Асосий мавзулар
7 апрел 2021

Қўйли-6. Охирги қисм

Германиянинг “Люфтганза” авиаширкати учоғи Истанбулдаги Отатурк аэропортига қўниш учун пастлади. Қўйли “тур болам”, деган овоздан уйғонди. Бир вақтлар онаси уни шундай уйғотар эди.

“Бирданига қаерда эканимни эслай олмадим. Оғзим қуриб қақраган эди. Устимда Рўзи Назар оға қараб турибди, ним табассум билан. Худди компьютер файллари қайта юкланган каби сўнгги 24 соатда юз берган нарсаларни бир-бир эслай бошладим.

Ўрнимдан турдим. Бошимга афғонлар киядиган телпакни киймоқчи эдим. Рўзи оға “буни энди кийма, укам”, деди. Телпакни қўлимдан олиб, чўп қутига ташлади.

Стюардесса пешанасига “Люфтганза” деб ëзилган кепка совға қилди. Шуни кийиб, транзит йўлчилар борадиган салонга қараб кетдим.

Рўзи Назар оғани “Адмирал” деган махсус лонж салонга таклиф қилишди. Юр, деб ўзи билан мени ҳам олиб кирди.

Бу бахмал диванлар билан безалган сарой эди. Бир четда чақилган ëнғоқ ва қанд-қурслар тоғ бўлиб уюлиб турибди.

Хизматсевар турк йигит амрингизга мунтазир. “Афандим“ деганди, кулгим келди. Бизда сал калласи кирди-чиқди одамга апанди, дейиларди.

Рўзи Назар оға бу туркка қараб, “Орқадошиминг қорнини тўйғаз, қўчим”, деб амр берди.

Эрталабдан бери бор-йўғи уч стакан ароқ ичганман. Мангалда пишган қўй қовурғалари ва булғур паловини иштаҳа билан едим. Ундан олдин кичкина косада маржумак шўрва ичиб, пешанамда тер томчилари пайдо бўлувди.

Фильм қаҳрамони айтганидек, “Яшаш яхши! Яхши яшаш ундан ҳам яхши” .

Азиз ўқувчим, Қўйлининг яхши еб ичгани тафсилотлари ва Истанбулдан Берлингача учиши билан боғлиқ майда-чуйдаларни ташлаб кетамиз.

Учоқ Ғарбий Берлинга қўниш учун пасая бошлади. Камарлар боғланган, стюардессалар шоша-пиша қолган ишларни саранжом қилишарди.

Рўзи Назар оға салондаги Қўйли, Иброҳим ва Ғайратнинг олдига бориб, “Сизлар тушмай ўтиринглар, келиб олиб кетишади. Қўрқманглар, ҳаммаси яхши бўлади”, деди.

Учоқ ғилдираги тақир-тўқир қилгани эшитилди. Самолёт қўнди. Одамлар қарсак чалди. Йўловчилар бирин-кетин туша бошлади.

Бўм-бўш салонда учта ўзбек ўтирарди. Катта урушнинг кичкина уч қурбони.

Сал ўтмай, бошидаги оқ каскага “милитар полис”, деб ëзилган америкалик икки аскар билан Рўзи ака салонга келди.

Аскарлар бу уч йигитнинг қўлига кишан солмоқчи эди. Рўзи Назар бош чайқаб, “Don’t do this. I guarantee. They will be obedient”, деди ва аскарлар қўлига учта сурғичланган конверт берди. Яна гапни Қўйлидан эшитамиз:

“Яна конвой. Яна кишан шарақ-шуруғи. Умуман, қамоқдан чиқиб, қамоққа кириш руҳий тарафдан тўғри бўлса керак. Ҳозир бирдан эркинликка чиқсам, шаталоқ отиб, босар-тусаримни билмай қолсам керак.

Алкаш бўлиб кетсам ҳам ажаб эмас.

Бу оқ каскали икки конвой бизни Тегел аэропорти ичидан олиб ўтиб ташқарига чиқарди.

Ўша “Мимино” фильмидаги аэропорт.

Ташқарида қамоқ машина кутиб турган экан. Машина бизни олиб бадар кетди.

Гезундбруненен деган маҳалланинг нариги томонида ҳарбий база бор экан, ўша ерга бордик. Шлагбаумлар очилди. Шлагбаумлар ëпилди. Блокпостлардан ўтиб, катта ховлининг орқа тарафига ëпиштириб қурилган қизил ғиштли бино олдида тушдик. Шу ернинг ўзида доктор текширди.

Кўкрагимни рентген қилишди. Бармоқ изларимни олишди. Расмга туширишди.

Кийим-бошимизни ечиб олиб дезинфекцион душ қабул қилдиришди. Кейин ҳарбий асирлар киядиган оч сарғиш уст-бош беришди.

Қўлимга соат камарига ўхшаш билагузук тақилди. Унда идентификация номерим ëзилган эди. Ҳозир ҳам эслайман бу рақамни. 1464081 эди номерим.

Бир кишилик, эшиги “кормушка”ли камерада яшай бошладим.

Ўн кун ўтиб, юзи-кўзи қуëшдай нур сочган тепакал Герҳард деган терговчи савол-сўроқ қилди. Рўзи Назар ака таржимонлик қилди. Исминг нима? Совет армиясидаги унвоним. Ҳарбий қисм номери ва дислокацияси.

Асирликда бўлган жойим ва ҳоказолар ҳақида савол-сўроқ бўлди“.

Азиз ўқувчим, воқеалар 1984 йил охири, Ғарб ва Совет Иттифоқи билан совуқ уруш авжига чиққан бир паллада бўлаëтганини эслатмоғим лозим. Қўйли эса СССР аскари эди. Шу боис, тафтиш ҳам жиддий бўлди.

Герҳард савол-жавобларини қилиб бўлганидан кейин Қўйлини ëлғонни аниқлаш детекторида қайта текширишди.

Хуллас, Қўйли ва унинг яна икки ўзбек шериги АҚШнинг Германиядаги ҳарбий базаси тергов изоляторида олти ойча қолиб кетди.

Рўзи Назар оға бу уч нафар ўзбекдан Ўзбекистон мустақиллиги учун курашадиган идеологик ходим ясайман, дея ўз раҳбариятини ишонтирди.

Қўйли ва икки шериги Вашингтонга учаëтган ҳарбий учоқ бортида АҚШга кетди.

АҚШ иммиграция хизмати томонидан бюрократик процедуралар ва турли чиғириқлардан ўтган Қўйлига қочқин гувоҳномаси берилди.

Қўйли Вашингтонда Рўзи Назар асос солган антисовет марказида ишлай бошлади.

“Фут стемп” деб айтиладиган ҳужжати асосида у дўкондан бир талай текин озиқ-овқат оларди.

Аммо на Қўйли, на Иброҳим ва на Ғайратдан ғоявий курашчи чиқмади.

Мактабда чала ўқиган, жоҳил ва, энг муҳими, томир-томиригача қуллик сингиб кетган эди уларнинг.

Тарих 1985. Горбачёв СССРда қайта қуриш ва ошкоралик сиëсатини эндигина эълон қилган бир давр.

Қўйли, Ғайрат ва Иброҳим совет ҳукуматига қарши чақириқлар ëзилган оқ елим кассеталарни ўрам қилиб, Ўзбекистондаги турли таниқли одамлар номига жўнатишар эди.

Бу “таниқли” одамлар эса кассетани олиши билан КГБга тақдим қилишарди. Кимдир шу кассетани эшитса, қўшнилар дарҳол уларнинг устидан ëзиб беришарди.

“Совет Ўзбекистони” газетаси эса “хориждаги мафкуравий душманлар бизни рус оғамиздан айирмоқчи”, дея кунора мақола чоп қиларди.

Мана, энди гапни ярим йилдан бери Вашингтонда яшаëтган Қўйлидан эшитсак:

“Кеча Рўзи Назар оға келиб, мустақиллик чақириқлари ëзилган кассетани яна кимнинг номига юборсак бўлади, деб сўраб қолди. Мен қўлимни кўтариб, “Тўлқин Тожиев” номига, дедим. Киноларда дубляжда Тўлқин Тожиев деган гапни кўп эшитардим. Собир Коргарнинг Чўлпон шеърига айтган “Улуғ Туркистон “ қўшиғи ва доктор Темир Хўжанинг мустақиллик ҳақидаги фикрлари ëзилган компакт кассета ва “Ҳур Туркистон учун истиқлол газети” деган газета тахламини ўрам қилиб, Тўлқин Тожиев номига посилка қилдим.

Бир ойларда етиб борибди. Тўлқин Тожиев бу кассеталарни КГБга олиб бориб бериб, “Менга мустақиллик керак эмас, мен СССР тарафдориман”, деб ТВга чиқиб айтгани ҳақида бизга хабар беришди.

Бу ишлардан самара йўқлиги аëн бўлгач, секин бошқа ишларнинг бошини тутдим. Вашингтондан Нью-Йоркка ташиндим. Одессадан келган Лариса Ритман деган ярим ўрис, ярим яҳудий хотин билан танишиб қолдим. Никоҳ ўқитиб бирга яшай бошладик. Одамларни уйдан уйга кўчирадиган ишга жойлашдим. Ҳаммоллик гапнинг қисқаси. Қутиларни уйдан машинага, машинадан уйга ташиб бераман”.

1987 йил кириб келди ва айнан шу йили Қўйли ҳаëтида, ўзи айтмоқчи, муҳим воқеа юз берди. Қўйлидан эшитамиз:

“Бир куни Манҳеттендаги уйлардан бирига қутиларни олиб келганмиз. Бизни кутиши керак бўлган уй эгасидан дарак йўқ. Чизбургер олиб еб, бир оз кўча айландим. Ўша пайтда СССРдан келган сайёҳлар Бродвейда туриб, иттифоқдан олиб келган нарсаларини сотишарди. Аскар қулоқчини, матрёшка, китоб ва яна нималарнидир. Уч-тўрт қадам отиб қарасам, бир қоринбой ўнтача кумуш қошиқни бўйнига бойлаб, қўлида чой стакан учун устида СССР герби бор кумуш тагликларни ушлаб турибди.

Сотишга-да, албатта. Бу қоринбойнинг юзи таниш кўринди менга. Секин газета ўқиган бўлиб ëнида турсам, у шериги билан ўзбекча гаплашяпти. Бу мени урушга юборган Йўлли военком эди.

(1986 йилдан бошлаб АҚШнинг USAID идораси СССРдаги ҳарбийлар учун АЙВИ деган дастур асосида АҚШда 30 кунлик маърифий сафарлар уюштирган эди. Йўлли военком СССР Мудофаа вазирлиги делегацияси сафида АҚШга сафарга келган эди).

Бу менинг уйимга кириб, менинг тўшагимда хотиним билан ëтган махлуқ эди. Бошимга тушган барча кулфатлар сабабчиси эди у. Яна ҳам аниқроқ билиш учун “Йўлдош” деб бақирдим. Ялт этиб қаради. Олдига бориб, «Донидингми мани, анангни си…н», дедим. Талмовсиради.

Бир калла бердим. Умримдаги энг кучли зарба эди бу. Энди бутун кучимни, аламимни бир нуқтага жамлаб калла берган эдим. Юз-кўзи қонаб кетди. Бор кучим билан қорнига мушт урдим, энкайиб қолди. Кейин тепиб йиқитдим. Уриб бошладим. У сотаëтган кумуш пичоқлардан бирини олиб, кўзингни ўяман, деганимни биламан.

Нью-Йорк полицияси қўлимга кишан солиб олиб кетди. Яна бармоқ изи. Яна қамоқ. Хотиним Лариса ўзбекча биладиган бир яҳудий адвокатни топиб келди. Унга бутун ҳикояни айтиб бердим. Мени руҳий касал деб реаблитацион марказга юборишди.

У ерда олти ойдан кўпроқ қолиб кетдим. Бу орада хотиним Ларисани визаси ўтиб кетган деб Украинага депорт қилиб юборишди. Бир ўзим руҳий касаллар хастахонасида эдим. Шу ерда Майкл деган қора танли йигит билан дардкаш бўлдим. Майклнинг қариндошлари Филадельфияда эди.

Майкл унга “ўғрисан, кет бу ердан” деган корейс дўкончини дўппослагани ортидан бу ерга тушган эди. Мана, врач кўригидан ўтдим. «Соғ» деган маълумотнома беришди. Ўша куни Майклга ҳам рухсат тегди. Кўчада турибмиз иккимиз. Август ойи. «Кетдик Филадельфияга», деди Майкл.

Нью-Йоркдаги Грей хаундт деган бир хароб автовокзални топиб бордик. Ëнбошига югуриб кетаëтган ит сурати туширилган автобусда Нью-Йоркдан Филадельфияга кетяпман. Автобус ичида ҳаммаси афроамерикалик. Бир мен оқ ҳисоби.

Йўл зерикарли. Шу боис, Майкл қўлидаги соатнинг темир боғичини ўриндиқ темирига ритм билан ура бошлади. Орқадаги бақлажон рангли семиз хотин бу тактга жўр бўлиб қўшиқ бошлади. Қолганлар ҳам жўр бўлди. Госпел деган қўшиқ экан бу. Биргина мен анқайиб ўтирибман.

Лекин дардли қўшиқдай туюлди. Wrap up yesterday in paper, деган сўзни тушундим бу қўшиқдан. Кечаги кунни қоғозга ўраб ташла, деган маънода. Мен қўшиқнинг шу жумласини ëд олдим. Шу ерга кеганда мен ҳам қўшилиб айта бошладим. Кечаги кун мен учун ростдан ҳам қоғозга ўраб ташлаб юбориладиган кераксиз юк эди”.

Қўйли шу кетишда Филадельфияга етиб борди. У ерда уни Майклнинг афроамрикалик қариндошлари бағрига олишди.

Бу афроамерикаликлар яшайдиган бўлгада ижара анча арзон экан. Қўйли таксичилик қилиб кун кўра бошлади. Филадельфияда ягона оқ танли таксичи ким десангиз, Қўйлини кўрсатишади. София деган ўрис хотинга уйланди. 2020 йили хотини ковиддан ўлди.

“Менга бало ҳам бўлмайди. Ўша космободлик Саъдулла айтган қўшиқдаги гап. Ўлим мени қўрқитолмас, аллақачон ўлганман”.

Мана, шорловуқлик Қўйли оға, ваъда берганимдек, ҳаëтингизни китоб қилдим.

Ҳеч қандай харажатсиз иш орасида сиз юборган сасларни эшитиб ëздим-қўйдим.

Бу китобдан ҳосил бўлган савобни 2015 йилнинг 1 майида салкам юз ëшида Туркияда оламдан ўтган шарафли ватандошим Рўзи Назарга бағишлайман.

Бир одамни қутқарган дунëни қутқаради.

(Кейинчалик Йўлдош военком аскарларга униформа тикадиган цех очган ва Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири билан тил бириктириб, ўта катта давлат маблағларини тизимли ўмаришни йўлган қўйди.

Йўлли военком 1998 йили давлат мулкини ўта кўп миқдорда ўмаришда айбланиб қамалди. Бекобод қамоғида бир муддат ëтиб, 2000 йили Тошкентдаги Сангородда ўлди.

Қўйли билан бирга асирликдан озод қилинган Иброҳим ва Ғайратнинг кейинги тақдири номаълум. Қўйлининг собиқ хотини Уллибийи бир муддат военкомнинг норасмий иккинчи хотини мақомида бўлган. Йўлли военком бойиб кетади ва Уллибийининг ëши ўтиб, семириб, хунуклашади.

Шундан сўнг Йўлли военком уни ҳайдавориб, бошқа ëшроғи, Оймонжон деган мухомонлик қизни иккинчи қилиб олади. Уллибийи ҳозир Россиянинг Владимир шаҳрида трико сотади.

Тамом

@Рассом Туз. 2020 29 март

Тағин ўқинг
26 сентябр 2015
Нафақат кўрганлар, бизга ўхшаб кўра олмаганлар ҳам эшитиб оғзимиз очилиб қолди. Ўша кўрсатувда бир гуруҳ ўзбек болалари .., ҳа-я ...
14 феврал 2019
Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми Ўзбекистондаги давлат хизматчиларининг мажбурий меҳнати ҳақидаги навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. “Биз, бюджет ходимлари қилмаган иш ...
14 январ 2020
2001 йили Муҳаммад Солиҳнинг ҳаётига суиқасд қилишга уриниш бўлади. Бироқ Норвегия ҳукумати ва Солиҳнинг дўстлари саъй-ҳаракатлари билан бунинг олди ...
21 май 2016
Ўзбек расмийлари миллий тил ривожи ва рағбатини ҳукумат фармонлари, қарорлари билан очилган университет ва унинг таркибида очилган ўзбек тили ...
Блоглар
10 май 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов кластерлар ...
6 май 2021
1881 йилнинг 6 майида Михаил Скобелев бошчилигидаги рус колонизаторлари Хива хонлигига қарашли Ахалтака вилоятини оккупация ...
29 апрел 2021
Феминизм дея оғизларингнинг икки четида тупук ялтираб тиржаясизлар, ўзларингча иякларингни кўтариб киноя қиласизлар, гўё бизнинг ...