Асосий мавзулар
11 октябр 2019

РТдан ваъз: Тошкентда ўзбекларга текин уй бериладими?

Кўзимни очсам, БМТ анжуманида ўтирибман. Олдимда Ўзбекистон байроғи. Бўйнимга осилган бейжикни айлантириб қарасам, Ўзбекистон вакили эмишман.

Аммо ўтмиш билан бугун ўртасини боғлай олмаëтган эдим. Қандай қилиб Ўзбекистондаги харобада яшайдиган, мен каби жулдурвоқи бирдан улуғ бир анжуманда келажаги буюк давлатни тамсил қилмоқда?

Ë кечаги «день рождения»да ичиб маст бўлиб қолган БМТ вакилининг ўрнига янглишиб мени самолётга ўтқизворишдими? Анави кинодагидек.

Хуллас, нима бўлса бўлсин, ватаним юзини ерга қаратмайман. «Бизга дунë ҳавас қилади!» дея ролга киришиб кетдим.

Кейин бир тўда одам мени ўраб олиб саволга тута бошлади. “Мамлакатингиз қашшоқми?” деди бир кўзойнак таққани.

“Йўқ, боймиз, осмонимиз мусаффо, юксак маънавият – енгилмас куч”, дедим.

“Сизда ўртача ойликка нисбат қилганда, автомашина қимматми”, деди яна бириси. “Йўқ”, дедим. “Истаган фаррош 4 ой ишласа, пули битта «Каптива»га етади”, дедим.

«Истаса машинани салондан текин миниб кетади, ойлигидан 0,004 фоиз ойма-ой тўлаб юраверади”, дедим.

“Тошкентда уй қимматми”, дейишди. “Текин”, дедим. “Давлат ҳар бир одамга икки қаватли, балкони боққа қараган намунали уй қуриб беради”, дедим.

“Фақат иримига калитнинг пулини тўлайсиз, 50 цент”, дедим.

Битта кал одам, Испаниядан бўлса керак, “Эй, мамма мия!” деб ҳасаддан кал бошига шаппатлади. Африканинг Сўмалисидан келганлар ҳушидан кетиб қолди. БМТ биносидан тўғри 17 горбаннисага скорий опкетди уларни.

“Бюджетдан ойлик оладиганларнинг маошини виртуал корзинкага соберинг”, деб қўлимга дижитал қалам беришди.

Экранда корзинка ва нозу неъматлар акс этганди. Виртуал нозу неъматларни ликкилатиб корзинкага солиб, ойлик маошининг харид қудратини намойиш қилишим керак эди.

“Масалан, ўқитувчини олсак, дейлик полний ставкада ҳафтасига 18 соат дарс берадиган математика муаллими. Унинг оладиган ойлигини Х деб оламиз. Бу муаллим ҳар куни қази ейди», деб саватчага 30 палка қази ташадим.

Кейин «Бу муаллим ҳар куни қўй гўштидан овқат дейди», дея 30 кило қўй гўштини ҳам саватга ташадим. Балиқ, товуқ гўштларидан ҳам ташладим, 40 килога яқин.

Тухум, творог, қаймоқ, сметана, пишлоқ, бол, қуйруқ, зайтун ëғи, зиғир ëғи, пальма ëғигача ташадим, ойига 60 литрча. Икки қоп қозоқ уни, бир қоп шакар, картошка-пиëз, бодринг, помидору зираворлар.

БМТдаги кал одам ичи тўлиб тошган корзинкага қўрқув аралаш завқ билан тикилди.

Мен унинг қарашидан «ўқитувчининг саломатлигини ўйлаяптиëв», деб тушундим. Калорияли нарсаларни еб ташаб иссиғи ошмасин, деб лимон, кўк чой каби нарсаларни ҳам виртуал саватга солдим.

Анальгин, пенициллин, лирика, трамадол ва бошқа дориларни ҳам солдим. Энди иссиқ жон, ким билади эртага нима бўлишини?

Бундан ташқари, ўқитувчининг «Каптива»сига қуйиладиган бензин ва бошқа расходларни ҳам қўшдим. Ойда 2 марта балет театрига, 2 марта операга боради ва бир марта Озодбекнинг концертига тушади.

«Фаровон » ресторанида суши ейди, «Катакомба»да увилдириқ…
«Бу харажатларнинг ҳаммаси, Х деб белгилаганимиз, ўқитувчи ойлигининг 30 фоизини ташкил қилади» деворсам, БМТдагилар бир оҳ чекишди.

Кейин биттаси туриб, “Демак Ўзбекистонга моддий ëрдам керак эмас экан-да”, деб қолди.

“Кераги йўқ ëрдамни, силарга ўлигимизни ташамаймиз. Шукур, осмонимиз мусаффо, маънавиятимиз шаффоф”, дедим.

Шу пайт бир кўзойнакли чиқиб, “Бўлмаса нега 20 миллиард қарз олган президентларингиз емаябди, яна беринг дея моддий ëрдам сўраб хат ëзди”, деганида қовун туширганимни билиб қолдим.

“Аслида-ку, ўқитувчининг ойлиги унчалик ҳам кўп эмас…”, дея хатоимни тўғрилашга урина бошлагандим, яна ўзим яшайдиган тумандаги хароба уйимда пайдо бўлиб қолибман. Чироқ ўчган, газ йўқ.

Эшикни маҳалла раиси тақиллатиб, пахтага чиқмасанг бола пулини кесаман, деб дағдаға қилиб турибди.

У ëғини биласиз. Билмасангиз милисахонада тушунтиришади шоир Маҳмуд Ражабга тушунтиришганидай. Яна ҳам тушунмасангиз, ўзингизни жиннихонада кўрасиз.

Бу матнни турк ëзувчиси Азиз Несиндан илҳомланиб ëздим. Мундоқ қарасам, ўзбек ëзувчиларининг ичида сатира ëзадигани қолмабди.

Мусалло, мадҳия, марсия, мувашшаҳ ва бошқа тарбиявий шиғирларни ëзишади, аммо сира сатира ëзишмайди. Чунки ëзғувчилар ҳукумат охиридан ем ейди. Еган жойга тупурилмайди.

Қолаверса, шоир Анвар Обиджон ëзганидек, мабодо тупуришса, оғзидаги пулга келган нос исроф бўлади.

Азал мағрур туғилғонман, манинг шердек саботим бор,
Жафо кўрсам урурман оҳ, вале молдек бўкирмасман.
Фалак посангиси – танда: бу ёнда дард, у ёнда шавқ,
Бул тарафга қўшмағайман, ул тарафдин ўпирмасман.
Бўлойин мард, келиб жоно мани ўлдирса ўлдирсун,
Севгидан чанг юқибдир, бас, они дилдан супурмасман.
Буюк ишқингга, э Гулмат, у танноз туфлади кетди, Оғизда – пулга келғон нос, шу боис ман тупурмасман.

Қулоғимга наушник тақиб, «Дамас» маршрутка кетяпан (Қўшиқ – «Мен нечун севаман Ўзбекистонни»).

Қўшиқ тугагач, наушникни қулоғимдан олишим билан илк эшитган сўзим нолиш бўлди:
-Қимматчилик.
-Зато осмонимиз мусаппо.
-Минг марта шукур.
-Ану шоирни қамашди.
-Вой бечорагина.
-Зато бизни қамашмади.
-Минг марта шукур.
-Чиқди у. Қамоқдан чиқди шоир.
-Минг марта шукур.
-Блогер қизни жиннихонага тиқишди.
-Зато биз жиннихонада эмасмиз.
-Минг марта шукур.
-Шоир сотиб ташабди ану блогер қизни.
-Минг лаънат унга.
-Блогер қиз мусаппо осмонга шак келтирди.
-Минг лаънат унга ҳам.
-Бечора қизнинг икки гўдаги очмиш.
-Вой бечора. Ўзи қиз яхши-ю, аммо анави шоир ëмон.
-Минг лаънат шоирга. Лекин қизгина увол.
-Зато президентимиз меҳрибон.
-Минг марта шукур.
-Лекин барибир қимматчилик. Қиш келяпти, таппи билан ўтин нархи осмонга чиқди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 май 2020
Сардоба сув омбори ўпирилишидан зарар кўрган аҳоли ҳақида репортаж қилиш учун Сирдарёга борган ЎзА мухбири Анора Содиқова 6 май ...
2 март 2017
Аввалига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси сайтида босилган қуйидаги мақола жуда долзарб бўлгани сабабли мамлакатдаги бир неча норасмий интернет газеталарда, ...
13 октябр 2021
Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг бир гуруҳ фаоллари Буюк Британия ҳукуматини мамлакат фуқароси Муҳаммад Амерсига нисбатан Telia-Takilant келишуви натижасида у эга ...
29 август 2023
Пойтахтнинг кўпқаватли уйларидан бирида қўшнисиникида бўлаётган миллий тўй урф одатларига нафрати жўш урган аёл акс этган видео Элтузга етиб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...