Асосий мавзулар
19 ноябр 2019

Тадбиркорлар: «Тошкент савдо марказида 700 дан зиёд дўкон бузилади»

«Тошкент савдо маркази»га  (собиқ «Абу Сахий» МЧЖ) қарашли бозордаги дўконлари бузилишидан норози бўлган 700 дан ортиқ фуқаро 16 ноябрь куни бозор маъмурияти олдига йиғилди. Тадбиркорларнинг норозилигига бозор маъмуриятининг бир кун олдин дўконларини 1 декабргача бўшатиб қўйишлари ҳақида огоҳлантириш бергани сабаб бўлди.

Шу кунги норозилик чиқишидан сўнг кечқурун Чилонзор тумани ҳокими ва бозор мутасаддилари дўкондорларнинг айримлари билан учрашиб йиғилиш ўтказишди.  «Элтуз»га келиб тушган видеода Чилонзор тумани ҳокимлиги вакили ва Алишер исмли яна бир мулозимнинг дўкондорлар билан 16 ноябрдаги айни учрашуви акс этган.

Видеода, жумладан, ҳокимлик мулозими Алишер (фамилияси номаълум) ҳеч кимнинг дўкони бузиб ташланмаслиги, ҳар ким билан алоҳида келишув қилиниши ҳақида гапиради.

«Масалан, дўконингиз шуми? Сизга ўрнига мана шуни берамиз. 6 ойда қуриб оладиган бўлсангиз, бу ерда ишлаб турасиз. Рози бўлган жойингизни берамиз деб келишув қиламиз», дейди ҳокимлик мулозими.  

Исмини айтмаган, «Элтуз» суҳбатлашган дўкон эгаларидан бўлган бир аёлнинг айтишича, уни бозор маъмурияти ходими дўконини бўшатиб қўйиши ҳақида 15 ноябрь куни оғзаки огоҳлантирган. Бунинг сабабини дўкон инфратузилмасини ўзгартириш мақсадида бузилиши билан изоҳлаган.

«Менинг дўконим 16 квадрат метр майдонда жойлашган. Дўконнинг мулк кадастр ҳужжатлари 2012 йилнинг апрелида номимга расмийлаштирилган. Дўконнинг бугунги кундаги нархи 100 минг долларга яқин бўлади. Лекин гап товон пули ҳақида ёки бозор ўрнида қуриладиган янги дўконларнинг бизга берилиши ҳақида кетмаяпти», – дейди савдогар аёл.

Унинг «Элтуз»га билдиришича, бузиладиган дўконларга ёндош майдонда янги дўконлар қурилган. Ижара ҳақи қиммат бўлгани учун улар бўш ётибди. Ҳокимликнинг майда дўкондорларни кўчага ҳайдашдан мақсади шу дўконларни ижарага бериш бўлиши мумкин.

«Дўконларнинг бузилишига баҳона қилиб, ёнғинга қарши чора сифатида электр кабелларини алмаштиришни рўкач қилишяпти. Лекин ҳар бир дўкон эгаси бу хизмат учун маъмуриятга ойма-ой пул тўлайди. Масалан, мен бир миллион 40 минг сўм коммунал ҳақи тўлайман», дейди «Элтуз» суҳбатдошларидан яна бири.

Видеода кўринишича, дўкондорларнинг норозилигидан сўнг амалдорлар озроқ шаштидан тушишган. Улар 15 ноябрдаги дўконларни бузиш ҳақидаги гап бекор бўлгани, дўконларни бузмасдан туриб инфратузилмани ўзгартириш ҳақида маслаҳатлашиб кўришни ваъда қилишмоқда.

Шунингдек, ҳокимликнинг дўконларни бузиш ҳаракатига Ўзбекистон ҳукуматининг 16 ноябрда чиқарган Ер участкаларининг олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш қарори сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Ушбу ҳукумат қарорида кўзда тутилган янги тартиб, Адлия вазирлигига кўра, 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради. «Абу Сахий» дўкондорларидан эса дўконларини 1 декабрга қадар бўшатиш талаб қилинмоқда.

«Афтидан, ҳокимликдагилар анча илгаридан дўконларимизга кўз тикишган. Янги қарор чиқишидан хабардор бўлишгач эса буни декабргача тезроқ уддалашга уринишмоқда. Чунки президентнинг янги қарори кучга кирса, улар чорасиз қолишлари мумкин», дейди «Элтуз» билан суҳбатда тижоратчи аёл.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 октябр 2015
Кеча шармандали бир воқеанинг гувоҳи булдим. Ёзёвон йўлидаги Шаҳартепа қишлоғига бир иш билан бордим. Йўлнинг икки четини 100 дан ...
2 октябр 2016
Бугун 62 ёшини қаршилаётган Муҳаммад Бекжонни мен ўз қадрдон акамдай билардим, «Эрк» газетаси саҳифаларини тайёрлаш жараёнларида у билан дастлабки ...
1 сентябр 2022
Кўплаб шов-шувли ишларда адвокатлик қилган ҳуқуқшунос Умид Давлатов 1 сентябр куни 42 ëшида Тошкентдаги касалхонада оламдан ўтди. Юрак қон-томир ...
9 июн 2023
РТ: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана ҳафта айланиб сиз билан биргаман. Сизларнинг юзингизга қараб табассум қилиш имконига ...
Блоглар
13 сентябр 2023
Ислом Каримов одамлар орасида яшамагани учун ютуқларга эриша олмади. У ўзининг виртуал ёпиқ дунёсини яратди ...
12 сентябр 2023
(Бир тўй ҳақида ўй) Қўшиқчи Муниса Ризаеванинг тўйига бир миллион долларнинг тепасида расход бўлди. Пулни ...
20 август 2023
Файзулла Убайдулло Хўжа ўғли, яъни Файзулла Хўжаев 1896 йил 15 мартда Бухоро амирлигида туғилади. Отаси ...