Асосий мавзулар
15 феврал 2016

Маддоҳлик учун грантлар, ўзбек модели ва чироқларни ўчириш тартиби

Бугунги ўзбек газеталари ҳам суви кўпу кўмири оз мақолаларга тўла бўлди. Ажнабийлар тилидан гапираётган «Халқ сўзи»га кўра, Ўзбекистон «дунёдаги ривожланаётган беш давлатнинг бири». Лекин газета чироқлари муттасил ўчириладиган, ҳукумат миллиардлари режимни мадҳ қилиш учун ажратиладиган, оналар эса туққан чақалоқларини сотадиган давлат қандай қилиб бундай юксак мақомга эришгани ҳақида лом-мим демайди.

Ажнабийларни ҳам ўзбекдай гапиртираётган “Жаҳон”

“Жаҳон” ахборот агентлигининг “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган мақоласи Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида президент И.Каримовнинг Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузаси юзасидан бўлиб ўтган давра суҳбати тўғрисидадир. Тадбирда Бельгиянинг расмий, ишбилармон, илмий ҳамда жамоатчилик доиралари, бу ердаги дипломатик миссиялар, Европарламент вакиллари ҳам иштирок этгани айтилган “Ўзбекистон дунёда энг тез ривожланаётган бешта мамлакатдан биридир” сарлавҳали мақолада бир қанча хорижий арбобларнинг фикр-мулоҳазаси келтирилган. Хусусан, Европарламент маслаҳатчиси Франк Швальба-Хот “ўзбек модели иқтисодиётни модернизациялаш, саноатни диверсификациялаш, юқори технологияларга асосланган тармоқларни ривожлантириш йўлини тутиш нуқтаи назаридан кўпгина давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин”лигини айтган. Бу фикр-мулоҳазаларни ўқиб, хорижликлар ҳам худди ўзбеклардай гапирар экан, деган хаёл ўтади кўнгилдан. Уларни шундай гапиртираётган “Жаҳон”га ҳам қойил, дегингиз келади.

Демократик кучлар блокининг бошқотирмаси

“XXI аср” газетаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Демократик кучлар блоки “Меҳнатни муҳокама қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилгани тўғрисида мақола эълон қилди. Мақолада бу блок қонун лойиҳасининг қандай конкрет моддалари тўғрисида гаплашгани, қандай таклиф ва тавсиялар бергани ҳақида ҳеч гап йўқ. Лекин мақола сўнггида блок айнан таклиф ва тавсияларни масъул қўмитага киритиш тўғрисида қарор қабул қилгани айтилган. Хуллас, мақоладан Ўзбекистон парламентида ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари иштирокида тузилган Демократик кучлар блоки борлигидан бошқа бирор маълумот оламан деган одамни ечими йўқ бошқотирмани ечишга бел боғлаган чапанига қиёслаш керак бўлади.

Ҳамду сано учун НТТларга 11 миллиард сўм

Жорий йилда нодавлат нотижорат ташкилотлар лойиҳа ва мақсадларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 11 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади. Бу ҳақда хабар берган “Жамият” газетасининг ёзишича, йил давомида 6 та асосий мавзу ва 62 дан ортиқ устивор йўналишда давлат гранти танловларини ўтказиш режалаштирилган. Ўзбекистонда НТТларнинг бугунги кундаги аҳволидан келиб чиқиб, бу маблағлар ҳам ҳукумат юритаётган ҳар қандай сиёсатни дастаклаш учун ишлатилади, деган мулоҳазага бориш мумкин.

Чироқни ўчириш тартиби

аҳоли билан келишилиши керак. Йўғ-эй! “Адолат кўзгуси” газетасининг ёзишича, Ўзбекистонда мавжуд тартибга кўра, электр энергиясини чеклашда истеъмолчилар билан ҳам ўзаро келишилиши ва зарур пайтда узилишлар ҳақида огоҳлантирилиши керак. Газета агар электр таъминоти бўйича сифатсиз хизмат кўрсатиш, мавжуд узилишлар натижасида фуқарога зарар етса, етказилган моддий ва маънавий зарарни тегишли тартибда ундириш мумкинлигини маълум қилади. Бунда фуқаролар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиши кераклиги айтилган. Маоши ҳисобидан мажбуран ундириладиган электр ҳақини ортиғи билан тўлаб қўйган Ўзбекистоннинг юз минглаб, балки миллионлаб фуқароси кунига бир неча соатгина чироқ ёнишига зор бўлиб турган шу кунларда биров бундай мурожаатлар иш беришига ишонармикин?! Аҳолини электр узилиши ҳақида огоҳлантирган электр таъминоти корхонасини биладиган бирор киши бормикин ўзи?!

Бир ярим миллион сўмлик чақалоқ

“Куч – адолатда” газетасида ёзилишича, узоқ йиллар фарзанд кўрмаган аёл ой-куни яқинлашганда туғруқхонага олиб келинган. Лекин жарроҳлик йўли билан дунёга келган фарзанд кўп ўтмай нобуд бўлган. Аёлнинг ўзи ҳам оғир аҳволда анча вақт шу ерда даволанган. Фарзанди нобуд бўлганидан бехабар аёлнинг Маъмура исмли опаси унга билдирмасдан бошқа чақалоқ излашга тушган. Бошқа тумандаги бир туғруқхонада кўзи ёриган, фарзандини бировга асраб олиш учун беришга рози бўлган касалманд аёлга чақалоқ ва туғруқхонадаги дори-дармон харажатлари учун 1,5 миллион сўм берган. Газета ушбу жиноят одам савдоси ўлароқ малакаланиб, айбланувчилар қилмишига яраша жазо олганини маълум қилган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 ноябр 2022
Рассом Туз: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.Матчон Суқилиш: Ничиксизла мўччи ойбика ҳам ...
6 январ 2021
Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов ташқи қарзларнинг доимий ўсиб бораётгани боис Ўзбекистон иқтисодиёти аҳволи жуда хавотирли ...
12 июл 2016
У 16 йил фермерлик қилди. Отасининг ҳам суяги далада қотган, қирқ йил давомида пахта етиштириш билан шуғулланган. Аввал отасига, ...
18 май 2021
Рассом Кирпи
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...