Асосий мавзулар
13 октябр 2020

“Самосуд”чи фермер устидан жиноят иши очилди

3 октябрда Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н. ишчиси С.Ш.ни сазойи қилиб, таҳқирлаб, дарахтга боғлаб кетди.

Ижтимоий медианинг ўзбек сегментида бу “самосуд” видеоси тарқалгани ортидан фермернинг қилмишига ИИБ эътибор қаратди.

Фермер қўлида ишловчи бошқа ишчининг айтишича, воқеа кундузи тушдан сўнг содир бўлган. Ёлланма ишчи С.Ш. сал олдин фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н.ни ҳақорат қилган.

Бу қонунбузарлик юзасидан “Элтуз” мухбири ИИБ ва маҳалла ходимлари, фермер хўжалигида ишлайдиган бошқа бир ишчининг фикрлари билан қизиқди.

Ишчининг айтишича, С.Ш. икки йилдан буён Ж.Н.нинг қўлида ёлланма мавсумий ишчи бўлиб ишлайди. Яқин кунлардан буён фермер билан ўртасида гап қочиб юрган. 

Суҳбатдошнинг айтишича, С.Ш. кўп ичади ва ичганда ўзини билмай қолади. Ўша куни, яъни 3 октябрда ҳам у маст бўлган. Фермерни куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қилган. Бу воқеага бошқа ишчилар ҳам гувоҳ бўлган. Ж.Н. жаҳл устида ишчисини калтаклаб, қаёққадир кетган. Бу орада С.Ш. жанжал бўлган ерда ухлаб қолган.

Қизилтепа тумани ИИБга яқин мулозимнинг айтишича, ғазабланган фермер қўшни фермер хўжалигида ишлайдиган тракторчи билан қайтиб келиб, С.Ш.ни ўласи қилиб уриб, кейин уни трактор тиркамасига чиқарган (“Элтуз”га тақдим этилган видео айнан тиркама устида олинган). 

Ж.Н. ҳамма ёғи қон, бўйнига ип боғлиқ С.Ш.ни фермер хўжалигидан узоқ бўлмаган ердаги дарахтга боғлаб кетган. Бу пайтда С.Ш. ўзида бўлмаган. Тахминан бир соат ичида С.Ш. ўзига келган  ва гувоҳлар ёрдамида туман шифохонасига ётқизилган.

Бу воқеага оид видео 7 октябрда ижтимоий тармоқларда тарқалади. Кенг жамоатчилик эътиборига тушгандан сўнггина бу иш назоратга олинган.

Унгача на маҳалла нозири, на ИИБ бундан хабар топмаган. Қолаверса, шифохонада С.Ш. ҳолати ёмон бўлишига қарамай, тиббий экспертиза тайинланмаган.

ИИБга яқин мулозимнинг хабар беришича, ҳозир “самосуд” воқеаси юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Элтуз” мухбири “самосуд” қаҳрамонлари бўлган фермер ва ишчининг ўзи  билан боғлана олмади.

Сўнгсўз ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда бунга ўхшаш воқеаларни видеога олиш янгилик бўлмай қолди. Бозорда чек тарқатувчи фарғоналик аёл, ўз уйида эри билан бегона аёлни ушлаб олган ва уни қўшнилари билан калтаклаган хоразмлик хотин, ҳайдовчиларни “сотиб” юрган хоразмлик аёлнинг улар томонидан калтакланиши… 

Хуллас, бундай воқеаларга мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 март 2019
“Миллий тарих” моҳиятан конструкт эканлиги ҳақида кўп гаплашганмиз. Бугунги ўзбек миллий тарихи ўтган асрнинг 20–40-йилларида Якубовский ва бошқа олимлар ...
21 декабр 2020
Линн Швейсфурт Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва катталар мажбурий меҳнати бўйича ўтказилган 10 йиллик мониторинг ва ҳисоботлардан сўнг мамлакат ...
3 апрел 2017
Ой охирлаётган кунларда президент видеоселектор мажлис ўтказди. «Кун.ўз» сайти ўз манбаларига асоcланиб, давлат раҳбари бу мажлисда «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» ...
4 май 2023
Туркистонни ишғол қилган рус босқинчи генерали фон Кауфманга Тошкентнинг бош хиёбонида 1913 йилнинг 4 майида ёдгорлик ўрнатилган эди. Ушбу ...
Блоглар
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага ...
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...