Асосий мавзулар
9 май 2024

Панадаги дарахткесар ва тиқилинч автобус – ЭП146

Наманган ва Қашқадарёда дарахтлар кесилмоқда, Андижоннинг остонасида сув йўқ, Тошкентда эса Элтузга шикоятдан кейин пиёдалар йўлаги эса тикланди.

Cалом қадрли муҳлислар

Элтузга келган cўнгги 5 та мактуб Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Андижон, Тошкент ва Наманган вилоятларидан.

Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини таъминлаш, шунингдек каналимизнинг алоҳида саҳифасига кириб приватга ўтказилган видеоларни  кўриш учун Элтуз каналига обуна бўлиш, лайк босиш ва суперраҳмат тугмачасини босиб канални қўллаб қувватлаш тавсия қилинади ва биз хатларни ўқишда давом этамиз.

Дастлабки мактуб Қашқадарёнинг Пўлати шаҳарчасидан. Элтузга шикоят ортидан текширув бўлди. Маҳалла оқсоқоли эса ўз билганидан қолмаяпти. Эслатиб ўтамиз Бунёдкор маҳалласи фуқаролари зовурларнинг кўмилиши юзасидан шикоят қилган эди.

«Ассалому алайкум ҳурматли Элтуз!

Сизга яна Қашқадарё вилояти Косон тумани Пўлати шаҳарчаси Бунёдкор маҳалласи фуқаролари номидан ёзмоқдамиз. Бизнинг хабаримизни (Елтуз порталига) чиқарганларингиздан кейин маҳалламиз раиси Алишер Омонов ва унинг қудаси Эшмуродов Анвар уйма-уй юриб, «ким ёзди Элтузга, бизнинг устимиздан» деб, ҳамма билан жанжал қилиб чиқди ва Косон туманидан келган текширувчиларга Эшмуродов Анвар чойхонасида зиёфат бериб қайтарибди ва маҳалламиздаги одамларга «кўрдиларингми, Элтузга ёзасанларми, Озодликка ёзасанларми фарқи йўқ, ҳеч нима қилолмайди. Келган текширувчиларни давоси бир зиёфатда» деб ўзи билгандай ишини давом эттираяпти.

Зовурнинг 80%ни кўмиб ҳам бўлди, соя бўлади уйларимизнинг ёни деб Зовурнинг ёқасига экган  дарахтларимизни ҳам таглари билан кўмиб юборди.

Энди ҳаммаси қурийди, сиздан илтимосимиз бизнинг хабаримизни юқори турувчи ташкилотларга ёки шахсан Косон тумани ҳокими назоратига олишини истаймиз.

Сиздан бошқа нажоткоримиз йўқ ҳурматли Элтуз! Қонун кучини кўрсатиб қўйишларини, Қонун барчага бирдек бўлишини илтимос қиламиз. Э-Ауксионга қўйилсин, бир икки кишининг манфаати учун эмас. Пўлати халқи манфаати учун хизмат қилсин.

Бу зовур кўмилса 2 гектар ер бўлади. Раис қудаси, яқинлари ҳам биз оддий одамлардек пулига олишсин. Жой керак бўлса бизнинг бошқа манфаатимиз йўқ, илтимос хабаримизни чиқарсангиз…» дея қайта мурожаат қилишмоқда муродлари ҳосил бўлмаган Бунёдкор маҳалласи турғунлари.

Лекин ҳамиша ҳам Элтузга шикоят қилганларнинг муаммолари ечимсиз қолаётгани йўқ. Масалан, элтузга шикоят ортидан йўллар обод бўлиб Тошкентнинг Юнусобод ва Қибрай чорраҳасидаги пиёдалар ўтиш жойи қайта тикланди.

«Биз Юнусобод ва Қибрай туманларини боғлаб турувчи катта чорраҳада пиёдалар ўтиш жойи ўчиб кетгани бўйича Элтуз порталига мурожаат қилган эдик. Масъуллар муаммога эътибор беришди. Ҳозирда чизиқларни бежирим қилиб чизиб, ободонлаштириш ходимлари ишламоқда. Раҳмат сизларга» дея ёзмоқда тошкентлик Элтуз обуначиси.

Юнусобод-Ғишткўприк автобус йўналишида эса бутунлай бошқа манзара.

“Тошкент шаҳридан мурожаат йўллаяпмиз. Юнусобод – Ғишткўприк йўналишидаги 169-автобусда ҳар куни шу аҳвол: тиқилинч, иссиқ. Автобус салонида кондисионер йўқ. Айнан аҳоли иш ва ўқишдан қайтишида тиқилинч бўлади. Айримлар автобусга чиқолмай қолиб кетади. Аҳоли уйига вақтида етиб олиш учун автобуслар сонини кўпайтириш ва интервални камайтириш керак. Транспорт вазирлигидан илтимос қиламиз, 169-йўналишдаги эски автобусларни янги, кондисионерли ва замонавий автобусларга алмаштириб беришсин” дея шикоят қилмоқда тошкентлик йўловчи.

Кейинги мактуб Андижондан. Бўстон туманидаги маҳаллада 5 кундан бери ичимлик суви йўқ.

«Андижон вилояти Бўстон туман,  Сариқ жўга МФЙ Остона кўчасида 5 кундан бери ичимлик суви чиқмаяпти.

Андижон вилояти ҳокими  ҳамма ташкилотлар ходимларига, ичимлик сувидаги ишчиларга нотўғри ҳисоблаган қарздорликни мажбур тўлатди-ку.

Лекин 1-ўринда сув оқова  корхона ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва Президент айтган еттилик ишламаяпти,  агар юқоридаги мутасаддилари ишлаганда сувдан,  чиқиндилардан ва ҳаказодан қарздорлик бўлмас эди.

Қачонгача ҳамма бюджет ташкилотларида ишлайдиган одамларга осилади. Солиқ, сув, мусордан  қарздорликни тўламасанг ишдан бўшатиш билан қўрқитиб тўлатади.

Бошқа жойда ишлаётганларни,  бюджет ташкилот ходимларини яшаш шароитини кўрсангиз,  фарзандимни ўқитиб нима қиламан деворади одам.

 Кўчада оддий кунлик ишга чиқадиган одам ҳам кунига камида 200 минг топяпти,  лекин бюджет ташкилотлари вакиллари арзимаган ойлик олади, шуни ҳам миннат ва қўрқитиш билан олади.

Ҳуллас,  туман ҳокимими, сув оқаванинг бошлиғими,  ичимлик сувини чиқаришга ёрдам беришини кутамиз.

Агар қарздорлик бўйича сувни ўчирган бўлса,  қарзи борлардан қарздорликни ундирсин.

Агар носозлик бўйича сув ўчган бўлса, сув етказиб бериш Сув оқованинг вазифаси. Вазифани бажариш керакда.

Кимнинг уйида сув бўлатуриб, сув ҳисоблагич ўрнатмаган бўлса ўшалар мажбур сув ҳисоблагич олсин.  Кейин яна бир гап,  ташиб ичиш бўйича ҳам қарздорликни сўндирсин.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси,  хотин қизлар,  ёшлар…..  ва бошқалар ва сув оқова ҳамкорлик да ростнамо ишласин-да…» дея ёзмоқда андижонлик Элтуз обуначиси.

Гуллар шаҳри Наманганда эса дарахтлар кесиб ташланиб, ўрни бетон брусчаткакалари билан қопланди.

5 «Наманган шаҳар Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғида тайёр гул экилган жойни бузиб, 6 та катта дарахтларни кесишмоқчи. Ўртадаги агаротни ҳам брусчатка қилиб ташлашган.

Булар вилоят прокуратурасида бош ошпаз бўлиб ишлайди, буларга ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди, буларни текширадиган одам борми?

Мутасаддилардан илтимос бир назорат қилишса яхши бўларди» дейди наманганлик табиат жонкуяри.

Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг.  Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
2 апрел 2016
Бу албатта бир хазил мактуб, масаланинг жиддий томони, «VimpelCom” чиндан ҳам фейк-ҳисоботлар учун Гибралтарда рўйхатга олинган Гулнора Каримованинг банк ...
1 май 2016
Истанбулнинг Бошоқшаҳар (Başakşehir) мавзесида яшайдиган 55 яшар Азиз Чалишқон (Aziz Çalışkan) 29 апрел оқшомида ўз севгилисини ўлдирганига иқрорлигини айтиб ...
14 апрел 2016
«Ҳуқуқ олами»да газетасида эълон қилинган интервьюсида таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов «ўзбек киносининг, аниқроғи, «Ўзбекфильм»да ишланган кўпгина асарларнинг ҳозирги аҳволини… ...
22 ноябр 2023
Элтуз порталига йўлланган навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан келган. Дастлабки шикоят Қашқадарё ...
Блоглар
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага ...
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...