Асосий мавзулар
13 октябр 2020

“Самосуд”чи фермер устидан жиноят иши очилди

3 октябрда Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н. ишчиси С.Ш.ни сазойи қилиб, таҳқирлаб, дарахтга боғлаб кетди.

Ижтимоий медианинг ўзбек сегментида бу “самосуд” видеоси тарқалгани ортидан фермернинг қилмишига ИИБ эътибор қаратди.

Фермер қўлида ишловчи бошқа ишчининг айтишича, воқеа кундузи тушдан сўнг содир бўлган. Ёлланма ишчи С.Ш. сал олдин фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н.ни ҳақорат қилган.

Бу қонунбузарлик юзасидан “Элтуз” мухбири ИИБ ва маҳалла ходимлари, фермер хўжалигида ишлайдиган бошқа бир ишчининг фикрлари билан қизиқди.

Ишчининг айтишича, С.Ш. икки йилдан буён Ж.Н.нинг қўлида ёлланма мавсумий ишчи бўлиб ишлайди. Яқин кунлардан буён фермер билан ўртасида гап қочиб юрган. 

Суҳбатдошнинг айтишича, С.Ш. кўп ичади ва ичганда ўзини билмай қолади. Ўша куни, яъни 3 октябрда ҳам у маст бўлган. Фермерни куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қилган. Бу воқеага бошқа ишчилар ҳам гувоҳ бўлган. Ж.Н. жаҳл устида ишчисини калтаклаб, қаёққадир кетган. Бу орада С.Ш. жанжал бўлган ерда ухлаб қолган.

Қизилтепа тумани ИИБга яқин мулозимнинг айтишича, ғазабланган фермер қўшни фермер хўжалигида ишлайдиган тракторчи билан қайтиб келиб, С.Ш.ни ўласи қилиб уриб, кейин уни трактор тиркамасига чиқарган (“Элтуз”га тақдим этилган видео айнан тиркама устида олинган). 

Ж.Н. ҳамма ёғи қон, бўйнига ип боғлиқ С.Ш.ни фермер хўжалигидан узоқ бўлмаган ердаги дарахтга боғлаб кетган. Бу пайтда С.Ш. ўзида бўлмаган. Тахминан бир соат ичида С.Ш. ўзига келган  ва гувоҳлар ёрдамида туман шифохонасига ётқизилган.

Бу воқеага оид видео 7 октябрда ижтимоий тармоқларда тарқалади. Кенг жамоатчилик эътиборига тушгандан сўнггина бу иш назоратга олинган.

Унгача на маҳалла нозири, на ИИБ бундан хабар топмаган. Қолаверса, шифохонада С.Ш. ҳолати ёмон бўлишига қарамай, тиббий экспертиза тайинланмаган.

ИИБга яқин мулозимнинг хабар беришича, ҳозир “самосуд” воқеаси юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Элтуз” мухбири “самосуд” қаҳрамонлари бўлган фермер ва ишчининг ўзи  билан боғлана олмади.

Сўнгсўз ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда бунга ўхшаш воқеаларни видеога олиш янгилик бўлмай қолди. Бозорда чек тарқатувчи фарғоналик аёл, ўз уйида эри билан бегона аёлни ушлаб олган ва уни қўшнилари билан калтаклаган хоразмлик хотин, ҳайдовчиларни “сотиб” юрган хоразмлик аёлнинг улар томонидан калтакланиши… 

Хуллас, бундай воқеаларга мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 декабр 2020
Россиянинг иқтидордаги «Единая Россия» партияси депутатлари Қозоғистон ерларининг бир қисми Россияники, дея уни қайтариш лозимлигини таъкидламоқда. Қозоғистон жамоатчилиги ва ...
22 ноябр 2019
Ўтган ҳафта «Миллий тикланиш» партияси Қашқадарёда нефть ишлаб чиқараётган «Лукойл» ширкатининг танобини тортиб қўйишни талаб қилди. Чунки бу идоранинг ...
6 апрел 2018
Facebook нинг 87 миллионтагача фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар Cambridge Analytica компанияси томонидан сиёсий консалтинг мақсадларида йиғиб борилгани ҳақидаги хабарлар ортидан ...
28 март 2020
Мана ўлмаган қул, ҳафта ўтиб яна сиз билан юзлашдим. Ҳамма ишга бормай, уйидан ишлаëтган экан. Мен бўлса, шаклланган интроверт ўлароқ, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...