Асосий мавзулар
23 март 2017

Андижонда сабзавотларнинг нархи кўтарилди

Кейинги кунларда Андижон бозорларида сабзавотларнинг нархи кўтарилиб кетди.

Ҳаммадан кўра картошканинг нархи ошгани одамларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Чунки, аҳолининг кўпчилиги сабзавотлар орасидан кўпроқ картошкани истеъмол қилади. Ҳозир бозорларда картошка аввалгидан анча тақчил.

Элтуз мухбири суҳбатлашган андижонлик ҳаридорлар ва сотувчилар фикри турлича.

Кимдир буни валюта бозорида АҚШ долларининг курси баландлагани билан изоҳласа, яна кимдир бу сабзавотларнинг заҳираси камайганини айтмоқда.

Cотувчилардан нархни оширмасликни талаб қилишмоқда

Сотувчиларнинг айтишича, комиссия келиб картошка нархини 2 минг сўмдан оширмасликка мажбурламоқда.

Шу сабаб, кўпчилик сотувчилар картошкани сотишдан кўра сотмасликни афзал кўришмоқда.

“Эски шаҳар” деҳқон бозори ҳудудида савдо қилувчи сотувчилардан бири картошка-пиёзни озиқ-овқат заҳира уюшмасидан улгуржи нархда олишини айтади.

«Бизга келгунча картошка учта қўлдан ўтади. Ўзи базадан қиммат нархда олган бўлсак, қандай қилиб уни зарарига сотиш мумкин. Биз хонавайрон бўламиз-ку бунақада!» дейди у.

Унинг сўзларига кўра, сабзавотни арзонлатиш учун унинг бозордаги нархини эмас, базадаги нархини тушириш керак.


Сабзавот нархининг ошишига доллар сабабми?

«Ҳозир хатто пистафурушлар ҳам доллар нархи ошиб кетганини баҳона қиляпти», – дейди “Эски шаҳар” деҳқон бозорига савдо қилиш учун келган фуқаролардан бири.

Унинг фикрича, махаллий маҳсулотлар нархига доллар ошишининг даҳли бўлмаслиги керак.

Доллар ошганидан бери озиқ-овқат нархи яна кўтарилди. Картошка ўтган йили сероб бўлганди, бу йил 4,5 минг сўмга чиқди. Пиёз – 3 минг – 3,5 минг сўм. Бир бош янги карам 6 минг сўм бўлди.

Сўнгги хафталарда АҚШ долларининг қора бозордаги нархи кўтарилиб, бир АҚШ доллари 8 минг сўмгача чиққанди.

Валюта нархи ошиши билан бозорлардаги нарх-наво яна ўйнай бошлади.

Баҳорнинг кечиккани ва заҳиранинг тугаши

Элтуз мухбири сухбатлашган деҳқонлардан бири, сабзовот танқислигини баҳорнинг кечикканига йўяди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, ўтган йили кўп сабзовотларга қурт тушиб, ҳосил чўғи кам бўлган.

«Янги картошка чиқишига хали 2 ой бор. Унгача одамлар картошка-пиёзни қиммат нархда сотиб олишига тўғри келади. Бозордаги картошкалар ўтган мавсумнинг охирги ҳосили бўлиши мумкин», дейди у.

Картошка контейнери олдида турнақатор навбат

Наврўз байрами кунлари Андижон вилоят хокими Ш.Абдураҳмонов аҳоли билан мулоқот учун Андижон шаҳридаги бир нечта махаллаларга борди.

Одамлар ҳоким билан учрашувда картошка-пиёзнинг нархи кўтарилганидан шикоят қилишган.

Хокимлик вазиятни тўғрилаш учун махсус кўчма дўконлар ташкил этди. Айни кунларда бу кўчма дўконларда картошка белгиланган нарх, – 1800 сўмдан сотилмоқда.

Контейнер олдида эса узундан-узун навбатлар юзага келган. Киши бошига салкам 3 кг дан сотилаётган картошка аҳолининг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондираётгани йўқ.

Шу сабаб эркин савдода картошка-пиёз нархи қимматлигича қолмоқда.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 ноябр 2016
23 ноябр куни Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишланган адабий мусиқий кечада сўз берилган ҳофиз гапиришга қўрқишини билдирди. Мусиқий кеча ...
28 август 2024
Ислом Каримов ўлими ҳақида илк бор «Элтуз» нашри 2016 йилнинг 29 август куни бир-биридан мустақил манбалари тасдиғига кўра хабар ...
29 октябр 2018
«Америка овози» радиосининг Истанбул шаҳрида ҳибсга олиниб судланган, Малик Мансур тахаллуси остида ишлайдиган 49 ёшли мухбири Абдумалик Бобоев 29 ...
14 сентябр 2019
«Элтуз» нашри ўзининг ютуб каналида “Марҳабо, талантлар” танловини бошлади. Танлов шартлари Танловда иштирок этиш учун қўшиқ, ашула, рақс, шеърни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...