Cатира
5 август 2019

Президент бузилишларда айби йўқлигини айтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги вақтларда халқнинг чексиз ғазабига дучор бўлаётган буз-бузларда ўзининг айби йўқлигини билдирди. 

Давлат раҳбари уй-жойлар ва маиший объектларни кенг кўламда бузишлар сабаб Яккабоғ ва Урганчда юз берган воқеалар ортидан халқ олдида ўзининг бу ишларга алоқадор эмаслигини маълум қилишга мажбур бўлди. 

Беларусдаги расмий ташрифдан қайтгач, 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев энг кўп шов-шувли норозиликлар кузатилган Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ҳокимларини, улар тимсолида бузилишларга бош бўлаётган бошқа амалдорларни асосий айбдорлар сифатида кўрсатди. 

“Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим? Мен сизларга аввало одамларни рози қилиб, кейин жаноб Зокиров деган вазир билан ўтириб, лойиҳа қилиб, бош вазирга ҳисобот бериб, кейин қилинглар, деб топшириқ берганман”, деди президент.

“Мантиқан олиб қараганда, бу давлат раҳбарининг ўзини ўзи оқлашига уринишидир. Зеро, сўнгги вақтларда қурилиш баҳонасида бузилишлар кўпайиб, халқнинг ички норозилиги кучайиб кетди”, деди вазиятни кузатиб бораётган таҳлилчи Абубакр Турсунов “Элтуз” билан суҳбатда. 

Унинг таъкидлашича, мамлакатда замонавий қурилишлар қилиш президентнинг ташаббусидир. Давлат раҳбари бу борада барча вилоятлар раҳбарларига топшириқлар берган, шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириш ташаббуслари билан чиққан.

“Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурларини амалга ошириш, турли ситилар қуриш ташаббуслари айнан президентга тегишлидир. 

“Аммо жойлардаги амалдорлар Шавкат Мирзиёевнинг бу ташаббусларини қалқон қилиб, яна пул ишлаш йўлига ўтиб кетди. Масалан, ҳудудлар марказидаги энг яхши жойлар турли қурилишлар баҳонасида бузилиб, амалдорларнинг яқинлари ва бизнесдаги шериклари томонидан эгаллаб олинмоқда”, деди таҳлилчи А.Турсунов. 

Унинг фикрича, Ўзбекистондаги янги қурилишлар бугунги кунда коррупциянинг амалдорлар “пул қилиши” мумкин бўлган энг долзарб соҳасига айланган. 

Президент йиғилишда ҳокимликларнинг бузилиш ишларидаги ўзбошимчаликлари, зўравонликлари мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсига соя бўлиб тушаётганини ҳам таъкидлади. 

Аммо унинг гаплари мазмунидан келиб чиқилса, давлат раҳбари ўз ҳукмронлиги бошланиши давридаги анча ижобий бўлган имижи салбийлашаётганидан ҳам ташвишда эканини кўриш мумкин. 

Мана, одамлар изоҳларда йиғлаяпти, сенинг расминг йўқ, президентнинг расми бор… Буларни ўқиб мен қандай кабинетимда тинч ўтира оламан?.. Энди бутун интернет президент топшириқ берган, бузиш, одамларни норизо қилиш билан тўлиб-тошди”, дея ёзғирди Шавкат Мирзиёев

Таҳлилчи Абубакр Турсуновнинг “Элтуз”га айтишича, президентнинг бундай гаплари табиийдир. Чунки Ўзбекистоннинг сўнгги вақтларда халқаро майдонда имижи юксалиши айнан Шавкат Мирзиёевнинг қилаётган ўзгаришлари ортидан юзага келган ижобий имижига бевосита боғлиқ. 

“Бундай зўравонлик сиёсати билан биз узоққа бора олмаймиз. Агар зўравонлик сиёсати фойдали бўлганида 30 йилда зўр бўлиб кетган бўлар эдик”, деди президент йиғилишда. 

Таҳлилчи Абубакр Турсуновнинг фикрича, йиғилишда янграётган баёнотларнинг энг эътиборлиси мана шу гаплардир. 

“Мазкур мессаж ҳам Ўзбекистон халқига, ҳам халқаро ҳамжамиятга қаратилган. Мирзиёев бу гаплари билан мамлакат авторитар, зўравонликка асосланган тузумдан демократик тизимга ўтиш сари боришини англатмоқда. Қолаверса, халқнинг дардига қулоқ тутиш кераклиги айтилмоқда. Назаримда, бу жуда кучли мессаж”, деди А.Турсунов. 

Яқинда ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст интернет орқали чиқишида мамлакатдаги қурилишлар баҳонасидаги бузилишларни назарда тутиб, шиширилаётган бу пуфак тез орада ёрилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Ёзувчи пуфакнинг ёрилиши халққа яна бир оғир зарба бўлиб тушишини таъкидлаганди. 

Аммо Шавкат Мирзиёевнинг бир гуруҳ маддоҳларни ёзувчининг бу огоҳлантиришини уни бугунги ислоҳотларни кўролмаётганликка йўйган, ҳар томондан ижодкорга тошлар отган эди. 

Шавкат Мирзиёевнинг юқорида тилга олинган йиғилишда айтган гаплари эса аслида мана шу маддоҳларнинг юзига урилган кескин тарсаки ҳамдир. 

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори

Тағин ўқинг
24 апрел 2016
«Ўзбекистон овози» газетаси ўз муассиси бўлмиш халқ демократик партияси раҳбари, партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновнинг интервьюсини ...
26 феврал 2021
Тарихчи олим Анвар Назир 2018 йилнинг 26 феврал куни «Элтуз» нашрига Қўқонда Қўқон мухториятининг 100 йиллиги тадбирини ўтказишга рухсат ...
18 январ 2016
Улуғбек Ашур Eltuz.com Бугун Жиззахда ИШИДга алоқадорликда айбланаётган армани миллати ва насроний динига мансублиги айтилаётган жиззахлик Арамаис Авакяннинг суди ...
13 феврал 2022
Россиянинг Украинага тажовузи бутун дунё узра қуюқ қора булутдек бўлиб турибди. Тўсатдан чақмоқ чақиб, тўфон бошланадигандек. Ғарб матбуотида бош ...
Блоглар
10 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ...
20 июл 2022
Ўзбек халқи кимга, қайси режимга қарам бўлиб келган эдики, энди у ўзини озод, эркин миллат ...
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат ...