UzPoster
21 феврал 2020

РТдан ваъз: Прокуратура олдида ўзини ëққан аëл

Карамзин деган рус ëзувчидан “Россия амалдорлари нима қиляпти?” деб сўрашса, “Ўғирлаяпти”, деганди. Мендан ўзбек амалдорлари нима қиляпти, деб сўрасангиз, “ўғирлаяпти баччағарлар”, дейман шартта. 

Бу худди инқилоб арафасидаги олган ололоқники деган талвасага менгзайди. 

Бундай анархия январь ойида бўлса, албатта, февралда одамларнинг жонига тегади. Февраль деган сўзни яхши кўраман. Туркистон ҳам мансуб бўлган Чор Россиясида 1917 йилги инқилоб ўзгаришлар хамиртуруши бўлган эди. 

Қўқондан чиққан юртдошимиз Керенский турмалар эшикларини очиб, барчага эрк, озодлик ва ҳақ-ҳуқуқ берган эди. Кейинчалик большевиклар бу ҳақ-ҳуқуқдан фойдаланиб, ҳақ берган Керенскийни мамлакатдан бадарға қилишди.

Ўзи шундай агрессив тоифалар бўлади. Бармоғингни берсанг, тирсагинггача ютаман деган. Бу агрессив ва экстремист тўдалар ҳақ-ҳуқуқ ва эркинлик берган одамнинг ўзини дорга осишни орзу қилади. 

23 февралда кимлардир бир-бирини Қизил армия куни билан муборакбод қилади. Бу нотўғри. Чўлпон, Фитрат ва Қодирий каби боболаримизни Қизил армия аскарлари отиб ўлдирган. 

Февраль ойида шоҳ Бобур ва ҳазрат Навоий туғилган. 20 февралда эса устоз шоир Матназар Абдулҳаким туғилган. 

Февраль – қишнинг сўнгги ойи. 

Бунда қорнинг тагларида қиш, баҳор учун сўйлайди олқиш. 

Ҳамид Олимжоннинг бу мисралари февралга аталган бўлса, не тонг.

Февралдан кейин март келади. 8 март 14 февраль куни совға ололмай қолган қизларга атир ҳадя қилинадиган кун. Бугунги ваъзимиз ҳам аёллар ҳақида, фақат бу ҳақда хабарлардан кейин фикрлашамиз.

Маҳаллий хабарлар

17 февраль куни россиялик хоккейчиларга президент Мирзиёев совға қилган квартира калитлари топширилди. Ўтган йили президент фармони билан ҳали мамлакат спортига ҳеч бир ҳисса қўшмаган Россия хоккейчиларига Тошкент шаҳри марказидан квартира ажратишга қарор қилинганди.

Термиз тумани турғуни, 39 яшар уста ака темир қувурни ëғочга қоқиб, қўлбола милтиқ ясади. Каттароқ тўппончани эслатадиган милтиқ нишонга бехато уриши билан бошқа милтиқлардан қолишмасди. Ихтиродан хабар топган ИИБ ходимлари харидор қиëфасига кириб, милтиқни сотиб олиш истагини билдиришди. Термизлик қуролсоз қўлбола усулда ўзи ясаган ўқотар қурол ва 12 дона патронни жами бир миллион 750 минг сўм эвазига сотаётган вақтида қўлига кишан солинди. Уста қамоқда. Милтиқ мусодара қилинди.

Андижон вилояти Бўстон туманидаги 23-умумтаълим мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Машҳура Солиева мактаб директори ўринбосари Гулчеҳра Сулаймоновага дарс вақтида пичоқ билан ташланиб, тан жароҳати етказди. Директор ўринбосари ярадор бўлиб, шифохонага тушди. Асабий ўқитувчини ИИБ ходимлари тинчитди.

Хоразм вилояти Шовот тумани марказий деҳқон бозорида сотилаётган лотереяда Шовот турғуни ўз омадини синаб кўрди ва ютуғига СПАРК машинаси чиқди. Аммо ўша жойда лотерея сотувчиси ютуқли лотереяни харидор қўлидан юлиб олди ва унга 1000$ таклиф қилди. Лекин омади чопган шовотлик йигит рози бўлмай, лотереяни беришини талаб қилди. Сотувчи эса у ердан мингга қўйиб қочди. Одамлар қувиб уни ушлаб милицияга беришди. Аммо лотерея топилмади. Дўкончи чайнаб ютиб юборган, деган тахминни ИИВ терговчилари кўриб чиқмоқда.

Чет эл хабарлари

Германиянинг Франкфурт шаҳри шарқидаги Ханау шаҳарчасидаги икки чилимхонага номаълум кишилар қуролли ҳужум уюштирди. Bild ва ARD телеканалининг ëзишича, камида 8 киши ўлдирилган. Қотил ҳужумчи қочишга улгурди. Ҳужум сабаблари очиқланмади.

20 февралдан бошлаб коронавирус эпидемияси боис Хитойдан Россияга вақтинчалик кириш тақиқланди. Бундан норози Россия сайёҳлик ширкатлари товон пули талаб қилишмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, туроператорларнинг бундан кўрадиган зарари 3 миллиард рублдан 30 миллиард рублгача етиши мумкин. 

Келди очилур чоғинг

Келди очилур чоғинг, ўзлигинг намоëн қил¸

Парчалаб кишанларни ҳар томон паришон қил¸

Мактаб анжуман борғил¸ унда фикр очиб гоҳи¸

Илм-фан тиғи бирлан зулм бағрини қон қил.

Бундан 90 йил муқаддам ўзбек шоири Ҳамзанинг ўзбек аëлларига хитобан айтган бу мисралари бугун ҳам долзарбдай туюлади.

Ҳали март келмасиданоқ, ой ҳам, кун ҳам хотинларга қараб чиқа бошлади. Боëвут туманига хотин ҳоким сайланди. Умуман, янги Ўзбекистон тарихида бешдан зиëд аёл ҳоким бўлган. Шундан иккитасини шахсан танир эдим. Бири Боғот тумани ҳокими раҳматлик Шакаржон опа бўлса, яна бири Хоразм вилоятини 1991 йилгача бошқарган Реймажон опа эди. 

Аммо ўзбек мақолларида аëлнинг роли камситилганини кўрамиз. Аëл бошлаган тўй тарқайди, дейишади. 

Аммо тарихга қарасак, Британияни энг кучли қилган Маргарет Тетчер, Германияни қудратли қилган Ангела Меркель эканини кўрамиз. 

Уларнинг фонида ўзбек аëлининг ранги туссиз, боши эгик, руҳи сўниқ кўринади.

Давр эврилишлари чорраҳасида қолган ўзбек аëлининг бугунги ҳаëти, унинг бугунги қиëфаси на оқ ва на қора – у ҳаëтнинг ўзи каби рангиндир. Ўзгаришлар даври қисматини белгилаган айрим аëллар мисолида ана шу рангинликка бир назар ташлайлик.

Бугунги ўзбек аëллари турмушининг жамият ичидаги манзарасига назар ташласак, ўзбек аëлининг бугунги қиëфаси турли шамойилларда намоëн бўлаëтганини кўрамиз.

Ўзбек аëли – оила боқувчи тадбиркор. Ўзбек аëли – оиланинг ўтидан кириб, кулидан чиқадиган темир хотин.

Ўзбек аëли – Дубай, Истанбул исловатхоналарини обод қилаëтган фоҳиша. Ўзбек аëли – ўз фарзандини пул эвазига сотаëтган болафуруш.

Ўзбек аëли – иложсизликдан билагига игна тиққан наркоман. Ўзбек аëли – Москва кўчаларини супураëтган мардикор, фаррош.

Ўзбек аëли – ўзи емасдан болаларига едирган она, акаси ҳақида қайғурган сингил, укаларини етаклаган опа, олисдаги набираларига телефонда эртак айтаëтган буви.

Ғафур Ғулом айтганидек, ўзбек хотинлари мужассам иффат, мужассам нафосат, мужассами ор.

Саидани Арабистонга ким жўнатди? 

Ўтган ҳафтада корруционерларнинг ўғирлаган пулларни сақлаши учун энг севимли жой бўлган Дубайда Аёллар глобал форуми бўлиб ўтди, унда президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева сўзга чиқди. 

Бир йўла унинг гендер тенглиги комиссияси аъзоси экани ҳам аён бўлди. 

Оддий инсоний мантиқ ва адолат туйғуси мамлакатни энг яхши, энг муносиб вакиллари бўлган аёллар тамсил қилиши кераклигини англатмайдими?

Масалан, энг таниқли шифокорлар ёки бошқа соҳалардаги юқори малакали мутахассислар, ёки аёллар ҳуқуқлари бўйича фаоллар йўқми? У ерга кимни жўнатишди? Ҳозиргача бирор-бир касбий соҳада ёки ижтимоий фаолиятда ўзини намоён қилмаган президентнинг қизини.

Нега айнан уни жўнатишди? Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг биринчи оиласи Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад ибн Рошид ал-Мактум оиласининг дўстидир. Масалан, ўтган ёзда президент Мирзиёевнинг ўғли, куёви ва набираси Дубай ҳукмдори ўғлининг тўйида иштирок этган ва ўтган йилнинг ноябрь ойида Мирзиёевнинг куёвлари Ўзбекистонда Қизил китобга кирган қушларни овлаган Дубайнинг валиаҳд шаҳзодаси шарафига зиёфат берган эди.

Очиқ-ойдин кўринадики, Саида Мирзиёевани ўз соҳасининг моҳир мутахассиси бўлган шахс сифатида эмас, балки президентнинг қизи бўлгани учун таклиф қилишган.

Майли, майдалашиб ўтирмаймиз, унинг аллақайси аёллар форумида иштирок этиши шохлаб кетган коррупцион ҳокимиятнинг кирдикорлари фонида ҳеч нарсани ўзгартирмайди. 

Бироқ агар Саида Ўзбекистонни муносиб тарзда тамсил қилган ёки бирор ақлли нутқ сўзлаган бўлса эди, ушбу эпизод ҳақида гапиришга ўрин ҳам қолмасди.

Бироқ у нималарни гапиряпти? Унинг форумдаги гапларига кўра, “энг қийин вазифа – бу аёлларни, уларнинг яхши ҳаётга муносиб эканликларига ишонтириш” эмиш. Бундан чиқадики, Ўзбекистондаги аёллар шу қадар гап уқмас эканки, уларни яхшироқ яшашлари кераклигига ишонтириш катта бир муаммо экан? Бу жиддий гапми?

Демак, иқтисодни вайрон қилган ва мамлакат бюджетини ўмарган давлат идоралари мутлақо айбсиз экан-да?

Унда нима учун эркаклар узоқ вақт давомида Россия ва бошқа юртларга пул ишлаш учун кетишмоқда, хотинлари ва болаларини ойлар давомида отасиз, қаровсиз қолдиришмоқда?

Нега унда аламзада аёллар умидсизликдан ўз фарзандларини сотишмоқда?

Сийқаси чиққан турли телекўрсатувлар орқали аёлларга ҳар доим уларнинг жойлари қаердалиги кўрсатилади. Уларга яхши хотин ва итоаткор келин бўлиб уйда ўтиришлари, уй ишларини қилишлари, бола боқишлари кераклиги уқтирилади. 

Энг муҳими, итоаткорлик, ақлни ишлатиш ва ўзлигини англаш уларга эмас. Дин пешволари ҳам аёлларга шуни уқтиради.

Натижада масъулиятсиз эркаклар фонида чорасиз аёллар ўз болаларидан кечишга ва сотишга тайёр бўлишади.

Отаси президент бўлгунига қадар ҳеч ким танимаган Саида Мирзиёева, афтидан, ўзи ўйлаб топган, яхши яшашни истамайдиган, буни тушунтириш ҳам қийин бўлган алақайси аҳмоқ аёллар ҳақида гапирмоқда. 

Бу аёллар ўзларини яхши яшашга номуносиб дея билишармиш. Наҳотки янги маликамизнинг мияларида шаклланган дунё тасаввури шу даражада бўлса?

Майли, дабдурустдан Саидани аҳмоқликда айбламайлик. Эҳтимол, унинг нутқини спитчрайтерлари ёзиб беришгандир, эҳтимол бу гапларни Хотин-қизлар қўмитасидагилар ўйлаб топгандир.

Айтганча, ушбу аёллар қўмитаси ўтган йили жиноятга мойил бўлган 23 тоифадаги аёллар рўйхатини тузган эди. 

Хотин-қизлар қўмитасининг маълумотларига кўра, барча ишсиз аёллар, узоқ вақтдан кейин уйларига қайтган, ажрашишни истаётган аёллар, вақтинча Тошкентда яшайдиган, рўйхатдан ўтмаган аёллар, ёлғиз оналар ва ҳатто барча ногирон аёллар жиноятга мойил аёллар тоифасига кираркан!

Саида Мирзиёева уни Дубайда бошқа бир мартабали аёл Иванка Трамп билан таништиришганини айтиб мақтанди. Унинг ҳам асосий фазилати янада қудратлироқ бўлган бошқа бир президентнинг қизи бўлгани эди.

Ўзини ёққан аёл

Мен учун кечган ҳафтада ўз уйини ҳимоя қилиб болта кўтарган аëл президент қизидан кўра қадрлироқдир.

Қашқадарё вилояти прокуратураси биноси олдида19 февраль куни эрталаб соат 9-10 лар атрофида Муқаддас Мустафоева ўз устига бензин сепиб, ўт қўйди. 

Бу аëлнинг машъала каби ëнган танаси лабини шиширган президент қизининг нозли нутқидан кўра таъсирли эмасми?

Сен ëнмасанг

Мен ëнмасам,

Биз ëнмасак,

Қандай қилиб

Қоронғуликни 

Ойдин қиламиз?

Нозим Ҳикмат шеъри эди бу. Баъзан оддийгина қўшиққа солиб айтиладиган шеър бизга энг юқори минбарлардан туриб айтилган нутқдан ҳам кўпроқ таъсир қилади.

Дунёда борлигингдан қувонадирман

Тармоқдаги бақир-чақирлардан безиб Матназар Абдулҳакимнинг бир шеърини эсладим.

Шеър тиқилинч автобус ичидаги шовқин-сурон тасвири билан бошланади.

Кимдир ҳамëнини олдиргани боис дод солган. Яна биров тиқилинчда оëғини босиб олган хотинга ўшқирган. Кимдир келини, яна кимдир қайнонасини қарғаган.

Бақир-чақир, сўкиниш ва ҳақоратлар йиғиндиси бўлган ëқимсиз шовқин.

Шунда кимдир магнитофон тугмасини босиб, қўшиқ қўяди.

Отажон Худойшукуров куйлаган “Дунëда борлигингдан қувонаман” деган қўшиқ.

Бирдан ҳамма жим бўлади.

Дунëда бошқа бир одамнинг борлигидан қувонадиган яна бир одам мавжудлигидан ҳайратланишади.

Нафрат ўрнини ҳузун ва ҳаловат эгаллайди.

Ҳазораспдан Урганчгача бўлган 70 км йўлнинг давомини автобус аҳли жимгина қўшиқ тинглаган ҳолда узун ўй суриб кетишди.

Энди автобус тиқилинч эмаслиги, дунë кенглиги ва унда шодлигу қувончга ҳам жой борлиги аëн бўлганди…

Қоронғу дилларни ёритиб бирдан

Жаранглай бошлади нурафшон сўзлар.

Аланглаб турди-да бундай сеҳрдан,

Мўлтираб қолдилар ўқрайган кўзлар.

Хонанда чекарди кассетада оҳ,

Кимнингдир кимгадир зорлиги учун.

Юракдан ҳайқириб қувонарди гоҳ

Бировнинг дунёда борлиги учун.

Илғаб ҳар бир сўздан қутлуғ зиёни,

Кўзларини очди бир парча воҳа.

Ҳар юракда пинҳон минг бир дунёни

Ёритиб юборди Отажон оға.

Сароб йўқолгандек шу бир нафасда,

Кетди андуҳларни янгроқ куй олиб.

Боя маймунлардек эдик қафасда,

Энди-чи, турардик мулзам, уялиб.

Йигитни индамай тушундик бизлар,

Билдик, ғамимизни еганлигини.

Англадик, дунёда мусаффо ҳислар

Абадий барқарор эканлигини.

Йигит бир бекатда тушиб қолган сўнг

Бир-бировга боқиб жим ўйга толдик.

Энг бахтли туш бирдан келган каби ўнг,

Машина кенг экан, биз пайқаб қолдик.

Эсладик: ҳамиша шодланганмиз-ку,

Кимнингдир бизларга зорлиги учун.

Ҳозир ҳам сафарга отланганмиз-ку,

Кимнингдир дунёда борлиги учун.

Ўша автобус ичида мен ҳам бор эдим. Қўшиқни эшитиб, энг аввало, онам кўз олдимга келди. Онам менинг дунëда борлигим учунгина ҳеч бир таъмасиз қувонадиган зот. Мен ҳам онамнинг борлиги ва тириклиги учун қувонаман. Менга таълим берган устозимнинг дунëда борлиги учун ҳам қувонаман. Фарзандларим оëғига тикан кирмагани учун ҳам қувонаман.

Дунëда борлигингдан қувонадирман.

Бақир-чақир, уруш-тўполон, муштумзўрлик авжига чиққан бир пайтда кимдир тугмани боссин.

Жимгина ичимизга кўмилиб, Отажон оға қўшиғини эшитайлик. Жағимиз бир оз дам олсин. Нафрат, кин ва адоватдан олисда бизни яхши кўрадиганларни ўйлаб, ичимиз ëришсин.

Дунëда биз яхши кўрадиган ва бизни яхши кўрадиганлар бор ва улар соғу саломат бўлсин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
25 март 2016
Дарахтлар ҳимоси учун имзо йиғаётган экологик ҳаракат фаоли Фарида Шафиуллинанинг сўзларига кўра шаҳар маъмурларининг кейинги ҳаракати мутлақо мантиқсиз: “Шаҳарга ...
2 октябр 2017
Маҳаллий ҳокимлар пахта териш учун тайёр қуллар ҳисобланмиш бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатини “қонунийлаштириш”нинг янги ва янги усулларини кашф ...
4 январ 2018
Сўнгги икки ҳафта ичида мамлакат вилоятлари бўйлаб жами 54 та милиция постлари тугатилди. ИИВ матбуот хизматига кўра, тугатилган постларнинг, ...
30 сентябр 2015
Бугун, 30 октябр куни, камида 4 нафар бўлган бир гуруҳ одамлар иккита машинада Ангрендан то Тошкентгача ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий ...
Блоглар
30 март 2020
Туман марказига бориб келдим. Ишим бор эди. Қалампир ва помидор кўчатлар сотяпти экан. “Помидор кўчати ...
30 март 2020
(Эпистоляр эссе) Марҳабога Кўпинча адабий муҳитдан чарчаганимда сенга сим қоқаман. Балки опамдек яқиним бўлганинг учундир ...
23 март 2020
Ўзбек кинорежиссёри Сарвар Каримов 21 март куни ўзининг фейсбук саҳифасида “Сарвиқомат дилбарим” фильмидаги ўпишиш саҳналари ...