Асосий мавзулар
8 март 2021

Императив-11. Мен тақмаган нишон

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Бизнинг миллиятчи мафкурамиз комммунистик мафкурага енгилди.

Сабаб объектив эди. 70-йиллар ўзбек жамиятида – бир-неча киши хориж – воқеликка миллий қараш шаклланмаган эди. Воқеаларни таҳлил этиш, ижтимоий позициясини белгилаш ва буни ошкор этиш анъанаси 30-йилларда Чўлпон, Фитрат, Беҳбудийлар билан бирга ерга кўмилган эди.

Бугун «кашф» қилинганидек, фақат Ҳамид Олимжон ва Ғафур Ғулом, Рамз Бобожон ва Ҳамид Ғулом авлодлари эмас, балки Воҳидов-Орипов авлоди дохил, ундан сўнгра келган ора авлодлар силсиласи ҳам совет мафкурасининг қўлида қўғирчоқ эдилар.

«…Қарғалган миллатнинг қозиси фосиқ,

Олими савдогар – илм сотиб яшар,

Шоирлари эса ақлдан озиб,

Душмандан мукофот олмоққа шошар…» (1983)

Улар учун режим берган ҳар қандай нишон инсонлик қийматини белгиловчи юксак мезон эди. Шу боис, бу кишилар қўғирчоқлик мақомидан самимий фахрланар эдилар. Мен уларни асло айблаётганим йўқ. Бу бир дунёқараш масаласи чунки.

Биз томоша қилаётган манзара эса фарқли эди:

«Идоранинг эшиги

Бошқа эшиклардан фарқ қилмайди ҳеч.

Лекин ҳар идоранинг

Ўзига хос деразаси бор.

Ундан тикилганда кўчага

Уйингдаги каби

Онанг қараб турмас орқангдан.

Онадан ҳам азизроқ

Барча оналардан ҳам машҳур

Портрет тикилиб турар елкангга…

Сен бўлса, дераза раҳида

Бирор марта мажлисга кирмаган

Чумчуқни кўриб ҳайратга тушасан!.. (1976)

«Валфажр» (1985)

Бу шеърдаги ҳар деталнинг прототипи бор. Масалан, «елкага тикилиб турадиган портрет» 1976 йилда Брежнев портрети эди. (Кейироқ бу портрет М.Горбачёв портретига айланди).

«Мажлис» – 1976 йилда Ғ.Ғулом нашриётида ўтказиладиган, ўзини «халқ отаси» деб эълон қилган «ҳайбатли» директор Ҳамид Ғуломнинг мафкуравий мажлислари эди. Бу «мажлис»га кирмаган чумчуқ эса ўша нашриёт биносидаги «ишлаб чиқариш» бўлимининг деразаси раҳида муқим ўтирадиган энг ҳайбатсиз, заволли бир қушча эди.

У даврда раҳматли Рауф Парфи билан «выпускающий» мақомида босмахоналардан босилаётган китобларнинг гранкаларини нашриётнинг «мини-ҳайбатли» редакторларига ташиш каби «муборак» вазифани бажарар эдик. Биз юқоридагидек очиқча антисовет шеърлар ёзар экан, уларни бостириш хаёлимизга ҳам келмас эди.

Аллоҳнинг мўъжизасига қаранг, 5 йил ўтар ўтмас бу «анти» шеърларнинг аксарияти айнан ўша «ҳайбатли» Ҳамиджон акамизнинг нашриётида чоп этилди…

1990 йили Олий Кенгаш депутати этиб сайландим. Депутатлик мандати билан нишон ҳам беришди. Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси байроғи шаклидаги бир нишон эди. Уни бир марта ҳам таққаним йўқ. Чунки нишон биз ўша вассал билган давлат Ўз.ССР байроғи эди. Бу нишонни 1992 йил 2 июл куни Олий Кенгашдан истеъфо этаркан, Каримов ўтирган жойга улоқтирдим.

РАУФ ПАРФИ

Иброҳим Ҳаққул ва Рауф Парфи… Бу икки исм билан антисовет суҳбатлар қура олардик. Баъзан бу суҳбатларда Чўлпон Эргаш ҳам иштирок этарди, аммо уйи биз тўпланадиган макондан узоқ бўлгани учун у билан сийрак кўришардик.

Раҳматли Рауф Парфига шу шеърни бағишлаганман:

ШОИР

Тамаки ҳидидан бўғилган девор.

Меҳмонлардан чарчаган дастурхон.

Унда олмаларнинг қолдиғи,

Ғийбатлар қолдиғи ётибди.

Курсида ўтирар кўзлари ботиқ

Сочлари оқариб кетган қуш.

Сайрашни унутган,

Бизнинг тилимизга ўтиб олган у.

Бизнинг тилимизга гапирган куни

Сочлари оқариб кетган қуш». (1980)

«Олис табассум сояси» (1986)

Рауф Парфи илк шеърларида инжа пардаларда сайраган бир қуш каби эди. Сўнгра мазлумлар тилида сўйлай бошлади. Ва сочлари оқарди шоирнинг. Юқоридаги шеърнинг мазмуни шу.

Рауф Парфининг ажойиб фазилатларидан бири, у суҳбатдошда ҳеч қачон уни мақташ эҳтиёжи уйғотмасди. Рауф Парфи суҳбатдошини бу азобдан дарров халос қиларди. Парфи билан суҳбатда мақташ мажбуриятдан озод бўлиб, доим унга миннатдор қолардим.

Рауф Парфи билан 1971 йилда Ғафур Ғулом нашриётига Омон Матжонни кўришга борганимда танишдим. Рауф Парфи ҳам нашриётда экан. У ерда бизни таништирдилар. Камина талаба ва «ёш шоир» мақомида эдим.

Рауф Парфининг 60-йиллар чиққан шеърларидан бир нечтасини ўқиган эдим, аммо машҳур «Лайло» қўшиғининг матни ҳам бу шоирга оид эканини билмасдим. Бу қўшиқда «Лайло, Лайло, сенинг ёнингда япроқ каби кўрдим ўзимни» сатридан бошқа 70-йилларда танилган Парфи руҳини ифодалайдиган сатр йўқ эди наздимда.

Парфининг илк шеърларида Усмон Носир кайфияти сезиларди. Кейинги тажрибаларида Усмон Носирдан узоқлашди, сатрларидаги мунг теранлашди. Ташбеҳлари оғир эмасди, тасаввурни зўрламасди.

Гарчанд ёзиш услубларимиз диаметрал шаклда фарқли бўлса ҳам Парфи Ўзбекистондаги шоирлар ичида руҳан менга энг яқини эди.

Унинг шеъриятидан ҳам кўпроқ шахсиятидаги кам одамда учрайдиган xушкўрувчилиги, инсонларнинг жоҳиллигига сабри, соф адабиётга бўлган садоқати, ҳар қандай ҳолатда ҳам кучи етганича, тўғрилик тарафида туришга интилиши мени мутассир этган эди.

Шеъриятини севиб ўқирдим. Албатта, шеъриятида менга тўғри келмаган хусус ҳам йўқ эмас эди. Буни ўзига бир неча марта айтишга шайландим, аммо кўнглини инжитмаслик учун айтмадим.

Умумият-ла Рауф Парфи кичик жуссаси билан Тошкентни тўлдириб турадиган бир аурага соҳиб шахсият эди.

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
17 май 2023
Бундан 10 йилча олдин Прагада дарë тошиб, уйларни ғарқ қилади деган гапни офатдан бир кун олдин айтишди. Қизиқ туйғу ...
26 феврал 2018
Ўзбекистон ҳукумати ташқи меҳнат миграциясини тизимли бир шаклга солиш йўлидаги навбатдаги қадамини ташлади. Хабарларга кўра, Россиянинг бир неча федерал ...
25 феврал 2022
Қадрдонларим бормисиз? Омонмисиз? Ўтган хафта касал бўлганлар бугун тузалганидан¸ ўткан ҳафта пули йўқлар бугун бойиб битиб кетганидан хурсандман. Бугун ...
16 апрел 2019
«Элтуз» нашри Муҳаммад Бекжоннинг «Қўрқувнинг нариёғида» (Алвидо, Жаслиқ!) иккинчи китобининг, 2-қисми аудиоверсиясини тақдим этади. Китобнинг бу қисмида муаллиф Косон ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...