Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев қамоққа олинди
Бугун, 2015 йил 16 ноябр куни тахминан эрталаб соат 8.30 ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевнинг Жиззах шаҳридаги уйига милиция ходимлари келишган. Улар тинтув ўтказиб, барча ҳужжатлар, компьютер, фотоаппаратларни мусодара қилишган ва Ўктам Пардаевнинг ўзини Жиззах вилоятининг Дўстлик туманига олиб кетишган. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева хабар берди.
Соат кундузги учлар атрофида, Умида Ниёзова, Ўзбек-Немис Форуми (Берлин) рахбари, Ўктам Пардаев билан телефон орқали қисқа гаплашишга муваффақ бўлган. Ўктам Пардаев терговчининг кабинетида бўлган ва ҳуқуқий ёрдам ва адвокат олиш учун тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан боғланишини сўраган. У ўзининг ҳибсга олиниши сабаби тўғрисидаги саволга жавоб бермаган.
Ўктам Пардаев, ўзбек амалдорлари зўровонликларидан фуқаролар ҳуқуқини очиқ ҳимоя қилаётган Ўзбекистонда қолган кам сонли ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири саналади. Сўнгги икки ой мобайнида у Ўзбекистон пахта далаларидаги мажбурий меҳнат мониторинги бўйича фаол шуғулланган эди.
Элтуз