Асосий мавзулар
31 август 2020

Калта пайпоқ, ниначи ва чумоли ҳақида

Ҳозирги ёшлар орасида «калта пайпоқ» кийганлар кўп ёки озлигини билмайман.

Лекин ҳозирга келиб аксари (ҳаммаси эмас) ёшлар уйланиш жараёнида ўзларини хотиндай, қиздай тутишаётгани бор гап.

Қурғур куёв бола йигит боши билан латта жанжалини қиладими-ей, анов кам, манов кам деб хўмрайиб тўйни бузаман, дейдими-ей, қайинотасидан «Матиз» совға қилишини кутадими-ей.

Қурғурлар уйланаётганда ўзларини шаҳзодадай тутади, ҳатто арзон материалдан шаҳзода кийимини кияди.

Шунақа хотинчалиш йигитлар жисмида феълига қараб жисмоний ўзгаришлар содир бўлади…

Ҳе, хунасалар.

Ҳей, йигитлар, ҳеч кимдан ҳеч нарса умид қилманглар, ҳар нарсага ўзларинг меҳнат қилиб эришинглар.

Хотинларнинг орасида хотинларнинг холаси бўлиб гап сотиб ўтирманглар.

Яқин ўсган икки хил меванинг таъми бир-бирига ўтиб қолади.

Тағин эрта бир кун кўнгилларингда лозим кийишга мойиллик пайдо бўлмасин. Яхшимас.

Ҳе, арзон материалдан шаҳзода кийимини киймай ҳар бало бўлгур, ғариб, қашшоқ.

Порахўрлик ҳақида

Қизим 6,7,8-синфда инглиз тилидан билимлар синовида қатнашиб, Тошкент шаҳри бўйича юқори ўринларни эгаллаб, Президент лагерида дам олиб келди.

9-синфда ҳам юқори натижага эришса, нуфузли лицей ёки коллежга имтиҳонсиз кирар экан. Демак, шунақа имтиёзи бор экан. Имтиёз деган жойда таълим соҳасидаги порахўрлик илони ўзини кўрсатди. Яъни мактабдаги устозлари Гороно айтди деб биздан икки юз доллар (200$) сўради. Мен айтдимки, қизим билимлар синовида қатнашмайди. Тамом.

Эй аҳмоқ, деб ўйлагандим ўшанда, келиб-келиб мендан пора сўрайсанми? Умримда бировга бир тийин пора бермаганман, бировдан пораям олмаганман. Университетда энг порахўр домла ҳам тезда баҳомни қўйиб, мендан қутулиб, сўнг бошқалардан бемалол имтиҳон (пора) оларди.

Феълим шундай эдики, дарс пайти ўқитувчидан: «Сиз пора оларкансиз. Шу ростми?» деб сўрай олардим. Айрим домлаларнинг юзига тик боқиб:»Порахўрсан» деганман.

Охири шундай бўлдики, порахўр профессорлар бирлашиб, мени ўқишдан ҳайдаш учун ҳужжат тайёрлашди. Бу фитна менга пашша чаққанчалик таъсир қилмади.

Чунки бу пайтга келиб университет менга кутган билимимни беролмаслигини англаб етгандим. Устоз Озод Шарафиддинов тасодифан мени ўқишдан ҳайдашаётганини билиб қолиб деканга айтибдики: «Раҳматжонни ўқишдан ҳайдасанг, бу ерда кимни ўқитасан». Озод ака сабаб бўлиб ўқишдан ҳайдалмай қолгандим.

Умуман, назаримда, порахўрлик таълим соҳасини илон чумчуқни ютгандек ютиб юборган деб ўйлайман, бу иллатни эпизодик деб бўлмайди. Таълим соҳасини айрим иллатлардан тозалаш эмас, балки бу соҳани ҳалокатдан қутқариш ҳақида гапириш керак.

Ўзим ҳақимда

Помидор қоқи ва қалампир ёнига садарайҳон ҳам илдим.

Барги майда ва бўйи паст ўсадиган райҳонни садарайҳон дейишади.

Демак, деворимга яна олмақоқи, шафтолиқоқини ҳам ипга тизиб иламан.

Болаларим учун йигирма кило майиз қуритиб оламан.

Хуллас, меҳнаткаш чумолиман, топганимни уйга ташийман, кўчада ниначиларга пул сарфлаш одатим йўқ.

Шарафсиз юртдош ҳақида

Ясама ароқ сотасан, картошка ва ошқовоқни атала қилиб, унга кимёвий модда қўшиб асал дея пуллайсан; болалар боғчасига эшак гўшти ташийсан; кам таъминланганларга ажратилган моддий ёрдамни кўп таъминланганлар билан «арра» қиласан; зулмни мақтайсан, золимнинг товонини ўпасан; ўз келинингга севги изҳор қиласан; таъмирга, ремонтга деб ўқитувчилар маошига кўз олайтирасан;

зўравонларни ишга солиб ўзгалар мулкини тортиб олишга устасан; олган порангни ишончли жой дея давлат байроғига ўраб қўясан; намоз ўқиётган бувингнинг орқасидан пойлаб миясига теша билан уриб ўлдириб, сандиқдаги пенсия пулиниўғирлайсан;

ватанинг, эътиқодинг йўқ, ким бир тишлам нон берса, дайди итдек ўшанинг кетидан эргашасан; ўзгалар таомини еб, ўрнингдан тураётиб дастурхон четига кетингни артасан; бегона аёлни йўлдан уриш учун ҳотинимда кўнглим йўқ деб алдайсан; озгина манфаат учун ҳақгўйга туҳмат қилиб, шу одам кўчада кўкрагимни ғижимлади, дейсан.

Яна қайси қилиқларингни ёзай, одамзот.
Шарафлимисан?!
Ниманг шарафли?
Борган жойинг ахлатхонага айланади.
Шуми шарафинг?!
Тирноқча фойда учун Худони ўртага қўйиб қасам ичасан.
Яна нималарни ёзай?
Ичингдаги зуннор кесилмаган-ку, тағин мўминликни даво қиласан.
Шу туришингга ҳали жаннатни ҳам орзу қиларсан?!
Инсон, шарафлимисан?

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикоялари

Тағин ўқинг
28 октябр 2016
Шу йилнинг 11 декабрида репортаж фотографи сифатида дунёга танилган фотожурналист Юрий Абрамочкин 80 ёшга тўлади. Унинг ахборотларга бўлган расмий ...
29 апрел 2018
2006 йил 29 апрель куни эрталаб 27 яшар ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов таксида вилоят касалхонаси томон кетаëтганида учта милиция ...
31 март 2016
Унда чоп этилган битта лавҳачага кўзимиз тушиб, газетанинг савияси қанчалик экани тўғрисида ўзингиз хулоса чиқаринг, деган маънода уни деярли ...
4 ноябр 2019
4 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА сайтида президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёеванинг туғилган куни шарафига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...