Асосий мавзулар
17 январ 2020

РТдан ваъз: Ўйчи ўйлагунча тентак сув кечмасин

Биров бир нима деса, дарров лаққа тушма. Кишининг гапига қулоқ сол, аммо билганингдан қолма. Етти ўлчаб бир кес. Бу мақоллар тагидаги маъно «танқидий тафаккур» деган икки жумлага жо бўлади.

Кўраëтганингиз буюк француз ҳайкалтароши Огюст Роден  (Огю́ст Рене́ Роде́н) ясаган ҳайкал. Тарих китобларида бу ҳайкал номи “Мутаффаккир” дея келтирилади. Мен уни “Ўйчи” дея атаган бўлардим. Ўйчи ўйлагунча тентак дарëдан ўтибди, деган гап бор. Бугунги мавзумиз тентаклар ҳақида эмас, ўйчилар борасида. Ўйлаб-ўйлаб қаловини топган экан, қор ҳам ëнибди, дейишади-ку.

Хўш, танқидий тафаккур нима ўзи?

Инглизча Critical thinking мазмуни мантиқий мушоҳада ҳам дейилади. Абсолют ҳақиқат пуч гап эканлигини инобатга олган ҳолда танқидий тафаккур ҳақида икки оғиз гапирсам.

Танқидий фикрлайдиган одам ҳамма нарсани танқид қиладиган (мусаппо осмонди кўралмийдиғон) зот эмас.

Танқидий тафаккур – бу эшитган гапини таҳлил қилиб, кейин қарор берадиган одам зеҳниятидир.

Бирор ахборотни эшитган заҳоти сиз уни шубҳа остига оласиз ва ички интелектуал багажингиз кўмагида тарозига соласиз.

Танқидий фикрга эга одамлар яшайдиган жамиятда “Аҳмадбой” ëки “Ҳасан табиб” сингари мошенниклар бойиб кетиши қийин бўлади.

Мирзиëев каби популист раҳбарнинг курсида ўтириш имконияти ҳам танқидий тафаккур қиладиганлар кўпчилик бўлган мамлакатда нолга тенглашади.

Танқидий тафаккур қиладиган одам “четга ишга юбораман”, деган лохотронлар тўрига тушмайди.

Каримов мамлакатни бошқарган 27 йил мобайнида ҳеч нарсани ўйламайдиган, “биз билгандик, биз кутгандик”, деб маърашдан бошқани билмайдиган қўйлар суруви етиштирилди.

Мактабда улар миясига “мусаппо осмон” ғояси сингдирилди. Тўй ва азада эса хурофотчи муллаларнинг клерикал булшити билан миянинг бўш қолган қисми тўлдирилди. Бу тўданинг “мия”сидаги суюқликнинг учдан бири “бой оталар” ва “воровские понятия” (яъни ўғри ақидаси ва жиноий тўда адолати) ҳақидаги чўпчак билан заҳарланган.

Айни пайтда жамиятнинг кўпчилиги мияси дунë тамаддуни, юксак санъат асарлари ҳақидаги бошланғич маълумотдан буткул мосуво.

Физика қоидалари ернинг юмалоқ экани, тортиш кучи ëки сиғими борлиги ҳақидаги ибтидоий тушунчалар ҳам йўқ буларнинг миясида.

Навоий вилояти ҳокимининг “Озодлик” радиоси душман” деган гапи ëки мамлакатдаги медиа раҳбари Комил Алламжоновнинг айни мазмундаги алжирашини эсланг. Ëки Ортиқхўжаевнинг қуллар ва қамоқдаги маҳбусларга мажбуран қаздирилган Катта Фарғона каналини олқишлаб гапиргани.

Демак, буларнинг миясида яна бир заҳарли химикат – сталинизм вируси мавжуд.

Бундай “коктейл” тўлдирилган бош чаноқ соҳиблари сони 30 миллиондан кўп эканлигини англашнинг ўзи қўрқинчли.

«Балки чиндан ҳам, файласуфлар айтгандек, инсон дунёни билиб борар. Балки эрталаб тонгда “фалон юлдузда ҳаёт бор”, деган эълон бизни қувонч ларзасига солар.

Биз мўъжизалар кутиб яшаймиз».

Муҳаммад Солиҳ, «Улуғбекнинг бармоғи».

Муҳаммад Солиҳнинг бу мақоласини ўқиганимда шаҳардан олисдаги туман мактабининг тўққизинчи синфида эдим. “Санъат” деган журналда босилган эди мақола. Ўшанда эссе деган жанр борлигини илк бора билгандим. Идрокка хитоб деган тушунча бор, инглизча челенж англамига уйғун. Бу мақола менинг идрокимга хитоб эди. Уни ўқиганимдан кейин совет борлиғига сесканиш билан қарай бошладим. Мақолада тасвирланган болакайнинг ëши ҳам бугун қирққа яқинлашди. Комил оғанинг ўғли Улуғбек. Одатда бу тарз мақолалар мазмуни 40 кунга бормай эскирмоғи лозим эди. Бугун уни қайта ўқиб, ҳануз долзарб эканига амин бўлдим. “Навоийга ўхшаган йигитлар, Нодирага ўхшаган қизлар кўп. Фақат навоийлар ва нодиралар йўқ”, деб афус қилган муаллиф пировардида бешикда ëтган боладан умид қилади. Тўғри маънода бу умид ушалмади. Комил оғанинг ўғли бугун Россияда мардикорлик қилади….

Аммо Умид ҳануз бешикда ëтибди.

Миннатдор ўқувчи сифатида бугун тўққизинчи синфда ўқиëтган ëшларга тавсия қиламан буни ўқишни.

“Инсон дунёни била бориб, мўъжиза оддий нарсага айланади ва … у бўлак ҳайратланмайди».

Аммо Лев Толстой ҳайратланаверади.

У бир куни йўлда қариқиз бутасидаги синган шохчани кўриб таажжубланди, синиқ шохчанинг ҳаёт учун мардона курашини кўриб, шоҳ асарларидан бири — “Ҳожимурод”ни ёзди.

Сиз “Ҳожимурод” қаршисида ҳайрон қолинг, Толстой қандайдир ўсимликнинг синган шохини кўриб, иккинчи Ҳожимуродни тасвирласин.

Чунки у нотаниш қизалоқнинг қинғир-қийшиқ ёзилган мактубини ўқир экан, кўзига ёш оладиган одам, чунки у куз япроғини кўриб, ҳикоя ёзадиган киши. Чунки у одамнинг мавжудотлар ичида энг мукаммали эканини билса ҳам ундан ҳайратланаверади.

Ўз дўстига хат ёза туриб: “Одамлар осиладиган ўша иншоот дор қайси ёғочдан қурилади”, деб ҳайратланади, инсон ўз оғайниси — инсон бўйнига бемалол сиртмоқ ташлаши мумкинлигидан таажжубланади у. 

Чет эл хабарлари: Шинжондаги миллатчилик

Шу ҳафтада ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи нуфузли ташкилот бўлган “Ҳьюман райтс уотч” дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари вазиятига оид ҳисоботини эълон қилди. Бу йилги ҳисоботда ўзбек халқига тили ва маданияти жиҳатидан энг яқин бўлган уйғурларнинг аҳволи ҳақида сўз боради.

Хитойда қатағонлар ҳар қачонгидан юқори ва технологик даражада амалга оширилмоқда. 13 миллион мусулмон (уйғурлар, қозоқлар ва бошқа туркий озчиликлар) яшаётган Шинжонда аҳоли устидан электрон кузатувнинг мисли кўрилмаган даҳшатли тизими ишламоқда.

Буларнинг бари гўёки бир неча йил бурун айирмачилар содир этгани иддао қилинган зўравонликлар такрорланишининг олдини олиш баҳонасида бошланган, аммо бу кейинчалик ҳар қандай ақл бовар қиладиган хавфсизлик қуюшқонидан чиқиб кетган. Миллионлаб амалдорлар ва партия аъзолари мусулмон хонадонларига чақирилмаган «меҳмон» мақомида бориш, баъзан ҳатто тунаб қолишга сафарбар қилинмоқда.

Хитой ҳукумати бутун Шинжонни кузатув камералари билан қамради, уларни қиёфани таниш тизимига улади, «меҳмонлар»нинг кузатуви натижалари ва электрон назорат пунктларига бириктирилган мобил иловалар ишлаб чиқилди.

Олинган электрон маълумотнома асосида “қайта тарбиялаш”нинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор чиқарилади. Сўнгги ўн йилликлар ичида дунё Шинжондаги каби лагерлар тизимини кўрмаган. У ерга номаълум муддатга “сиёсий қайта тарбиялаш” учун туркий миллатга мансуб камида бир миллион мусулмон сургун қилинди. Шу билан бир вақтнинг ўзида «етимлар»ни ғоявий қайта тарбиялашга ихтисослашган болалар уйлари ва интернатлар ҳам ташкил этилди.  Кўринишидан, асосий мақсад мусулмонларни диний ва этник ўзига хослиги ва мустақил сиёсий мавқеидан бутунлай маҳрум қилишдир. Лагердан чиқиш учун сиз хитой тилида гаплашадиган ва “ҳақиқий” хитой каби ўйлайдиган бўлишингиз, яъни ҳеч қандай исломни тан олмаслигингиз ва Хитой Коммунистик партияси раисига чексиз садоқатли шахс эканингизга кураторларни ишонтиришингиз керак.

Хитой пропагандаси ҳатто ўзбек ташвиқотчи журналистларини ҳам ўз домига тортмоқда, улар учун Хитойга сафарлар уюштирмоқда. 2019 йилнинг август ойида «Синхуа янгиликлари нашри Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидовнинг Хитой томони таклифи билан Шинжон-Уйғур автоном туманига ташриф буюргани ҳақида ёзди. Хитойнинг иқтисодий ютуқлари ҳақида ўзининг ҳаяжонли таассуротлари билан ўртоқлашаркан, ўзбекистонлик журналист Муҳаммаджон Обидов: “Дунё ҳамжамияти масалага бир ёқлама ёндашаётган ва юмшоқ қилиб айтганда муаммони нохолис ёритаётган Ғарб оммавий ахборот воситаларининг хулосаларига асосланмаслиги керак. Тараққиёт тинчлик тарафида. Бу Хитойнинг тинчликни таъминлаш йўлидаги танловидир”, дея таъкидларкан, аслида Хитойдаги уйғур қардошларимизга қарши оммавий қатағонни қўллаб-қувватлайди.

Улуғбекнинг бармоғи

Кўрсатув бошида Муҳаммад Солиҳнинг танқидий тафаккур ҳақидаги эссесидан парча келтиргандим. Яна бир узинтига диққатингизни тортсам:

“— Ван Гогнинг “Автопортрет”ига ўхшаб қоптими? Мен эсанкираб қолдим. Фақат саволдан эмас, суратнинг машҳур “Автопортрет”га ўхшаганлигидан ҳам.

Оғайни, сенга фақат рассом Ван Гог эмас, шоир Машраб ҳам, Верлен ва Нервал ҳам ўхшайди, буни билмайсан. Сураткаш сал асбобини бураса, сен Наполеонга ҳам ўхшаб қолишинг мумкин.

Албатта, сен Ван Гогга ўхшаш учун қулоғингни кесиб беришга тайёрсан, мен эса пакана жаҳонгирга ўхшаш орзусида оёғимни кесиб бераман, аммо биз Ван Гогнинг натьюрмортидаги картошка гулини ўз томорқамизда кўрсак ажабланмаймиз ёки мен оқ чодирда ётиб, “Вертер изтироблари”ни етти марта ўқишдан эринаман.

Ошпазга менгзайдиган Суқрот табиатнинг олдида тиз чўкади, ундан ҳайратланади, суқротпешона ошпаз эса табиатга қараб эснайди.

Айтдим-ку, одамлар ўхшаш, деб.

Навоийга ўхшаган йигитлар, Нодирага ўхшаган қизлар кўп. Фақат навоийлар ва нодиралар йўқ.

Барибир, бешигимизда умид ётибди. У бизнинг ягона фарзандимиз. Уни мудҳиш лоқайдликдан сақлай олсак, бас. Унга айтган алламизда ёлғон бўлмаса, бўлди”.

Умид ҳақида энг оптимистик битик ëзган экан Муҳаммад Солиҳ.  Бу битик ëзилганидан 20 йил ўтиб шоир Асқар Маҳкам умидсизлик ҳақида ëзди.

Сен энди нон эмас,

Бир макон тилан.

Эй мулки хомталаш

Эй мулки барбод…

Ватанингни ўлчар

Қадами билан

Сени Ватанингдан ҳайдаган жаллод.

Ернинг тили эди дарёлар ўксук

Уни қонга пишди тирик қўй каби…

Халқнинг ярми қилди жаллодга қуллуқ,

Ярми қочиб кетди орқалаб қабрин,

…Бунча ватан дейсан, эй беватаним…

Бунча ватан дейсан, ватангадойим…

Танқидий тафаккур ҳақида гаплашаëтган эдик.

Танқидий тафаккур қиладиган одам чиқмаган жондан умид қилмайди. Тентаклардан қўлини ювиб қўлтиғига артади. Орзу ва умиднинг илинждан фарқи бор. Инсонни илинж ўлдиради. Яқинда Юлдуз Мажидова деган юртдошим бир ривоятни эслатди:

“Камбағал одам бойнинг қоровули бўлиб ишлайди. Қишнинг қаҳратон кунида бой ишдан қайтиб қоровулига: “Бунча юпун кийиндингиз. Ҳаво совуқ-ку. Ҳозир сизга иссиқ пўстин олиб чиқиб бераман”, дейди. Бой уйга киради, ўз ишлари билан чалғиб, юпун кийинган қоровулни эсидан чиқаради. Эрталаб қараса, қоровул эшик олдида совуқдан тўнгиб, музлаб ўлиб қолган бўлади. Қиссадан ҳисса шуки, бу қоровул бундан олдинги қаҳратон совуқ кунларни ҳам шу юпун йиртиқ кийимида ўтказган. Ҳатто шамолламаган ҳам. Лекин бойнинг унга берган илинжи, саробга айланган умиди уни шу тундаги аëзда музлаб ўлишига сабаб бўлди”.

Нима демоқчиман. Илинж эмас, умид ва орзу қилайлик. Тешик кемани энг биринчи бўлиб каламушлар, энг охирги бўлиб умид тарк қилади. Шунақа гаплар.

1936 йилнинг 14 февралида Ўзбекистон ғарбидаги Урганч шаҳрида туғилган буюк қўшиқчи Анна Герман куйлагани каби “умид бизга йўл кўрсатгувчи компасдир”.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
6 апрел 2017
Шу йилнинг бошида жаҳон экранларига чиққан «Машхурликка йўл» (Sing) фильми катта ва кичик ёшдаги томошабинларнинг назарига тушди. Фильмда, катта ...
11 октябр 2016
Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йилда қурилган, ўтган йилги ëнғин натижасида яроқсиз ҳолга келган “Жўрабек” масжиди “Марҳум Юртбошининг кенжа ...
14 феврал 2017
Тақиқ ва чекловларга қарамасдан ўзбек ëшлари нишонлайдиган «Севишганлар куни» ҳақида мақола ëзган ўзбек журналисти Дармон Ибрагимов бу кунга “байрам ...
29 декабр 2019
“Каримов даврида ҳамма дарахтлар кесилиб кетибди. Ит йилида кесишга арча ҳам қолмабди”. Ўзбекистондаги кўплаб тарихий хиёбонларга қирон келтирган президент ...
Блоглар
17 феврал 2020
Ўзбекистонда тобора оммавийлик касб этаётган, “президент ташаббуси” билан ташкил этилаётган кластерлар пахтани қўшиб ёзишнинг олдинги ...
13 феврал 2020
Сиёсатшунос Рафиқ Сайфулин Ислом Каримов режимининг етакчи тарғиботчиларидан бири эди. Бугун у ватанга хоинликда айбланяпти.  ...
6 феврал 2020
Марказий Осиё давлатларига паст назар билан қарашини яширмайдиган Россия либерал демократик партияси лидери Владимир Жириновский ...