Асосий мавзулар
14 декабр 2020

Хориждаги ўғирланган активларни қайтариш бўйича Швейцария-Ўзбекистон тамойилларини баҳолаш

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова коррупция билан боғлиқ бир қатор жиноятлари учун судланганидан сўнг ҳозир Зангиота ахлоқ тузатиш колониясида қамоқ жазосини ўтамоқда. 

АҚШ расмийларига кўра, Каримова “кучли уюшган жиноятчилик синдикатига раҳбарлик қилиб, давлат амалдорларидан бизнесни тортиб олиш, бозорларни монополиялаштириш, пора талаб қилиш ва товламачилик рэкетларини бошқариш учун фойдаланган”. 

Шунингдек, Каримова, унинг компаниялари ва шериклари Нидерландия, Швейцария ва АҚШ каби хорижий юрисдикцияларда жиноий жавобгарликка тортилган.

Олстер университети криминология профессори Кристиан Ласслетт, Ташқи сиёсат маркази илмий ходимаси Дилмира Матёқубова ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова томонидан тайёрланган ҳисоботда ушбу активларни қайтаришга масъулият билан ёндашиш масалаларига урғу берилади. 

Каримова синдикатида тўпланган ноқонуний маблағларнинг аксарияти Ғарбий Европага ўтказилди. У ерда ушбу маблағлар Ўзбекистондаги ички сиёсий таъсирлардан ҳимояланган. 

Бироқ ўғирланган активларни қайтариш бўйича глобал мажбурият активларни АҚШ ва Швейцарияни қаттиқ суд назорати остида бошланган мусодара қилиш ҳаракатларига мажбурлади.

Швейцария ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу эса ушбу маблағнинг асосий қисми (131 миллион АҚШ доллари) эндемик йирик коррупция натижасида катта зарар кўраётган Ўзбекистон халқига қайтарилишига имкон беради.

Меморандум қайтариб бериладиган маблағларнинг жамият манфаатлари учун шаффоф, ҳисобдор ва инклюзив тарзда ишлатилишини таъминлайдиган кенг қамровли қайтариш механизмини ишлаб чиқишни кўзда тутади.

Ўғирланган активларни қайтариш жараёни ҳақида гап борганда Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга ҳам эътибор қаратиш зарур. 

Зеро, Каримов ҳукуматининг дунёдаги обрў-эътиборини ҳисобга олганда Мирзиёевнинг бу ислоҳотларсиз активларни қайтариш масаласи ўз долзарблигини йўқотиши эҳтимоли юқори эди. 

Аммо ислоҳотлар давомида оғир ва енгил саноат, нефть-газ, молия, чакана савдо, қурилиш, давлат харидлари каби соҳаларда шубҳали компаниялар фаоллиги ортгани мазкур жараёнга бўлган шубҳаларни кучайтирмоқда. 

Бу жараёнларнинг ношаффофлиги ва заиф корпоратив бошқарув муаммолари ислоҳотлардан келадиган фойда клептократик гуруҳлар томон йўналиши эҳтимолини оширади.

Ҳукуматнинг ўз авторитар имижини тиклаш учун бир қатор нуфузли PR компанияларни ёллагани ортидан унинг саъй-ҳаракатларини мақташ кампанияси авж олиб, асл аҳволни баҳолашга тўсқинлик юзага келди. 

Шу сабабли Ўзбекистоннинг мустақил фуқаролик жамияти аъзолари Швейцария ҳукуматини рестутицияни муайян шартлар бажарилгунга қадар тўхтатиб туришга чақирди.

Бироқ Швейцария ҳукумати меморандумни асос қилган ҳолда қайтариш жараёнини давом эттиришга қарор қилди.

Шунинг учун бу ҳужжат тамойилларини тўғри баҳолаш учун уни зарур даражада тушуниш жуда муҳимдир. 

Мирзиёев режими билан имзоланган меморандум ҳар икки мамлакат ҳукуматларини сўнгги пайтларда кенг кўламли коррупция оқибатида, шу жумладан, соғлиқни сақлаш инфратузилмаси, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши ва техноген офатлар натижасида жиддий фалокатларни бошдан кечирган жамоатчилик манфаати учун қайтарилган активларнинг шаффоф ва ҳисобдор ишлатилишини таъминлайдиган кенг қамровли қайтариш механизмидан фойдаланишга мажбур қилади. 

Меморандум қайтариш жараёнини бошқарадиган умумий тамойилларни белгилаб берадиган яна бир қанча битимлар тўпламини ваъда қилмоқда. 131 миллион доллар маблағ муваффақиятли реституция қилинса, ушбу тафсилотлар тўғри тушуниш учун жуда муҳимдир.

Хусусан, унда “пулни қайтариш Ўзбекистон Республикаси аҳолисига фойда келтириши ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ёки жазосизликка қарши курашиш мақсадига мувофиқ бўлиши керак”лиги айтилган.

Шунингдек, “маблағлар ушбу жиноятга алоқадор шахсларга фойда келтирмаслиги учун барча чораларни кўриш шарт”лиги ҳам белгиланган. 

Муаммо айни шу шартларни кафолатлашда. Чунки, ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Гулнора Каримовга тегишли можароларга алоқалар шахслар ҳанузгача раҳбарлик лавозимларида ишлаши ва муҳим корпоратив манфаатларга эга эканлиги юқори хатарни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги корпоратив шаффофликнинг йўқлиги ушбу хавфни янада кучайтиради. Қайтарилган пулнинг бир қисми олигархлар ва ҳукумат мансабдорларининг ишончли вакиллари ва шаффоф бўлмаган оффшор холдинг компаниялар орқали назоратни амалга оширадиган корпоратив секторда товар ва хизматларни сотиб олишга сарфланиши эҳтимоли юқори.

“Шаффофлик ва ҳисобдорлик кафолатланиши керак”лиги белгилангани Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги ушбу ҳужжатдаги энг дадил шартдир.

Шунга қарамай, Қозоғистон мисолида ушбу тажриба ўзини оқламагани Швейцария ҳукуматини ҳам, унга бу тажрибада ҳамкорлик қилган Жаҳон банкини ҳам ҳушёр торттириши керак.

Чунки ўша вақтда худди шунга ўхшаш айбловлар ортидан бўлиб ўтган жараёнлардан сўнг Қозоғистонга 48,8 миллион АҚШ долларининг қайтарилиши кутилган натижаларни бермаган эди. 

Бу ҳолат қайта такрорланишининг олдини олиш учун коррупция хавфининг янада юқори даражаларига эга бўлган бошқарув шароитида, айниқса, мустаҳкам механизмлар талаб қилинади. 

Ўзбекистонга қайтариладидиган 131 миллион АҚШ долларининг халқ манфаати учун ишлатишини кафолатлайдиган платформа зарур, деб ҳисобламоқда ҳисобот муаллифлари. 

Ўзбекистон ҳукумати бу маблағни CОВИД-19 пандемияси вақтида Халқаро валюта жамғармасининг қўллаб-қувватловчи тезкор кредит дастури орқали бериладиган кредитлар учун ишлатишни ваъда қилди. Аммо кейинчалик ушбу шартномага риоя қилмади.

Бу эса харажатларни тўлиқ ва ҳар томонлама ҳисобга олишни таъминлаш учун учинчи тараф томонидан фаол назорат талаб қилинадиган кучли огоҳлантирувчи сигнал бўлиши мумкин.

Албатта, мониторинг механизми тўлиқ шаффоф ва мустақил бўлиши керак. Шунингдек, у бир неча мустақил монитор томонидан бошқарилиши ва улар мезонлар бузилганини аниқлаш учун зарур бўлган суд тиббий кўникмаларига эга бўлиши керак бўлади. 

Меморандумда айтилганидек, ушбу тамойилларни бажаришда жамоатчилик (фуқаролик жамияти ёки жамоат ташкилотлари)нинг потенциал ролини ҳисобга олиш керак. Бу муҳим масала. 

Қозоғистоннинг аччиқ мисолида маблағлар ҳукмрон партия билан чамбарчас боғлиқ бўлган жамоат ташкилотлари орқали ўзлаштирилганига гувоҳ бўлинди. 

Ўзбекистонда ҳам бундай жараёнлар такрорланиши эҳтимоли жуда юқори.

131 миллион АҚШ доллари – бу активларни репатриация қилиш жараёнидаги биринчи траншдир. Демак навбатдаги траншлар ҳам бўлади. 

Шунинг учун дастлабки траншни ўтказиш реституция жараёнидаги муҳим қадамдир. Унинг қандай ўтказилиши ва қандай сарфланиши навбатдаги траншларнинг тақдирини белгилаб беради. 

Ўмарилган активларни масъулиятли қайтариш халқаро ҳамжамиятдан қанчалик масъулият талаб қилишини ҳисобга олган ҳолда ҳозирги қийин геосиёсий муҳитда ҳам бирор бир ажойиб нарсага эришиш мумкинлигини кўрсатадиган асосни ишлаб чиқиш учун вақт ва сабр-тоқат талаб этилади, дея хулоса қилади ҳисобот муаллифлари.

eltuz.com

Тағин ўқинг
7 феврал 2023
Бу одамни этини жимирлатган даҳшатли ўғирлик 2 февралдан 3 февралга ўтар кечаси Вобкентнинг Халач қишлоғида содир бўлди.  Қоп қора ...
28 сентябр 2015
Баъзида ўзаро баҳслашаётанлар орасида бир-бирини «манқурт (зомби)» ликда айблашлар учраб туради. Хўш, аслида манқуртлар кимлар? Мен ҳозир қўлдан келганча ...
13 март 2018
Тошкентнинг Мирза Юсуф масжиди имоми Раҳматулло Сайфуддиновга 9 март куни «Озодлик» радиосини лаънатлаб, унга «жаноза ўқигани» ортидан Вазирлар Маҳкамасининг ...
12 январ 2018
Ўзбекистонда ва чет элларда шу пайтгача яширин бизнес билан шуғулланиб келган ўзбекистонликларнинг ўғирлик пуллари президент Мирзиёев томонидан амнистия қилиниши ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...