Асосий мавзулар
31 август 2020

31 август – Ўзбекистонда сиёсий қатағон қурбонлари хотираси куни

31 январь Ўзбекистонда сиёсий қатағон қурбонлари хотираси куни сифатида нишонланади. Шу муносабат билан бугун Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди. Мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.

1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари отиб ташланган. Қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган, дея ёзди мамлакат расмий нашрлари. 

“Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз», деди Президент Мирзиеев.

Сиёсий қатағонлар ҳақида гап бораркан, Ўзбекистонда фақат Сталин давридаги режим қурбонлари ҳақида эсланади. Ҳолбуки, Ўзбекистон мустақил бўлгач, минглаб сиёсий қурбонлар пайдо бўлди, улар сиёсий моддалар билан судланиб турмаларга ташланди.

Бугун биз диктатор Ислом Каримов қурбонларидан бири собиқ сиёсий маҳкум Мурод Жўраев ҳақида эслаймиз.

Мурод Жўраев панжара ортида 21 йил ўтирди. У «Эрк» демократик партияси аъзоси, Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати ва Муборак шаҳри ҳокими бўлган. 1994 йилнинг 18 сентябрида ҳибсга олиниб, мухолифатдаги «Эрк» партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билан биргаликда ҳокимиятни куч билан босиб олишда айбланди. 1995 йилнинг мартида Жўраев 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади, бироқ кейинчалик унинг жазо муддати Жиноят кодексининг 221-моддаси («Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик»)га асосан беш марта узайтирилади. Мурод Жўраев 2015 йилнинг 12 ноябрида, оғир касал ҳолида озод этилди. Озодликда икки йил ҳаёт кечириб, Мурод Жўраев 2017 йилнинг 4 декабрида вафот этди.

МУРОД ЖЎРАЕВ БИЛАН СЎНГГИ УЧРАШУВ

Мурод Жўраев хотирасига Муҳаммад Бекжон

2000 йил 18 ноябрь куни кечқурун Зангиота зонасидаги ҳамма 159 лар қатори мени ҳам Тоштурмага олиб келишди. Маҳбусларни секторларга тарқатиш бошланди, менга тўртинчи овулнинг ертўласи “насиб” этди. Капитан унвонидаги бир киши менинг олдимга келди ва “Бегжонов, юринг мен билан”, деди ва мени 4-овулнинг ертўласига олиб келди. Капитан мени ертўладаги бир хонага (камера эмас) киритди ва хонада ёзув-чизув қилиб ўтирган ёш лейтенантга қолдириб, ўзи қаёққадир ғойиб бўлди.

– Қаердан келяпсиз? – сўради лейтенант ёзув-чизувини давом этиб.

– Зангиота зонасидан, – дедим мен.

Лейтенант менга бир қараб қўйиб, ишини давом эттирар экан, сўради:

– Хм-м, Зангиотадан денг… Хўш, қалай экан у зона? Ёқдими?

– Тушунмадим, нима деганингиз у – “ёқдими?”

– Шароитлари, ейимлик-ичимликлари яхшими, демоқчиман.

– Ҳа, яхши, ҳақиқий курорт жой экан, – дедим.

Лейтенант бу гапга унчалик эътибор бермади, олдида турган катта журналдан нималарнидир кўчириб олиб, қалин дафтарга ёзиб қўярди.

– Статьянгиз қайси? – деди у ёзишда давом этиб.

– Бир даста статья қўйиб ташлашган менга. Ҳаммасини айтаверайми?

– Албатта-да, ҳамма статьяни айтасиз, – деди лейтенант ғўддайиб.

– 158-модда 3-қисми, 159-модда 3-қисми, 216-модда, 242…

– Стоп, стоп, стоп! Ў-ҳў, даҳшат статьялар экан-у! Қайси оқимдансиз?

– Оқим эмас, “Эрк” партиясиданман. Эшитганмисиз шундай партияни?

– Ҳа, эшитганман, президентимизга қарши курашган партиями?

– Аксинча, президентингиз қарши курашган ва ҳозиргача тиш-тирноғи билан қарши курашиб келаётган партия…

Бу пайтда капитан хонага кирди ва ертўла даҳлизига чиқишимни айтди. Даҳлизда Мурод Жўраев, Зайниддин Асқаров ва Фозил Асқаровлар туришарди.

Мен, Фозил ва Зайниддинга қарата капитан:

– Шу ерда гурунглашиб туринглар, – деди ва Мурод Жўраевни олдига солиб, даҳлиз охирига қараб кетди.

Биз учовимиз бир-биримиз билан қўл олиб кўришдик. Мен Зайниддинга: “Буларнинг ноғорасига ўйнаб, яхши иш қилмадингиз”, дедим. Зайниддин: “Ҳа, ака, ёмон сиёсий ўйин қилишди булар…”, деди.

Капитан қайтиб келди-да, Зайниддин ва Фозилни қаршимиздаги камерага киритди ва камера эшигини қулфлаб бўлиб, мендан:

– Подельнигингиз билан гаплашасизми? – деб сўради.

– Қайси подельнигим билан? – сўрадим капитандан.

– Мурод Жўраев билан…

– Албатта, мен сиздан миннатдор бўлган бўлардим, капитан.

– Ҳозир, бир соат, ярим соатдан кейин Мурод Жўраевни Қизилтепага этап қилишади. Шунгача гаплашиб олинглар, – деди капитан.

– Ўртоқ капитан, сиз қаердан биласиз бизнинг подельник эканлигимизни? – сўрадим капитандан.

– Мурод Жўраевнинг ўзи айтди, – жавоб берди у.

Капитан билан ертўла даҳлизининг энг охирги камераси эшиги олдига келиб тўхтадик.

– Исмингиз ким, капитан? – сўрадим капитандан.

– Нима эди? – сўради капитан. – Мабодо бундай ёмонотлиқ жойлардан омон-эсон чиқиш насиб қилса, “ментлар ичида ҳам яхши одамлар бор эди”, деб айтишга.

– Шарт эмас, тани-жонингиз соғ бўлса бўлди, ака.

– Раҳмат сизга, капитан, Оллоҳ ажрингизни берсин яхшилигингиз учун, – дедим мен. Капитан “раҳмат” дегандек бош ирғаб қўйди ва Мурод ака ўтирган камера эшигини очиб, менга “киринг”, деди.

Мурод ака мен билан қучоқлашиб кўришаркан, унсиз йиғлади. 1994 йил баҳорида Истанбулда кўрганим Мурод Жўраевдан асар ҳам қолмаган эди.

– Нимага кўзёш қиляпсиз? – сўрадим Мурод акадан.

– Бир СППчи мараз ўрис, “Подельнигингиз Бегжоновни Жаслиқда қийнаб ўлдиришди”, деб қасам ичиб, мени ишонтирган эди. Сизни тирик кўриб, қувончдан йиғладим…

– Мурод ака, қамоқ сизни жуда кўнгилчан, юмшоқтабиат қилиб қўйибди. 1994 йил баҳоридаги Истанбулдаги учрашувимиз эсингиздами? Ўшанда жуда қаттиққўл, гердайган, ҳаддан ташқари ўзига ишонган киши бўлиб туюлгандингиз менга.

– Қамоқ ҳар қандай тошбағир одамни ҳам кўнгилчан одамга айлантирса керак, деб ўйлайман. Масалан, Аҳмаджон (Одилов) ака билан ўзингиз гаплашиб кўрдингиз. Совет Иттифоқининг казо-казолари билан қўл бериб кўришиб юрган, Ўзбекистон бош раҳбари эгилиб салом бериб юрган одам қамоққа тушди-ю, олдинги дабдабали ғоз юришидан, аввалги манманликларидан асар ҳам қолмади. Тўғри, мен ҳам чўрткесар, қайсар бўлганман. Лекин ҳозир ҳам, яъни тўрт девор ортида ўтирган бўлсам-да, ўз позициямдан қайтганим йўқ. Гапириш керак бўлган жойда кўнгилчанлик ёки юмшоқтабиатлик қилиб “сизники маъқул”, ёки “бу ер қамоқхона экан” деб қисиб ўтирганим йўқ, мен гапиряпман.

Кўзлардаги намланишга келсак, ҳаммамиз ҳам ожиз бандамиз, қотиб ётган тош эмасмиз. Яқинларимизнинг бошига кулфат ёғилса ёки азоб чекаётганини билсак, кўзимизга ёш келиши табиий нарса, деб ўйлайман…

Бундай кўнгилчанлик акангизда ҳам бор. 1991 йилги президентлик сайловларидан кейин Раисда жуда катта имконият бор эди президент бўлишга, лекин у кўнгилчанлиги сабаб, бу имкониятни қўлдан бой берди.

– Қандай имконият бор эди?

– Ўша сайловларда аслида Солиҳ ака кўп овоз олган эди. Шу пайтда халқ ҳам бизларни қўллаб турган эди. Вузгородокдаги воқеалардан сўнг халқни митингга чорлаш керак эди…

– Мурод ака, сиз ҳоким бўлиб ишлаганингиз билан ўзбек халқининг психологиясини билмас экансиз. Эсингизда бўлса, бу тўғрида Қизилтепа зонасида ҳам кўп баҳслашганмиз. Ўшанда ҳам айтгандим, ҳозир яна қайтараман: Ўзбекка митинг керак эмас, ўзбекка кўрпа-тўшак билан ёстиқ керак. “Оч қорним – тинч қулоғим”, деган атамани ўзбек ўйлаб чиқарган.

Мурод ака, яхшиси, бўлиб ўтган суд мажлиси тўғрисида гурунглашайлик. Сизни ҳам гувоҳлик беришга чақиришибдими?

– Ҳа-да. Булар бошқа нимага ҳам чақирарди.

– Сизни Тошкентга қачон олиб келишди?

– Бир ярим ойдан бери МВД подвалида эдим. Тепада, олтинчи этажда министр Зокир, биз эса подвалда…

– Демак, сизни ҳам “яхши” гувоҳлик беришга “тайёрлаш” учун олдиндан чақиришган экан-да. ИИВ ертўласидамидингиз сиз ҳам?

– Муҳаммад, бизларни Тошкентга чақирса, билингки, фақат МВД подвалига олиб келишади. “Эрк”ни батамом йўқ қилишни креслодаги қўтир эшшак укаси Зокир қўтирга (Зокир Алматовга) топширган.

– “Қўтир эшшак” деганингиз ким бўлди? – деб кулиб юбордим.

Мурод ака: “Раиснинг бир қўтир “дўсти” бор, сўрасангиз айтиб беради”, деди жилмайиб.

– Подвалда ўтирганингизда ментлар сизга “яхши гувоҳлик берсанг, уйингга кетасан”, деб ваъда беришдими?

– Ҳа, ИИВнинг тергов бўлими бошлиғи Равшан Йўлдошев ва полковник Алишер Шарофиддинов келди. Роса миямни қотиришди, паразитлар…

– Ўша Алишерни кимлигини биласизми? Акамнинг домласи Озод Шарофиддинов деган адабиётшунос олимнинг ўғли бўлади. Менинг ёнимга ҳам келди. Дўқ-пўписа қилиб, мени қўрқитмоқчи бўлди. Ғирт мараз одам экан. Унинг ғўддайишини кўрсангиз эди, ўзини гўё Ўзбекистоннинг яккаю ягона хўжайинидай тутади-я, ифлос! Бизга нисбатан нафрати ўта кучлилиги башарасидан кўриниб турибди ҳайвоннинг.

– Бошида мен билан жуда мулойим гаплашди. “Анави халқ душманларини бир оғиз ёмонлаб гапирсангиз, чин офицерлик сўзим, суд тугаганидан кейин шу ернинг ўзидан тўғри уйингизга кетасиз”, деди. Мен ҳазиллашиб, “Уйда нима қиламан, ишлайдиган жойим бўлмаса? Ишим бор эди, президент бува ишимни тортиб олиб, ўзимни қамаб қўйди. Ҳозир, худога шукр, ишим бор, зонадаги ғишт заводида ишлаб, мўмай даромад олиб ётибман бола-чақани боқиб”, дегандим, қорнимга каратэча усул билан тепиб қолса бўладими, ҳайвон. Мен башарасига қараб кулиб туравердим, у эса яна нима деб гапиришни билмай, “Пошёл на х…!” деб кетворди.

– Суд мажлисида-чи, сиздан нима ҳақда сўрашди?

– 1994 йилда раис (Муҳаммад Солиҳ) билан мен анави эшшакни (И.Каримовни) ағдариш мақсадида Туркияда жангарилар тайёрлаган эмишмиз. Қораловчиларга жавобан қоғозга ўраб, “Бўқни ебсанлар”, дегандай жавоб бердим. Судья дарров бошқа гувоҳни чақиртирди, мени эса суд залидан обчиқиб кетишди. Бор-йўқ гап шу, лекин бир ярим ой мазза қилиб дам олганим қолди. Сизни қачон обкелишди Жаслиқдан?

– 13 июнь куни кечаси Тошкентга этап қилишди, 15 июнь куни эрталаб Зангиотадаги 65-зона изоляторига олиб келишди. Июнь ойи охирларида исроиллик Олег Якубов деган журналист келиб, ИИВ ертўласида мендан суҳбат (интервью) олди. Ертўлада бир ҳафтача ушлаб, яна Зангиотадаги зона изоляторига олиб боришди. Октябрь ойи охирларида яна ИИВ ертўласига олиб келишди. Шу сафар келганимда ҳалиги Шарофиддинов дегани ўзини кимлигини намойиш қилган эди. У билан гапимиз бошиданоқ қовушмагани учун унинг шогирдлари мени уларга ёқадиган гувоҳлик беришим учун уриниб кўрдилар. 16 ноябрь куни Олий судга олиб боришди ва шу куни соат 3 ларда гувоҳлик бериш учун суд залига киритишди. Шу куни кечқурун Зангиотага олиб боришди.

Бугун тушликдан сўнг 65-зона изоляторидаги ҳамма биродарларни ташқарига чиқариб, қишки кийим-кечак, бир кунлик қуруқ емак (бир бўлак гўшт ва бир буханка нон) тарқатишди. Мана, ҳозир сиз билан гаплашиб ўтирибмиз. Сиз Қизилтепага кетсангиз, этап қачон экан?

– Эртага эрталаб этап экан. Отбойдан олдин вокзалга олиб кетишса керак.

Мурод Жўраев билан 2000 йил 18 ноябрдаги бўлган бу учрашувимиз сўнггиси эканини мен ҳам, Мурод ака ҳам билмаганмиз.

У кишини Оллоҳ раҳматига олган бўлсин…

“Қўрқувнинг нариёғида” иккинчи китобидан

Муҳаммад Бекжон

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 май 2018
Кейинги пайтда “Борига барака” капитал шоуси одамлар хаёлини ўргимчак тўридек ўзига қамраб олди. 7 ёшдан 70 ёшгача ҳамма “Борига ...
24 июн 2016
Хитойнинг демократик ўзгаришлар ва Шарқий Туркистон Озодлик ҳаркатига қарши кураш воситаси сифатида тузилган бу шубҳали ташкилот кейинроқ Россиянинг империячилик ...
12 июн 2020
Гоҳида сизни гар ўртаса алам, Қора бўлиб кетса бу ёруғ олам, Кўзларда айланса адашган бир нам, Одамлар бор кўнгилга ...
27 апрел 2020
Жорий йилнинг 21 апрель куни Тошкентнинг Камолон маҳалласида шаҳарни босиб олган рус ҳарбийларига хотирасига бунёд этилган бутхона қайта тикланиб, ...
Блоглар
14 сентябр 2020
Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб ...
11 сентябр 2020
“Биз томонларгаям коронавирус инфекция етиб келди. Қишлахта ўн бешта одамда ўша касаллик бор экан”,- деди ...
7 сентябр 2020
Бизда бугундан совуқроқ кузак шамоли бошланди. Мен каби совуққа юпқа одамлар енги узун кўйлак кийиб ...