Асосий мавзулар
21 декабр 2022

Ўзбекистонга туркман гази керак, аммо туркман сардори керакми?

Юқоридаги Сардордан, албаттаки, Ўзбекистондаги бошқарувни қасд этдик. Ўзбек ҳам, туркман ҳам – асли авторитар давлатлар.
Масалан, америкаликлар учун ҳамма “-истон” бир гўр, феодализм ҳукмрон бўлган диктатура.
Аммо биз, минтақадагиларнинг ўзи миллий хосликларни яхши ажратамиз. Масалан, ўзбек авторитаризми, туркман авторитаризмидан қанчалик фарқланишини. Яна Ғарб сиёсатшунослиги тили билан айтганда, Ўзбекистондаги авиоритаризмнинг “инсоний юзи” бор.
Яхшими, ёмонми, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин шундай бир юз пайдо бўлди.
Аммо газ-свет муаммоси фонида ана шу юзнинг ҳозиргача кўрилмаган, туркманча қиёфаси кўриниб қолаётгани, юмшоқ қилиб айтганда, ёқимсиз.
Ўзбекистондаги энергия инқирози ҳукуматда ҳам жиддий инқирозга сабаб бўлганига биринчи бўлиб Озодлик радиоси кечаги мақоласида эътибор қаратди.
Элтуз 11 декабрь куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ўтказган видеоселекторнинг айрим тафсилотидан хабардор эди.
Элтуз манбалари Озодлик мақоласида келтирилган тафсилотлар (https://t.me/eltuz2022/17844)ни тасдиқлаш билан бирга, ундаги айрим эпизодларга янада аниқлик киритди.
Бу аниқлик асносида юзага чиқаётган картина Элтузнинг Ўзбекистонда бошқарув аста-секин янгиланиши билан боғлиқ умидлари кучайтирадиган йўсинда эмас, афсуски. Биз туркман газини олишга ошиқаркан, ҳокимиятда туркманча бошқарув усулига мойиллик ҳам кўриниб қолаётгандек.
Хуллас, Сардор Умурзоқов ўтказган видеоселектор ҳақида…
Селектор мажлиси бораркан ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида кишанланган ўзбек мулозими сурати яшин тезлигида тарқала бошлади.
Селекторда иштирок этган Элтуз манбасига кўра, бу сурат айнан Сардор Умурзоқовнинг тўғридан тўғри буйруғи билан тарқатилган эди.
Лекин мажлисдаги айрим эпизодларгина матбуот юзини кўрди, деди Элтуз манбаси.
Элтузга маълум бўлишича, воқеа мана бундай бўлган:
Сардор Умурзоқов барча вилоятлар раҳбарлари, вазирлар маҳкамаси ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари раҳбарлари иштирокида газ ва электр тизимидаги салбий ҳолатлар юзасидан 11 декабрь, соат 18:30 видео селектор ўтказган. Селекторда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевга сўз бериб, вилоятдаги газ етишмовчилик ҳолатлари юзасидан қаттик эътироз билдирган ва бу масалага масъул бўлган Музаффар Алиевни ўрнидан тургазиб, уни ҳақорат қила бошлаган (ўзбек амалдорларининг хроник касаллиги).
Сардор Умурзоқов йиғилишда қатнашаётган бош прокурор ўринбосари Эркин Йулдошевга Музаффар Алиевни зудлик билан мажлислар залидан қўлига кишан солиб, изоляторга тиқиб қўйишни ва ўша ердан ҳолатни суратга олиб юборишни талаб қилади.
Жиноий иш очилмаган, суд санкцияси бўлмаса ҳам Умурзоқовнинг бу топшириғи бажарилди ва Алиев зудлик билан изоляторга олиб бориб қамалиб, унинг сурати бутун селекторда намойиш этилди.
“Бу иш билан Сардор Умурзоқовнинг ўзи хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, белгиланган қонунларни қўпол равишда бузди,” дейди селекторда иштирок этган Элтуз манбаси.
Умурзоқов топшириғидан кейин ўзидан хавотирда бўлган прокурорлар нима қиларни билмай, ҳужжатларни «задный число» билан расмийлаштириб, матбуотда худдики Алиевга йиғилишдан кейин жиноий иш очилиб, ундан сўнг қамоққа олинди, деган талқинда хабар эълон қилинди.
Чунки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, жиноий иш очилмаган, суд санкцияси берилмаган фуқарони қамоққа олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бу ноқонуний амал ҳисобланади.
“Администрация раҳбарининг қаттиқ топшириғидан кейин прокуратура ходимларида бошқа илож қолмаганди,” дейди исмини ошкор этмасликни сўраган манбамиз.
Видео селекторда Президент администрацияси бошлиғи Сардор Умурзоқов биргина мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш билан чекланиб қолмай, ваколатли орган масъулларни ноқонуний амални содир этишга ундади.
Сардор Умрзоқовнинг фаоллиги шу даражага етдики баъзи интернет фаоллари ҳукумат ва администрация ўрни алмашиб қолмадими, деган риторик савол беришгача борди.
Сардор Умрзоқовнинг администрация раҳбарига хос бўлмаган, аслида ҳукумат раҳбари ваколатларига кирувчи вазифаларни бажараётгани ташқи сиёсатда ҳам, ички сиёсатда ҳам ярқ этиб кўзга ташлана бошлади.

Масалан, уни Туркия президент Эрдўғон, ё бўлмаса, Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов билан учрашиб, музокаралар ўтказгани анчайин қизғин баҳсларни уйғотди.
Сирдарё вилояти ҳокимини тайинлашда Сардор Умурзоқов ўртада, бош вазир эса бир чеккада ҳисоб бераётгандек кўриниши, ёки унинг президент Мирзиёевнинг доим ёнида, турли учрашувларда аслида протокол бўйича ташқи ишлар вазири ўтириши керак бўлган кўрсида ўтириши, ёки президентнинг бизнес вакиллари билан учрашувларида модераторлик қилиши ҳеч бир давлатда кузатилмайдиган ҳолат.
Буларнинг бари маҳалла куйда ҳам, ҳукумат коридорларида ҳам Сардор Умрзоқов – “беш минут кам президент” деган фикрнинг шаклланишига хизмат қилмоқда.
Аммо бу президент Мирзиёев Сардор Умурзоқовни ўзидан кейинги ворис сифатида намоён қилаётганидан далолатми ёки мутлақ қудратга эгалик қилишга уринаётган Сардор Умурзоқовнинг хоҳишими?
Бу савол ҳозирча очиқ қолади.

@eltuz

Тағин ўқинг
28 декабр 2019
Келаётган йилнинг февраль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга кутилаётган ташрифи чоғида мамлакат учун ҳаётий масалалар муҳокама қилинади.  Бу ...
19 декабр 2016
Таниқли хонанда Озода Нурсаидова 17 декабр куни ўзининг инстаграмм саҳифасида Шавкат Мирзиёевдан кечирим сўраши ҳақида ёзди ва сайловда унга ...
15 январ 2016
Элтуз электрон почтасига келиб тушган хабарга кўра, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг эркатой куёвлари Ойбек ва Отабеклар пули кўплигидан керилишмоқда. ...
23 март 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22 март куни давлат ташрифи билан Остона шаҳрига келди. ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...