Асосий мавзулар
7 сентябр 2020

Ўзбекистон исломий ҳаракатидан нима қолди?

Гарчи Ўзбекистон исломий ҳаракатининг (ЎИҲ) ўзи энди халқаро жиҳоднинг мураккаб майдонида муҳим иштирокчи бўла олмаса-да, унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги ҳақида башорат қилишга ҳали жуда эрта.

Мазкур мақола The Diplomat нашрида чоп этилган бўлиб, журналист Agnieszka Pikulicka-Wilczewska томонидан ЎИҲнинг афғон турмасида сақланаётган сирдарёлик собиқ жангчиси билан интервью асосида ёзилган.  

Шерзод Болтаев тортинибгина эшикдан кириб, сарғайган эски деворга қараган стулга ўтирди. Афғонистоннинг асосий хавфсизлик ва разведка идораси – Миллий хавфсизлик бошқармасига қарашли қамоқхонадаги кичкина хонада  эскирган стол устига турган чироқ Афғонистоннинг кичкина байроғини хира оқиш тусда ёритиб турарди.

38 ёшдаги новча, сийрак соқолли Болтаев хавотирли ва тортинчоқ кўринарди. У шу қадар юмшоқ ва сокин овозда гапирар эдики, ҳатто хонанинг чуқур сукунатида ҳам зўрға эшитиларди.

Қаттиқ тартибли ҳибсхонадаги бошқа кўплаб маҳбуслардан фарқли ўлароқ, Болтаев ўз хоҳиши билан курашдан воз кечишга қарор қилди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани “Исломий давлатининг Хуросон вилояти” тўдасининг таслим бўлган аъзоларига раҳм-шафқат ваъда қилганидан сўнг Болтаев бу ишни тарк этиш учун энг тўғри вақт эканини ҳис қилди. У ҳорғин, оч-наҳор ва ўзини нима кутаётганини билмас эди.

2019 йилнинг кузи эди. Афғонистонда “Исломий давлат” Покистон чегараси яқинидаги Нангарҳор тоғларидаги сўнгги таянч пунктини йўқотаётганди. Унинг кўплаб аъзолари қочиб кетган ёки яширинганди, бошқалари Афғонистон ва Америка қўшинлари томонидан қўлга олинган ёки ўлдирилганди.

Болтаев 2019 йил ноябрь ойининг бошида ихтиёрий равишда таслим бўлди. Унинг ҳомиладор рафиқаси ва беш фарзанди алоҳида автобусга чиқарилиб, номаълум томонга олиб кетилди. Ўшандан бери Болтаев уларнинг тақдиридан бехабар.

Нажибулла Абдул Раҳим тахаллуси билан танилган Болтаев бу номни жиҳодга қўшилган пайтида олган бўлиб, у йиллар давомида Ўзбекистон исломий ҳаракати таркибига қўшилган юзлаб ўзбекистонликлардан биридир.

1990 йилларда ЎИҲнинг ўз ватанида бошланган кураши йиллар давомида “Толибон”, “Ал-Қоида” ва “Исломий давлат” билан иттифоқчиликка олиб келди, гуруҳларга бўлинди, энди эса унутилиш ботқоғига ғарқ бўлмоқда.

Алғов-далғов замони

Совет Иттифоқи парчаланишни бошлаган 1990 йил эди. Фарғона водийсидаги Наманган шаҳридан бўлган бир гуруҳ диндор ёшлар Совет Иттифоқи тобора бетартиб бўлган даврда адолатни тиклаш мақсадида “Адолат” ташкилотини тузишди.

Унинг раҳбарлари Тоҳир Йўлдошев исмли ёш мулла ва собиқ совет ҳаво десантчиси Жума Намангоний янги масжид қуриб, кўп ўтмай шариат қонунларига мувофиқ кўчаларда назорат қилишни бошлади. Аста-секин улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ролини ўз зиммаларига олиб, Ўзбекистонни исломий давлатга айлантиришни талаб қилишди.

Фарғона водийсида тобора кучайиб бораётган диндорликка нисбатан расмийлар аввалига сусткашлик билан муносабатда бўлишди. Фақат 1992 йилда “Адолат”га тақиқ қўйилиб, унга қарши кураш бошланди. Унинг бир қанча аъзолари мамлакатни тарк этишди.

Намангоний Тожикистондаги фуқаролик урушига қўшилиб, у ерда янада радикал исломий гуруҳлар қаторида жанг қилди. Йўлдошев эса ислом дунёсига саёҳат қилди.

1997 йилда Тожикистондаги фуқаролик уруши ўз ниҳоясига етгач, Намангоний сулҳга қарши чиқиб, тинчлик шартномасини қабул қилган тожик иттифоқчиларидан воз кечди.

Ўша пайтда Ўзбекистондаги Ислом Каримов ҳукумати Фарғона водийсидаги исломий гуруҳларга қарши тазйиқ ўтказиши натижасида норози диндор ёшлар хорижга чиқиб кетишни бошлади.

ЎИҲ расмий равишда 1998 йилда ташкил топиб, унинг асосий диний мафкурачилари Йўлдошев ва Намангоний эди. Улар ўша пайтда аллақачон даромадли гиёҳвандлик савдоси бизнесида иштирок этиб, Афғонистондаги “Толибон” билан асосий ҳамкор гуруҳ сифатида яқин алоқада бўлган.

Уларнинг пировард мақсади Фарғона водийсида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматларини ағдариб, ислом давлатини барпо этиш эди. Ўша пайтда гуруҳ фуқаролар уруши эндигина тугаган Тожикистон ва “Толибон” ҳукмронлигидаги Афғонистондаги базаларда бир неча йилдан бери тажриба орттирганди.

1999 йил бошида Тошкентда бир қатор портлашлар содир бўлиб, гарчи бу ишда айбдорлиги ноаниқ бўлса-да, ЎИҲ айбдор деб топилди. Кейинги йилларда ЎИҲ ўзбек-қирғиз-тожик чегараларида фаолият юритиб, тўлов учун одамларни гаровга олди. Ўзбекистон ва Қирғизистонга бостириб кирди.

Улар гиёҳвандлик моддалари савдосидан пул ишлаб, Афғонистонда жойлашган иттифоқчиси “Ал-Қоида” тарафидан маблағ билан таъминлангани хабар қилинган.

АҚШнинг Афғонистонга бостириб кириши ЎИҲни янги йўлга бошлади. Ўшандан бери у асосий эътиборини коалиция кучларига қарши курашга қаратиб, “Ал-Қоида” ва “Толибон” билан янада яқинлашди.

2001 йилнинг ноябрида Намангоний ўлдирилди. Кўп ўтмай, гуруҳ Афғонистон чегарасига яқин бўлган, Покистоннинг қабилалар бошқарувидаги ҳудудларига, хусусан, Вазиристонга кўчиб ўтиб, у ерда маҳаллий қабилалар билан алоқа ўрнатди ва вақти-вақти билан Покистон кучларига тўқнаш келди.

2004 йилда ЎИҲ ўша пайтгача исломга қарши кураш авж олган Тошкентга бир қатор ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

2009 йилда Йўлдошев дрон ҳужумидан ўлгач, кейинги йилларда ташкилот бўлиниб, раҳбарлари ўзгарди. У тобора халқаро жиҳодга содиқ бўла борди.

Уйни қидириб

Шерзод Болтаев Ўзбекистоннинг шарқий қисмидаги Сирдарё вилоятининг Тожикистон билан чегарадош қишлоғида вояга етган. Унинг оиласи динга берилмаган. Болтаевнинг айтишича, Исломга унинг қишлоғида нотўғри амал қилинади. Одамлар ўзларини мусулмон деб билса-да, лекин намоз ўқимайди.

Қишлоқда замонавий дунёнинг барча гуноҳлари мужассам – ароқ, фоҳишалар, сигареталар. Болтаев 2008 йилда уни ислом динига даъват этган укасига эргашган.

Кўп ўтмай, Болтаев оила қургач, муаммолар бошланди. Ўша пайтда Ўзбекистонда тақводор мусулмонларга қарши кампания авжида эди. Муқаддас исломга эргашган, соқол қўйган ва кунига беш вақт намоз ўқийдиганлар ҳамма жойда ҳозир бўлган хавфсизлик хизматларининг нишонига айланишди.

Диндорлик қамоқхонага тушишга сабаб бўларди, жумладан, қийноқларнинг кенг қўлланилиши билан танилган Жаслиқда одамлар абадий бўлмаса ҳам йиллар давомида йўқ бўлиб кетиши мумкин эди. Болтаевнинг рафиқаси ҳижобда эркин юролмади. Укаси бир неча ойни панжара ортида ўтказди.

“Сирдарё вилояти хавфсизлик хизмати томонидан қамоққа олинган дўстларимни ароқ ичишга мажбур қилишиб, намоз ўқишга рухсат беришмаган. Уларни қўйиб юборишганда, махсус хизмат уларнинг ароқ ичган видеолари борлигини айтди. Ўзбекистонда вазият шунақа”, дейди Болтаев.

Укаси қамоқдан чиққач, иккала оила Москвага кетишга қарор қилишди. Аммо тез орада аён бўлдики, Россия биродарлар излаётган макон эмас эди. Болтаев Россияда варақа ва газеталар тарқатиб тирикчилик қилган бўлса-да, аммо қўрқув сақланиб қолганди. Ахир тақводор мусулмонлар у ерда ҳам нишонга олинган эди. Улар янги уй топишлари керак эди.

“Укам интернет орқали вилоятимиздаги бир дўсти билан боғланди. Унинг айтишича, Афғонистонда жамоат бор, сиз шариат қонунларига кўра яшашингиз мумкин, ҳар куни уруш бўлади ва сиз намоз ўқишингиз мумкин. Укам Афғонистонга кетди, – дейди Болтаев. – Укам беҳуда курашиб, ўлиб кетишни хоҳламаслигини айтди. Аммо у ерда ҳеч бўлмаганда кичик бир мадраса бўлиб, у овқат пишириши, ёрдам бериши, идиш ювиши мумкин эди. Афғонистонда ҳақиқий дин мавжуд. Шунинг учун биз ҳижратга қарор қилдик. Укам агар биз кетмасак, эртами-кечми қамоққа тушамиз, деди”.

Жиҳод

2012 йилда Болтаев, унинг рафиқаси ва икки ёш боласи Россияни тарк этишди. Улар Озарбайжон ва Эрон орқали Афғонистонга, у ердан эса Покистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги қабилала ҳудудларига боришди.

Бу ерда кўплаб ўзбек жангарилари бор эди. Улар шу жойда икки йил турди. Болтаевнинг айтишича, у ўша пайтда Покистон армиясига қарши маҳаллий исломчилар билан жанг қилган ўзбек мужоҳидларига озиқ-овқат тарқатишда ёрдам берган.

2014 йилда Покистон шаҳарларини ларзага келтирган кўплаб террористик ҳужумлардан сўнг ҳукумат қонунбузар қабилалар ҳудудларида жойлашган ушбу гуруҳларга сўнгги зарбани беришга қарор қилди.

Жанглар натижасида 1 миллион киши уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Минглаб жангари ва уларнинг оилалари мамлакатни тарк этиб, қўшни Афғонистонда бошпана топишди. Уларнинг аксарияти Нангарҳорга жойлашиб, у ерда аста-секин “Толибон” кўмагида ўз жамоаларини тиклашга киришди.

Афғонистон таҳлилчи Обаид Алининг айтишича, ЎИҲ “Толибон” билан курашга, асосан, мамлакат шимолида қўшилган. Бошқалар, жумладан, Болтаев Забулга келиб, “Толибон”дан ер ва бошпана олишган. Аммо ЎИҲ ва мезбонлар ўртасидаги муносабатларга аллақачон дарз кетганди.

“2014 йилга келиб ЎИҲнинг собиқ раҳбари Усмон Ғозий ўз веб-сайтида бир нечта саволларни туғдирадиган баёнот эълон қилди. Улардан бири “Толибон” раҳбари мулла Умарнинг ғойиб бўлишига оид эди. Ғозий мулла Умарни бир неча йил давомида ҳеч ким кўрмаганлиги ва бу диний меъёрларга зид эканлигини айтди.

“Агар сиз раҳбарни узоқ вақт кўрмаган бўлсангиз, уларга жавоб бермайсиз, улар билан жанг қилмайсиз ва қўллаб-қувватламайсиз”, дейди Али.

Бу ЎИҲ учун жуда кўп муаммоларни келтириб чиқарди, чунки “Толибон” уларга эргашмади ва ЎИҲнинг мамлакат шимолидаги кўплаб қўмондонларини қуролсизлантирди.

2015 йилда “Толибон” нафақат мулла Умарнинг ҳаёт эмаслигини, балки у 2013 йилда вафот этганини тан олиб, мулла Ахтар Мансурни ўзининг янги раҳбари этиб тайинлади. Бу бир қатор келишмовчиликларни келтириб чиқариб, ҳаракат ичида бўлинишга олиб келди. Шундан сўнг вазият янада ёмонлашди.

Хуросон вилоятиИсломий давлат

“Толибон”нинг Нангарҳорга янги келганларга кўрсатган меҳмондўстлиги тез орада тугади. 2015 йилда ушбу ҳудуддаги кўплаб покистонлик жангарилар ўтган йилнинг июнь ойида Сурия ва Ироқда халифалик барпо этилганини эълон қилган “Исломий давлат” раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат берди.

“Хуросон вилояти – Исломий давлат” (ХВИД) шу тарзда туғилиб, эллинизм давридаги Форс империясининг кенг шимоли-шарқий минтақаси номи билан аталган. Бош қароргоҳи Нангарҳор вилоятида жойлашган янги гуруҳга “Толибон”нинг кўплаб норози маҳаллий қўмондонлари қўшилди.

Шинжон, Эрон ва Марказий Осиёни ўз ичига олган курашни бутун минтақага ёйишга ваъда бериб, ХВИД Афғонистонда жойлашган хорижий жангчилар ва чет элдан янги чақирилганлар учун ажойиб имконият яратди.

У, шунингдек, аста-секин Нангарҳор ва Кунар вилоятларидаги янги ҳудудларни, шу жумладан, сердаромад конлар ва Покистонга олиб борадиган муҳим савдо йўлларини босиб олишга киришди.

Шу тариқа ЎИҲ янги иттифоқчисини топди. Ўтган йиллар давомида таркиби жиҳатидан анча халқаро бўлиб келган ЎИҲнинг кўпгина аъзолари Сурия ва Ироқдаги “Исломий давлат” сафига келиб тушган бўлсалар-да, кўплари Афғонистонга қайтиб келишди.

Аммо ҳамма ҳам янги иттифоқдан мамнун эмас эди. ЎИҲ раҳбари Усмон Ғозий 2015 йил июль ойида ўз гуруҳи ХВИДни қўллаб-қувватлашини эълон қилгач, унинг айрим аъзолари “Толибон” билан қолишга қарор қилди.

Забулда вазият кескинлашди. “Толибон”нинг маҳаллий қўмондонлари ўзбекистонлик меҳмонлар билан музокаралар ўтказишга уринишса-да, ЎИҲ “Толибон”нинг янги раҳбарини қўллаб-қувватлашдан бош тортди. “Толибон”га аввалги иттифоқчилари билан курашишдан бошқа илож қолдирмади.

Али таъкидлаганидек, шафқатсиз қон тўкилишида ЎИҲнинг бир қатор раҳбарлари ва қўмондонлари ўлдирилган, бошқалар қуролсизлантирилган ва ҳибсга олинган. Баъзилар оилаларини олиб қочиб, Нангарҳорда “Исломий давлат”га қўшилишга муваффақ бўлишди.

“Уларда тирик қолиш учун иккита йўл бор эди: ёки Нангарҳордаги ХВИДга қўшилиш, ёки “Толибон”нинг иккинчи раҳбари тайинланишини қўллаб-қувватлаш. Уларнинг айримлари уни қўллаб-қувватлади ва мамлакатнинг баъзи ҳудудларида, асосан, шимолда ўз лавозимларида қолди”, дейди Али.

Болтаев гуруҳи Забул қирғинидан омон қолган бахтли одамлар қаторига кирди. Унинг бўлинмаси қуролларини топшириб, “Исломий давлат”га қўшилмасликка сўз берди. Улар ҳеч қачон бу ваъдани бажаришни ният қилмаганди. Кўп ўтмай, улар Нангарҳордаги ХВИД қўрғонига кўчиб ўтди. “Исломий давлат”да ҳаёт қандай бўлгани ҳақидаги саволга Болтаев батафсил жавоб бермади.

“Одамлар таҳсил олди. Икки ой давомида тинч ва осойишта ҳаёт кечирдик, ҳеч нарса бўлмади, кейин портлашлар бошланди, – дейди у. – Битта фотокопия маркази бор эди, одамлар материалларни чоп этишлари учун принтерлар изладим. Овқат ҳам пиширдим”.

Вазиятнинг айни шундай эканини аниқлашнинг имкони йўқ.

Мағлубият

Болтаевнинг айтишича, у уч йил давомида 200 нафар ўзбекистонлик қатори “Исломий давлат” сафида бўлган, гарчи у қаердалигини аниқ айтмаса ҳам. Сўнгра 2018 йилда яна “Толибон”га қарши кураш бошланди.

“Улар бомбардимон қилишни бошлагач, ҳамма Вазиристон томонга қочди. Биз у ерда 1,5 йил яшадик. Кейин “Толибон” яна ҳужум бошлади. Бу бир неча ой давом этди. Биз аста-секин яна кетишни бошладик, – дейди Болтаев. – Озиқ-овқатсиз ва болалар билан қийин бўлди. Кўплаб оилалар отасиз қолди. Ҳар бир эркакнинг ўнга яқин хотини бор эди. Хотиним у ерда касал ҳолида беш фарзанди билан қолди. Мен саккиз ой давомида қочқинликда юриб касал бўлдим. Овқат йўқ эди”.

Ўша пайтда Болтаев таслим бўлганлар амнистияга тушишини эшитди. ХВИД Афғонистон ва АҚШ қўшинлари, маҳаллий қўзғолончилар ва “Толибон”га қарши Нангарҳорда ютқазаётганди.

Охир-оқибат гуруҳ аъзоларининг бир қисми Покистонга ёки Кунар вилоятига кўчди, бошқалар қочиб кетди, баъзилари ўлдирилди, қолганлари ҳибсга олинди. Хотини билан биргаликда улар таслим бўлишдан бошқа илож йўқ, деган қарорга келишди. Уларнинг жиҳодлари барбод бўлди. Болтаев бошқа жангарилар билан бирга афғон расмийларига ўзларини топширди.

“Агар вақтни орқага қайтара олганимда, – дейди Болтаев, – Афғонистонга умуман бормаган бўлар эдим”.

У жанг қилишни ёқтирмайди, фақат рафиқаси ва болалари билан яшаб, ислом динига амал қилишни хоҳларди. Унинг айтишича, агар яна озодликка чиқса, тинч жой бўлган Европа, Туркия ёки Россияга бормоқчи. У охирги марта Суриянинг Курдистонида жанг қилаётганини айтган укаси ва оиласи билан учрашишни истайди.

Бу ҳеч қачон бўлмаслиги мумкин. Ваъдага қарамай, таслим бўлган ХВИД жангарилари авф этилмади. ЎИҲ ҳам муваффақиятсизликка учради.

“Ҳаракат тугади. “Толибон” томонида жанг қилаётган бир неча кичик [ўзбек] гуруҳлар бор, аммо улар ўз-ўзидан ҳеч нарсага ярамайди ”, деди Болтаев.

Омон қолганлар

“Толибон” шу йилнинг февраль ойида АҚШ билан деярли 20 йиллик урушни тугатиш мақсадида имзоланган тинчлик шартномасига биноан, гуруҳ АҚШнинг чиқиб кетиши эвазига Афғонистон ҳудудида ҳеч қандай террористик ҳаракатларга йўл қўймасликка ваъда берди.

Бадахшоннинг чиройли тоғларига саёҳат “Толибон”нинг бўйсунишини шубҳа остига қўяди.

Уйқудаги Хостак водийсида марказий осиёлик бир гуруҳ жангарилар жангни давом эттирмоқда. Уларнинг сони ноаниқ бўлса-да, дейди Али, улар маҳаллий “Толибон”га ҳамда 11 сентябрь хуружларидан сўнг АҚШни афғон тупроғига олиб келган ташкилот – “Ал-Қоида” билан боғлиқлиги хабар қилинади.

Унинг айтишича, гуруҳ кўп йиллардан бери фаолият юритади. Бироқ Забул қирғинидан омон қолган яна кўплаб жангарилар бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Уларнинг “Толибон”га қарши жуда кўп шикоятлари бор.

“Толибон”нинг собиқ жангариси, 27 ёшли Исан мен билан Бадахшон вилоятининг маркази Файзободдаги тинч идорада учрашди. Бу курашдан норозилиги сабабли у уч йил олдин гуруҳни тарк этди. Ўшандан бери у ота-онаси билан шаҳарга яқин қишлоқда яшайди. Яқинда уни унаштиришди.

“Бадахшоннинг Журмасидаги Хостак водийси чет эллик террорчилар учун хавфсиз жойдир. Уйғурлар кўп, кейин тожиклар ва ўзбеклар. Ҳар йили ёзда ҳарбий ҳужум уюштирилади. Улар у ерда олти-етти йилдан бери яшайди. Ҳар йили уларга Покистон ва бошқа жойлардан келган янги чет элликлар қўшилади,- дея тушунтиради у.  – Хостак аҳолиси чет элликлардан норози – улардан қўрқишади. Баъзан улардан озиқ-овқат, машиналар талаб қилади ёки уларга ҳужум қилишади”.

Алининг айтишича, Бадахшондан ташқари баъзи ўзбек жангарилари ҳанузгача Тоҳар, Қундуз ва Бағлон вилоятларида фаолият юритмоқдалар. БМТнинг Аналитик қўллаб-қувватлаш ва санкцияларни мониторинг қилиш гуруҳининг июль ойидаги ҳисоботида таъкидланганидек, ЎИҲнинг Афғонистондаги аъзолари сони, асосан, Фарёб вилоятидаги оилаларни қўшганда яқинда 140 кишига етган.

ХВИД мамлакатда ҳанузгача мавжуд ва ўз ҳудудининг катта қисмини йўқотишига қарамай, қурбонлар сони юқори бўлган ҳужумларни амалга оширишга қодир. БМТ кузатувчилар гуруҳи маълумотларига кўра, ҳозир Афғонистонда ХВИДнинг 2200 га яқин жангариси бор. Аммо уларнинг қанчаси ўзбекистонлик экани аниқ эмас.

“Бир нарса аниқ, – дейди Али. – “Толибон” етарлича кучли экан, бошқа ҳарбий гуруҳга Афғонистонда мустақил ҳаракат қилиш учун жой бўлмайди. Ушбу гуруҳлар жойлашган ҳудудларнинг аксарияти “Толибон” назорати остида. Ҳукумат бу жойларга кириш ҳуқуқига эга эмас.

Mақола The Diplomat нашрида чоп этилган. Элтуз таржимаси

Тағин ўқинг
1 декабр 2015
Акмал Набиев Еltuz.com Яқинда мен ишлайдиган қурилишга полиция ходимлари келиб, ҳужжатларимиз жойида бўлишига қарамай барча ишчиларни полиция бўлимига олиб ...
31 декабр 2020
«Элтуз» рассом Элсевардан Янги йил арчасига бағишланган навбатдаги суратни тақдим қилади. Коррупционер ўзбек амалдорлари: «Сигир йили келяпти, халқни соғамиз». ...
25 декабр 2018
Украина ҳукумати 2014 йили муомалага киритган тангада Қрим яриморолининг шарқий қисмида XIII асрда Ўзбекхон томонидан қурилган масжид ва мадраса ...
5 декабр 2016
«Отаси» ўлиб, етим қолган Ўзбекистон телеканаллари ноябрь ойида асосий эътиборини сайлов мавзусига, ундан ҳам муҳимроғи сайловда 88,6 фоиз овоз ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...