Асосий мавзулар
12 март 2022

”Кечир, амма…” 7-қисм. Турк қаҳваси

(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми. Боши ўтган сонларда.)

Холли, уйқудан уйғонаркан, ўзининг қаердалигини дафъатан эслай олмади. Боши қаттиқ оғрирди. Ўрнидан туриб, телефондаги бир рақамини терди. (Агар муаммо бўлса, шуни теринг, деб, кўктошлик бола айтганди)

«Ока яхши ухладингизми? Бизга хизмат борми?» деган овоз эшитилди. Холли бўлса: «Э чироқчилик ука, бош оғрияпти. Пахмел қилишни иложи борми?» деб сўради. Чироқчилик бўлса: «Ока, сиз 5 минутда душда чўмилиб чиқинг. Кейин сизга туркча кофе юбортираман. Ичсангиз, шессекундда ўзингизга келасиз.»

Холли умрида илк мартаба Туркияга келган эди. Хонанинг бир тарафини буткул эгаллаган катта деразадан беканор денгиз кўринарди. Марти деб аталган балиқчи қушлар чағ-чағ қилиб учиб юрарди. Холли душга кирди. Душ карнайидан шовуллаб тушган муздай сув оқими тагида турган Холлининг эс ҳуши ўзига келиб бошлади. Душнинг бир ëнида сарғиш мармардан бўлган эни бир метр, узунаси икки метрлик мармар супа бор эди. Холли қўлини теккизиб, кўрса иссиққина экан. Холли улкан сочиққа ўралиб, шу мармар супага узала тушиб ëтиб олди. Кун бўйи мошинда юрадиган Холлининг бел оғриғи бор эди. Иссиқ мармар супа шу дардга шифодай кўринди. Шу пайт эшик телефон қўнғироғи жиринглади. Холли қараса, мармар супадан қўл етадиган жойда телефон турибди. Пастдаги рецепшнда ишлайдиган чироқчилик бача телефон қилиб, кофе юборганини айтди. Холли бўлса: «Кўктошлик ука, менга қара, ўша бола ўзини калити билан очиб, кофени душхонага обкириб берсин. Мармар супани устида яхши ëтибман,» деди. Худди шундай бўлди. Кўктошлик дастëр бола ўймоқдай кофе финжони¸ луқум солинган тақсимча ва бир стаканда сув қўйилган патнисни Холли ëтган мармар супа ëнига қўйиб кетди. Хонани янги пиширилган қахва ҳиди тутиб кетди. Ҳид одамни маст қилгудай кучли эди. Бир пайтлар Холли паяльник билан наша тутатиб, ҳидлаб юрарди. Ўшанда у ҳидларга сезгир бўлиб қолган эди. Секин қаддини кўтарган Холли финжондаги қаҳвадан хўплади. «Дааа…. Чироқчилик бола билар экан.» Холлининг боши оғришдан тўхтаб, ўзини тетик ҳис қилди.

Қайнарча маҳалласи

Сал ўтиб яна қўнғироқ бўлди. Севар хоним пастда нонушта ейиладиган очиқ ресторанда кутиб ўтирган экан. Дарвоқе, Холли Истанбулга мармар супада ястаниб ëтиш учун келмади-ку. У бугун «Ким миллионер бўлишни истар?» кўрсатувида иштирок қилиб, энг камида 50 минг долларни ютиши керак. Бу 50 минг долларга арча кўчадаги мойкани сотиб олганидан кейин мармар супада ялпайиб ëтса ярашади. Холли тез кийиниб, пастга тушди. Лифт олдида турган кўктошлик бола Холлини олдига тушиб, Севар хонимнинг олдига олиб борди. Севар хоним қоғозлар тўлдирилган папкани столга қўйган куйи пўртахол шарбати ичиб ўтирарди. Холлини кўриши билан Севар ҳоним жилмайиб, ëнидан жой кўрсатди. Севар хоним Холлига кўрсатув қандай олиниши ва ўйин қоидаларини тушунтирди. Холли қандайдир келишувлар ëзилган қоғозларга имзо чекди. Севар хоним Холлининг уст бошига қараб: «Бошқа кийимларингиз борми?» деб сўради. Холли бошини ирғади. «Ҳамма кийимларингизни бир сумкага солиб обчиқинг¸ костюмлар бўйича рассомимиз улардан бирини сизга танлаб кийдиради,» деди Севар хоним. Сал ўтмай ëнбошига АТВ деб ëзилган ва орқа ўриндиғида Холли ўтирган миниван Қайнарча маҳалласи бўйлаб кетарди. Баҳорда Истанбул яшил чирой очиб янада гўзаллашади. Пендик қадимий бўлга бўлиб, «беш девор» деган маънони билдиради. Бундан 500 йил олдин ҳам бу ерда цивилизация бўлган. Қадим осори атиқалар бунга мисол. Денгиз соҳилидаги ботаника боғи ва ўнлаб шоҳона виллалар оралаб кетаëтган миниван катта йўлга чиқаверишда пропкага тиқилиб қолди. Қоп-қора қопдай кийимга ўралган кўчадаги тиланчи хотин мошин деразасини чертиб садақа сўради. Садақа – радди бало. Холлининг отаси Қувондик ака катта бир юмуш қилишдан олдин доим мошенник, лўли хотинларга садақа бериб келарди. Холли ҳам чўнтагини кавлаб, 20 лира олдида тиланчига узатмоқчи эди¸ шўпр унга қараб: «Ока, 5 лира берсангизам, бўвуради. Сиздан мендан бой у тиланчи хотин,» деб қолди. Шу пайтгача индамай келаëтган шўпр Тошкентнинг каллахонасидан Рихситилла деган йигит экан. Одатда тошкентликлар вилоятликларга паст назар билан қарайди. Аммо калахоналик шўпир Рихситилла деҳқонободлик Холлини астойдил ҳурмат қиларди. «Ока, миллионер шоуга деҳқонободлик брат кевотти, деган гапни эшитиб, отдуши хурсанд бўп кетдим. Ока, сиз саволга жавоб бервотганда ведушшийнинг кўзига тик қараб туринг. Сал нито жавоб берганингизни унинг кўзидан билволасиз. У кўзини қисиб тулкидай тиржайса, билингки, хато қивоссиз. Агар далше боролмасангиз, срази тўхтаб ютуқни олиб, ўйиндан чиқиб кетинг. Буям қимордай гап. Вохтида тўхташ муҳим. Мен ҳар ҳафта шу кўрсатувга одам ташийман.» Бу гапларни айтиб бўлганидан сўнг Рихстилла сигнални босиб, туркча сўкиниб- сўкиниб ташлади. Пропкани ëриб ўтган миниван шаҳар чеккароғидаги АТВ студияси олдига борди. Студиянинг орқа эшиги олдида узун қуйруқ навбат бор эди. Одамлар миллионер шоуда томошабин бўлиб қатнашиш учун навбат кутаëтган эди. Севар хоним Холлини ВИП меҳмонлар кирадиган чап тарафдаги шиша эшикдан олиб кирди. Холли аеропортдагига ўхшаш тақасимон хавфсизлик дарвозасида текширувдан ўтди.

Тохо

Севар хоним Холлини сочларини елкасига турмак қилиб боғлаб олган, бўйи икки метрлик йигитга топшириб, чиқиб кетди. Билакларига тату чизилган бу йигитнинг исми Тохо эди. Тохо Холли олиб келган сумкадаги кийимларни олиб катта айвон бурчагидаги устига лампалар ëқилган кўзгу олдида куймалашган костюм бўйича рассом ва гример олдига олиб борди. Яшил кўзли пушти рўмолни бўйнига бойлаб олган рассом йигитни Жем деб чақиришар эди. «Бечора, совуқ сув ичиб томоғи оғриган шекилли, бўйнини бойлаб олибди,» дея ўйлади Холли. Жем афишани чайнамоқчи бўлган эчкидай Холлига беписанд назар ташлаб, Холли олиб келган сумкани ичидаги кийимларни бетакаллуф ерга тўкди. Худди ижирғангандай кийимларни бир-бир олиб кўрдида: «Барбод,» деб бурнини жийирди. Кейин бошқа бир куйлаклар уюмидан бумазидан бўлган чақмоқ нақшли кўк куйлакни олиб, Холлига тутиб кўриб: «Мукаммал» деди. Жем деган рассом фақат тўртта сўзни ишлатар улардан бири «Барбод» яна бири «Мукаммал» эди. Жем қўлидаги софит нурини Холлига қаратиб: «Барбод» деди. Гап шундаки, Холли машинасини тузатаëтганида сварка аппарат учқуни ўнг қошига тегиб куйган ва қоши ола бўлиб қолган эди. «Марва¸ Марва» деб чақирди Жем. Марва дегани чигирткадай пилдираб юрадиган қумғон бурун қиз экан. Югуриб келиб Жемга термулди: «Бу айиқни одамга айлантир. Қошини бўя¸ юзи ëғли экан, пудра сурт қалин қилиб. Сочини бошқатдан тара. Ҳади чабук-чабук,» деди Жем. Хуллас Холлининг юзига упа қошига ўсма суртилди.

Ўйин қоидалари

Телевизион дастурнинг ўз қоидалари бор ва бу қоидаларни ҳеч ким ҳали бекор қилмаган. Танловда жами 12 та савол мавжуд. 2-саволда 2.000 турк лираси, 7-саволда 30.000 турк лираси бор. Агар Холли мусобақада ютқазса, охирги ўтиш саволи учун мукофот уники бўлади. Бундан ташқари Холли исталган вақтда унга тақдим этилган 4 та жокер имкониятнинг 3 тасидан фойдаланиши мумкин. 7-саволдан кейин бошқа жокер имкониятдан (яъни икки жавоб тўғрисида) фойдаланиши мумкин.

Холли қатнашаëтган танловда эски танловдан фарқли равишда битта “овозли савол” берилиши айтилди. Холли аввало аудиоёзувни тинглайди ва аудиоёзув ҳақида берилган саволга жавоб бериши лозим. Овозли савол биринчи 7-савол бўлимида берилади, шу жумладан 7-савол, 2-босқич саволи сифатида қабул қилинади. Миллионер шоуда қатнашиш бўйича Холли ҳали Тошкентда эканлигидаëқ қора телефондаги робот опадан ҳам инструкция олган эди. Бу инструкцияга кўра, Холли биринчи ва иккинчи саволга ўзи жавоб бериши. Учинчи саволдан бошлаб барча жокер имкониятларни фойдаланиш лозим. Холли 11 саволга ўзи жавоб бериши билан ўйинни тўхтатиб, ютуқни олиб кетиши лозим эди. Юзига упа сурилиб, сочлари силлиқ таралиб лак сепилган Холли бир чеккада Тохо билан бирга турар эди. Тохонинг ишораси билан у махсус коридордан юриб, кўрсатув суратга олинаëтган майдонга бориб столга ўтириши керак. Тохо Холлининг кўкрагига масофали тугмача микрофонни тақиб сигнални текшириб кўрди ва қўлидаги рация орқали «ҳаммаси ОК» деб, рапорт берди. Холли юриши кутилаëтган коридор устида светофорга ўхшаш жиҳоз бор эди. Ҳозир у қизил ëниб турибди. Яшил ëниши билан Холли ўз орзуси тарафга қадам отади.

Немис асири ҳақидаги ҳикоя

Ўша таниш мусиқа янгради. «Ëришманинг навбатдаги меҳмони Деҳқонободлик такси шофёри Холли Бердиев» деган тантанавор овоз янгради. Холли нима қилишини билмай қотиб қолди. Тоха унинг орқасидан туртиб коридорга йўллади. Холли прожекторлар ëритган майдонга кириб борганида зал қарсаклардан ларзага келди. Агар кўрсатув бошловчисининг кулимсираган юзи бўлмаганида, Холли умуман ўзини йўқотиб қўйган бўларди. «Холлибей марҳабо. Қани келинг, такси драйвер,» деди Кенан.

Холи Кенанбейга қарама қарши ўриндиққа ўтирди. «Демак, такси шофёрисиз. Скорсезининг шундай фильм бор. 1976 йили Канн фестивалида соврин олган.» Бошловчи Кенан ҳудди Холлининг эски дўсти каби суҳбатлашиб ўтирарди. «Холлибей сиз мактубингизда фортепиано муаллими бўлган раҳматли аммангиз ҳақида ëзгансиз. Агар мумкин бўлса, икки оғиз гапириб бера олсаизми. Қандай қилиб Деҳқонобод каби олис тоғ қишлоғидаги қиз дунë классик куйларини пианинода чалишни бу қадар мукаммал ўрганди?» Холли бу саволга жавоб бераëтганда улкан плазма экранда раҳматли аммаси Тўлғонойнинг сурати пайдо бўлди. Холлининг томоғига бир нарса тиқилди. Кўзидан ëш шудринг донаси каби думалаб пастга тушди. Кенанбей бўлса, киборларча столдаги қутидан қоғоз рўмолча олиб узатди. Ўзини тутиб олган Холли гапириб бошлади: «Мен илгари ҳеч кимга айтмаган ва фақат оиладаги бир неча одам билан ҳикояни айтсам. Совет даврида Деҳқонободда калий ишлаб чиқарадиган ҳарбий завод бўлган. Шу заводда Курт Кайлхолст деган немис асири ишлаган. Барча асирлар Германияга қайтиб кетса ҳам, Курт негадир қайтмаган. Раҳматли катта энам шу асирга раҳми келиб, уйда пишган овқатдан чиқариб турарди. Куртнинг уйида фортепиано бор эди ва у урушдан олдин Германияда яхшигина пианист бўлганини айтганди. Аммам Тўлғоной овқат олиб борганида Курт классик куйларни пианинода чалиб берган. Шу тариқа аммам пианино чалишга ҳавасланган. Кейин бобом Бердивой ота немис пленни олдига бориб, шу қизимга пианино ўргат деб, пул берса, немис олмаган. Шу тариқа аммам пианино чалишни ўрганди. 1973 йили министр хотиннинг назарига тушиб, Москвадаги энг буюк педагоглар қўлида ўқиди. Гап шундаки ўша министр аëл ҳам бир вақтлар қашшоқ тикувчи бўлган. Ҳарбий асир ва тикувчидан чиққан министрнинг ëрдами билан аммам ўз даврининг етук фортепиано чолғучисига айланди.» Холли бу гапларни гапираëтиб, кўрсатувда унга белгиланган хронологик муддат чегарасидан чиқиб кетган. Кулисда турган асистентлар таймовер дея сигнал берарди. Кенанбей бўлса, ўз бошловчилик ҳуқуқидан фойдаланиб, Холлига бемалол гапириш имконини берди. Холли гапирар экан экранда аммаси Тўлғанойнинг¸ маданият вазири Фурцева¸ комфирқа котибаси Абдуллаева билан бирга тушган расмлари кўрсатиб турилди…

Оқ шайх?

Ниҳоят кўрсатувнинг савол жавоб қисми бошланди. Биринчи савол: «Туркия пойтахти қайси шаҳар?» Жавоблар: А. Истанбул. Б. Анқара. В Токио. Г. Одиëмон. Холли Туркия пойтахти Анқара эканини биларди. Биринчи саволга тўғри жавоб бериб минг лира ҳажмидаги ëнмайдиган сумма эгаси бўлди. Иккинчи савол туркча «Отдан тушса ҳам» деган мақолнинг давоми ҳақида бўлди. А. Эшакдан тушмайди. Б. Эгардан тушмайди. В Машинадан тушмайди. Г. Ипини қўйиб юбормайди. Холли «Отдан тушса ҳам, эгардан тушмайди,» деган мақолни отаси Қувондиқ акадан кўп эшитган эди. Тўғри жавоб берди. Учинчи савол: Боязид Йилдирим қайси жангда Амир Темурга енгилган? А. Истанбул жангида. Б. Сталинград жангида. В. Халхингол жангида. Г. Анқара жангида. Холли Амир Темурнинг Анқара жангида ғолиб бўлгани ҳақида яқиндагина китоб ўқиган эди. «Жавоб Г. Анқара жангида,» деди Холли ва яна ғолиб бўлди.

Тўртинчи савол анча мураккаб эди. Шу фильмлардан қайси бири режиссер Федерико Феллинининг илк фильми?

А. «Фантомас». Б «Титаник». В «Сатирикон». Г «Оқ Шайх».

Холлининг пешонаси асабдан тиришди. Титаникни Феллини суратга олмганини биларди. Аммо… Жавоб учун ажратилган дақиқалар тугашига оз қолган.

Кенанбей кулимсираганича Холлига қараб турар эди….

(Давоми бор)

Рассом Туз

Тағин ўқинг
6 июл 2017
Июл ойининг бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «она сути оғзидан кетмаган» ёшларни ҳукуматдаги юқори лавозимларга тайинлагани ўзбек жамиятида турли ...
27 июн 2017
ҲRW ва «Ўзбекистон Германия Форуми»нинг “Биз пахта теримидан воз кеча олмаймиз” номли ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати 2015 ва 2016 йилларда ...
4 феврал 2019
Тадбиркорликни ҳимоя қилиш шиорини кўтариб олган амалдорлар аслида ишбилармонларнинг саъй-ҳаракатларига энг катта тўсиқ бўлиб қолаётир. Хоразмда ўзи хон, кўланкаси ...
25 январ 2019
Тожикистон расмийлари 2018 йилнинг бошида қабул қилинган қарор асосида ТВ орқали нафақат секс, балки ўпишиш ва қучоқлашиш саҳналарини ҳам ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...