Асосий мавзулар
10 май 2021

Императив-26. Уйқудаги нафрат

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг 25-қисми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Биз душманнинг кун тартиби бўйича ҳаётимизни тартиблаган эдик.

Бизга тавсия этилган жорий «миллий ғурур» ўзимизнинг реал миллий башарамизни кўришга халақит берарди. «Қайга борсам бошда дўппим, ғоз юраман гердайиб» шиори миллий ғурурнинг эмас, айнан ўша комплекснинг ҳайқириши эди. Биз ҳайқиришдан чарчаган эдик. Чарчоқ ҳам худди зикр этганимиз комплекс каби ирсий эди.

Баъзан чарчаган руҳ бир шаффоф уйни орзу киларди. Майли, осмон остида, уйсиз уй бўлсин, аммо озод бир уй:

ШАФФОФ УЙ

Эрк унинг шаффоф уйи

Деворлари шишадан тикланган.

Шаҳардаги энг ҳашаматли уй.

Дунёни кўрар у уйида туриб

Ташқаридан уни кўради дунё.

Овқат кам ейди у,

Чунки дарахтлар

Унга қарагандай бўлаверади.

У бўйдоқ,

Чунки хотин билан

Яшаш ноқулайдир бу шаффоф уйда.

Хотин-ку тураверсин,

Ҳатто ўзи ечинса,

Юлдузлардан тортиниб ечинар ҳар гал…

(1980)

«Шаффоф уй» (1985)

Бу шеър моддий йўқсиллик апологияси. Айни замонда озодликка мадҳиядир бу.

Биз эрк истар эдик.

Чарчаганнинг тин оладиган уйи – майли, хотин бўлмасин, майли, бола-чақа бўлмасин, эркдан тикланган бўлиши керак. Шундай бир эрк бор, албатта, у ҳам уйсиз (ватансиз)ларнинг эрки. Биз у пайтлар буни танлашга ҳам тайёр эмас эдик аслида.

Биз ҳайқиришдан чарчаб, «энди миллат учун бирор нарса қилайлик», дея босқинчига қарши курашга бел боғлаган ва бу йўлда ўлдирилган бир ҳовуч қаҳрамон жадиднинг чорасиз маънавий етимлари эдик.

Тақдирдан нолиб, шикоят қиладиган бир даргоҳ йўқ эди:

Биз ахир ҳеч кимни ўлдирмадик-ку,

Лекин нега бизнинг қўлларимиз қон.

Гуноҳ қуши турар бош узра мангу,

Ёнаётган авлиёдай чирпанар виждон!

Эҳтирос қамчиси остида дир-дир

Титраётган туядай, тушов оёқда,

Юришга мажбурмиз, юрмоққа мажбур,

Билмай, мағриб қайда, машриқ қаёқда.

Бизни муваққатлик даҳшатга солар,

Дарров зериктириб қўяр мангулик

Ҳар кимнинг бўғзида узун бир нола,

Ҳар кимнинг кўксида биттадан ўлик.

Ожиз кучли бўлиб, бир марта бошин

Мардлик кундасига қўймоқни истар,

Кучли ожиз бўлиб, тўкиб кўз ёшин,

Бир марта меҳрга тўймоқни истар.

Лекин осмон узоқ, ер эса қаттиқ,

Бизлардан қарздор эмас бу олам,

Ҳақиқат юзига боқолмаймиз тик,

Аммо истамаймиз бош эгишни ҳам.

Баъзида кўкларга қараймиз ёниб,

Гўё кўкда бордай ерда йўқ нарса,

Қани, меҳр излаган шўрлик инсонни.

Инсон севмаса ҳам, бир Худо севса!..»

(1983)

(«Адашганлар қўшиғи» шеъридан парча. «Тун ташбеҳлари», 1988.)

Биз ўзимизни ҳақиқатан ҳам айбдор ҳис килардик. Мутеликнинг, тобелик ва орсизликнинг сабабчиси каби ҳис этардик ўзимизни. Ерини душманга сотган сотқиндай ҳис этардик ўзимизни:

ТУТУН

Чекаман.

Тамакининг тутуни енгил.

Чекаман.

Онам эса

Секин келиб, тортади енгим:

– Нима бўлди сенга, дангаса,

Кун бўйи чекасан,

Пул йўқотдингми,

Жавоб бергил, еринг сотдингми?…

Мен жавоб бермайман, чекаман.

Чекаман-у титрайди енгим

Тутун бўлса…

Нақадар енгил!

(1980)

Олис табассум сояси» (1986)

Биз жадидларнинг ким эканини жуда кеч таниган, уларнинг китобларини тушида ўқиб савод чиқарган чаласавод миллиятчилар эдик.

Бизнинг жадидлардан кейин пайдо бўлган коммунист-манқурт авлоддан фарқимиз, биз пастқам заминнинг тортиш кучини енгиш учун катта бир куч кераклигини идрок эта бошлаган эдик:

АФУ ЭТ МЕНИ

Тақлид этолмадим сенга,

Ватаним Сен каби бардошли бўлолмадим ҳеч.

Сапчиб турган эсам, айбситма мени,

Афу эт, ахир мен ўлолмадим ҳеч.

Кечир, сапчиб турдим оғир уятдан

Тарихидан жудо бўлган халқ каби,

Келажаги қаро инсониятдай

Энг сўнгги лаҳзада турдим мен қалқиб!

Турдим, сапчиб турдим, ўзимга келдим,

Шаккок фарзандингни афу эт, ватан,

Гўзал кафанларни эгнимдан юлдим,

Тушдим, сакраб тушдим тилла тобутдан!..

(1985)

«Тун ташбеҳлари» (1988)

Бизни «ўлди» деб қўйишган тобутдан ерга сакраб тушган эдик, аммо пессимизм бизнинг томирларимизга ёйилиб улгурган эди.

Биз ўтган замонлардагидай ўзимизни аврашда давом этардик. Кўрганимизни яна кўрмасликка олишда давом этаётган эдик:

ЎЗИМНИ АВРАЙМАН

Ўзимни аврайман уйқу олдидан,

Шивирлайман ўз қулоғимга:

«Ҳеч нарса бўлгани йўқ.

Унут ҳаммасин!

Эшитганингни унут, кўрганингни унут.

Кўзларингга ишонма.

Ухла!» …

Лекин ухлолмайман.

Халақит берар бу қайноқ кўзларим,

Мен ишонмаган кўзларим.

(1977)

“Оқ кўйлаклар» (1980)

Бу қаҳрамонга тасалли берадиган ва уни оёқда тутаётган ягона нарса – интиқом туйғуси. Аммо:

Энг баланд қояда

Баҳайбат қуш мисол

Оғир тумшуғини патлари орасига тиқиб,

Ухлаб ётар унинг нафрати.

Онаси кимлигин билмайди бу қуш,

Билмайди отаси ким эканини.

Вақт ўтган сари катталашар у,

Катталашган сайин

Қаттиқроқ ухлар.

(1980)

«Валфажр» (1980)

Бу шеър уйқуга кетган

Нафратнинг сурати.

Бир халқнинг душманга нафрати.

Унинг бугун ҳам ухлаётган нафрати.

Қуйидаги 5 сатр эса соқов, шуурсиз, мақсадсиз чорасизлик сурати:

Бунча зерикарли далалар

Пахтасиз!

Ана, пайкалларда

Кўкка анграяр

Деҳқон панжасидай бўм-бўш чаноқлар!»

(1977)

Бу мулки тортиб олинган мазлум тасвири. Чаноқлар пахтаси териб олинган деҳқоннинг бўм-бўш қўлларидир. «Анграяр» сўзи айни онда шуурсиз очилган оғизни хотирлатади. Ва такрор бу изтиробдан қутулиш йўли интиқом бўлиб кўрина бошлайди:

ҚАҲРАТОН

Оқ рўмоли бошга танғилган,

Қимир этмай, тубанга қараб,

Фарзандлари хиёнат қилган

Она каби турар ҳар дарахт.

Ҳар лаҳзада бир абадият

Чўнг фожиа худди кечгандай,

Сукут ичра турар табиат

Бир даҳшатли қасам ичгандай.

«Олис табассум сояси»,

1986

Даҳшатли қасам ичганлар интиқом истар эдилар.

Тарихимиздаги миллий фожиалар силсиласида бизга энг яқин бўлган жадидларнинг қатли бизнинг интиқом туйғумизни кучайтириши керак эди.

Аммо ҚЎРҚУВ, зеҳнимизни назорат қилаётган ҚЎРҚУВ ўзбек зиёлисининг зиёсини ўчирган, қалбларини қорайтирган эди:

ҚЎРҚУВ

Қўрқяпти.

Нари ўтир.

Юқмасин қўрқув

Ундан чиқиб, сенга бу дард қилмасин ҳужум.

Ҳаётининг ярмин ҳозир берар эди у,

«Мен қўрқмайман», дея бир бор ҳайқирмоқ учун.

Кечир уни, ниятлари пок эди унинг,

«Тондим», дея душманига ялингунча то,

Эзгу йўлда юраклари чок эди унинг,

Қўрқув деган касалликка чалингунча то…

«Ким келяпти?» дея ҳайрон бўлаверма сан,

Бу товушнинг нелигини ундан сўрагин:

Бу – кўкракда аланг-жаланг, зир югураётган

Юрак эрур қўрқаётган, инсон юраги!.. (1985)

«Олис табассум сояси» (1986)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
15 январ 2019
Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни нишонланди… бу эса болалар боғчасида олинган сурат… Нимага болаларга армия формасини кийгизишмоқда, мен билмайман, бироқ ...
19 декабр 2016
Таниқли хонанда Озода Нурсаидова 17 декабр куни ўзининг инстаграмм саҳифасида Шавкат Мирзиёевдан кечирим сўраши ҳақида ёзди ва сайловда унга ...
26 октябр 2024
11-декабрдан 15-декабргача Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театрида Жорж Фридерик Ҳанделнинг “Тамерлано” операси машҳур режиссёр Стефано Поданинг замонавий ...
21 феврал 2023
Автобуснинг бу галги сони «Муштум» сатирик журналининг 100-йиллигига бағишланади. Бу сонда Муштумдан олинган карикатуралар шунингдек, Мақсуд Шайхзода ва Меҳриноз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...