилмаётгани ҳақида гапирар экан, бугунги кундаги даромади тўйлардаги чиқишларидан ва хориждаги концертлардан келаётганини яширмайди.

«Масалан, ман йўқ бўлиб бирон ёққа қочиб кетганим йўқ. Ман хамиша ижоддаман. Дунё кезиб юрибман…Санъаткор қаерда талаб қилинса, ўша ерга боради. Яқинда Исроилга бордим. 10 та концерт бердим. Аввалроқ АҚШда бўлдим. Яна чақиришяпти».

«Ҳеч бўлмаса овозим кетаяптику…»

Обид Асомов сухбат давомида, тақиқнинг ғалати жихатларига хам тўхтаб ўтади. Масалан, у ўзи иштирок этган фильмлардаги эпизодлар қирқиб ташланганидан хайратланса, хориж фильмларига берган овози бемалол эфирга узатилаётганидан мамнунлигини айтади.

«Алпомиш» деган кинода (мана шунча жойида) ўйнаб қўйганман. Кинони бошида, ўртасида ва охирида борман. …. ўша фильм Наврўзда, Мустақилликда қўйилади, мен ўйнаган жойларини олиб ташлашади. Мени жойим йўқ. Мени жойимни қирқиб ташлашади. Лекин, титрларда борман. «Ховлиқма ролида – Обид Асомов» деган ёзув бор. Башарам эса йўқ. Лекин овозим кетади. Мультфилмларда, киноларда. Масалан «Один дома», Мирзабек билан овоз берганмиз, «Фантомас»га овоз берганмиз. Овозим кетади. Худога шукур, ҳеч бўлмаса овозим кетяптику, деб қўяман. Линцензиям бор, лекин чиқаришмайди. Нега?…Бу савол хаммани қизиқтиради. Шу жумладан мени хам» дейди беш йил давомида берган илк интервьюсида, Обид Асомов.

Бир соат давом этган видео интервьюнинг деярли 15 дақиқасида ўзига қўйилган тақиқ хақида гапирган Обид Асомов, тақиқнинг сабабларига унчалик чуқурлашмашлик истагида эканлигини яширмайди.

«Телевиденияда чиқмаётганим мени кўлимда эмас. Кимгадир ёқмай қолганман, жуда катта унақа ташвиш ёки тўпалонг хам йўқ, Ўзбекистон Твси кўрсатмаса Россия кўрсатиб турибди. … Энди тўғри, катта сахналардаям концерт кўйишимизга хали рухсат тегмаган. Шу сахнада кўриниб турсак, борлигимиз билинарди, у хам бўлиб қолар, вақти соати билан» дейди Обид Асомов.

«Юқорининг ғазаби»

Сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистонда расман тақиқланган санъаткорлар рўйхати кенгайгани кузатиляпти. Авваллари саноқли санъаткорлар, масалан, Шерали Жўраев, Дадахон Ёқубовлар баъзан норасмий, баъзан эса расмий тақиқлар остида ижод қилишган бўлса, хозирда бу рўйхатда Юлдуз Усмонова, Абдулазиз Карим, Озода, Севара Назархонларни хам кўриш мумкин.

Сўнгги пайтда эса, нафақат кўшиқчи санъаткорларни, балки танилган ёки эндигина сахнага кириб келаётган қизиқчиларни хам тақиқлаш бошлангани кўринаяпти.

Қизиқчи Обид Асомов 2010 йилдан буён расман тақиқ остида қолаётган бўлса, таркиби Тошкентдаги Олий ўқув юртлари талабаларидан иборат бўлган «Миллион жамоаси»нинг чиқишларига 2014 йилдан тўсиқ қўйилди. Ўзбек ёшлари орасида фавқулодда машхур бўлган бу гурухнинг расман тақиқланишининг сабаби этиб, «миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган беҳаё латифаларни сахнада айтишлари» ўзбек матбуоти орқали бот бот такрорланаётган бўлсада, кўплаб томошабинларнинг бу борадаги фикрлари бошкача.

Уларнинг айтишларича, «Миллион жамоаси» йигитлари бугунги ўзбек жамиятидаги қусурларни танқид қилишлари баробарида, «юқорининг» ғазабига учраган.

«Масалан, Миллиончилар ўзбек футболининг бугунги ахволи хақида дадил гапиришди. Бу нарса эса, футболни бошқараётган юқори мансабли амалдорларга ёқмади. Бундан ташқари, Миллиончи йигитлар шох Ота ва унинг малика қизи хақидаги «тарихий» хажвий чиқиши билан ёшларни ҳайрон қолдиришди. Ана шундан кейин юқоридагилар бирданига «миллий қадрият ва сахна маданияти» ҳақида эслаб қолишди» дейди Тошкент олийгоҳларидан бирида ўқийдиган Назир исмли талаба.

Тақиқ остида Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган санъаткорларнинг аксарияти ўзларига раво кўрилган тақиқ ва унинг сабаблари хақида гапиришни унчалик исташмайди.

Гапиришган тақдирда хам, тақиқ хақидаги буйруқ эгасининг «қандайдир кичик бир амал эгаси, унчалик ахамияти йўқ инсон» сифатида кўрсатишга харакат қилишади.

Обид Асомов хам ўзининг интервьюсида «Кимгадир ёқмай қолганман, жуда катта унақа ташвиш ёки тўпалонг хам йўқ,» деса, Ўзбекистондаги энг машхур хонанда Юлдуз Усмонова хам «Америка овози» радиосига берган сухбатда, ўзига қўйилган «запрет»дан фожеа ясамаслигини айтиб, шундай деганди: (иқтибос интервьюда қандай бўлса, тузатишсиз қўйилди)

«Биз нимани адолатсизлик деб айтамиз? Тўғри бир хилги пайтда нотўғри нарсалар йўқ эмас, бор. Лекин адолатсизлик қилиб, кимнидир анақасини қилиб қўйишаётгани йўқ. Мен масалан Ўзбекистонда…хаммадан кўп запретни мен олганман. Уни менга кимдир сиёсат қилаётгани йўқ, битта одам бор, халиги, …ёқмай қолганман, халиги, мундайроқ, ўртароқда ўшаям. У, йўқдир хам у одам (хозир), (лекин) қилиб қўйган проблемани. Тақдир насиб бу..»

Ўзбекистонлик машхур қизиқчи Обид Асомов, 2010 йилнинг 18 феврал куни, республика Киночилар уйида ўзи продюссерлик қилган «Ада эмас, Дада» кинокомедиясининг ёпиқ премьерасини ўтказиб бўлгач, журналистлар билан учрашув чоғида шундай деган эди:

«Ўзининг устидан кулмаган миллат, миллат эмас дейишади, аслида танқид ҳам бўлиб туриши керак, бу яхши танқид менинг назаримда»
Бу, машхур қизиқчининг журналистлар билан сўнгги мулоқотидаги сўзи эди.

Эртасига, унинг ижодига тақиқ қўйилди ва кинотеатрларда намойиши бошланиши керак бўлган «Ада эмас, Дада» фильми экранлардан олиб ташланди…

Улуғбек Ашур, рассом Элсевар
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 феврал 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 43-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) МОСЁ ТЭСТ БИЛАН ...
21 феврал 2018
Президент Мирзиёевнинг Миллий хавфсизлик хизматини кескин танқидлар қилгани ортидан масжидлардаги МХХ ходимлари фаолияти ҳам чеклана бошланди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ...
23 феврал 2017
23 феврал куни бир бирига туташ кўп қаватли биноларда йирик ёнғин юз берди. Ёнғин Чилонзор туманидаги, «Мирзо Улуғбек» метро ...
17 июл 2024
Туркиянинг Кония шаҳрида хорижлик аёлларни суратга олиб, каталог яратиб фоҳишаликка мажбурлаган, кечаси 5-6 минг лира эвазига харидор топаётган тармоққа ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...