Асосий мавзулар
11 март 2021

Императив-12. Рауф Парфи ҳақида ҳикоям

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

1970 йилларнинг ўрталаригача биз кандакор рассом Омон Азиз устахонасида улфатчилик қилдик…Камина илк бора Туркия қўшиқчиларини ўша ерда тингладим. Хусусан, Тoнжу Ўқoн шарқилари, унинг модерн таркидунёчилиги, шароб апологияси бизни мафтун қилганини эслайман.

Рауф Парфи кўпгина шеърларини ўша ертўлада ўқиди. Шеърни худди ҳазиллашаётгандай ўқирди. Бу ундаги камтарлик тазоҳури эди.

Рауф Парфида баҳс этганимиз «гердайиш комплекси» йўқ эди. «Бошда дўппи»си ҳам йўқди. Аммо миллатини севарди. Ўзига яраша туркчи эди, бутун туркларнинг бирлашуви тарафдори эди.

Нозим Ҳикматни севарди. Нозим унинг учун бир коммунист эмас, буюк турк шоири эди. «Инсон манзаралари»ни иш бўлсин деб ва ёки пул учун эмас, севарак таржима қилди она тилига.

Рус адабиётини яхши биларди, рус маданиятига катта ҳурмат билан қарарди. Аммо Туркистоннинг Чор-Совет Русияси тарафидан ишғолини тенгдошлари каби қисмат ўлароқ қабул этмаганди.

Танишлигимизнинг илк босқичида миллий руҳдаги суҳбатлар қилмасдик. Суҳбатлар асосан шеър ва янги китоблар ҳақида бўларди. 70-йиллар ўрталарига бориб суҳбатларимиз миллий тус ола бошлади.

Адабиёт қаторида сиёсат ҳам тилга олина бошлади:

РЎЁ

Бугун менинг уйқум бузилди, бевақт

Деворда соялар лопиллар улкан

Кўзим қамаштириб юборар ногоҳ

Олис минтақада ёнган бир гулхан –

Чарсиллаб кетади олов дамо-дам,

чирилдоқ чириллар нолон,

Гулхан теграсида еттита одам

Соқоллари ўсган етти қўзғолон.

Улар суҳбат қурар жимгина… аммо

Уларнинг дунёга тушгандир иши

Гулханни қучоқлаб олгандир гўё

Чордона қурган бу еттита киши.

Олов узра парвоз этар безавол,

Қанотин куйдирмай учади шу тоб

Менинг қўрқувимга ўхшаган савол

Сенинг умидингга ўхшаган жавоб…

Мана, тун ҳам дарров ярмидан оғди,

Суҳбат давом этар, гулхан ёшарар,

Ўйнар еттовининг юзида ёғду

Ўт билан ўйнайди етти башара…

(1983)

«Олис табассум сояси» (1986)

Бу утопик шеър қаҳрамонларининг прототиплари рассом Омон Азиз ертўласида тўпланган шоир ва рассомлар эди. Аммо улар шеърда тасвирлангани каби ҳали «Ўт билан ўйнай» бошламаган эдилар.

Фақат менинг xаёлимда бу ўйинни бошлаб юборгандилар.

Xаёлий гулхан атрофида ўтирган ўзбек ойдинлари мен учун «етти қўзғолон» шамойилида кўрина бошлаган эди. (Гулханни мавзу олган Рауф Парфининг шеъри ва бу шеър асосида Омон Азиз яратган бир асар ҳам бор эди. Фақат уларда сиёсий мотив йўқ эди).

«Рўё» шеъри ёзилгандан беш йил сўнгра, 1988 йилга келиб рўё рўёбга чиқди: миллий тушунчаларимиз ертўладан чиқиб, майдонларда тошди. Аммо 1980 йиллар ўртасида рус мустамлакасидан қутулиб, мустақил давлат қуриш орзуси ҳануз очиқ декларация шаклини олмаганди, ҳали ҳам шеър форматида яшар эди.

Масалан, шу шаклда:

ЯНГИ ЖУМЛА АХТАРИБ

Сўзлар бири-бирига боқсин эркинроқ,

Яшасин мустақил Жумҳуриятдай,

Бир-бирин тўлдирсин, бўлсин Иттифоқ,

Ҳар жойда туғилган бир хил ниятдай.

Жипслашсин, жипс этса замона зайли,

Аммо олий Белги этган ҳукм-ла

Ўртада ҳад бўлсин… Шундан сўнг, майли

Жумлаи жаҳонга айлансин жумла!

(1985)

«Валфажр» (1986)

Аммо жумламиз «жумлаи жаҳонга» айлангунча биз ўз шеърларимизга «паранжи» кийдиришга мажбур эдик. Замонавий «Шеърият санъати» биздан шуни талаб қиларди:

ШЕЪРИЯТ САНЪАТИ

Аёллар юзидан буюк инқилоб

Сидириб ташлаган паранжиларни,

Афу этинг, ўзимча ишлатдим шу тоб

Юпун сўзларимга кийдирдим барин.

«Шеъринг мавҳум», дея қилмангиз пичинг,

Шеър нозик паранжи ичида яшар

Уни ҳам сидириб ташламоқ учун

Балки лозим бўлар яна бир Ҳашар

(Инқилоб)!

1985

Биз кутаётган «Ҳашар»ни манглайида қора холи бор Горбачёв бошлаб берди ва биз шеърларимизнинг юзидан паранжиларни секин-аста сидириб ола бошладик.

Рауф Парфига келсак, у майдонларда нутқ отмаса ҳам доим биз билан бирга бўлди.

Тошкентдан айрилгунимча у билан алоқамиз кесилмади.

Каминани сиёсий режим «халқ душмани» деб эълон қилганида бу «душман»ни тарк этмасликкa журъат этган уч-тўрт дўстнинг биттаси эди Рауф Парфи.

Бу «душман» ҳақда гапириш таҳликали бўлган йилларда ғурбатда юрган бу дўстини очиқча қўллаб, уни у муносиб бўлмаган юксакликларга кўтаришдан қўрқмаган мард инсон эди.

Рауф Парфи умрининг сўнггигача романтик бўлиб қолди. У бундан уялмади, ғурурланмади ҳам. Ўз табиатини ташқи шароитга қараб ўзгартиришга тиришмади. Ўзига бино қўйган жиддийлик унга кулгули кўринарди ва кўриши тўғри эди.

Жадидлардан сўнг пайдо бўлган миллий адабиёт саҳросида рус мустамлакасидан мустақил бўй кўрсатган илк битки Рауф Парфи эди. Аллоҳ руҳига ғаний-ғаний раҳмат айласин.

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
2 октябр 2019
«Ёзарнинг саси» рукнида «Элтуз» нашри марҳум шоир Рауф Парфининг ўз дўсти Муҳаммад Солиҳга бағишлаган китобидан ўқиган шеърий туркумни мухлислар ...
3 декабр 2018
Мана бу расмларда кўриб турганингиз Суриянинг Идлиб ёхуд Ҳалаб шаҳарларидаги биноларнинг эмас, Ўзбекистон Республикаси Навойи вилояти Хатирчи тумани Лангар ...
12 август 2019
(Прокурорларнинг очиқ хати тўлиқ ва стилистика сақланган ҳолда эълон қилинмоқда)  Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиеев, халқсевар юртбошимиз, мурожатимиз бошида Сизга, ...
6 феврал 2016
Ҳар бир ўқув йили, чораги Ўзбекистон мактабларининг эски анъанаси бўлган макулатура, темир-терсак, обуна, турли жамғармалардан ташқари, туғилган кун, арча, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...