Мултимедиа
23 март 2021

Императив-15. Пушкиннинг Тошкентда нима иши бор?

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Ўзбек ёзувчиси Нурали Қобул билан ҳам Москвада (яқинроқ) танишдик. Жуда табассумчан йигит эди. Инсонлар билан ижтимоий “контакт” ўрнатишда моҳир эди. Муомаласи ҳамма билан яхши эди.

Уни кейинроқ (90-йилларда) депутат сифатида кўпроқ танидим ва шунга таяниб, унинг шахсини ижодкорлар ичидаги энг катта, нуфузли синфи – «ёшулличилар» синфига қўйиш мумкин.

Бу синфнинг дунёқараши бундай: «Инсон бу дунёга бир марта келади. Роҳат қилиб яшаш керак. Қандайдир мавҳум идеаллар учун адабиётни восита қилмаслик керак, гўзал, инсонларни гўзалликка етаклайдиган нарсалар ёзиш керак.

Буларни ёзаркан, душманни дўст қиладиган шаклда ёзиш лозим, дўстни душман қилиб эмас. Адабиётни сиёсатга ҳам восита қилиш ақлсизликдир. Жуда восита қилгинг келса, тарихий асарлар ёз, тарихдаги сиёсий лидерларни танқид эт, бутун нафратингни тарихий персонажлар кўксига жойлаб, уларнинг оғзи билан жорийларга эмас, яна ўша тарихий лидерларга ҳужум қил.

Жорий сиёсатга эса зинҳор аралашма. Аксинча, ёшуллиларга эҳтиром кўрсат, уларнинг қўлини ол, уларнинг дўстларига яқин, душманларидан узоқ юр. Зотан, бизнинг халқ золим ҳукмдор бўлмаса, қутуриб кетади, бу, афсус, ҳақиқат. Иложи борича ёшуллиларга яқин бўлиш керак…»

Бу стандарт «ёшулличи» психологиясидир.

Нурали Қобулда бу хислатларнинг айнан қайсиниси бор эди, буни аниқ айта олмайман. Аммо унинг «ёшулличи» синфига оид эканига шубҳам йўқ.

Нега буни ишонч билан айтяпман? Чунки ўзбек ижодкорларининг катта фоизи «ёшулличи» ва бу синфга кирмаган фоиз ичидагилар ё қатл этилди, ё ўз ажали билан ўлди, ёки қамалди ва ёки сургун қилинди.

Аслида «ёшулличи синфи» йиртқич синф эмас. «Тарихий шарт-шароит» бўлса, “ёшулличилар” эзгулик тарафида туриб, жуда кўп хайрли ишлар қилиш салоҳиятига эга кишиларнинг синфи.

Яхши яшашни ҳақли равишда истаган инсонлар. Бу йўлда «ёшулли»га нақадар яқин юрилса, шу қадар яхши бўлишига ишонган характерлар.

Нурали билан боғлиқ бир неча илиқ хотирам бор. Шулардан биттаси Москвадаги учрашувимиз. 1979 йилда Ўзбекистон «Госкомиздат»и бошлиғи билан келган ёш Нурали Қобулни эслайман.

У ўша пайтлардаги «халқ отасига» куёв мақомида эди. Нурали учун махсус «Совет Ўзбекистони санъати» журнали очиб берилган эди, Нурали унинг бош муҳаррири эди. Менга: «Ҳеч ким босмайдиган, цензурадан ўтмайдиган бир материал беринг, мен босаман!» деди қаҳрамонларча.

Нуралининг шундай тантилиги бор эди куёв бўлишига қарамасдан. Ёки куёв бўлгани туфайли. Нурали Қобулга русларнинг Русияга даф бўлиши орзу қилинган ушбу утопик бир эссени бердим:

АДАШГАН ҲАЙКАЛЛАР

Улар навбатда туришибди. Нон дўкони олдида турган одамлардай, қаторлашиб туришибди улар. Ҳар бирининг қўлида ўз юраги. Ойлаб, йиллаб тураверади. Ёмғир, қор остида тураверади.

– Мен шу ерликман, ўтказиб юборинг, – демайди ҳеч ким.

– Мен пенсионерман, ўтказиб юборинг, – деб бирортаси айтмайди.

– Мен фалон урушда қатнашдим, – деб ҳеч ким миқ этмайди.

Уларнинг ичида имтиёзлилар йўқ. Салла ўрагани ҳам, фрак кийгани ҳам индамай тураверади.

Бу ҳолат бир қарашда лоқайдлик бўлиб кўриниши мумкин, аммо уларнинг қиёфасига диққат қилган киши бир нарсани пайқайди: ҳайкаллар бири иккинчисини таниш учун қаттиқ тиришяпти – саллали шоир пешонасини тириштириб, “буни қаерда кўрувдим-а”, дегандай фрак кийган шоирга, фракли шоир эса унга тикилади.

Ҳайкаллар навбатда туришибди, аммо нима учун турганини ҳаммаси ёдидан чиқарган: ҳаммасининг диққати бир нарсага – бир-бирини таниб олишга қаратилган…

Чиндан ҳам, жуда кўп ҳайкалларимиз қаерга ва нима учун келиб қолганини билмайди. Кимдир уларни боладай етаклаб келади-да, “Мана шу ерда туринг, мен ҳозир қайтиб келаман”, деганича ғойиб бўлади… ва ҳеч қачон қайтиб келмайди.

Ҳайкал бўлса, бу ерда мусофир – ёнидаги одамни таний олмай сарсон – тураверади.

Кези келганида шуни айтиш керакки, омадли ҳайкаллар хиёбонда ёлғиз ўзи туради.

Ҳа, турмушдаги ажиб фалсафа ҳайкаллар ўртасида ҳам расм: буюк одам доим танҳодир.

Ҳатто ҳайкалларнинг навбатда турганларидан фарқли, у ўзининг қаерда – ватанидами ё хориждами эканлиги билан қизиқмай, бемалол ҳаёлга шўнғий олади, бунинг устига, танҳо ҳайкалнинг қўлида бирорта китоб бўлиши муқаррар – шуни ўқиб вақт ўтказади ҳеч бўлмаганда.

ТАНҲОЛАР

Байроннинг мухлиси бу хиёбондан ўтса, доим хафа бўлади: нега бу ерда Байрон эмас, Пушкин турибди?

– Негаки… – деб жавоб бермоқчи бўласиз-у, ўзингиз ҳам билмайсиз негалигини.

Узоқ билмай турасиз.

– Мен Пушкин мухлиси бўлганим учун! – деб фахр аралаш ҳазил қиласиз, лекин дўстингизнинг бошқа шоирга муҳаббатини ҳақорат қилишдан қўрқиб, алдашда давом этасиз: – Пушкин Ўзбекистонни севгани учун. Пушкин-Дантес дуэлининг сабабини биласизми? Сабаби бир – Ўзбекистон.

Байроннинг мухлиси сизга телба одамга қарагандай қарайди, юзингиздаги жиддийликни кўриб, эсанкирай бошлайди.

Эсанкирайверсин.

Сизга бунинг алоқаси йўқ.

Сиз Пушкинни севасиз ва унинг нега айнан шу ерда турганини оқлаш учун ҳар қандай ёлғонга тайёрсиз.

Буюк шоирни қуршаган тошкентлик канизак дарахтлар эса оҳиста қўшиқ айтадилар. Одатда Шарқ одамлари қўшиқ тинглаётиб, беихтиёр оҳангга мос бош тебрата бошлайдилар.

Афсуски, бу иш ҳайкалларнинг қўлидан келмайди.

Айниқса, Пушкиннинг.

Чунки Оврўпада бош тебратишмайди.

Оврупаликлар ҳар қандай оҳангга оёғи билан жўр бўлишади.

Пушкин хиёбонидан ўтаётган ҳар бир йўловчи шоирнинг жим депсиниб, нотаниш халқ мусиқасини бутун бронза вужуди билан тинглаётганига гувоҳ бўлади…

Мана бу хиёбонда эса иккинчи бир буюк сиймо турибди.

Бу ёзувчига қўйилган ҳайкаллар дунёнинг ҳамма бурчагида бўлса керак. Лондоннинг қайси кўчасига қўйилган экан унинг ҳайкали? Парижнинг қайси бульварига?

Ҳар ҳолда, у Тошкентнинг энг гўзал чорраҳасида турибди.

Унинг ёнидан ўтсангиз, сизга меҳри ийиб кетади, буюк пролетар ёзувчисининг сизга ўхшаган оддий одамларни қанчалик севганини яхши билганингиз учун унга биродарларча таъзим қиласиз, салом берасиз:

– Қайси шамол учирди бу ёқларга, Алексей Максимович?!.

Албатта, у ҳайкал сизга қайрилиб ҳам қарамайди. Биринчидан, ҳайкалларнинг бўйни жуда қаттиқ:

– қайрилиш учун уларга камида юз йил вақт керак.

Иккинчидан, саволингиз ниҳоятда бачкана: сиз ва бизни учирган оддий шамол ҳайкалларни учиролмайди.

Уларни жуда катта ижтимоий воқеалар, лоақал, инқилоб бўрони учириши мумкин.

Айниқса, Тошкентдай узоқ шаҳарга.

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
2 октябр 2019
Фарғона вилояти ҳокимининг инсон ҳуқуқларини бузишга қаратилган хатти-ҳаракатлари ортидан Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази бунинг натижасида жабр кўрганларни ...
29 январ 2018
Тошкент шаҳри марказидаги модерн меъморчилик намунаси бўлган Киночилар уйи ва бошқа биноларнинг бузилиши Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ...
27 сентябр 2018
“Абдулҳамид Чўлпонни оттиришда фаол иштирок қилган ўзбек ёзувчи ва шоирлари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ва Ҳамид Олимжон Ўзбекистонда ҳали ...
21 март 2020
Кейинги 6 ой давомида биз уларни урдик, калтаклаб майиб қилдик. Бонусига порахўрсан, таъмагирсан, дедик. Машина глушители тешилганида устага шартта ...
Блоглар
10 май 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов кластерлар ...
6 май 2021
1881 йилнинг 6 майида Михаил Скобелев бошчилигидаги рус колонизаторлари Хива хонлигига қарашли Ахалтака вилоятини оккупация ...
29 апрел 2021
Феминизм дея оғизларингнинг икки четида тупук ялтираб тиржаясизлар, ўзларингча иякларингни кўтариб киноя қиласизлар, гўё бизнинг ...