Асосий мавзулар
21 сентябр 2021

Жамоа шартномаси нима ва у нега керак?

Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. Булар қонунлар, ҳукумат қарорлари, низомлар, йўриқномалар ва ҳоказолардир.

Жамоа шартномаси нима ва унинг меҳнат муносабатларини тартибга солиш тизимидаги ўрни қандай? 

Жамоа шартномаси — бу муайян бир ташкилот ичида меҳнат ҳамда ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи ички меъёрий ҳужжатдир.

Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилишини уни имзоловчи томонлар белгилайди. Меҳнат жамоаси, касаба уюшма ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи, шунингдек, иш берувчи маъмурияти вакиллари меҳнат шартномасига у ёки бу бандни қўшиш зарурати юзасидан ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа асосларни келтирган ҳолда ўз таклифларини тайёрлайди. 

Томонлар келиб тушган таклифларни муҳокама қилади ва келишилган матнни шакллантиради. Жамоа шартномасининг якуний матни танишиб чиқиш учун меҳнат жамоасига тақдим этилиши ва кейинчалик умумий йиғилишда тасдиқланиши шарт.

Жамоа шартномасида нималар акс этиши керак? 

Ходимларнинг касаба уюшмаси ва иш берувчининг вакиллари иштирокидаги жамоавий музокаралар жараёнида кўриб чиқиладиган масалалар қамрови жуда кенг бўлиши мумкин. 

Амалдаги меҳнат қонунчилигида жамоа шартномасида акс этиши шарт бўлган асосий ҳолатлар белгилаб берилган. 

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси меъёрларига кўра, жамоа шартномасида қуйидаги шартлар бўлиши керак: 

– меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, устамалар, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;

– (меҳнат таътили бошланиши олдидан энг охирги иш кунидан кечикмай) меҳнат таътили учун ҳақ тўлаш муддати ;

– иш вақтидан кейин, дам олиш ва байрам кунлари ишлаганлик учун энг камида икки баравар ҳақ тўлаш; 

– кечки пайтларда ишлаганлик учун бир ярим баравардан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш; 

– умумий иш вақтини ҳисоблаш тартиби, шунингдек, иш вақтини шундай ҳисоблаганда иш ҳақи миқдорини бараварлаштиришга қаратилган чораларни қўллаш;  

– дам олиш кунларида ишга жалб этиш тартиби ва асослари;

– ноқулай ва алоҳида шарт-шароитларда ишлаганлик учун қўшимча меҳнат таътили ҳуқуқини берувчи ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати, қўшимча меҳнат таътилининг давомийлиги, тартиби ва тақдим этиш шартлари;  

– ишлаб чиқариш зарурати туфайли иш берувчининг ташаббуси бўйича ишчини вақтинчалик бошқа ишга ўтказиш ҳолатлари, шунингдек, бундай ҳолатларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг аниқ миқдори ва бошқа ишда ишлашнинг энг охирги муддати; 

– қисқартирилган иш вақти давомийлигини белгилаш учун ноқулай меҳнат шароитларига эга ишлар рўйхати;

– ва жамоа шартномасининг қонунчиликда белгиланган бошқа мажбурий шартлари.

Жамоа шартномасига қонунчиликда назарда тутилмаган бандларни киритишга оид қандай мисолларни келтира оласиз? 

Жамоа шартномасига ЎзР қонунчилигида белгиланган меъёр ҳолатларга қараганда яхшироқ шартларни киритиш мумкин. Масалан: қўшимча меҳнат таътиллари; пенсияга устамалар; муддатидан олдин пенсияга чиқиш; транспорт ва хизмат сафари харажатлари учун компенсациялар; ишлаб чиқариш жараёнида ходимларнинг ҳамда мактаб ва боғчаларда улар фарзандларининг текин ёки қисман ҳақ тўлаб овқатланиши; бошқа қўшимча имтиёз ва компенсациялар.

Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг қуйидаги ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:

– меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, устамалар, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;

– нархларнинг ўзгариб бориши, инфляция даражаси, жамоа шартномаси билан белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишига қараб меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми;

– ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан четлатиш шартлари;

– иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари;

– ходимларнинг, шу жумладан, аёллар ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экология жиҳатидан хавфсизликни таъминлаш;

– корхонани ва идорага қарашли турар жойни хусусийлаштириш вақтида ходимларнинг манфаатларига риоя қилиш;

– ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар;

– ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта;

– ходимларнинг ишда қолиши мақсадга мувофиқ кўриладиган ҳолатлар;

– иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласини касаба уюшма ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан аввалдан келишиш;

–  кечки сменада ишлаганлик учун иш ҳақини ошириш;

– иш берувчининг айби билан ходимларнинг иш ҳақи белгиланган муддатда тўланмаганлиги бўйича унинг жавобгарлиги;

– ходимлар саломатлигини тиклаш, тишга протез қўйиш учун маблағ ажратиш, корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни кредитга ёки сезиларли чегирма билан харид қилиш ва бошқа кўплаб шартлар ва томонларнинг мажбуриятлари.

Диққат! Жамоа шартномаси иш берувчи ва ишчи томонидан инвидиуал равишда тузиладиган меҳнат шартномасидан фарқ қилади!

Кейинги материалда меҳнат шартномаси ва фуқаровий-ҳуқуқий келишув ўртасидаги фарқ ҳақида сўз боради.

Тағин ўқинг
6 октябр 2020
Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги киносаройнинг кичик мажлислар залида 3 октябрь куни ўзбек кинорежессёри Жаҳонгир Қосимов суратга олган «Ибрат» фильмининг ...
25 сентябр 2015
– Дунёда икки юздан ошиқ давлат бор, деярли барчасида тинчлик, саноқли давлатлардагина маълум сабабларга кўра нотинчлик холос. Юртимиз юз ...
21 апрел 2016
Май ойида Мерсин маҳкамаси 36 ёшли ўзбек аëл Гулчеҳра Исоқулованинг 3 яшар қизи Туаннани тепкилагани билан боғлиқ жиноят ишини ...
12 ноябр 2015
Бугун 12 ноябр куни эрталаб 21 йил қамоқда бўлган, 4 марта раскрутка қилинган таниқли мухолифатдаги сиёсатчи Мурод Жўраев озод ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...