• Фото: eltuz.com
Асосий мавзулар
8 май 2019

Андижон шаҳар автобекатларида дўкон очган тадбиркорлар китоб сотишга мажбурланмоқда

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳар ҳудудидаги автобекатларда савдо қилувчи тадбиркорларни бекатларда китоб савдосини йўлга қўйиш ва китоб тарғиботи борасидаги реклама баннерларини ўрнатишга мажбурламоқда.

Исми шарифи сир қолишини истаган тадбиркорлардан бирининг сўзларига кўра, ҳоким селектор йиғилишида китоб сотмаётган бекат эгаларини оёққа турғизган ва зудлик билан бекат ичида китоблар билан жиҳозланган бурчак ташкил қилиш хақида буйруқ берган.

Фото: Eltuz.com
Китоб сотиш талаб қилинган бекатларда асосан яхна ичимликлар сотилади

«Шаҳардаги автобус бекатларидан бирида озиқ-овқат маҳсулотлари дўкони очганман. Ўзи савдо суст, тушум яхши бўлмаяпти, аммо ҳокимнинг мажбурлаши билан бекатнинг катта йўлга қараган қисмига китоб ўқишни тарғиб қилишга бағишланган баннер ёздириб ёпиштирдим. Акфа материалидан шкафча қурдирдим ва китоблар билан жиҳозладим. Буларнинг барига 3 миллион сўмга яқин маблағим кетди. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қиладими, ноозиқ-овқатми барибир, энди барча бекатларда китоблар сотилиши шарт экан» дейди Элтуз мухбири суҳбатлашган тадбиркор.

Президент Шавкат Мирзиëев 19 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш ва уларни китоб ўқишга қизиқтириш каби бешта муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Ушбу ташаббус ортидан бутун мамлакат бўйлаб йиғилишлар, семинарлар, китоб акциялари, кўргазмалар ташкил этилмоқда. Бекатларда китоб савдосининг йўлга қўйилаётгани ҳам ана шу компания фонида ташкил этилмоқда.

Бироқ, дўкон эгалари шаҳар ҳокимининг тадбиркорларнинг имкониятлари билан ҳисоблашмасдан бу янги бизнесга мажбурлаётганидан норози бўлишмоқда.

Фото: Eltuz.com
Китоб сотишдан ташқари савдогарларга ўз ҳисобларидан банерлар ўрнатиш мажбурияти ҳам юкланган

Тадбиркорларнинг «Элтуз»га маълумот беришларича, ижтимоий реклама ёпиштирилмаган ва китоб сотмаётган дўконлар ҳокимият томонидан ёпиб қўйилмоқда.

“Дамас” автомашинасида бир гуруҳ одамлар келиб, “нега ҳалигача баннер ёпиштирмадинг, нега китоб сотмаяпсан, Президент қарори сенга ўйинчоқ бўлдими”, деб дўқ уришиб, бажармаган тадбиркорларга дўконни ёпишини буюришяпти. Одамларни китоб ўқишга қизиқтириш яхши, лекин бу ташаббусини тарғиб қилиш учун дўкондорни мажбурлаш керак эмас-да», – дейди автобекатлардан бирига эгалик қилувчи тадбиркорлардан яна бири.

Айни кунда шаҳардаги автобус бекатларига китоб тарғиботига бағишланган ижтимоий рекламалар ўрнатилган. Битта реклама баннерининг баҳоси эса дўкон эгаларига 1 млн сўмдан ошиқроққа тушмоқда.

Ўтган йили Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кўчаларда бепул кутубхоналар ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан, кўп ўтмай шаҳардаги автобус бекатлари ва корхона-муассасалар ёнида мўъжаз кутубхоналар пайдо бўлганди.

Фото: Eltuz.com
Бошқа муаммо яхши китоблар йўқ ёки ёшларда ўқишга қизиқишнинг ўзи йўқ…

Ўшанда ҳам шаҳардаги корхона-ташкилотлар шаҳар ҳокимлиги томонидан бепул кутубхоналар ташкил этишга мажбурлангани, кўплари кўчалардаги бепул кутубхона учун китоб жавони қуриб, уйларидан китоб обкелиб тўлдиришгани айтилганди.

Кўпчилик бу кутубхоналардан ҳеч қандай наф бўлмагани, аксарият бепул кутубхоналарда яхши китоблар йўқлиги, борлари эса доим қулфлоғлик туриши ҳақида иддао қилмоқда.

Элтузга хабар етказган тадбиркорнинг айтишича, бу уларнинг бундай ташаббус, ташкилотчилик ишларига биринчи марта мажбурланиши эмас. Йўл бўйидаги бино ва иншоотларга эгалик қилувчи тадбиркорлар бино атрофидаги ободончилик ишларига маблағ томонлама ҳам бош қўшадилар. Байрамларда кўчани безаб, бўяш ва оқлаш ишларини бажарадилар. Ўз маблағларидан гул ва дарахт кўчатлари сотиб олиб ўтқазадилар.

Тадбиркор Президентнинг бешта устувор йўналиши ортидан маҳаллий рахбарлар шу кунларда ҳамма жойда тадбирларни авж олдириб, ўзини кўрсатишга уринишаётганини билдирди. Тадбиркорлар шикояти юзасидан изоҳ олиш учун «Элтуз» 7 май куни телефон орқали Андижон шаҳар ҳокимлиги билан боғланишга уринди, лекин телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Шоҳида Саидова
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 март 2021
Қарғалган миллати ҳўкиздай ишлаб,Раҳматнинг ўрнига эшитар миннат,Бор-йўғини дунёнинг пойига ташлаб,“Ўғри” деб ном олар қарғалган миллат.Қарғалган миллатнинг келажаги тул,Дарёлари қуриб, ...
30 октябр 2020
Ҳафта ичи сен севасанми, мен севаманми, сен ëмон кўрасанми, мен ëмон кўраманми, деган гаплар билан тўла бўлди. Ҳар ким ...
19 сентябр 2018
Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Тошкентга қилган расмий ташрифи чоғи «Белсат-ТВ» студияси меҳмони бўлган Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида ...
17 феврал 2016
Авария чоғида икки нафар йўловчи ҳалок бўлган, тағин тўрт нафари шифохонага ётқизилган. Тошкентнинг Нукус ва Шевченко кўчаси чоррахасида 11 ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...