Асосий мавзулар
25 октябр 2019

РТдан ваъз: Қўрқоқнинг қўшиғи

«Отангни онангга бепардоз кўрсатма. Яхшисини ошир – ëмонини яшир. Отангни ўлдирганга онангни бер. Эгилган бошни қилич кесмайди». Бу ўзбек мақоллари миллатнинг синиқ  этнозеҳниятидан дарак беради. Мутелик, очлик, қуллик ва ëлғон устига қурилган зеҳният.

Ҳатто қўрқоқ одамнинг қўшиғи ҳам хосиятсиз бўлади. Марҳум оғамиз Матназар Абдулҳаким ўзининг “Қўрқоқнинг қўшиғи” деган туркумида бугунги манзарани уста рассом каби чизиб кетибди:

«Энг муқаддас байроғимиз пул,
Бу майдонда мен эга — сен қул.
Бу майдонда мен қул – сен эга.
Қашшоқларни эзар бойроқлар,
Кичикларни эзар катталар…»

Қўшиқларга кейин яна тўхталаман. Ҳозир ўша менталитет зиндони ҳақидаги фикримни давом эттирсам.

Ток шоулардан туриб маънавиятли холалар «йиртиқ жинси кийсанг анъанага тўғри келмайди», дейди.

Қаландар Қарноқий, Аваз Ўтар, Бобораҳим Машраб йиртиқ жандаю чакмон кийган. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида эса оналаримиз мини юбка ва лампа шиша соч турмагида юришган. Твист, Жаз ва Шейкка рақс тушишган. Уларнинг кўпи ҳозир двойной ҳожи она.

Менинг катта холам 1981 йилда иккита ойлигини сарфлаб, қизига жинси шим  олиб берган эди. «Монтана» эди ўша жинси иштоннинг номи. Бир кўча бола ҳавас қилганмиз бу шим кийган крутой қизга.

Телевизордан бизга бугун ақл ўргатаëтган маънавиятли  холалар, айтинг, биз қайси анъанага риоя қилайлик? 1991 йилдан нарëғигами? 1924 йилдан нарëғигами. 19-асргами? 

У давр расмларига қарасам, одамлар турлича кийинган. Топганини кийган. Масалан, Ғафур Ғулом асаридаги Қоравой, яъни шум боланинг кийими умуман сиз айтган рамкага тўғри келмайди.

Шум боланинг оëғида урушда ўлган Австрия аскари этигидан қўнжи кесилиб ботинкага айлантирилган пойабзал. Эгнида Пешавордаги ҳиндуларнинг енгсиз тўни. Белида лўлилардан қушга алмашиб олган солдат камари. Бошида яҳудий саррофлари киядиган латта тўппи. Раж Капур ўйнаган “Жаноб 420” фильмининг қаҳрамони аслида шум боладан илҳом олган. Дарвоқе, Раж Капур Пешаворда туғилган.

«Оëғимда япон бошмоқ,
Иштоним инглизтондан,
Бошимда рус шапкаси,
Фақат юрагим Ҳиндистондан.
Қайга бораман, мақсадим не,
Буни  фақат яратган билади…»

1951 йили катта бувиларимиз йиғлаб кўрган бу кино ўзига хос мусиқий клип эди. Шу кунларда хонанда Лола Йўлдошева «Ўзбекконцерт» қўйган маънавий рамкани синдириб, БИТЛЗ гуруҳига ўхшаган тарзда кўчани кесиб ўтди.

“Севгингни  менга айт” клипида шоҳона уйлару «Каптива»лардаги олтин закар бойваччалар  эмас, ғариб ва ҳазун кўзлари билан бизга боққан ватандошларимиз кўринади.

Дарвоқе, бу Тошкент метросида илк марта олинган мусиқий клипдир. Шу пайтгача Тошкент метроси ҳарбий сир каби фотокамералар объективи учун ëпиқ эди. Лола Йўлдошева бу тақиқни ҳам кесиб ўтди. Тасанно клипмейкерлар.

Лола Йўлдошевага клип ясаб берганлар қўшиқ ижтимоий дардларга ҳам ишора қилиши мумкинлигини тушунган. Лоланинг овози йўқлиги эса бошқа масала. Худо бермабди, энди нима қилайлик.  

Ўзбек қўшиқчилиги деганда менинг кўз олдимда гўзал қиз менсимай ташлаб кетган камбағал, қашшоқ ва уқувсиз эркакнинг инғиллаб йиғлаëтгани кўринади. Нега ташлаб кетдинг мен бечорани. Ëр мени ëқдинг, ëндирдинг, жонимда дармон қолмади…

Нега миллат дардини қарсиллатиб айтадиган қўшиқчилар йўқ? Ë миллатнинг дарди йўқми? Фарғона воқеаларида месхети турк аëлларининг тириклай ëқилиши. Нон қимматлагани боис 1992 йили намойишга чиққан талабаларнинг Каримов тарафидан ўққа тутилиши.

1999 йил февралидаги портлаш. 2005 йил 13 майда Андижонда исëн қилганларнинг отилиши. Бу воқеаларни ким қўшиқ қилади? Ким Ўзбекистон ҳақида оғзидан қон туфлаб куйлай олади? Ким?
Икки жума орасида Рамштайнни эшитдим. Кейин клипини кўрдим. “Дойчланд” деган рок баллада.

Бошида бу группа  Rammstein-Flugschau  (Рамштайн флугшоу) «Rammstein-учоқ шоу») деб аталган эди. Улар доимо ижтимоий аҳамиятга эга қўшиқ куйлашади.

Гуруҳ номи ҳам 1988 йилда НАТОнинг Рамштайн авиабазаси узра юз берган авиаҳалокат билан боғлиқ. Ўшанда бир неча учоқ самода сузишиб, 80 киши ўлувди.

Бу сафар Deutschland деган клипда заволли немис тарихи акс этади. Концлагерлар, маҳкумлар, мазлумлар, уринган, суринганлар.

«Германия! Юрагим оташда ëниб кул бўлди.
Фарзандлар  қул, шарафу шавкат бир пул бўлди.
Мен сени севаман ва лаънатлайман,
Германия! Сенинг совуқ нафас олишинг,
Қандай ëш, навқирон ва ўлимтик чол каби қари
Германия!
Такаббур, муғамбир, ҳаммадан олдда,
Ўзингга оласан, бошқага берасан,
Энг сўнгги нонини ўғрига берган,
Аждодлар шонини опичлаб қучиб,
Сен мени ҳайратга соласан.
Ҳужумгга ўтасан қақшатқич!
Германия, Германия, барчадан баланд,
Сарбаланд, энг улуғ, энг буюк… аммо
Кўзларингда ëш… Кўзларимда ëш.
Германия! Сени севиш —
Бу тавқи лаънат ва шараф.
Германия! Севгилим менинг
Қўйнимда, йиғлаган инграб,
Мен сенга қўшилиб йиғлай,
Аммо сени юпатолмайман,
Сенга ҳеч нарса бера олмайман,
Фақат бош эгаман, қайғунгга сўзсиз,
Германия!
Германия! Юрагим оташда ëниб кул бўлди,
Мен сени севаман ва лаънатлайман.
Дойчланд майн ҳерц ин фламмен.

Гапни Капурдан бошладим. У айтган қўшиқда усти-боши юпун халқининг овворалиги акс этади. Рамштайн металл гуруҳи эса Германия дардини достон қилади.

Боя айтганимдек, бизнинг дардимизни ким достон қилади? Ким қўшиқ қўшади? Маънавият рамкасини тутиб, йиртиқ жинси кийма, деганлар буни биладими? Шу кунларда турк қўшиқчиси Умид Ëмон Анқарада ўлган ўзбек қизи Нодира Қодировага атаб қўшиқ айтди.
Анқара жим. Кўчалар жим, Виждонлар сукутда. Ухладингми сен, Нодира? Қани тур ўрнингдан, онанг сени сўради.

Биз айтмаган қўшиқни қардошимиз айтди. Турк қўшиқчиси ҳурматимизни қилиб, Тошкент сукутда, Ўзбекистон соқов демади.
Ўнгга юрма, сўлга юрма. Сиëсатга аралашма. Тақиқланган китобни ўқима. Пул топ. Ота-онамиз айтадиган дийдиë шундан иборат. Бунинг устига, мақол ҳам тайёр: «Орқани қисган бой бўлади». Ëлғон бу. Қул ва мутенинг косаси оқрамайди. Бири икки бўлмайди.

Ҳикоя

Ўзбек болага онаси харжлик дея бир доллар берди. Бола пулни олиб, бир банка қатиқ сотиб олди. Уйдаги совуткичга икки баклашка сувни музлатди. Муз билан қатиқни бир челак сувга аралаштириб, бозорда сотиб, бир долларни ўн доллар қилди. Кечқурун онасига пулнинг ярмини берди.

Ўша куни қозоқ болага онаси харжлик дея бир доллар берди. Бола китоб дўконга бориб, физика ҳақидаги китобчани олди. Пули етмади. Эртага қолганиини обкелиб бераман, деб китобни уйига обкетди.
Орадан 10 йил ўтди. Ўзбек бола ҳануз бозорда айрон сотиб юрибди.
Қозоқ Сан-Франсискодаги силикон водийсида ойига 10 минг доллар ойлик олиб ишламоқда.

Қиссадан ҳисса – охурдаги сомонни эмас, осмондаги лочинни ўйлайлик. Мақсадни катта қилайлик. Олис манзиллару юксак чўққиларни кўзлайлик.
Ерга ëпишган
чирмовуқмиз ҳаммамиз,
Дон таъмамиз, турқи
совуқмиз ҳаммамиз.
Эртанг руҳ қушлари учадир
Биз эса қоламиз,
Чунки товуқмиз ҳаммамиз.

(Паҳлавон Маҳмуд)

Бу гапларни ëзиб ўтириб, олдинги ваъзлар остига қолдирилган изоҳларни ўқидим.  Кўпчилик мени Ўзбекистони қоралаб ҳузур оладиган ëвуз, деб лаънатлабди. Ўз мамлакатини танқид қилиш бизга жадид оталар суннати, деб жавоб ëзиб қўйдим.

Аммо энг оғир ботгани, мени яхши билган эски дўстим мактуб ëзиб, мени бадбинликда айблабди. Мен у дўстимга жавоб мактуби ëздим. Шуни ўқиб берай, бошқа дўстлар ҳам эшитсин.

«Азизим. Бу мактубни сен билдирган эътирозларга жавобан битдим.
Мени дунëга қора кўзойнак билан қарайдиган¸ шум хабарларни тарқатиб, кайф қиладиган бадбин одам, дея таъна қилибсан.
Яна сен мени кишилар бахтиқаролигини бемалол истеҳзо қиладиган циник, дея тамғалабсан.

Мен чизган карикатураларни эса миллатни ошкора масхара қилиш дея биларкансан. Сен мени уруш даврида қора хат тарқатишдан ҳузур оладиган ëвуз почтачига ҳам ўхшатибсан.

Шунча таъналардан кейин ҳам дўст бўлиб қолар экансан, демак ҳали дунëдаги энг ëмон одам эмас эканман. Фақат қора рангларни кўрасан, дебсан. Бу гапинг менга гўзал лутф эгаси Лутфийни эслатди.

Эсингдами, азизим, Лутфий китобининг муқовасини олиб, Донцова китоби устига кийдирганимиз.

Метрода китоб ўқиëтганда одамлар бу Лутфийни ўқир экан, дея ҳурмат ила қарайди, аслида Даря Донцова деган бемазанинг қиссаларини ўқиб ўтирган бўлардим.

Дарвоқе, Лутфийни нега эсладим. Лутфийга таъна қилишади – “қора рангдан бошқасини кўрмайсан”, дея. Лутфий эса оқарган сочига бармоқ ниқтаб “бу оқ ранг-ку”, дейди.

Азизим, докторларнинг айтишича, соч ғам, алам, дард, ҳасрат ва стрессдан оқарар экан. Толибонга асирга тушган бир ўзбекнинг сочи бир кечада оқариб кетган эди.

Азизим, Лутфийни оригиналда тушунадиган қадар закийсан.
Шу боис ундан директ-квот келтирсам.

«Қароликдан бошқа ранг йўқ дер эрсанг
Қаро сочим оқарди бу қаëндин?

Сенинг изнинг билан бу мактубни конвертдан чиқариб, айвон тўсинига мих билан қоқиб қўяман.

Барча ўқисин. Чунки мени бадбинликда айблаëтган биргина сен эмассан.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
14 июн 2023
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 14 июнь куни соат 9:50 да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Астробод” кўчасида жойлашган мис қувурлари ишлаб ...
4 март 2022
Баҳор келса, ўртоқлар, уйғонади ўтлоқлар. Мана ўлмаган қул баҳорга ҳам етдик. Оғзимиз кўкка тегадиган бўлди. Кўк барак, кўк сомса. ...
4 октябр 2016
Яқинда ҳаммаси зўр бўлади! Сизга раҳмат, Шавкат ака! Ўзбек интернет сегментида келгусидаги ижобий ўзгаришлар ва уларга янги ҳукумат эришиши ...
17 март 2017
Сиёсатшунос Баҳодир Файз бугунги Туркия муаммолари ҳақидаги фикрларини Элтуз ўқувчилари билан баҳам кўради. Youtube: https://youtu.be/QEWknveLhXY Soundcloud: https://soundcloud.com/eltuz/erdon-turkiyasi-markaziy-osiyoga-rnak-emas
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...