UzPoster
9 сентябр 2019

Ёки инвестор қўрқяпти, ёки кимдир арзон олмоқчи

Ўзбекистоннинг энг машҳур меҳмонхонаси анча арзон нархда сотувга қўйилганига бир неча ой бўлганига қарамай, шу пайтгача унинг харидори топилаётгани йўқ.

Аввалига 33 миллион долларга савдога қўйилган “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг нархи сентябрь ойига келиб 8,4 миллион доллар арзонлашди. Аммо унинг шу нархда ҳам сотилиши гумон бўлиб турибди. 

Ҳозир бу меҳмонхона “Otel O‘zbekiston” қўшма корхонасига тегишли. Унинг 80,13 фоиз улуши давлатга қарашли. Савдога айнан шу улуш қўйилган.  

Уни сотиб олганлар 99 йил муддатга “Ўзбекистон” мажмуаси бинолари ва унга қарашли майдонда жойлашган инфратузилма объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади. 

Шунингдек, янги хўжайин бинонинг ташқи кўринишини ўзгартирмаслик ва ўн йил давомида унинг ҳозирги фаолият турини сақлаб қолиш мажбуриятини олиши керак. 

Савдо шартларига кўра, меҳмонхонанинг янги эгаси унинг қийматини уч йил давомида тўлаши ва уни модернизация қилиш учун 100 миллиард сўм, яъни 10,6 миллион доллар инвестиция киритиши керак. 

Иқтисодчи, инвестициялар бўйича таҳлилчи Ўроз Ҳайдаров “Элтуз” билан суҳбатда Ўзбекистондаги энг машҳур ва, айтиш мумкинки, энг гавжум меҳмонхонанинг нархи бунчалик тез ва катта миқдорда тушириб борилишига шубҳа билан қараётганини билдирди. 

Унинг таъкидлашича, ҳукуматнинг давлатга қарашли ортиқча активларни хусусий инвесторларга бериш қарори жуда тўғридир. 

Аммо у “Ўзбекистон” меҳмонхонасини тезда қутулиш керак бўлган давлат активлари сирасига киритмаслигини айтади. 

“Билишимча, тўрт юлдузли “Ўзбечка” (меҳмонхонанинг халқ орасида кенг тарқалган номи- таҳ.) нафақат Тошкентдаги, балки бутун Ўзбекистондаги шу тоифадаги энг кўп мижоз келадиган отель ҳисобланади. Шунинг учун унинг баҳоси жуда тез пасаяётгани шубҳа уйғотмай қолмайди.

Эътибор беряпсизми, меҳмонхонанинг нархи аввалига 33 миллиондан 29,7 миллионга туширилган эди. Орадан кўп вақт ўтмай, нарх 24,7 миллион долларгача пасайди. Бундай актив учун нарх жуда ҳам тез арзонлашяпти”, дейди таҳлилчи.

Ҳозир Ўзбекистонда туризм энг жадал суръатларда ривожланаётган соҳа ҳисобланади. Мамлакатга келаётган сайёҳлар сони тобора ошиб бормоқда. 

“Аслида бундай шароитда туризм инфратузилмаси объектлари нархи ошиб бориши керак, – дейди таҳлилчи Ўроз Ҳайдаров. – Биз эса тескари жараённи кўряпмиз.

Бу ўринда иккита хулосага келиш мумкин. Биринчи хулоса шуки, инвесторлар ҳали ҳам Ўзбекистонга сармоя ётқизишга ишонч билдираётгани йўқ.

Иккинчи хулоса эса бозор иқтисодиётига ўтаётган давлатларга хос коррупцион схемаларга бориб тақалади. Яъни кимлардир шундай қимматбаҳо объектни арзонроқ нархда олиш учун ўйин қилмоқда”.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси бўйича навбатдаги савдолар 16 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирда бир неча харидор давлатга қарашли бу активга қизиқиш билдираётгани маълум қилинмоқда.

“Агар шундай ҳам арзон нархда савдога қўйилган меҳмонхона бу сафар ҳам сотилмаса, биз айтган иккинчи хулосада жон борлиги янада ойдинлашади”, дейди инвестициялар бўйича таҳлилчи Ўроз Ҳайдаров “Элтуз” билан суҳбатда.

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори

Тағин ўқинг
28 май 2019
Ички ишлар вазирлиги тергов департаменти хоразмлик шоир ва журналист 56 яшар Маҳмуд Ражабга нисбатан диний экстремизмни тарғиб қилувчи материаллар ...
16 май 2016
Бу ҳақда маълум қилган РМК президенти, Россия президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Борис Кравчук: ...
4 ноябр 2021
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни келгуси 2022 йил учун газета ва журналларга обуна қилиш кампаниясини бошлади. «Элтуз» суҳбатдошлари бу ...
4 июл 2018
Милиция капитани, Каттақўрғон шаҳри ички ишлар бўлими терговчиси Санъат Умаров иккита ўзбек аёлини видеокамера олдида ечинтириб таҳқирлади. Воқеа акс ...
Блоглар
10 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ...
20 июл 2022
Ўзбек халқи кимга, қайси режимга қарам бўлиб келган эдики, энди у ўзини озод, эркин миллат ...
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат ...