Асосий мавзулар
13 феврал 2019

Солиқ ва тўловларнинг оширилиши кичик саноат эгаларини боши берк кўчага киритди

Ҳукумат тили билан тадбиркорлик ривожи учун турли имтиёзлар ва енгилликлар берилаётганини овоза қилаётган бир пайтда қўли билан ишбилармонларнинг бўғзидан олаётгандек таассурот уйғонмоқда.

Бугун Ўзбекистон тараққиётининг локомотивлари бўлиши ният қилинган кичик саноат зоналари (КСЗ) тақдири бундай хаёлга бориш учун барча асослар борлигини кўрсатаётир.

Гап шундаки, давлат кўчмас мулкларидан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг оширилиши КСЗларда жойлашган корхоналарни боши берк кўчага киритиб қўйди.

Масалан, Тошкент шаҳри ҳокимлиги бундай тўловлар миқдорини 70 фоиз қимматлаштирди ва буни бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш, дея изоҳлади.

Бундан ташқари, КСЗлардаги корхоналарга хизмат кўрсатадиган дирекциялар ҳам ўз хизматлари ҳақини 500 (!) фоиз оширгани маълум бўлди.

Бунга сабаб эса яна тадбиркорликни ривожлантиришни байроқ қилиб олган ҳукуматнинг ўзига бориб тақалади.

Чунки дирекциялар ер солиғи, мулк солиғи, сув солиғи, ҚҚС тўловчисига айлантирилган. Натижада унинг харажатлари ошиб кетган. Бу харажатларни эса кўрсатилаётган хизматлар ҳақини оширмасдан қоплаб бўлмайди.

Акс ҳолда дирекцияларнинг ўзлари банкрот бўлади.

Натижада, ўрисча айтганда, “замкнутый круг”, яъни бошни ёпаман деса оёқ, оёқни ёпаман деса бош очилиб қоладиган ҳолат юзага келган. Охир-оқибат товон тўлаш яна тадбиркорнинг гарданига тушмоқда.

Бундан аввалроқ, янги йилдан бошлаб ҳукумат пул айланмаси бир миллиард сўмдан ортиқ корхоналар учун 20 фоиз ҚҚС тўловини жорий этган эди.

Ўшандаёқ мустақил таҳлилчилар бундай катта миқдордаги тўловнинг жорий этилиши барибир нархлар ошишига, корхоналарнинг эса ўз тушумини камайтириб кўрсатишига интилишига, оқибатда яширин иқтисодиёт улуши янада кўпайишига олиб келишини таъкидлаганди.

Бугун мамлакатда айнан шундай ҳолат кузатилмоқда. Айрим мева-сабзавотлар нархи тушаётган бўлса-да, саноат маҳсулотлари муттасил қимматлашишда давом этаётир.

“Ҳукуматда ўтирадиган иқтисодчилар нимани ўйлаётганига ҳам ҳайрон қоласан. Ахир бозор иқтисодиётига ўтиш дегани тадбиркорни талаш дегани бўлмаса керак”, дейди “Элтуз” билан суҳбатлашган тадбиркорлардан бири.

Бу ёқда эса Тошкент шаҳри ҳокимлиги давлат мулки ижарасидан тушадиган даромад “инвестиция муҳитини ривожлантиришга хизмат қилиши” ҳақида сафсата сотаётир.

Ўзини энди ўнглай деяётган, ҳали тўла қудратга тўлмаган тадбиркорни турли тўловлар юки остига ташлаш қачон ва қаерда инвестиция муҳитини яхшилаган эди, буни исботлаб беринг, дейдиган мард йўқ.

Иқтисодиётдаги шаффофликни оширишга ҳаракат қилинаётган бир пайтда дунёдаги энг катталардан бири бўлган ҚҚС фоизини ўрнатиш қозиғи ечилмаган эшакни юрмагани учун калтаклашдек гап-ку.

Иқтисодиётдаги “ўйин қоидалари”нинг бунчалик тез ва кескин, яна тадбиркорлар зарарига ўзгариб бориши ўз тараққиётининг янги босқичини бошлаганини эълон қилган Ўзбекистон учун кутилган натижаларни бермаслигини тайин.

Биз 25 йил давомида “тинимсиз, ҳатто дунёнинг энг олди иқтисодиётларини ҳам ортда қолдириб ўсиб” келдик. Бугун кўриняптики, тараққиётнинг “ўзбек модели самараси” бўлган бу “ўсиш” асло мамлакат иқтисодиётига эмас, балки ҳукуматга яқин доираларнинг даромадларига тааллуқли экан.

Битта хатони иккинчи марта ҳам такрорламаслик даражасига ҳали етиб келмадик шекилли.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 октябр 2024
Азиз ва мукаррам, қадрли ва меҳрибон, кўзи қора, қоши қора юртдошларим мана хапта айланиб сиз билан юзма юз, бетма ...
24 январ 2024
Журналистика факультети ректори Шерзод Қудратхўжа русларга қадар ўзбек миллати ва давлатчилиги йўқ деб чиққан рус шовинисти Смолиннинг иддаоларига қарши ...
14 ноябр 2019
Кеча Лоланинг клипидан сўнг қўштирноқ ичидаги «маънавият» яна долзарб мавзуга айланди. Кўпчилик Лоланинг «исён»ини олқишлаган бўлса, маънавиятчи ва радикаллар, ...
13 сентябр 2017
Сирдарё вилоятининг Сайҳунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев калтаклаган мактаб директорларидан бири «Элтуз» нашрига интервью берди. Унинг сўзларига кўра, муштумзўр ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...