Асосий мавзулар
15 июн 2019

РТдан ваъз: Милисани урманг, у ҳам одам боласи

Мана, ҳафта айланиб, сиз билан яна  юзлашдик. Бу ҳафта ҳам воқеаларга бой бўлди.

Халқ банкининг Фарғона вилояти Ёзёвон тумани филиали бошқарувчиси банк сейфидан 100 минг долларни ўмарди. Бошқарувчи қамағда.

Тошкент тимсоли бўлган фонтан Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилди.

– Декабрда фонтанни оттириб берамиз,- деди ҳоким.

Чирчиқдаги дўкон олдида 48 яшар йигит  54 ёшли ҳамшаҳарини уриб ўлдирди. Ҳамшаҳар гўрда.

Ўзбекистон президентидан ҳам қудратли амалдор Рустам Расулевич Иноятов Чехиянинг Карлови Вари курортида даволаниб, Москвага учиб кетди. Карлови вари сувлари шифобахш.

Чет эллик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Стив Свердлов Тошкентда Алламжонов билан учрашувидан сўнг отелда унинг олдига келган аллакимлар уни видеога тушириб, «нима учун Ўзбекистоннинг мусаффо осмонини мақтамаслиги»ни сўради. Свердлов шокда.

Болани мактабга 6 ёшдан бериш учун пул тўланадиган бўлди. Бойлар хурсанд.

Чехия ва Туркияда икки ўзбек ватандоши ўлди. Бирининг бошига бетон тушди, бири эса мотоциклда авария бўлди. Элчихона жасадларни Ўзбекистонга жўнатди.

Ўзбекистоннинг бош мулласи Маданият вазирлигига оид 700 йиллик қадимий дарахтни йўқ қилишга буюрди. Дарахт ëқилди.

Шу ҳафта милисаларни уриб ташлашгани билан эсда қолди.
Жиззахда ҳайдовчи ўзини тўхтатган ГАИ  ходимини дўппослаб, уриб-уриб ташлади.

Раҳмсизларча калтаклади. Бундан олдин қашқадарëлик ИИБ ходимини битта яланғоч одам  роса тепкилаган эди.

Нимага урамиз бечора милисаларни? Ўша милисани ўрнида акамиз ë укамиз бўлса-чи? Бу бечора ўзбек милисалари ҳақида латифаларни эшитиб ҳам одам кулиш ўрнига йиғлагиси келади.

Хуллас, мелиса бошлиғи дўзахга тушиб қолибди. У дўзах назоратчисидан:

«Рухсат бер, бир ерга қўнғироқ қилиб олай», деб илтимос қилибди. Нозир рози бўлибди.

Мелиса бошлиғи ишхонасига қўнғироқ қилиб, терговчилари, уларнинг иш юритувидаги “дело”лар, 364-моддага асосан тўхтатилган жиноят ишлари, янги юборилаётган жадваллар, давомат, баённомалар, журналлар, маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр учрашувлар, стажёрларнинг иш режаси, қонун ва кодексларга янги ўзгаришлар киритиб борилаётгани, судга юборилаётган жиноят ишлари, юқори идораларга ҳисоботлар, сектор фаолияти, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ” ва бошқа давлат дастурлари бўйича ташкил этилган штаблар, қишлоқ хўжалиги ишлари аҳволи, буғдой режаси, чигит экиш учун ер тайёрлаш каби масалаларни суриштирибди. Узундан-узоқ суҳбатни тугатиб, гўшакни қўйибди.
Сўнг қалтираб дўзах нозиридан:

– Мендан қанча бўлди? – деб сўрабди. 
– Бепул, – дея жавоб берибди нозир. – Дўзахдан дўзахга қўнғироқ қилиш бепул, тармоқ ичидаги сўзлашув-ку бу!..

Бу қиссадан икки ҳисса бор. Бугунги Ўзбекистондаги аҳвол милисалар учун ҳам, оддий халқ учун ҳам жаҳаннам. Қолаверса, милиса бўлмаса, вилоятдан келганларни Токент шаҳрида ким сўроқ-савол қилади?

Тошкент шаҳри ИИББ масъули Қудрат Йўлдошевинг айтишича, шаҳар миқёсида Ўзбекистоннинг паспорт-виза қоидаларини бузган жами 586 минг 351 ватандоши аниқланган.

Уларнинг 120 минги айнан турган жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтмай яшаётганлардир. 

Савол: Тошкент чет элми? Нега Ўзбекистон ватандоши ўз бошкентида эркин юра олмайди?

Таклиф: «Прописка» деган фитнанинг мамлакат яхлитлигига қарши жиноят экани фош қилиниб, тезда йўқ қилинсин.

Бу прописка тизимидан ўзига чўнтак ясаб олган мулозимлар 159-модда билан қамалиб, ўзи ва қариндошларининг мол-мулки мусодара қилинсин.

Талаб қатъий – шикоятга ўрин йўқ. Мамлакат тақдири ва унинг бутунлиги картага тикилган.

Йўқолсин прописка!

Ўзбекистонда ҳамма бирдай ëмон яшаяпти,  барча камбағал, десак хатога йўл қўйган бўламиз. Масалан, ҳокимлар бой яшар экан.

Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметовнинг хонадонига тушган ўғри ушланди. Пачка -пачка доллар ва бир қопга сиғадиган олтин буюмларни ўғирлаганини ўғри тан олди.

Фақат ойлик олиб ишлайдиган Сарвар Маҳаметовнинг уйида килолаб олтин ва миллион доллар нима қилади, деган савол очиқ қолди.

Тўғри, жабрланувчи, Чилонзор ҳокими Сарвар Маҳаметов 2010-2016 йилларда Бектемир тумани ҳокими, 2016-2018 йилларда Яккасарой тумани ҳокими сифатида ҳам ишлаб, ойига 200- 300 долларга тенг ойлик олиб турган.

Аммо санаб чиқсам, Маҳаметовнинг сўнгги 10 йилда олган ойлиги ҳам миллион долларга етмади. Олдинроқ қамалган Юнусобод тумани ҳокими ишкопидан 400 минг доллар чиққан эди.

Самарқанднинг собиқ ҳокими сейфидан ҳам миллон чиқувди.

Бўл-бўл, ҳоким бўл экан. Ҳеч бўлмаса, пулдан камчилик бўлмайди. Аммо бу миллион доллар пул қандай қилиб ва қайси йўл билан ҳокимнинг чўнтагида пайдо бўлишини тушунмадим. Балки бу пул Халқ банкининг Фарғона вилояти Ёзёвон тумани филиалидан ўғирлангандир. Валлоҳи аълам.

Дарвоқе, Ички ишлар вазирлиги кундуз куни ëқилмаган фаралар бўйича тўланган жарималар қайтарилмайди, деди. Рози бўпқўёраслар.

Яна нима десам экан. Ҳаммасини ўзларингиз кўриб турибсизлар.  Ривоят эса будир:

Бир одам қорни оғриб табиб олдига келибди.

– «Вой ўламан, эй табиб, мени қутқар бу дарддан»,- деди бемор.
Табиб бемордан нима еганини сўрабди.

– Мен новвойман. Ҳар куни нон ëпиб сотаман. Куйиб қолган нонларни ўзим ейман,- дебди бемор.

Табиб ўз шогирдидан кўз оғриғига даво бўладиган дори келтиришни сўради. 

Новвой таажжубланиб: «Сен менинг устимдан куляпсанми? Менинг қорним оғрияпти, кўзим эмас», деди. Табиб унга қараб: «Нега кўзинг соғ бўлса, куйган нон ейсан»,  деб дакки берди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Видео: https://youtu.be/jaYmTNkWiFQ

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 июн 2019
Президент матбуот хизмати 20 июнь куни бош прокурор Отабек Муродовнинг ишдан олингани, унинг ўрнига илгари Сенат раиси бўлган Ниғматулла ...
2 декабр 2021
1 декабрдан 2 декабрга ўтар кечаси Урганчда Жалолиддин Мангуберди ҳайкали бузиб ташланди. Ҳайкал бадиий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон халқ ...
14 ноябр 2017
2017 йилда Ғарб давлатларида ўзбекистонликлар томонидан содир этилган туркум терактлар ўзбекларнинг радикаллашуви муаммосига эътибор қаратди. «31 октябрда Нью-Йоркда пиёдаларни ...
9 август 2018
Айни пайтда Тошкент архитектура-қурилиш институти олдидаги чинорларнинг бир нечаси ҳам туман ободонлаштириш идораси томонидан кесиб ташланган. Рассом Туз 2015 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...