Дайжест
3 май 2016

Совет даврида кино олмаган ўзбеклар ёки ЛофТВда нима гап?

Апрель ойида ҳам Ўзбекистон телеканаллари «оқил ва доно юртбоши раҳнамолигида фаровон ва бахтли ҳаёт кечираётган, мислсиз ютуқларни қўлга киритган ва киритаётган халқ» ҳақидаги эртак манзараларини чиқишда давом этди. Фақат «Арамаис Авакьян иши» номи билан шов-шув бўлаётган жиноят иши тўғрисидаги «ҳужжатли» фильм бу каби эртакнамо ҳаётни «кўра олмаётган ёвуз кучлар» ҳали ҳам мавжудлигини кўрсатиб, «бахтиёр миллат»ни огоҳликка чақириб турди.

«Сайёр камера» синдими?

«Тошкент» телеканалида «Сайёр камера» номли кўрсатув бўлиб, асосан, маиший майда-чуйда муаммоларни, масалан, уйнинг томидан чакки ўтаётганига қарамаётган ширкат, чиқиндихонадан таралаётган сассиқни бартараф этмаётган масъулчалар, коммунал хизматлар ҳақини тўламаётган истеъмолчилар каби мавзуларни ёритиб келади.

Лекин апрель бошида «Сайёр камера» бир муаммони тилга олиб, казо-казоларга тегиб кетгани билан эътиборни тортди.

Гап шундаки, Тошкентнинг Қатортол кўчасида ўтган йил охирида «Sunday» супермаркети ишга туширилганди. Тор кўчада томоша кўрсатиб, гавжум жойда супермаркет қурганлар автотураргоҳ муаммосига дуч келиб, аҳоли яшовчи кўп қаватли уй ва йўл ўртасидаги 200 метрча узунликдаги чимзор ҳисобига бу муаммони осонгина ҳал қилмоқчи бўлди.

Ҳатто чимзор устига шағал тўкилиб, асфальтлашга тайёрланди ҳам. Аммо кутилмаганда кўп қаватли уйда яшовчилар бунга қарши чиқиб, автотураргоҳ қурилишига йўл бермади. Бу кичкинагина «исён» халқнинг фойдасига ҳал бўлаётгандай эди.

Уйда яшовчилар қандайдир «ишонч телефони» орқали телевидениегача мурожаат этган. Мана шу муаммони ўрганган «Сайёр камера» аҳоли эътирозларини бутун мамлакатга ёйинлади. Аммо муаммо сабабчиси – «Sunday» савдо-кўнгилочар тармоғи эгалари ҳақида ҳеч гап айта олмади барибир.

Эътиборлиси шундаки, «Sunday» савдо-кўнгилочар тармоғининг «крыша»лари ҳукумат томонлардан кўриниб туради. Бугун бутун Ўзбекистон бўйлаб очилаётган шу номдаги супермаркетлар бу кишилар ҳазил одамлар эмаслигидан дарак беради.

Шунинг учун «Sunday»га оид танқидий эшиттириш тайёрлангани, яна эфирга ҳам узатилгани бу муаммо сабаблари ҳақида билганларда ўзгача таассурот уйғотди.

Шунга қарамай, «Сайёр камера» синдирилди чоғи, кўрсатув эфирга узатилганидан бери қарийб бир ой вақт ўтганига қарамай, ўша жой ҳали ҳам автотураргоҳ бўлиб хизмат қилмоқда. Чимзорни қайта тиклашга ҳеч ким киришгани ҳам йўқ.

Халқнинг эътирозлари эса яна четда қолиб, танқидий кўрсатув «Sunday» хўжайинларига чивин чаққанчалик ҳам таъсир этмаган кўринади.

Мустақилликкача кино кўрмаган Қундуз амаки

«Муносабат» кўрсатувининг навбатдаги сони «ватангадолар» ҳақида ҳикоя қилувчи  «Гумроҳлар» фильми атрофида қурилди.

Унда фильм режиссёри Ҳилол Насимов «мустақилликкача пусиб ўтирганлар мустақилликдан кейин фаравон ҳаётимизга раҳна сола бошлагани» тўғрисидаги фикрлари билан мавзуни қизитиб берди. Бироқ ҳозир четда яшашга мажбур бўлаётган ўша «ватангадолар» орасида бугунги «ватанпарварлар»дан фарқли ўлароқ, мустақиллик учуун асл курашчилар ҳам кўплигини айтиб ўтирмади.

Яқиндагина Ўзбекистон халқ артисти рутбаси билан сийланган Мирза Азизов ҳам «қарзи»ни узадиган вақт келганини сезди шекилли, отни қамчилади.

«Президентимиз мустақилликни эълон қилганида 3 кунлик буғдой қолган вақтда у киши барча масъулиятни ўз зиммасига олди. Собиқ Иттифоқ даврида 70 йил ҳеч нарса дея олмаганлар кейин терроризм йўли билан бизни ўз йўлига солмоқчи бўлди», деди у ҳовлиқаётганини сездирмасликка интилиб.

«Бундай кинолар олиш учун Ҳилол Насимов, Эркин Комилов, Самандарга ўхшаб ватанпарвар бўлиш керак», деди ўз топилмасидан ўзи хурсанд ҳолда.

Кўрсатув бошловчиси Қуддус Аъзамов (Қундуз амакининг ЎзТВдаги прототипи) қараяптики, залда ҳамма гапирадиганлар ўтирибди, агар «кучлироқ» гап айтмаса, чангда қолиб кетадиган.

«Мустақиллик бизга кино олиш имкониятини берган экан, бунга хизмат қилиш бизнинг бурчимиз ҳисобланмайдими», деса бўладими.

Кўзларидан сезилди залда ўтирганларнинг: «Мана буни лоф деса бўлади», деб ичида бақириб юборганини сезмай қолди кўпчилиги.

Лекин бирортаси СССР даврида ўзбекнинг энг асл кинолари олинганини айтмади. Айта олмади. Чунки давра бундай гапни кўтармайди-да.

Самандар деган ҳам хонанда, ҳам актёрга ҳам навбат тегиб, «Ниҳол» мукофоти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони олиш учун илгари биздай ёшларга йўл бўлсин эди, дегандай гап қилди. (Олтмиш ёшга кириш керак эди, луқма ташлади Қуддус Аъзамов). Ҳозир ишласангиз, хизмат кўрсатсангиз давлат бундай мукофотларни аямайди, гапини давом эттирди Самандар.

«Ука, ўзбекчани билмаган Райҳон ҳам хизмат кўрсатган артист. Ўзи ҳали санъат йўлида бирор арзирли иш қилмаган сен ҳам хизмат кўрсатган артист. Унвон олиш осон бўлиб қолди», деган гап ҳеч кимнинг оғзидан чиқмади.

Эркин Комилов «Президентимиз миллатни миллат қилишига ишонмаганлар, «Ўзбекистон – келажаги буюк давлат» деган шиорларга ишонмаганлар ўша вақтда устимиздан кулган эди», деган сўзлари билан гурунгга қўшилди.

Мирза Азизовнинг айтишича, машҳур хонанда Муҳаббат Шамаева 22 йил давомида Нью-Йоркда яшаб, у ердаги «Озодлик» ҳайкалига бир марта бормаган экан. Натан Маллаев умрининг охиригача М.Шамаевага «Сен мени шу ерга олиб келдинг», деб афсус қилиб ўтган экан. Ўзбекистон тамом шу билан, деб ўйлаган экан.

Агар М.Шамаева Ўзбекистондан кетганига шунчалик афсус қилаётган экан, юртига қайтиб келиб яшашига бирор тўсиқ бўлмаса керак. Лекин у нимагадир ҳеч қайтгиси йўқ.

Мирза Азизов яна бир қизиқ гапни айтиб қолди. Қирғизистон воқеаларига қолиб кетганида уни қутқарган қирғиз полковниги: «Сизларнинг ва бизларнинг бахтимиз Ислом Каримов, агар у бўлмаганда Афғонистондан баттар бўлар эдик», деб айтганмиш.

Ҳукмдорлар тахтида узоқроқ қолиш, ўзининг бу мансабга энг лойиқ экани, бошқалар келса, ҳаёт дўзахга айланиши тўғрисидаги сафсаталарини ўз гумашталари орқали тарқатиб, ўзи атрофида афсоналар яратишини  эшитганмиз. М.Азизовнинг гаплари ҳам шундай афсонага тортиши ҳеч гап эмас.

Зеро, ҳали янги бу халқ артисти «ёшларимиз «Камолот»га аъзо бўлиш, ҳукуматимиз кўрсатган йўлга юриш ўрнига Сурияга бориб ит каби ўлиб кетаётгани»ни айтгач, унинг мақсади аниқлашади-да.

Тўғри, ўзбекнинг ичида террорчиси, ақидапарасти, ватанфурушлари бор. Лекин кўрсатув чет элда яшаётган, амалдаги ҳукумат билан қарашлари ҳар хил бўлган барчани ватанфурушга чиқаришга қаратилгани билан эътиборли. Лекин унда ўнлаб миллион долларга хориждан уй олиб қўйган, халқдан ўғирлаган миллиардлаб долларини чет элда сақлаётган, эртага адолатлироқ, халққа қайишадиганроқ ҳукумат келадиган бўлса, чет элга қочиш эҳтиётини илиб қўйган бугунги ўзбек амалдорлари ҳақида ҳеч нарса йўқ.

Кўрсатув охирлаганда Э.Комилов Навоий ва Фурқатнинг муҳожирот ҳақида ёзган шеърларини ўқиб, «ватангадолар» қисмати ғурбатли эканини қистириб ўтди. Аммо у Навоийни ҳам, Фурқатни ҳам юртидан жудо қилган ҳукумат экани тўғрисида бир оғиз гапирмайди.

Ҳали ҳам «қип-қизил» спектакллар

СССР даврида социалистик реализм услубида ёзилган асарлар, улар асосида яратилган спектакллар бўларди. Улар ҳаётдаги «айрим» камчиликларни кўрсатиб берар, қаҳрамонлар «совет кишисига ёт бўлган баъзи кимсалар»ни фош ҳам қиларди.

«Муносабат плюс» кўрсатувининг навбатдаги сони моҳиятан ўша советча, лекин анча «мустақилликлаштирилган» «Заминдан олис кетма» спектакли муҳокамасига бағишланди.

Спектакль болалар оромгоҳини хусусийлаштириш ортидан бошланган машмашалар тўғрисида. Асосий қаҳрамонлар эса «ўз жиғилдонини ўйлаб, халқ манфаатига путур етказаётган айрим кимсалар»га қарши очиқ бош кўтарган фермер ва бу муаммони ўргангани келган адолатпарвар журналист. Журналист бир ҳақиқатгўй, бир сотилмас болаки, порани ҳам олмайди, зиёфатда ҳаммани лақиллатиб ичмай ўтириб, бошқаларни маст қилиб қўяди. Муаммо ечимини топиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ҳаракатида бўлади. Унга 10 минг доллар, ҳатто Тошкентдан квартира ҳам ваъда қилинади. Аммо у сотилмади…

Бугун Ўзбекистонда айнан пора учун овга чиқадиган журналистлар гуруҳи шакллангани тўғрисидаги гапларни айтиш билан чекланиб, «адолатпарвар, ҳалол журналист» афсонасини четга суриб қўямиз-да, кўрсатувда ҳозирги спектакллар ҳақида адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев айтган фикрларни келтириш билан кифояланамиз.

Шунинг ўзи бугун Ўзбекистонда яратилаётган «давр қаҳрамонлари» ҳақидаги спектаклларнинг асл баҳосини кўрсатиб беради назаримизда.

«Спектаклларимизда салбий қаҳрамонлар образи жуда ёрқин чиқади. Лекин ижобий қаҳрамонлар образлари ўта содда кўринади. Масалан, ижобий қаҳрамон бошида лаллайиб юриб, кейин якунда бирданига шунақанги шахсга айланадики, томошабин бунга ишониши қийин. Шунинг учун ижобий қаҳрамонларни ҳам ишонарли қилиб яратишни йўлга қўйишимиз керак», деди Ш.Ризаев.

Бу гапга қўшимча сифатида аймоқчимизки, агар асар, кўрсатувларда ҳаёт ҳақиқати акс этмас экан, у барибир на томошабин, на ўқувчи, на мухлисни ишонтира олади.

Бу гаплар Ўзбекистон телеканаллари экранидан тушмаётган, ҳаёт ҳақиқатидан йироқ барча кўрсатувларга ҳам тааллуқли.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 феврал 2022
Рассом Кирпи
6 сентябр 2023
2023 йил 3 август куни “Indorama Agro” компаниясида инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ерларнинг ноқонуний тортиб олинаётгани юзасидан Ўзбекистон инсон ...
8 март 2020
Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати)нинг собиқ раиси Рустам Иноятов Ўзбекистон теннис федерацияси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди. Бу ...
8 феврал 2021
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Боғишамол қишлоғига ҳали-ҳамон XXI аср шабадаси етиб борганича йўқ. Электр энергияси, газ бир ёниб, бир ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...