Асосий мавзулар
6 июл 2019

РТдан ваъз: Президент мамлакат бойлигини кимга совға қилди?

«Элтуз» нашри жамоаси бир ҳафта давомида Германия пойтахти Берлинда янги режаларни белгилаб олди ва навбатдаги тренингдан кейин уч ҳафталик таътилга чиқишга қарор берди.

Ҳар жума бериладиган рассом Туз ваъзини мультфильм қилишнинг сафар чоғида иложи йўқ. Шу боис бу сафар рассомнинг ваъзи видео тарзида тақдим этилади.

Берлин девори

Ҳозир мен турган жой бундан 30 йил олдин атрофи бутунлай девор билан ўраб олинган эди. Бу девор деярли қирқ йил дунёнинг икки хил сиёсати орасидаги чегара, совуқ уруш рамзи бўлиб келди.

1989 йили одамлар Берлин деворини оддий болғалар ёрдамида қулатиб, худди мен турган жойга ëпирилиб келишди. Уларни ундаган нарса эркинлик эди. Энди девор ҳақида икки оғиз.

1961 йилда ГДР ҳукумати «Ғарб попагандасининг олдини олиш» шиори остида «Хитой девори II» операцияси бошланди. 25 минг кишидан иборат ҳарбийлашган гуруҳ чегара чизиғини эгаллади.

Уларнинг ҳаракатларини Шарқий Германия қўшинлари ҳимоялаб туришди. Совет армияси жанговар ҳолатга кирди. Тунги соат 1 дан 11 дақиқа ўтганида ГДР ахборот агентлиги чегарани ёпиш тўғрисидаги қарорни эълон қилди.

Эрталаб чегарага борганлар ўтолмай тўплана бошладилар. 15 августда операциянинг иккинчи босқичи бошланди. Аскарлар ва қурувчилар чегарачилар назорати остида олдиндан тайёрлаб қўйилган бетон блокларни олиб келиб, чегара чизиғи устидан тиклашга киришдилар – Берлин девори қурилишига старт берилди.

Айни шу дақиқаларда 19 ёшли чегарачи Конрад Шуманн блоклар устидан сакраб ўтди ва расман Берлин деворидан ошиб ўтган биринчи қочоқ сифатида тарихда қолди. Деворнинг баландлиги 6 метрни ташкил қилди ва у ўта пишиқ бетон қоришмасидан қурилди.

Девор ёнида ўзига хос «ўлим чегараси» белгиланди ва кимки унга яқинлашса, чегарачилар томонидан отиб ташланиши эълон қилинди. 17 августда 18 ёшли қурувчи Петер Фехтер девордан ошишга уринаётганда отиб ташланди ва бу ҳаракат чоғида ҳалок бўлган биринчи қурбонга айланди.

Берлин девори қулатилганига қадар шу тарзда девордан ошишга уринган 92 киши ҳалок бўлди, кўплаб кишилар яраландилар. Кейинчалик девор қулаб, икки Германия бирлашганидан сўнг одамлар томонидан яратилган девордан ўтишнинг антиқа воситаларидан иборат музей ҳам ташкил қилинди. Девор совуқ урушнинг совуқ рамзи бўлиш билан биргаликда Берлиннинг энг диққатга сазовор жойи бўлиб қолди. Берлинга келган саёҳатчи борки, бу деворни кўрмай кетмасди. Ғарбий қисмда эса «Девор қулатилиши шарт», деган миллионлаб откриткалар сотилмоқда.

Дев ва пакана ҳақида ривоят

Бугун айтадиганим ривоят ҳам девор ҳақида. Ривоят номини дев ва пакана деб атасак. Ўзбекфильмда Мурод Муҳаммад Дўст тортган кино билан адаштирманг. Бу бошқа кино. Бир мамлакатининг атрофи улкан тош девор билан ўраб олинган экан. Мақсад – ичкаридагилар ташқарига чиқмаслиги ва душманлар келиб мамлакатни издан чиқармаслиги.

Шу мамлакатнинг яқин чегарасида бир дев яшар экан. У мамлакат девори ëнига келиб ультиматум қўйибди: «Менга мамлакатнинг бутун олтин, валюта ва углеводли ëнилғи захирасини бермасангиз, шу деворни еб ташлайман».

Бу ультиматумни эшитган президент селектор ўтказиб, машварат қилибди. Агар дев мамлакат деворини еб қўйса, бутун мамлакатдаги қўрқоқлар кетиб, ташқаридан ботирлар келиб, сайлов қилиб, президентни ағдариши мумкин.

«Бунга йўл қўйиб бўлмайди», дебди тепакал вазир.

«Девор бўлмаса, чиқиш рухсатидан келадиган пулдан мосуво бўламан», дебди қорни катта вазир.

Шу пайт президент қўлидаги сабзи тўғрайдиган тахта каби ясси ойподини бармоқ билан силаб, гугул қоридан маслаҳат сўрабди. Гугул қори маслаҳат берибди:

«Олдин дев шу ҳажмдаги тош деворни еб битира оладими-йўқми, шуни аниқлайлик», дебди ойпод ичиндаги гугул қори. «Буни қандай биламиз», дебди президент.

«Математика ва физикани биладиганлардан сўранг», дебди гугул қори. Президент атрофига қараса, нуқул шиғир тўқийдиган ва алмисоқдан қолган диний чўпчак айтадиган шарлатанлар қолганмиш атроф жонибда.

-Палончи математик қани?

-Америкада.

-Нариги мен мошин берганим-чи?

-Германияда.

-Арнасойлик бола-чи?

-У математик эмас, у фақат Навоийдан ғазал айтади

Президент ғуссага ботиб, ўйлай бошлабди. «Комсорг бўлишимдан 4 йил олдин биринчи курсда мен ҳам амалий математика ўқигандим-а. Ануви Америкага кетиб қолган математик пропессор айтувди. Олдин қаттиқ массанинг бир қисми қандай қилиб йўқ бўлганини ҳисоблайсиз. Натижани умум массага кўпайтирасиз. Президент худди жакузи ичида ëтиб сиғим қонунини кашф қилган Архимед дойи сингари «Эврика» деб бақирибди.

Атрофдаги даптар ушлаган шотирлар «Эврика» деб ëзиб қўйишибди автоматик бир тарзда.

-Эй, каламушлар, сизлар шу қадар каллаварангсизлар. Нима ëзганингнинг маъносини ҳам билмайсизлар. Эй, тепакал, «Эврика» деган нима деган,- дебди президент.

Тепакал жавоб бера олмабди. Чунки у биринчи курсда ҳам лекция эшитмаган экан-да. Шаҳар ҳокими ҳам, матбуот вазири ҳам, бошқалар ҳам, умуман, мактаб ўқимаган бой оталарга чой ташиб «ўсган кадрлар».

-Ўша дев сизларни ейман деса, жон деб берардим. Бира тўла қутулардим ғўддайганлардан. Мулозимлар бу гапни ҳам даптарига ëзиб қўйишибди.

-Дев катта билан ëзиладими ëки кичик ҳарф биланми,- деди қоринбой вазир.

-Албатта, Дев аканинг исми катта харф билан ëзиш керак,- дебди Бухоро ҳокими барно юзли баччаларга ўхшаб ноз билан.

Мулозимлардан ҳафсаласи пир бўлган президент катта куëвини чегарага юборибди.

-Бор, девга айт, деворни еб ташийвурсин.

Катта куëв зинғиллаганича дев ëнига кетибди. Президент кичкина куëвига юзланибди: – Сен бориб дев қанақа қилиб деворни еганини видеога олиб кел. Лекин видеокопиясини Рамзанга берсанг, итараман сен паканани.

Хуллас, дев мамлакат деворини еб тургани видеосини кичик куëв ватсапдан ташабди қайнотага. Дев болғаси билан деворнинг кичик бўлагини секин ушатиб, ҳовончада туйиб, сувга қўшиб ичаркан. Кейин дам олиб, яна бир парча деворни ер экан.

Президент ойподидаги калькуляторда ҳисоблаб кўрса, дев мамлакат деворини теоретик жиҳатдан еб битириш эҳтимоли юзда тўқсон фоиз чиқибди.

-Агар дев шошиб-пишиб деворни еганида тиқилиб ўларди. Секин технична еб ўтирибди. Демак деворни еб битиради бу боришда. Деворсиз қоламиз охирида.

Яхшиси, айтганини бериб юборинглар, дея буйруқ берибди президент. Шу тариқа мамлакатнинг бутун олтин, валюта ва углеводли ëнилғи захирасини девга бериб юборишди.

«Дев акага», дея тўғрилаб қўйди Бухоронинг барно юзли ҳокими. «Зато девор бор», дея хурсанд бўлди қоринбой.

Мамлакат ичидаги бойликни ўғри уриб кетган бўм-бўш темир сандиқ каби етим бўлиб қолибди. Қиссадан ҳиссани сиз чиқаринг, азизлар.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Видео: https://youtu.be/8OLjGx7nJrc

Рассом Туз
eltuz.com

Тағин ўқинг
23 январ 2019
Президент Мирзиёевнинг 21 январ куни Берлинга расмий ташрифи чоғида «Озодлик» журналисти Шуҳрат Бобожоннинг «Озодлик радиосидан сизга саломлар», деган репликаси ...
3 октябр 2018
Ўзбекистон президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари, президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда “Элтуз” билан ...
5 феврал 2021
(Арафадаги ўйлар) Бу саволни сизга эмас, ўзимга бердим узун йиллар давомида.Бу саволга бугун жавобим бор, алҳамдулиллоҳ, аммо кеча йўқ ...
30 ноябр 2016
Наманган шаҳридаги бюджет идоралари ва мактаб ходимларига Артел дўконларида сотилаëтган лампочкалардан камида икки донадан сотиб олишга мажбур этилаётгани ҳақида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...