Пичоқбозликларга бой ҳафта
Ўзбекистонда шу ҳафта энг кўп пичоқбозлик Қурбон ҳайити кунига тўғри келди.
Шу куни, 21 августда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида эр хотинини пичоқлаб ўлдирди. Бир неча пичоқ зарбасидан сўнг аёл воқеа жойида жон берди. Фожеа акс этган видео ижтимоий тармоқда тарқалди.
Айни шу куни кечки вақтларда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида яшовчи Қ.К. ҳам маст ҳолда жияни Ш.Қ.ни пичоқ билан жароҳатлади. Тоға ҳибсга олинди, жиян касалхонага ётқизилди.
Тағин шу куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшовчи З.Р. исмли аёл миллий таомлар кафесида таниши Ш.С.га пичоқ урди. Аёл қамоққа олинди, дугона касалхонага ётқизилди.
22 август куни Бўстонлиқ туманидаги Р.Т. маст ҳолатда ўз хамшишаси А.Ф.га пичоқ урди. А.Ф. касалхонага ётқизилди, Р.Т. ушланди.
Шу куни кечаси Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи С.Б. ҳам уйи олдида қишлоқдоши Т.Ж.га пичоқ билан жароҳат етказди. Қишлоқдош касалхонага ётқизилиб, пичоқбоз қўлга олинди. Юқоридаги ҳодисалар ҳақида IIV.UZ нашри хабар берди
23 август куни фарғоналик 26 ёшли йигит синглисига шилқимлик қилган 40 яшар қўшнисини ошхона пичоғи билан чавақлади. Қўшни ўлди. Йигит 10 йилга қамалди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси вилоят прокуратурасидан иқтибос келтириб ёзди.
Ўтган ҳафтада юз берган пичоқбозликлар хроникаси рассом Туз суратига мавзу бўлди.
Рассом Туз
Eltuz.com