600 СЕКУНД: Россияликлар оқими боис Тошкентда уй жой ижара нархлари ошди
4 октябрь куни эрталабки соат 08:30 ларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган “Махам CHIRCHIQ” АЖ корхонаси синтез цехида портлаш содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги воқеа жойига ўз ходимлари етиб бориб, вазиятни назоратга олгани, ҳамда ҳозирда портлаш оқибатлари бартараф этилаётганини маълум қилган.
+++
Пахтаободнинг янги ҳокими ишини ҳақоратлар билан бошлади. Бу гапни Элтузга бир биридан мустақил равишда икки пахтаободлик маълум қилди. «Андижон вилояти Пахтаобод туман ҳокими ишдан олинди, кўпчиликнинг бундан хабари бор. Унинг ўрнига биринчи ўринбосари Отовулло Расулов вақтинчалик ҳокимлик қиляпти. Ҳозир пахта мавсуми бўлгани учун фермерларни кечаси соат 12 гача олиб ўтириб, йиғилиш қиляпти,» деди Элтузнинг пахтаободлик обуначиси. Яна бир пахтаободлик мажлисбозликка эътибор қаратди: «Ҳақоратлар билан роса ўзидан кетяпти. У ўзини кўрсатиш керак-ку ахир, янги ёш ҳоким,» дея ёзғирди Элтуз обуначиси.
+++
Андижаннинг Избоскан туманида бир эркак хотини, қайнанаси ва қайнукасини пичоқлади. Оқибатда хотин ва қайнана ҳодиса жойида, қайнука баннисада ўлди. Хотин, қайнана ва қайнука гўрда, эр қамоқда.
+++
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 29 яшар йигит уйига бегона эркаклар келаётганидан дарғазаб бўлиб, онасини чавақлаб ташлади. Она гўрда, ўғил қамоқда.
+++
9 ойда Ўзбекистонда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 27 мингдан ортиғи — оилада, 3 мингдан ортиғи — кўчада, 1 мингдан ортиғи — жамоат жойида содир этилди, дея маълум қилди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси. Жами 32 мингдан ортиқ хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди.
+++
Оила кодексига киритилиши режалаштирилаётган тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистонда ака-ука (опа-сингиллар)нинг қуда-андачилиги тақиқланиши мумкин. Аниқроғи, мазкур кодексга никоҳга монелик қилувчи сабаблар (16-модда) қаторига «ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ» ҳам киритилмоқда.
+++
Тошкентнинг Чилонзор даҳасидаги қурилиш майдонида 700 га яқин дарахт чопиб йўқ қилинди. Сўнгги даврда Тошкент ҳиёбонларидаги муттасил дарахт кесиш кампанияси оқибатида пойтахтни чанг тўзон қоплагани ва шаҳар экологияси жуда ёмон аҳвлга келгани қайд этилган. Битта дарахтни кесишга бир неча секунд сарфлаш, уни ўстириб вояга етказиш учун эса камида 50 йил керак бўлади.
+++
Бишкек суди ҳукми билан Твиттерда русларни улуғлаган постни қолдирган аёл 1 йилга қамалди. Судда аёл ўз твитининг ирқчилик мазмунида бўлганини тан олиб, ўзига қамалишдан бошқа жазо беришни сўраган, бироқ афсус-надоматларига қарамай, у “миллатлараро тўқнашув”га олиб бориши мумкин бўлган ёзуви учун панжара ортига йўлланган.
Қирғизларга йўналтирилган твитида аёл: “Ахир сизларни руслар одам қилмадими? Бўлмаса, ўтовларингизда яшаб юраверардинглар… руслар бу ерларда сизларга шаҳарлар қуриб беришди, сизлар эса уларга қараб итдай аккиляпсиз…» дея таҳдид қилган.
+++
Италиянинг La Repubblica газетаси НАТО разведка маълумотларига таяниб, Россиянинг энг замонавий стратегик атом сув ости кемаси ўзи жойлашган Оқ денгизни тарк этганини даъво қилмоқда. Сув ости кемаси 120 кун давомида автоном навигация қилиш учун мўлжалланган.
«Посейдон» Сув ости кемаси ядровий каллакларига эга ва улар қирғоқ чизиғига 10 000 километр масофадан зарба беришга қодир.
«Бу тўлқин Нью-Йорк ёки Лос-Анжелес каби метрополияларни Ер юзидан йўқ қилиши мумкин», дея таъкидлади La Repubblica.
+++
Россиянинг Волгоград вилоятида расмийлар нотариуслар зиммасига “могилизация”га кетаётган кишиларни навбатсиз қабул қилиб, уларнинг васиятномаларини бепул тасдиқлаб бериш вазифасини юклади. Путин бош бўлган “Единая Россия” партияси вакиллари эса Сахалинда «могилизация»га чақирилганларнинг оилаларига 5 килодан музлатилган балиқ тарқатишга қарор қилишган. Бундан илгари Россиянинг Тува вилоятида могилизацияга жўнатилган ҳар бош ўрис аскари эвазига бир бош қўй бериш ташаббуси тарғиб қилинган эди. Балиқлар маърамайди. Бўлсаям музлатилган, тузланган балиқ.
+++
Беларусь Россиянинг Украинадаги «махсус ҳарбий амалиётида» иштирок этади, бироқ у ерга ўз аскарларини жўнатмайди, бу ҳақда мамлакат президенти Лукашенко баёнот берди. Россиянинг бу сўнгги ёлғиз иттифоқчиси, ҳар ҳолда агар Украинага армия жўнатса қаердан превентив зарба келишини яхши билади.
+++
Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида 17 яшар қиз 3 октябрь куни военкоматни ёқиб юборишга уринган. Битирувчи синф ўқувчиси бўлган қиз полиция томонидан тутиб кетилган. Полиция бўлимидаги сўроқ пайтида у ҳарбий комиссариатни урушга ва мобилизацияга қарши бўлгани учун ёқиб юбормоқчи бўлганини айтган. Ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан буён ўтган икки ҳафта ичида Россиянинг турли жойларида ўндан ортиқ военкомат ва ҳокимият биноларига ўт қўйишга уриниш ҳолатлари кузатилган.
+++
“Ёрим ўлар-кетар, ўлимлик пули ёнга қолар…”
“Могилизация”га тушган йигит яхши кўрган қизи ундан срочний ЗАГСдан ўтишни сўраётганини айтди. Россия телеканали журналистининг: “Бу илтимосдан севгилингизнинг мақсади нима?” деган саволига йигит: “Ўлиб кетсам, ижтимоий тўлов пулини олиш учун…” дея жавоб берди.
+++
Россиянинг Хабаровск ўлкасида ҳарбий сафарбарликка жалб қилинганларнинг ярми хизматга яроқсиз бўлиб чиқди, дея билдирди ўлка губернатори Михаил Дегтярев.
Мулозимнинг айтишича, чақирилганларнинг ярми (бир неча минг одам) эълон қилинган “могилизация” талабларига мос келмагани учун уйига қайтарилган.
+++
Қозоғистон ички ишлар вазири Марат Ахметжановнинг билдиришича, 21 сентябрдан бери мамлакатга 200 минг чоғли россиялик кириб келган. Улардан 147 минг нафари Қозоғистондан қўшни давлатларга чиқиб кетишга ҳам улгурган. Бундан қанчаси Ўзбекистонга кириб келгани ҳақида расмий маълумот ҳалигача йўқ.
+++
Урушга сафарбарлик эълонидан кейин Россияда уйини “зудлик билан” сотишни истаганлар сони 3 баравар ошган. Айтилишича, тураржой эгалари мамлакатдан кетиш олдидан хонадонларини 20 фоизлик чегирма билан сотувга қўйишган.
Айни пайтда Тошкентда квартира нархлари ошмоқда. Ўзбекистонга келаётган Россия фуқаролари, Тошкентдаги россияликлар оқими туфайли квартираларни ижарага олиш нархи икки баравар ошди, дея хабар бермоқда Элтузнинг Юнусободдаги мобил мухбири.
+++
Кремль Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятлари қайси жойигача Россия томонидан аннексия қилинганига айтиб беролмади. Бунга оид савол 3 октябрь куни Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга берилган. Бу саволга жавобан мулозим Москва мазкур масала юзасидан “вилоятлар аҳолиси билан маслаҳатлашишда давом этиши”ни билдирган.
+++
Референдум машваратлари давом этаётган бир пайтда Россия томонидан Украинанинг тўрт вилояти “ДХР”, “ЛХР”, Херсон ва Запорожье вилоятларининг аннексия қилиб олинганини дунёда биринчи бўлиб Шимолий Корея дипломатлари олқишлаб чиқишди. Чучхе ғояси тарафдорлари ҳозирча бу сохта референдумларни ёқлаб чиққан ягона гуруҳдир.
+++
Украинада аёллар зўрланаётган, болакайлар бомбалар остида бурда бурда бўлаётган бир пайтда, ўзбек шоуменлари ўзларининг бачкана чиқишлари билан бу фожиани кулгуга олишмоқда.