Мултимедиа
20 апрел 2021

Императив-20. Маънавий зиндон

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми. Боши “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Социалистик ҳаёт менинг ёш юрагим учун доим бир маънавий зиндон бўлган.

Монотон турмуш тарзи: уйғон, емак е, ухла ва яна уйғон – бу зиндоннинг кунлик тартиби шу эди. 1980 йил ёзилган қуйидаги матн бу даҳшатли турғунликнинг сурати:

БУ ЕРДА

Бу ерда изтироб нотаниш сўздир,

Бирор баҳона йўқ маъюслик учун,

Қувонч уйқу билмас абадий кўздир.

Демак, ҳеч ким бунда бағрин тиғламас,

Демак, хат ёзилмас, кутилмайди хат,

Бирдан биров ўлиб, биров йиғламас.

Демак, тураверар олма қизариб,

Тагига тушмас у, қурт тушмас унга,

Демак, тураверар мангу қизариб.

Қувонч уйқу билмас бемор бир кўздир». (1980)

«Олис табассум сояси» (1986)

Бу даҳшатли турғунлик ҳақида шеър ёзиш мумкин эди. Бу даҳшатни яқинларинг билан муҳокама этиш мумкин эди, албатта. Аммо бу муҳокама бўлаётган ошхонадан ташқарига чиқмаслиги керак эди. Бундай суҳбатлар ошхонада жўмракдан сув оқизиб қўйилган ҳолда қилинарди. Ҳатто юқоридаги шеър нима ҳақида ёзилганини ҳам яқинларнинг кўпчилиги билмасди ёки билмаганга оларди.

ҲУШЁР ДАВРAДА

Мен сизга бор гапни айтмоқ бўламан,

Буни сезиб,

Сиз бирдан ҳушёр тортасиз.

Бу гапни оҳиста айта бошлайман,

Уни эшитатуриб,

Яна ҳам ҳушёрроқ тортасиз.

Ниҳоят, бу гапни айтиб бўлганда,

Менга тикиласиз,

Тикилгандай худди телбага.

Буни кўриб, худди сиз каби

Мен ҳам,

Мен ҳам ҳушёр тортаман дарров! (1983)

«Олис табассум сояси» (1986)

Яшаётган дунёмизда «Нега бу бундай?» саволи берилиши мумкин эмасди.

Бу дунё – жавоблари олдиндан берилган саволсиз дунё эди.

МАН ЭТИЛГАН САВОЛ

Бу ёққа кел. Қўл қўй, имзо чек,

Мана шу умр сенга ҳадя.

Қўрқма, ҳеч ким сўрамаяжак

«Нега келдинг дунёга?» дея.

Яшайвергин, ҳадиксирама,

Дўст-ёр орттир, орттир бойлик, пул.

Ва ҳеч кимдан изн сўрама,

Илож топсанг, бўлмагин сен қул.

Пулинг бўлса, эркни сотиб ол,

Текинга ол, пулинг бўлмаса.

Ерда юргин, судрал бемалол,

Осмонга уч, кўнглинг тўлмаса.

«Нега келдинг дунёга?» дея

Сен ўзингдан сўрама фақат.

Бу савол даҳшатли бомбадай

Ман этилган заминда абад! (1983)

«Олис табассум сояси» (1986)

Яшаётганим жамиятнинг сохта юзи, маънавиятсиз дунёси инсонни муттасил изтиробга судрарди.

ИЛТИЖО

Кўз кўради тушганин бошга,

Деб ўзини юпатаётган

Юввошгина одамдан бошқа

Яна кимман, мен яна кимман?

Ҳалол бўлай деб жони ҳалак,

Ҳар гапида мингта «мумкинми?»

Серилтифот кимсадан бўлак,

Яна кимман, мен яна кимман?

Гапир, замин! Жавоб бер, фалак!

Бу сизларга ялинаётган,

Ожиз, муҳтож кишидан бўлак

Яна кимман, мен яна кимман?!

(1983)

«Олис табассум сояси» (1986)

Бу сохта муҳитда ўзимнинг ҳам ҳақиқийлигимга шубҳалана бошлаган эдим.

Ҳаракат қилиш керак, дердим ўзимга. Аммо:

САҲРОДИР КЎЗИМ

Кураш.

Бу сўзнинг маъносин

Болалигим билади фақат.

Қўлларимга қарайман:

Қаламга кўниккан қўлнинг

Қаламни синдирмоққа кучи етар, холос.

Ҳамма ёзганларимни йиғиштириб ёқса,

Уч одамга гулхан бўлмайди.

Кураш.

Бу сўзнинг маъносини мендан сўраманг.

Мен йиғламоқ истайман фақат,

Кўзим эса саҳро,

Саҳродир кўзим.

(1984)

«Олис табассум сояси» (1986)

Ёзган шеърларим реал воқеликни хаспўшлаш бўлиб кўринарди ўзимга.

Нафратланганим мунофиқлар қаторига қўшилиб қолишдан қўрқардим жуда.

Ўша пайтларда Сталин эълон қилган «Совет Иттифоқи пахта мустақиллиги»нинг курашчиси ўзбек пахтакори биз миллиятчилар учун адабиётда мазлум образининг энг ёрқин прототипи эди. Қуйида ўзбек дехқонининг сўнги нафаси ҳам пахта шаклида чиқишининг бир тасвири:

СИЛЛОГИЗМ

Пахта – ерда ётган булутдир.

Йўқ.

Бу ташбеҳ жуда ҳам мавҳум.

Пахта – оппоқ буғдир балким?

Ҳа, худди ўзи:

Деҳқон гапирганда,

Деҳқон нафас олганда,

Оғзидан чиқадиган буғ эрур пахта.

Деҳқон эса – одaм,

Яъни у ўлгунча нафас олади.

(1981)

«Олис табассун сояси» (1986)

Деҳқоннинг «фантастик» қўллари ҳақида бир шеър:

Деҳқон қўллари

Бир қўлим кўксимда турар мунтазам,

Бир қўлим раисга саломлар берар,

Ишга шўнғиб кетар қолган ўнтаси,

Қолган ўнта қўлим пахтани терар.

Қўлдан иборатдир менинг вужудим,

Кўзим-қўл, юзим-қўл, оёғим ҳам – қўл,

Неки туртиб чиққан бўлса ичимдан

Бари қўл, ҳаттоки… қулоғим ҳам – қўл!

Тушда аён бўлди улуғ бир мақсад,

Олға кетаяпман, боқмай орқамга:

Хўжалик ерига пахтани эксам,

Мен қўл экажакман ўз томорқамга!

(1985)

«Олис табассум сояси» (1986)

Аммо мен аллегория, ташбиҳлар билан бу мавзуни халққа англатиш қийин эканлигини кўрдим. Пахта монокультураси ҳақида мақола ёздим.

«Ўзбек халқи бу балодан қутулиши керак, ерни алмаштириб экиши керак» ва ҳоказо дея. Дарров жавоб ёзишди: «Сиз кимсиз, ўзбекка ақл ўргатасиз, пахта ўзбек халқининг оқ олтини. Жонажон совет халқига бу оқ олтинни улашяпти, сиз шонли интернационализмга қаршимисиз? СИЗ ЎЗИНГИЗ ЎЗБЕК УЧУН НИМА ҚИЛДИНГИЗ? – аввал бунинг ҳисобини беринг», дейишди.

Жавобини бераолмадим. Чунки улар ҳақли эди: мен ўзбек учун ҳеч нарса қилганим йўқ эди.

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
24 декабр 2018
Бош вазир Абдулла Арипов 23 декабрь куни Хотин-қизлар қўмитаси йиғилишида Тошкентдаги барча эски уйлар бузилиб, ўрнига янгилари қурилиши ҳақида ...
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан гавжум бўлади. Гўёки ҳукумат ...
3 май 2021
3 май куни таниқли ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов 76 ёшида Тошкентда вафот этди. У умрининг 20 йилини сиёсий ва ...
6 апрел 2022
Стокгольмдаги Россия элчихонаси олдидаги автобус бекатида Украинада уруш бошланган кундан буён рус (ва инглиз) тилида ёзилган қуйидаги эълон банери ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...