Cатира
10 май 2019

РТдан ваъз: «Оғзи қийшиқ бўлсаям, бойнинг боласи…»

Магнитни биринчи марта ушлаб кўрганимда, бир томони тортиши ва яна бир томони ўзидан итаришини ўзим учун кашф қилган эдим. Оддий физика ҳодисаси-ю, аммо фалсафий фикрларга хамиртуруш бўладиган ҳолат.

Масалан, Михаил Саакашвили Грузияга президент бўлишидан олдин Гуржистон МДҲдаги ўғрибошилар макони эди. Саакашвили келиши билан ўғрилар мингга қўйиб қочди.

Албатта, Миша уларни бир муддат қамаб, халқдан ўмарган мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилди.

Саакашвилининг магнитига ўғрилар тескари эди. Ўзбекистонда бундан икки йил олдин Мирзиëев ўзини раҳбар деб эълон қилганидан кейин МДҲдаги ўғри зоти борки, қора тортиб келаверди.

Қамоқдаги ўғрилар ҳам чиқарворилди. Ашулачи Озоданинг уйида сходка ҳам ўтказворишди.

Ўғрилар келиши билан машина ўғирлаш кўпайди. Кунора угон. Бизнесменларга ўлпон солиш яна бошланди.

Энг даҳшатлиси, милиса, суд ва прокуратуранинг ўзи асосий ўғрибошига айланди. Масалан, Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Мирзо Улуғбек тумани бўлими катта терговчиси туркиялик бизнесмендан 47 минг доллар пора олди.

«Тўйим бўляпти, чиқим кўпайди», деб канадек сўришга ўтди бу куëвбола. У 15 йилга қамалди. Аммо эрта-индин амнистияга тушиб, қамоқдан чиқиб келса ҳам ажабланмайман.

Юридик коллеж талабасини уриб ўлдирган қотил қамалувди, эсингизда бўлса. Ҳозир ўша қотил ярим йил ҳам қамоқда ўтирмай чиқиб келди.

Бу прокурор қадим замонда эмас, бугун, шу Мирзиëев замонида бетини без қилиб инвестордан ўлпон сўраяпти.

Бош вазир ўринбосари Суҳроб Холмуродовнинг ҳам, Сурхондарëнинг собиқ ашулачи ҳокими Баҳодир Пўлатовнинг ҳам иши терговда. Таъмагирлик. Ўғирлик. Олий суд раиси ўринбосари Деҳқонов эса қотилликда айбланмоқда.

Анови… магнит ҳақидаги гапдан бошловдим.

Мирзиëев магнити ўғри каззоб ва қотилларни ўзига тортди. Энди Мирзиëев магнитига тескари жараëн ҳам бор.

Шу кунларда натижаси эълон қилинган АҚШнинг грин кард лотереясига икки миллион ўзбек ариза топшириб, дунëда иккинчи ўринни эгаллади. Юнусободдаги АҚШ элчихонаси олдида турган километрлик навбатни кўрган одам буларнинг уйидан илон чиқдими, демайдими?

Мамлакатнинг ярми Америкага сурмоқчи. Дарвоқе, грин кард ютиб, АҚШга сураëтганлар ичида наманганлик депутат тоға ҳам бор экан. Бу депутат «Ўзбекистонни севаман!» деб бақиравериб овози бўғилиб қолган эди.

Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида гапирадиганлардан бири Бухоро вилояти ҳокими жаноб Барноев 9 май куни қизил шапкача кийволиб «катюша» айтди. Советни соғиниб, ароқ сипқорди. Бу миллат хоини ўтган йили рус шовинисти Жириновский оëғи остига қўй сўйган эди.

Умуман, бу қавм тарвузга ўхшайди. Ташқариси яшил, ичи эса қип қизил. 9 май куни советни соғиниб ирғишлаëтган оломоннинг 20 та вакили бундан бир ҳафта олдин ўрис тили давлат тили бўлсин, деб ғингшиган эди.

Телевизорни ëқсам Мирзиëев машварат қиляпти. Ҳойнаҳой тилимиз ҳақида қайғуряпти десам, заргарликни ривожлантириш ҳақида селектор ўтказаëтган экан.

Зар қадрини заргар билар, чилангар нени билар. Аммо Мирзиëев заргар ҳам, чилангар ҳам эмас. Савдогар ҳам. Агар савдогар бўлганида, халқ пулига қурилган, энг камтар нархда ҳам 200 миллион доллардан кам нархланмайдиган Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводини Индонезияда ишлаëтган бир фирибгар ўзбекка 15 баравар арзонга сотармиди.

Фақат Ўзбекистонда шундай мўъжиза бўлиши мумкин, Мирзиëев Ўзбекистонида.

Ваъзингизда бирор ижобий гап йўқми, деб сўрарсиз. Албатта, бор яхши хабар. Органда ишлайдиганлар учун яхши хабар.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 6 май куни имзолаган қарорга кўра, ички ишлар органлари ходимлари фарзандлари мамлакат олий ўқув юртларига имтиҳонсиз ўқишга киради.

Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси ходимларига берилган бундай имтиёз, айни пайтда прокуратура ва ДХХга тааллуқли эмас.

Низомда ўқишга кирадиган орган ходимлари фарзандларининг билим савияси қайси андазада баҳоланиши ҳақида гап йўқ.

Иккичими, саводсизми, барибир. Оғзи қийшиқ бўлса ҳам милисанинг боласи ўқишга киради.

Мамлакатда орган ходимининг сони бир миллиондан ошар экан. Майли, бир миллион дейлик. Уларнинг олтитадан боласи бўлса – 6 миллионтасига талаба билети берадими?

Бундан ташқари, Зулфиячи қизлар ҳам имтиҳонсиз талаба бўлади.

Яна хушхабар. Сўнгги олти ой ичида беш юзта она учтадан туғибди. Бу эгизларни тортиб чиқараëтган магнитнинг исми «Малибу» автомобили эканини физиклар аниқлашди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Видео: https://youtu.be/oMGFZLjLidU

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 март 2020
Ўтган ҳафта охирида Тошкентдаги жиноят доираларида “Қора” ва “Граф” лақаблари билан танилган йирик тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг жияни Равшан Муҳиддиновнинг ...
8 апрел 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми. Боши «Элтуз»нинг «Императив» рукнида. Давоми бор.) «Ёшулличилар»нинг ҳаммасини ҳам Нурали Қобул каби ...
5 январ 2023
Ўзбекистон Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашиджон Қодиров Зангиота қамоқхонасидан озодликка чиққани ҳақида Элтузга бир-биридан мустақил манбалар ҳабар берди. ...
13 сентябр 2018
«Би Би Си»нинг Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматидан иқтибос келтириб ёзишича, собиқ бош прокурор Рашид Қодиров устидан суд бошлангани ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...